Буюк муҳаббат қиссаси
Жаҳон адабиётидаги ғоят гўзал, дардчил ва мунгли муҳаббат қиссаларидан бири – Уйғониш даврининг буюк санъаткори Уильям Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” фожиаси ҳар қандай юракни ҳаяжонга солади, ишқнинг оловли тафти, қайноқ изтироблари вужудни куйдиради, қалбларни ёндиради. Курраи заминдаги бирор миллат тили ё динидан қатъий назар бу ғамгин кечмишга жимгина қулоқ тутолмайди, зеро, бундаги туйғулар, дарду кечинмалар умуминсониятга дахлдор. Шекспирнинг ушбу гениал трагедияси асосида юзлаб фильм ва спектакллар яратилган, ҳатто уларнинг аниқ сонини айтиш душвор. Асарнинг талқинлари ҳам турфа хил: гоҳ мумтоз, гоҳ замонавий, гоҳида ижтимоий-сиёсий тузум фонидаги фожиа сифатида талқин этилган. Асрлар силсиласидан ўтиб, барча замону маконларда ҳам буюк муҳаббат қиссаси бўлиб келаётган мазкур асар яқинда Ўзбекистон давлат драма театрида атоқли режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов томонидан саҳнага қўйилди.
Тан олиш керак, кейинги йиллари театрларимизда жаҳон классикасига эътибор бирмунча сусайган эди, маиший муаммолар, ўткинчи мавзулар теграсида ўралашиб қолаётган ўзбек театри учун мумтоз драматургия суву ҳаводек зарур эди. Чунки театрнинг классикасиз мавжуд бўлиши, ривожланиши ақлга сиғмайди, бу – оддий аксиома. Ўзбек театрининг шонли саҳифалари бир сидра варақланса, фикримизни қувватловчи ўнлаб далилларга гувоҳ бўламиз. Миллий театримизнинг забардаст актёрлари айнан жаҳон мумтоз драмаларида катта-кичик роллар ўйнаб шакллангани, саҳна солномасига муҳрланган ўнлаб дурдона образлар яратилгани бунинг ёрқин мисолидир. Шу маънода “Ромео ва Жульетта”дек маҳобатли асарнинг саҳнага қайтиши маданий ҳаётимизда катта ҳодиса бўлди десак, хато бўлмас.
Шоир ва мутаржим Жамол Камол таржимасида саҳналаштирилган беш пардали фожианинг илк саҳнаси Верона майдонида, бир-бирига азалий душман икки оила – Монтекки ва Капулеттилар хизматкорларининг низоси билан бошланади. Атроф-жавониб зулматга бурканган, бу икки хонадоннинг дастидан шаҳарда тинчлик, ором йўқ, одамлар озурда, бесаранжом ҳаёт кечирмоқда, ҳар куни недир талофат, қирғин, хунрезлик, алқисса, шундайин бадбин муҳит, разолат ҳукмронки, бу жамиятда инсоний муносабату туйғуларга ўрин йўқ. Айни воқелик саҳналаштирувчи рассом Сергей Чуфарнов томонидан маҳорат ила тасвирланган: саҳна марказида йиртқич шер ҳайкали – бамисоли бу совуқ маҳлуқ бутун шаҳар қонга тўлганининг рамзи, адоват, фисқу фасод, зулм маконига айланган юртда инсон фақат ўлим, ғорат этилишга маҳкум.
Икки оила хизматкорларининг низоси жанжалга айланади – қиличу қалқонларнинг зарбидан еру кўк титрайди, замин мотам либосини кияди. Аммо бу бошланажак фожиаларнинг ибтидоси, холос. Феодал жамиятнинг чиркин қоялари бағрида икки гул ғунча очади, асарда тасвирланганидек:
Ва лекин бу душман оилалардан
Туғилган фарзандлар севишиб қолди.
Бу икки бахтсизнинг ўлими билан
Адоват ўзи ҳам гўрда йўқолди.
Ромео – муҳаббат дардида ёнаётган бўз йигит, у Жульеттани бутун вужуди, жисму жони ила севади, қизда ҳам худди шу ҳол, икки ёшнинг севгиси булоқ сувидек покиза, шаффоф. Уларнинг илк учрашуви спектаклда ниҳоятда гўзал ва нафис бўёқларда чизилади: Капулеттилар хонадонидаги базмга яширинча борган Ромео Жульеттага нигоҳи тушадию, тамомила эс-ҳушидан айрилади, қиз ҳам йигитга ошиқ бўлади. Спектаклда бош қаҳрамон образларини ижро этган ёш актёрлар – Беҳзод Зокиржонов ва Гулруҳ Пирназарова режиссёрнинг ҳақиқий топилмаси бўлди. Беҳзод Ромеонинг тийнатидаги инжа туйғулар, покиза ҳиссиётларни лирик-романтик жўшқинлик, поэтик руҳ ила кўрсатади. Унинг қаҳрамони ҳақиқатда ишқ жазбасида ёнаётган маҳбуб, лаблари ҳар нафасда севгилисининг исмини айтиб “пичирлайди”, кўзлари, юзларида ишқ оташи аланга олади. Бундай дардмандлик, чўнг эҳтирос, ишққа мубталоликнинг Шекспирдан юксак ва теранроқ тасвирини фақат Ҳазрат Навоийда топиш мумкин. Лайли рухсорида парвонадек куяётган Мажнун ноласи баайни Ромеонинг изтиробларини ёдга солади, аммо Мажнун ишқи илоҳийга дохил бўлгани сабаб унинг руҳидаги жунун Ромеоникидан ўн чандон кучлироқ, ўтлироқ. Бироқ ҳақиқат шуки, Ромеонинг муҳаббати ҳам одам боласида кам учрайди, Шекспир йигит қалбининг нозик тебранишлари, нафис туйғуларини мисли мусаввирдек, ғоят назокат ила чизади.
Жульетта образини гавдалантирган актриса Гулруҳ Пирназарова ҳам қизнинг беғубор олами, соф тийнати, оташин қалбини нозик дид, ёрқин пафос уйғунлигида очиб беради. Айтиш ўринлики, спектаклда Жульетта Ромеога нисбатан фаол, курашувчан, жасоратлидек кўринади. У муҳаббатига етмоқ учун ҳар нега тайёр, ҳатто ўлимгада тик боқмоққа қодир. Ромео Монтекки оиласининг фарзанди эканини билса-да, асло ортга чекинмайди, “ўзинг эмас, номинг душман менга…” – дея надомат қилади. Актриса Жульеттанинг ботини, руҳияти, характерини теран ҳис қилади, режиссёр кўрсатмасини тўғри англаган ҳолда бор имконияти, истеъдодини образ моҳиятини очишга йўналтиради.
Асар ва спектаклдаги энг ҳаяжонли, гўзал, романтик саҳналардан бири – икки севишганнинг Капулеттилар чорбоғидаги учрашувидир. Актёрлар бу саҳнага ўзгача эҳтирос, қалб қўри ва дид билан ёндашган. Ромео деразадан боқаётган Жульеттага назар ташлайди, висол шукуҳидан юраги ҳапқиради:
Анув деразада чақнаб кўринган нима?
Кунчиқар уфқи у, унда
Жульетта – қуёш!
Порла, қуёш, рашк айлаган
ойни адо қил,
О, севгилим, гўзал ёрим,
ишқим, маликам,
Бир малаксан, жоним,
ўзинг билармикансан?
Ромео ёр висолига шу қадар ташнаки, ҳатто унинг қўлқопи бўлиб, юзларини силашга ҳам рози. Актёр Б.Зокиржонов қаҳрамонидаги кучли муҳаббат, қайноқ ҳароратни юракдан кечиради, айниқса, Жульеттанинг айвонига осилиб туриши, шу йўл билан севгилисининг васлига интилиши томошабинни ҳаяжонга солади.
Энди спектаклдаги бошқа образлар хусусида ҳам тўхталсак. Воқеалар ривожида муҳим ўрин тутувчи, бош қаҳрамонларни бир-бирига эришмоғи учун астойдил курашувчи фаол персонажлардан бири – роҳиб Лоренсодир. Шекспир яратган роҳиб образи Ўрта асрларга хос диний мутаассиблик, черков радикализмидан буткул холи, ҳурфикрли, соғлом дунёқарашга эга инсон сифатида намоён бўлади. У қайсидир маънода адибнинг Уйғониш даври ҳақидаги бадиий тафаккурининг тимсоли ҳамдир. Роҳиб Лоренсо ҳар қанча таҳликали бўлмасин, икки душман оила фарзандларини никоҳлаб қўяди, Жульеттага уйқу дори бериб, Ромео билан даҳмадаги охирги учрашувини ташкиллаштиради. Табиийки, бу ишлар черков ақидаларига зид, бироқ Лоренсонинг инсоний туйғулари эътиқодидан ҳам устун, у бир-бирига талпинаётган икки ёшга ёрдам бермасликни виждонига хилоф деб билади. Бу образни ижро этган таниқли актёр Пўлат Норматов қаҳрамонидаги ана шу инсонийлик, меҳр-муҳаббат, садоқатга асосий урғуни қаратади.
Актёр Карим Рамазонов ижро этган Меркуцио Ромеонинг энг яқин ва вафодор дўсти, ҳазилкаш, ҳушчақчақ бу йигит икки оила ўртасидаги низонинг бахтсиз қурбонига айланади. К.Рамазонов Меркуционинг ҳам қувноқ, ҳам ҳазин руҳиятини ишонарли талқин қилади, муҳими, ижрода адоват нақадар улкан фожиа экани, у бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётгани очиб берилади.
Спектаклдаги ҳар бир ижро диққатга арзигулик. Хусусан, энага (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова), Монтекки (Ғайбулла Жуманов), Монтекки хоним (Гўзал Пайзиева), Капулетти (Баҳодир Мирмақсудов), Капулетти хоним (Тамара Мирмақсудова), Бенволио (Сирожиддин Сатторов), Тибальт (Илҳом Бердиев), Парис (Илҳом Очилов) ва бошқа қаҳрамонларни ижро этган актёрлар ҳам ўзларига юклатилган ролни муваффақиятли бажаришди. Ҳатто спектаклда бор-йўғи биргина эпизодда кўриниш берувчи дорифуруш (Рустам Аҳмедов) персонажи ҳам ишонарли, таъсирчан талқин этилган.
Албатта, таъкидлаш жоизки, жаҳон адабиётининг гўзал намуналаридан бири, ғам-андуҳ, ҳижрону азобга тўла дардчил муҳаббат қиссаси – “Ромео ва Жульетта” фожиасининг саҳнага қайтиши бугунги ўзбек театрида ўзига хос воқелик бўлди. Сабаби, мана шундай мумтоз асарлар театрнинг мақоми, ижодий салоҳиятини оширади, актёрлар учун ҳақиқий маҳорат мактабига айланади.
Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,
санъатшунос