“Адабиёт қоғоздан қочиб, барибир йўқ бўлиб кетмайди”

Хитойлик адабиётшунос олим ва таржимон Тземин Итион Цай билан “Hurriyat” учун махсус

 

Тземин Итион Цай ҳақида:

Хитойлик адабиётшунос олим ва таржимон Тземин Итион Цай Хитой провинцияси Тайванда туғилган. У фан номзоди илмий даражасига эга, шунингдек, кимё муҳандислиги ва амалий математика бўйича магистр дипломлари соҳиби. У фан, муҳандислик ва адабиётга умумий ва ижобий қизиқишни сақлаб қолган ҳолда, кенг кўламли тажрибага эга олим ҳамда моҳир шоир, эссеист, романист, муҳаррир, таржимон, муҳандис, математик. Унинг адабий ижоди табиатни тасвирлаш, ҳис-туйғулар ва инсонийлик анатомияси, ёзув, график ёзув ва уларнинг ўзаро боғлиқликларига ихтисослашган. У ўз мамлакатида ўқув материалларини ишлаб чиқариш билан бирга, таълим тадқиқотларини амалга оширади. Кўплаб миллий адабий мукофотларга сазовор бўлган. Ижодий намуналари кўплаб антологияларда, 50 дан ортиқ мамлакатларда китоблар, журналлар ва газеталарда нашр этилган. Дунёнинг 20 дан ортиқ тилларга ўгирилган. У ҳозирда Тайвандаги Осиё университетининг профессори, “Ўқиш, ёзиш ва ўқитиш” академик журнали муҳаррири. Шунингдек, Тайвандаги Хитой тили ойлик журналининг кўп йиллардан бери ўз йўналишидаги саҳифаларини юритади.

 

Шерзод Комил Халил: Қадрли Тземин Итион Цай, келинг суҳбатимизни кўп асрлик тарихга ва буюк анъаналарга эга Хитой адабиётидан бошлайлик. Қадимги Хитой шеърияти, ўрта аср Хитой поэ­зияси ва бугунги Хитой шоирларини нима боғлайди? Сизнинг призмангизда бу жараён нималарда акс этади?

 

Тземин Итион Цай: Ўйлайманки бу жараён бошқа дунёлардаги қадимий цивилизациялардан катта фарқ қилмайди. Албатта мероснинг узоқ тарихга эга бўлиши ўзига хос шон-шуҳрат, ўзгача қувонч, лекин айни дамда ўзига хос юк ҳамдир. Бу ҳамма учун, ёзувчилар учун ҳам, файласуфлар учун ҳам, олимлар учун ҳам, рассомлар учун ҳам, умуман бирор нарсага эришмоқчи бўлган ҳар қандай инсон учун бир хил талаб. Минг йиллар давомида Хитой шеъриятининг эволюцияси ҳеч қандай кутилмаган ҳодисаларсиз кечди. У, шунинг­дек, нисбатан чекланмаган архаикликдан кўплаб чекловларга дучор бўлган метрик шеъриятга айланди. Айниқса, Танг ва Сонг сулолалари даврида адабиётимиз, ҳозирги замонда озодликка интилаётган янги шеър­лар, янги поэзия умумэътироф этилгунга қадар, ҳақиқатан ҳам узоқ ва мураккаб эволюцияни бошидан кечирган.

Алалхусус, мен бу жараённи шоҳиди бўлганимдан жуда бахтиёрман, лекин шундай бўлса-да, шахсан бундай вақт гирдобида қолишни хоҳламасдим. Бу қандайдир кераксиз ташвиш, албатта вақт орқага қайтмайди, янгилик эса анъаналарни бузмайди. Агар замонавий шоирнинг ижодий призмаси келажакни акс эттира олса, у ўтмишни тўлиқ, тўсиқсиз тушунтириш қобилиятига эга бўлади, зеро, бугунги кунимиз биз учун замонавий қалъа бўлса, ўтмиш унинг таянчи ва зарурий шартидир. Тўғри ва батафсил тавсиф беришим керак бўлса, мен буни фалсафа сифатида кўришни афзал кўраман. Шахсан мен шеър ёзишни ўзига хос маҳорат деб ҳисоблашга қўшилмайман, негаки бу ирқ, мавзу, минтақа ва мамлакатга қараб фарқ қилмайди. Демак, бу саволга фалсафий оҳангда жавоб беришга рухсат берсангиз, ижодкорларнинг барча ижодий ишлари, у шеърми, ё насрдаги романми, инсон табиатини таҳлил қилади деб умид қиламан.

 

Шерзод Комил Халил: Анъанавий Хитой насри, унинг бугуни ва истиқболини белгилаб берувчи омиллар ҳақида нима дея оласиз?

 

Тземин Итион Цай: Мен бу савол ортида қандай маъно ётишини тўлиқ тушуна олмаяпман, бунга асосий сабаб шуки, бир хил савол ва жавобларни миямда такроран инъикос этмайман. Зеро, шахсан мен узоқ вақт давомида анъанавий хитой маданияти ҳақидаги билимларни очкўз шимгич каби ўзлаштириш учун бутун ҳаётим кучини деярли тугатдим, лекин мен унинг келажаги ҳақида, ҳатто сиз диққат марказга тортишга ундаётган наср ҳақида қайғуришга бир сония ҳам сарфламадим. Мен атрофимга қарадим ва ўз фикримга риоя қилиш учун жуда кўп сабаблар борлигини аниқладим. Ҳеч ким келажак истиқболини аниқ айта олмайди, шунинг учун бу ҳақда ташвишланиш керак эмас. Чунки истиқбол йўл четидан поездга қўл силкитаётган гўзаллик сингари биздан олисда мавжуд бўлиб, вагоннинг йўналишини вагондаги йўловчилар эмас, жиловни ушлаб турган поездбон белгилайди.

Ўша насрнинг сизнинг эътиборингизни жалб қилишига сабаб, унинг Хитой адабиётидаги ўзига хослиги бўлиши мумкин, бу эса хитой адабиётининг дунёнинг бош­­қа мамлакатлари адабиёти тараққиётидан мус­тақил ҳолда деярли ўзига хос бегона қилиб қўйилганлиги бўлса керак деб ўйлайман. Менинг кўплаб маҳаллий ижодкор дўстларим бу ҳақда қулоғимга шипшийдилар. Менинг шахсий фикрим эса, уларга шундай янграйди: “Ғазабланадиган ҳеч нарса йўқ”. Бу нафақат яхши, балки давом эттиришга арзийдиган нарса. Шунинг учун Хитой адабиёти ўтган миллион йиллардаги каби, яна миллионлаб йиллар давомида порлашда давом этади.

Шерзод Комил Халил: Бугунги постмодерн маконда шеърият ва насрнинг омон қолиш имкониятлари қандай? Бу борада Хитойда адабиётга қандай эътибор қаратилмоқда? Китоб ва адабиёт омон қолиши мумкинми?

 

Тземин Итион Цай: Агар мен ҳозир тушунганимдек, сизнинг саволингиз китобнинг нашриёт форматига, масалан, жисмоний қоғоз ёки виртуал электрон форматга тегиш­ли бўлса сизга Ораcле ёки Амазон хўжайинидан яхшироқ жавоб беришим мумкин. Лекин бу муаммонинг жиддийлигини мендан ҳам эртароқ англашингиз эҳтимолини ҳам инкор этмайман. Ҳа, 30 йилдан ортиқ адабиётшунослик фаолиятим давомида мен ҳам ўзимни сиздек ҳис қилганман, қариганимдан шогирдларим нафақат ёшдек, балки адабиётга ҳам кам эътибор қаратаётгандек туюлади. Айниқса, уларнинг нафис адабиётга нисбатан кўпинча ўта ҳиссий муносабати менда истеҳзо уйғотади. Аммо кейин ўйлайман, хўш, шундай бўлса нима бўлибди? Талабалик пайтларимизда ўқитувчиларимиз ҳам шундай муаммога дуч келишмаганмиди?! Замон ғилдираги ҳамма нарсани ўз билганича танлайди. 30 ёки 300 йил ҳеч нарсани ўзгартирмайди, айниқса бизнинг қўлимиздан бу борада нима ҳам келарди. Адабиёт қоғоздан қочиб, кейин йўқ бўлиб кетмайди барибир. Биз китобларга қандай таъриф берган бўлсак, адабиёт ҳам замон билан бирга ўзини-ўзи белгилайди. Менинг умидсиз некбинлигимга кулманг, мен ҳақиқатан ҳам шундай деб ўйлайман.

 

Шерзод Комил Халил: Тушунарли, нисбатан яқин минтақада жойлашган бўлсакда, Ўзбекистоннинг Хитой адабиёти билан тизимли адабий алоқаси йўқ. Биз Гао Синцзянь ва Мо Ян ҳақида озгина биламиз. Ўзбекистондаги “Жаҳон адабиёти” журналида Мо Яннинг “Мусаллас юрти” романи чоп этилди. Айтганча, мен шахсан ушбу муаллифнинг “Тушдан ке­йинги Пекин кузи” эссесини таржима қилганман. Албатта, бизда хитой тилини биладиганлар жуда кам. Таржималар рус ва инглиз тилларида мавжуд. Айтмоқчиманки, бизда замонавий хитой адабиётига, хусусан, насрига катта қизиқиш бор, лекин уни қондирадиган тизимимиз йўқ. Шахсан мен Москвада Гао Синцзянь ҳақидаги китобларни ҳатто рус тилида ҳам топишга қийналганман. Умуман, замонавий хитой насрига қандай қарайсиз, уни қандай талқин ва таҳлил қиласиз?

 

Тземин Итион Цай: Сизга тан олишим керакки, мен Ўзбекистон ёки рус адабиёти ҳақида сиз Хитой адабиёти ҳақида билганингиздан кўра кўпроқ билмайман. Гао Синцзянь ва Мо Янни тилга олганингиздан хурсандман. Гарчи мен уларни ўрганиш бўйича мутахассис бўлмасам-да, улар мамлакатимиздаги икки буюк замонавий ёзувчидир. Адабиёт бўйича Нобель мукофоти аураси остида улар Хитой адабиёти учун халқаро адабиётга йўл очгани бор гап. Йўлнинг ҳар доим икки томони бўлади. Халқаро адабиётга йўл дегани, бу Хитой адабиётига ҳам халқаро йўл демакдир. Бир кун келиб шу йўлда юриш насиб қилса, йўлнинг нариги томонида сизнинг дўстона юзингизни кўришни интиқлик билан кутаман. Йўлда қанча одам борлиги ёки туман қанчалик зич эканлиги эмас, балки бир-биримизга қанчалик яқин эканлигимиз ҳақида қайғуришимиз керак деб ўйлайман. Шахсан мен тоғ тепасида қандай гулларни кўришимга аҳамият бермайман. Мен учун шеърият, наср ва роман ўртасида фарқ йўқ, айниқса ижодга эътибор қаратсам бунга қараб ўтирмайман. Албатта, турли тиллар ўртасидаги таржима ҳар доим ўтиш қийин бўлган бўшлиқдаги кўприкдир. Айниқса, биз ҳаммамиз инглиз тилини умумий мулоқот тили деб билсак бу ерда она тилимиз роль ўйнамайди. Хитойда “этикнинг қичиши” деган мақол бор — бу ҳолатни тушунтириш учун икки баробар куч билан ярим натижага эришишни таърифлаш кифоя. Бу Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муаммо эмас, бу адабий таржимоннинг йўқлиги муаммосидир. Мени сиздан яхшироқ таклифим бор деб ўйламайман, эҳтимол сиз ва мен ҳамкорликнинг биринчи жуфтлиги бўлсак ажаб эмас.

 

Шерзод Комил Халил: Жаноб Тземин Итион Цай, сизнингча ўзбек-хитой адабий ҳамкорлигининг истиқболлари қандай? Энг яхши ўзбек адибларининг асарларини Хитойнинг нуфузли нашрларида чоп этиш ва хитойлик ёзувчиларни Ўзбекис­тонда тарғиб қилиш учун қандай моделни таклиф қила оласиз?

 

Тземин Итион Цай: Менинг хитой тилида юритиладиган журналим бор. Бу ойлик адабий журнал бўлиб, ҳозиргача беш йилдан ортиқ вақт давомида нашр этиб келинмоқда. Дунёнинг турли давлатларидан келган шоирларнинг асарларини халқимизга ҳар ойда нашр этаман. Бу мен ҳозир ишлай оладиган энг аниқ йўналишдир, шунинг учун турли мамлакатлардан келган кўп­лаб шоирларни юртимиз халқи танийди ва мен бу ишни чекланган келажакда тўхтатиш ниятим йўқ. Умид қиламанки, адабий ҳамкорлигимиз учун бу сизга яхши бошланиш деб ўйлашга умид беради. Ҳар доим маҳаллий олим ва ёзувчилар билан суҳбатлашиш учун катта тажриба ва имкониятларга эга бўлдим. Шунга қарамай кўпинча уларнинг чет эл адабиётига қараган кўзларини ҳар доим ҳам кўра олмайман. Бу мени қилишим керак бўлган ва бизни кутаётган ишларни бошқаларга ишонтириш учун ҳали узоқ вақт ишлашимиз кераклигига ундайди. Дарвоқе, Хитой мақолида ҳам шундай де­йилган: Агар мен дўзахга тушмасам, демак, кимгадир керакман.

Сиз учун, газетангиз ва мамлакатингиз учун энг яхши тилакларни билдириб қоламан дўстим.

Суҳбатни

Шерзод Комил Халил

уюштирди.

Москва. Переделкино

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 4 =