Ҳеч кимнинг чироғи ўчмасин ёки Комил Ёрматовнинг уйи қаерда?
1984 йил. Шу йили оиламиз билан Чилонзордан Қори-Ниёзий кўчасига кўчиб келдик. Олти қаватли пишиқ-пухта қурилган уйларга. Ўша кезлари Малясова, Фингельштейн, Ниёзбек йўли, Қори Ниёзий кўчаларида бундан йигирма беш йил олдин келганларимни эсладим. Чунки 1960 йилдан мактабни битириб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлардим. Юқорида номлари таъкидланган кўчалар ўша пайтларда ҳам шаҳарнинг энг кўркам, файзли кўчалари ҳисобланарди. Уларда Шароф Рашидов, Мукаррама Турғунбоева, Ёдгора Насриддинова, Охундий, Нуриддин Муҳиддинов, Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов, Қори Ниёзий каби атоқли кишилар яшаган. Уларга турли хат, ҳужжатларни олиб келганларимни эслайман. Шаҳардаги энг кўркам, сердарахт жой ҳам шу масканлар эди.
Кўчиб келганимизда анча ўзгаришлар бўлганини сездим. Давр талаби, кейин “Ўртоқ” конфет фабрикаси бузилди. Албатта, кўчаларнинг аввалги файзи бироз йўқолган эди. Аммо ўрни, мавқеи сақланиб қолганди. Йиллар ўтиб Тошкент янгилана бошланди. Айниқса, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан катта истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Tashkent city”дан бошлаб бутун шаҳар катта қурилиш майдонига айланди. Бу орада тадбиркорларга ҳам банкдан кредит берилиб, уларнинг ҳам уй-жой қуришларига имконият яратилди. Қанча тадбиркорлар шаҳарнинг ўзларига қулай жойларини, тўғрироғи кўркам жойларни олиб, кўп қаватли уйлар қуришга киришишди. Шу маънода юқорида таъкидланган Малясова, Акмал Икромов, Ниёзбек йўли кўчаларидаги хонадонларнинг кўпчилиги бузилиб кетди. Кўп йиллик дарахтлар кесилди. Ўрнига кўп қаватли уйлар тушмоқда.
Пиёда юриш фойдали бўлгани учун аввал ҳам, ҳозир ҳам ушбу кўчаларни айланиб юраман. Шу аснода Мукаррама Турғунбоева яшаган пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Лашкарбеги маҳалласига бордим. Бетакрор санъаткор яшаб ижод қилган Ниёзбек йўли кўчасининг 7-тор кўчаси. Хонадон ўрнида икки қаватли иморат кўтарилибди. На дераза ва на эшик ўрнатилган. Ён-атрофи тартибсиз, абгор ҳолатда. Узоқ тикилиб туриб ўзимга савол бердим. Йигирма йилдан буён шу аҳволда турибди, — деди ҳамроҳим маҳалла фаоли Юсуф ака. Наҳотки рақс маликасининг уй музейи йўқ? Нега?
Айланишда давом этдим. Сергей Бородин уй-музейи ишлаб турибди. Бу ерда тез-тез турли тадбирлар ўтказилади. Нарироқда Сергей Есенин музейи ҳам доим қизиқувчилар учун очиқ. Кўчаларни айланиб Шароф Рашидов яшаган уй олдига бориб қолдим. Текис ўсган икки чинор савлат тўкиб турибди. Ён томондаги эшикка “Кўрлар жамияти” деб лавҳа ёзилган экан. Ҳақиқатан, икки чинор жуда кўркам ўсган. Худди хонадон эгасини эслатади. Бино эшигига “Шарофобод” деб кўча номи ёзилибди. Ўйланиб қолдим, кўчанинг бу юзида 43-сонли мактаб. Ўзимча кўчадан ўтган-кетганларни, ўқувчи ёшларни бу ерда ким яшаган, дея саволга тутдим. Ўн-ўн бешта кишидан биргина аёл тўғри жавоб берди. Ахир бу инсоннинг халқимизга қилган меҳнатлари, юрт равнақига қўшган ҳиссалари озмунчами?! Тўғри, улуғ адиб, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовга Юртбошимизнинг эътибори туфайли Жиззахда ҳайкал қўйилди. Катта музей очилган. Лекин бу улуғ зот ҳозирги Юнусобод туманига қарашли Буюк Турон маҳалласида ҳам озмунча истиқомат қилмаганлар-ку. Шундай экан, ҳеч бўлмаганда Тошкент шаҳар ҳокимияти бу уйга Шароф Рашидов яшаганини билдирувчи эсдалик ёрлиғи қўйса, мақсадга мувофиқ бўларди. Айниқса, ёшлар учун бу инсон исмининг ўзиёқ ибрат намунасидир.
Яна бир қизиқ воқеа. “Ўттиз йилдан ошди бу ерда яшаётганимизга. Лекин яқинда “Нуроний” да ишлайдиган Насиба деган синглим Ҳамид Олимжон ҳам шу кўчаларда яшаганини айтиб қолди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг нақ икки кун қидирдим. Ҳеч ким билмайди. Менга рўпара келган бир рус киши нариги кўчада икки қаватли уйда Акбар ака деган одам билиши мумкин деди. Ҳақиқатан ҳам Акбар Алиев каминани ўша ҳовлига — “Матонат” деб номланувчи кўчага бошлаб бордилар. Катта дарвозадан ўтгач, ичкари барак уйлар, чап томондаги 18-уй деворидаги ёзувни ўқийман. “Бу уйда 1931-1941 йиллар Ҳамид Олимжон яшаб ижод қилган”. Тагида рус тилида ҳам ёзилган. Эшикни тақиллатдик. Бир йигит чиқди. Исми Даврон экан. Онаси, бутун оиласи коронавирусга чалиниб шифохонада ётишганини айтди.
— Бу уйда ҳозир Ҳамид Олимжоннинг жиянлари яшайди, — деди Акбар ака.
— Ҳа, Ҳамид Олимжон Зулфия опа билан дастлаб шу ерда яшашган экан, бувимдан эшитгандим, — деди Даврон. Унга кейинчалик яна келишни ваъда қилиб орқага қайтдик.
— Қизиқ, шу вақтга қадар бу маълумот ҳеч қаерда таъкидланмаган, — деди Акбар ака. — Мен Ангренда педагогика институтида жаҳон адабиётидан дарс берган пайтларим бир-икки марта талабаларни олиб келгандим. Адабиёт аҳлининг аввалги вакиллари бу ҳақда билишган. Лекин кейинги авлод, ҳозирги ёшлар ҳам билиши керак.
— Назаримда аллақачон уй-музей қилса бўларди, — дедим. Суҳбатлашиб юриб 20 қадам нарида қурилаётган кўп қаватли бинога қарадим. — Ҳадемай бу кўчаларда ҳам шунақа кўп қаватли уйлар қад ростлайди. Жуда бўлмаса адиб яшаган ҳовли ўрнига тушадиган, ё бўлмаса мана шу қуриб битказилаётган уйдан хонадон ажратиб уй-музей очиш керак.
— Маънавият-маърифат ҳақида кўп гапирамиз. Аммо амалиёт етишмайди, — деди Акбар Алиев.
У киши адабиётга дахлдор бўлса-да масалани вақтида ўртага ташламагани учун ўзини койиган бўлди.
Мен эса яна ўй ва хаёллар гирдобига ғарқ бўлиб йўлимда давом этдим.
Шу ўринда дунёга боқайлик. Ахир, Европада қурилишлар қилинмаганми, баланд иморатлар йўқми? Россияда-чи, қанчадан-қанча улуғ ижодкорлар яшаган уйларга ҳеч ким тегинмаган. Аксинча, тарихий, маданий маскан сифатида сақлаб қолинган.
Бугун минг афсуски, бу борада пойтахтимиз мутасаддиларининг бундай нарсаларни ўйлашга “вақтлари етишмаётган”га ўхшайди.
Тошкентнинг Лабзак маҳалласида буюк кинорежиссёр Комил Ёрматов яшаб ўтган хонадон бор. Аммо бу ерга ҳам ҳеч ким эътибор қилгиси йўқ. На пойтахт ҳокимлиги, на “камбағал” Ўзбекистон Кинематография агентлигидагилар ана шу жойни ўзбек киносининг устуни бўлган улуғ зот хонадонини рисоладагидек уй-музейига айлантиришни ўйлаб кўрмайдилар.
Юртбошимиз томонидан беш тамойил туфайли санъат, маданият, адабиёт, янги технологияларни жорий қилиш борасида катта зафарлар қўлга киритилмоқда. Жойларда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева сингари эл суйган ижодкорларнинг ижод мактаблари фаолият олиб бормоқда. Китобхонлик борасида эришилаётган ютуқлар ҳам таҳсинга лойиқ. Зеро, қурилишлар давом этиб, халқ ардоғига арзигулик, бутун умрини адабиёт ва санъат равнақига бахш этган инсонлар истиқомат қилган уй-жойлар йўқолиб кетмасин. Шароф Рашидов, Мукаррама Турғунбоева, Комил Ёрматов, Ҳамид Олимжон сингари зотлар яшаган уйлар ахир маданий қадамжо бўлиб қолиши керак-ку! Бундан ташқари Йўлдош Охунбобоев, Акмал Икромов каби фидойилар яшаган уйлар ҳам бугун жуда ҳароба аҳволдалиги ачинарли.
Ўтган асрнинг 70-йилларида Охундий деган катта ёзувчи, таржимон ўтган. Ўз вақтида жуда машҳур зот эди. Охундий яшаб ўтган уйдан эса бугун ном-нишон қолмаган. Ўрнида аллақачон кўп қаватли уй қурилиб кетган.
Шундай экан, адабиёт ва санъат дарғаларининг яшаган уйларига ҳам алоҳида эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Имкон қадар улар яшаган уйлар бузиб юборилмаслиги керак. Зеро, бу қадамжолар тарих, ўлмас меросимиз намунаси сифатида қадрланишга арзийди. Улуғларнинг, ҳеч кимнинг ҳам чироғи ўчмасин.
Муқаддас АБДУСАМАТОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими, меҳнат фахрийси