Тошлар тилга кирганда…

Хоразм воҳаси истеъдодли тасвирий санъат усталари ва ҳунармандлари билан машҳур. Шулардан бири Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Шавкат Усмоновдир. Бу йил у 80 ёшни қаршилади. Ш.Усмонов тасвирий санъатнинг энг машаққатли турларидан бири ҳайкалтарошлик соҳасида ижод қилиб келаётган истеъдодли ижодкорлардан бири ҳисобланади.

Ҳайкалтарошлик уч ўлчамли ҳажмда тас­вирланадиган тасвирий санъат тури ҳисобланади. Ҳайкалтарошликнинг нафис санъатдан фарқи шундаки ҳар томондан томоша қилиш мумкин. Ҳайкални бу хилда кўриш натижасида унинг тасвир кучи янада ошади.

Шавкат Усмонов ҳайкалтарошликнинг маҳобатли ва дастгоҳли ҳайкалтарошлик соҳасида самарали ижод қилган ҳайкалтарош сифатида бутун республикага танилган. Маълумки, монументал ҳайкалтарошлик — муҳим тарихий воқеаларга, халқ қаҳрамонлари, давлат арбоблари, атоқли шахслар, рассом, ёзувчи, шоирлар, олимлар, фан арбоблари ва тарихий шахсларнинг хотирасига бағишлаб ишланади. Бундай ҳайкаллар катта, очиқ майдонларга, кўча бошларига қўйилади.

Шавкат Усмоновнинг маҳобатли ҳайкалтарошлик асарлари Урганч шаҳрида, вилоятнинг турли туманларида қад ростлаб турибди. Ҳайкалтарошнинг Абулғози Баҳодирхон, Аваз Ўтар, Огаҳий, Комилжон Отаниёзов, Алишер Навоий ҳайкаллари бюст шаклида яратилган. У яратган маҳобатли ҳайкаллари ўзига хос пластик ечимда ишланганлиги билан ажралиб туради. Шавкат Усмонов асли хивалик бўлиб жуда ёшлигидан рассомчиликка қизиқа бошлади. Ўрта мактабни битириб Тошкентдаги П.Беньков номидаги рассомлик билим юртига кириб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Ф.И.Гришченко раҳбарлигида ўқий бошлади. Билим юртидаги диплом ишида Хива ёғоч ўймакорлиги бобокалони Ота Полвонов бюстини яратди.

Бу асарни давлат имтиҳонида комиссия юксак баҳолади. Билим юртини имтиёзли дип­лом билан тамомлади. Кейин Тошкент театр ва рассомчилик институтининг ҳайкалтарошлик бўлимига кириб, ўқишни давом эттирди.

Ҳайкалтарошнинг севимли мавзуси Хоразм шоирлари ва халқ амалий санъати усталари, мутафаккирлари бўлиб қолди. У институтда дип­лом иши учун Паҳлавон Маҳмуд ҳайкалини яратишни ўз олдига мақсад қилиб олди. Бу ҳайкални яратиш учун кўп изланди, Паҳлавон Маҳмудга оид материаллар ва шоирнинг шеърлари билан танишди, ўрганиб чиқди. Ҳайкалтарош Паҳлавон Маҳмуд кураш олдидан хаёлга чўмиб, тиззасига қўлини қўйиб ўтирган ҳолатини тасвирлайди. Афсуски, бу ҳайкал ҳеч қаерга ўртатилмади, чунки буюртмачи бўлмаган.

Урганч отчопарида ўрнатилган “Чаван­дозлар”, Огаҳий номидаги мусиқали драма театри учун Огаҳий образини яратиш устида узоқ вақт изланди. Шоирнинг ҳаёти ва у ҳақидаги маълумотлар билан танишди, унинг шеърларини мутолаа қилди ва ниҳоят ҳайкалтарош Огаҳийни эгнида пўстин ташлаб қўлидаги китобни тиззаси устига қўйиб, хаёлга чўмиб ўтирган ҳолда тасвирлади. Ҳайкалтарош бу асарни зўр маҳорат билан ишлаган. Унда Огаҳий образини тўла намоён қилишга муваффақ бўлган. Кейинчалик бу ҳайкал қаттиқ материалга кўчирилди. Огаҳий ҳайкали ечим шакли жиҳатидан монументал характерга эга.

Ижодкор дастгоҳли ҳайкалтарошлик соҳасида самарали ижод қилади. Дастгоҳли ҳайкалтарошлик — мустақил мазмун ва сюжетга эга бўлган, санъатнинг бошқа турларига кирмайдиган, кўргазма заллари, уйлар, корхона, ўқув-жамоат жойларига қўйиш учун ишланган ҳайкаллардир. Бундай ҳайкаллар кичикроқ ҳажмда бўлса-да, унда инсон психологияси ва ички кечинмалари ўз ифодасини топади. Шу боисдан бундай асарлар ғоят нозик ҳис-туйғулар билан ифодаланган бўлади. Шавкат Усмонов 50 дан ортиқ дастгоҳли ҳайкалтарошлик асарларини Урганч суратлар галериясига совға қилган.

Яқинда Ўзбекистон замонавий санъати музейида устоз Шавкат Усмоновнинг ҳаёти ва ижодига оид фотокўргазма ташкил қилинди. Шу кўргазмада   ҳайкалтарошнинг асарлари намойиш қилиниб, шунинг фонида Шавкат Усмоновнинг 80 йиллиги нишонланди. Кўргазмада кўплаб санъат ихлосмандлари, яқин дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари, талабалар иштирок этди. Устозга ижодий ишларига омадлар тилаб, ҳеч қачон илҳом парилари тарк этмаслигини, юзларга кириб юришини тилаб қоламиз.

Кўргазмада шунингдек, санъатшунос, фотограф Озод Султоновнинг Шавкат Усмонов ижоди ҳақида тайёрланган бадиий фотолари ҳам намойиш қилинди. Ҳозирги кунда ҳам серғайрат ижодкор Ш.Усмонов Урганч ихтисос­лаштирилган санъат мактабида ёшларга бадиий санъат соҳасида таълим бериб, шогирдлар тайёрлаб келмоқда.

Гулчеҳра СУЛТОНОВА,

СамДУ ўқитувчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =