Халқ дипломатияси ривожида халқаро ахборотнинг аҳамияти

Халқаро Ахборот куни муносабати билан Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекис­тонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дип­ломатияси маркази ҳамкорлигида “Халқ дипломатияси ривожида халқаро ахборотнинг аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Миллий матбуот марказида ўтказилган мазкур тадбирда Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Халқ дипломатияси марказининг ижодий гуруҳи раҳбари, адабиётшунос олим, таржимон, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов ўз маърузалари билан қатнашдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Халқ дипломатияси маркази раҳбари Қобилжон Собиров Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини эслатиб, унда ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ШҲТнинг мақсад ва вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва acocли принципларини кенг тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқлари тўғрисида ахборот таҳлилий материаллар тайёрлаш ва уларни мунтазам чоп этиб боришда журналистларга доимий равишда яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.

Давра суҳбатида маданий, илмий, маърифий дастурларни ташкил этиш, ўзаро делегациялар алмашинуви, долзарб мавзудаги халқаро форумлар, бадиий кўргазмалар, мусиқа фестиваллари ва спорт тадбирларини ўтказиш доирасида Марказ билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисида иштирокчиларга маълумотлар берилди. Шу билан биргаликда ташкилот томонидан чоп этилган “Ўзбекис­тонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ диплома­тияси маркази”, “Саккиз элнинг саксон улуғ сиймоси”, “Барқарор ривожланишда етакчи аёллар ролини ошириш” каби китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Кеча сўнгида юртимизда амалга ошаётган ислоҳотларни халқаро миқёсда тарғиб этишда фаол қатнашган бир гуруҳ журналистларга марказ томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + sixteen =