Маънавий лоқайдлик

Ёхуд мутафаккир Алишер Навоий асарлари нега пала-партиш ва хатолар билан нашр этилган?

 

Шароф Рашидов ўзбек халқининг ардоқли фарзанди эди. Зилзиладан сўнгги азим Тошкентнинг янги қиёфаси Шароф Рашидовга тикланган биринчи улуғвор ҳайкал эди. Шаҳар олтин камари – метрополитени эса Шароф Рашидовга қўйилган   иккинчи муаззам ҳайкал бўлди.

Ушбу залворли меъморий обидалардан ташқари Шароф Рашидовнинг доимий диққат марказидаги масала адабиёт ва халқ китобхонлиги эди. Қалами ўткир адиб, халқимиз яратувчан иродасининг порлоқ қаҳрамонлари тимсолини ўзининг “Бўрондан кучли” романида яратиб қўйди. У умумбашарий мавзу – халқаро дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг буюк ташкилотчиси эди. Унинг хатти-ҳаракати ва ташаббуси билан Осиё ва Африка халқлари ёзувчиларининг доимий форумлари собиқ Иттифоқ миқёсида ўтказилиб турди. Унинг “Кашмир қўшиғи” асари ҳинд халқи ва ўзбек халқи дўстлигига қўйилган ҳақиқий ҳайкал бўлди. Халқимиз ундаги майин қўшиқларни ҳануз эслаб юради.

Президент Шавкат Мирзиёев сиймосида эса мен янги замон Шароф Рашидовини кўряпман. У олтин камарнинг Машинасозлар бекатидан Қўйлиққача, Олмазордан Сергелигача янги ҳалқаларини қурдириб ишга солди.

Шавкат Мирзиёев яна назаримда шу вақтгача ҳатто ҳеч ким орзу қилишга ҳам ботинолмаган ишни бажарди. Алишер Навоий ҳайкали қаршисига яна йигирма олти ўзбек мумтоз ва замонавий адиб, шоирлар ҳайкалларини ўрнатиб ҳақиқий Ўзбекистон адиблари хиёбонини яратди.

Шароф Рашидов даврида юзлаб адиб ва шоирлар уй-жой ва енгил машинали бўлдилар. Шавкат Мирзиёев бу ишни нафақат пойтахт Тошкентда, балки вилоятларда ҳам амалга оширишга бош-қош бўлмоқда.

Шароф Рашидов ўзбек адабиёти, санъати, маданиятини жаҳонга кўз-кўз қилдириш учун ўша пайтдаги тор имкониятларни паҳлавонларча заковат билан кенгайтирди. Шавкат Мирзиёевнинг маънавият соҳасидаги тасаввури ва нияти жуда ёруғ ва ундан-да кенг: у Ўзбекистонда учинчи Уйғониш даврига асос солиш ташаббускоридир. Бу қутлуғ олийжаноб ниятлари биз адиб-шоир, драматург, олим, мусаввир ҳамда маърифий жабҳадаги уламоларимизга муборак бўлсин!

Бироқ шу даврда ўрта мактаб, олийдаргоҳ ва фандаги турғунлик ҳамда зиёлиларда шаклланган лоқайдлик пандемияси амалиётини ҳам унутмаслигимиз керак. Коронавирус пандемияси насиб этса, мавсумийдир. Худо хоҳласа бундан вақти келиб бутунлай қутулармиз. Аммо минг афсуски, лоқайдлик, ғафлат пандемиясидан миллатимиз уйғониши қийин кечмоқда. Чунки уйғотувчи куч – адиб ва олимларимизнинг кўзлари ҳали тегишлича уйғота олмаяпти. Президентимизнинг шунчалик уйғониш ҳақидаги умумбашарий қўнғироқлари бизни сергаклантира олди десам рост гапни айтган бўламан.

Мен, музофотда яшаётган 80 яшар кекса киши кейинги икки йилда 14 та китоб нашр эттирдим. Булар: Алишер Навоий “Хамса”сининг беш дос­тони (Ғафур Ғулом нашриёти, 2020), “Хамса”нинг мукаммал насрий баёни (“Наврўз” нашриёти, 2019), Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”сининг ҳозирги тилдаги баёни 4 маротаба (“Ўзбекистон”, “Янги китоб”, “Ўқитувчи” нашриётлари), Алишер Навоий “Лисонут-тайр” асарининг асли (Ғафур Ғулом нашриёти, 2019) кирилл ҳамда лотин ёзувларида ҳозирги тилдаги насрий баёни (“Тафаккур” нашриёти), ўз муаллифлигимдаги “Шеър санъатлари” (“Шарқ” нашриёти), “Мумтоз асарлар луғати” (“Академнашр” нашриёти). Яна бир янги китобим босилиши кутилмоқда. Номи: “Ёнаётган мумтоз сўз”.

Ҳали дунё юзини кўрмаган китобим номидан қуйидаги фикрларимни баён этмоқчиман.

Адабиётшунос олимларимиз, жумладан, навоийшуносларимиз ҳам афтидан китоб ўқимай қўйдилар, чамамда.

Минг афсуски, Алишер Навоий куллиётларининг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами” ва 10 жилдлик “Тўла асарлар тўплами” матншунос кўзи билан қаралганда: Алишер Навоий шахси ва даҳосига нисбатан ҳурматсизликкина эмас, балки ҳақорат бўлиб чиқади.

Негаки, Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ва қўлёзмалар институтининг етакчи навоийшунослари илмий котиблар сифатида ҳар жилдда минглаб хатоларга йўл қўйганлар.

Улар ўзлари тайёрлаган ва нашр эттирган китоблари корректурасини ҳам ўқимадилар чоғи, чиққандан кейин ҳам уларга қайрилиб боқмадилар.

Ҳар икки куллиётда: Навоий шахси, эътиқоди, сўзлари сохталаштирилди, аёвсиз бузилган. У китобларда Навоий бўйнига очиқ ва яширин гўё “золимлиги”ни қўядилар:

 

Навоий, қилмағил бас зулм бирла

                                           дурфишонлиғким,

Маоний бикриға зевар ҳадисинг

                                           гавҳаридиндур.

(“Мукаммал асарлар тўплами”, 2-жилд, 142-бет).

Мазмуни: Эй Навоий, зулм билан гавҳар сочишдан тўхтама, чунки сўзларинг гавҳари маънолар қизига яхши безакдир.

 

Навоий қўлёзмасида эса бу байт шундай битилган эди:

 

Навоий қилмағил бас назм бирла

                                           дурфишонлиғким,

Маоний бикриға зевар ҳадисинг

                                           гавҳариндиндур.

Нашрга тайёрловчи нашрда Навоий “назми” (шеърини шоирнинг) шоирнинг “зулми” тарзида тақдим этмоқда.

Алишер Навоийни от, уловга ўхшатдилар; зеро маркаб миниладиган уловдир:

 

Маркаби ишқу наво мендек Навоий зинҳор,

Қил инон азмини сен майхона сари

                                                    мунъатиф.

(“Мукаммал асарлар тўплами”, 4-жилд, Наводируш-шабоб, 1989, 307- ғазал, 223-бет)

Мазмуни: Навоий ишқу наво улови (от ё эшак) мендеклиги аниқ. Сен унинг йўналишини майхона сари бошқаргин.

Аслиятда бу байтнинг илк мисраси бундайдир:

Маркаби ишқу наво миндик (минсин)

                                           Навоий зинҳор…

Мазмуни: Навоий ишқу наво уловини

                                           зинҳор минсин.

Академия навоийшунослари Алишер Навоийни Жомийнинг сарқитхўри деб хато ўтказганлари боис, билиб-билмай эълон қилдилар. Алишер Навоий “Мукаммал асарлар тўплами”, 19-жилднинг 453-саҳифасидан кўчирма:

“Фоний Жомийнинг сарқитхўридир, шунинг учун унга Ҳофизнинг маъноси ва Хисравнинг руҳи мададкор бўлди.”

Ишқ аро рашк айлади бу жисми

                                           вайроним фидо,

Ҳажр худ қилди, неким бедоди

                                           пинҳоним фидо.

(Мукаммал асарлар тўплами 5-жилд, 465-бет).

 

“Бедоди пинҳоним” яширин зулмим демакдир.

Мазмуни: Муҳаббатда рашк бузилган жисмимни фидо қилди. Айрилиқ ҳам барча яширин зулмларимни ошкор этди.

Мазкур байт шоир аслиятида тубандагича эди:

Ишқ аро рашк айлади бу жисми

                                           вайроним фидо,

Ҳажр худ қилди неким   пайдоу

                                           пинҳоним фидо.

 

Ношир “пайдоу” (очиқ) сўзини “бедод” (зулм) деб кўчирган…

Во дариғки, Муҳаммад алайҳиссаломни Оллоҳнинг ўғли деб ёзиб юборилган.

 

Қайси тил бирла ё бани уллоҳ,

Сени таъриф этай мене гумроҳ.

(Мукаммал асарлар тўплами 14-жилд, 235-бет).

“Бани уллоҳ” Оллоҳнинг ўғли демакдир.

Мазмуни: Эй Аллоҳнинг ўғли, мен йўлдан озган банда сени қандай мақтай олардим…

Муаллиф нусхасида эса ушбу байт саҳиҳ ҳолатда эди:

Қайси тил бирла ё набиюллоҳ

Сени таъриф этай мени гумроҳ

Мазмуни: Эй Аллоҳ пайғамбари, мен йўлдан озган банда сени қандай мақтай олардим…

Меърож кечасини уруш оқшомига чиқардилар:

Чун шоми уруш, қайттинг бот,

Субҳ этди ғуссадин яқо чок.

(Мукаммал асарлар тўплами 3-жилд, 262-бет).

Мазмуни: Сен уруш оқшомида дарҳол қайтиб келдинг. Тонг бу бахтга мен эришмадим, деган ўкинчда ғам чекди, ёқасини йиртди (яъни тонг отди).

Навоий нусхаси:

Чун шоми уруж, қайттинг бот,

Субҳ этти ғуссадин яқо чок.

Мазмуни: Сен меърож кечаси тезда қайтиб келдинг (бу бахтга мен эришмадим деган ўринда) тонг ғам чекиб, ўз ёқасини йиртди (тонг отди).

Оллоҳ кечирсин, ислом шариати илми – фиқҳ илмини ножоиз ном ила эълон қилдилар:

Олам аро илм, илми диндур,

Жин илми фиқҳ эрур, яқиндур.

(Тўла асарлар тўплами, 2011, 7-жилд 36-бет).

Мазмуни: Оламдаги барча илмларнинг сараси дин илмидир.

Жин илми фиқҳ эканлиги аниқдир.

 

Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони қўл­ёзмасида эса ёзилганки:

Олам аро илм – илми диндир.

Дин илми – фиқҳ эрур яқиндир.

 

Мазмуни: Оламдаги илмларнинг [сараси] дин илмидир,

Дин илми – фиқҳ эканлиги аниқдир.

Намоз-ниёз қилган одам кўр бўлади. Тасаввуф сулукига кирганлар кўр бўлади деб таҳдид қилдилар:

 

Торқуча ганжинайи асрорлиқ,

Кўр қилибон солики атворлиқ.

(Тўла асарлар тўплами, 2011, 7-жилд 36-бет).

Мазмуни: Сирлар хазинасини топганча, тасаввур мазҳаби кўр қилди.

Аслида байт шундай эди:

Топқуча ганжинаи асрорлиқ,

Қўп қилибон солики аиворлиқ.

 

Бўлмади ул пардада чун кашфи роз,

Кўр қилиб изҳори сужуд-у ниёз.

(Ўша китоб, 65-бет).

Мазмуни: У пардада сирлар ошкор бўлмади. Чунки кўп саждаю ёлборишлар уни кўр қилди.

Навоий аслиятидан шу байтни кўчирамиз:

Бўлмади ул пардада чун кашфи роз

Кўп қилиб изҳори сужуду ниёз.

Ҳар бир китобда юзлаб нуқсонлар содир этдилар; минглаб сўзларни икки, уч, беш, олти шаклларда ёзиб чаласаводликни ҳадди аълосига етказдилар (ҳар икки куллиётда тўбе сўзи 8 шаклда ёзилган!).

  1. Тўби:

Ул қади Тўбидин ортуқ, юзи,

                                           Ризвондин жамил,

Ким, берур жон лаъли ҳар ким бўлса

                                           кўзидин қатил.

(3-жилд, 659-бет).

 

  1. Тубо:

Не ҳуреким, юруб қилғоч такаллум,

Уётдин тубою кавсар бўлуб гум.

(6-жилд, 558-бет)

 

  1. Тубо:

…баъзига дубдурларки Тубо, дарахт соясида жавоб бергумиздур (10-жилд, 419-бет).

 

  1. Тўби:

Қайси ҳабиб улки фалак хокидур

Сидрау тўби-хасу хошокидур.

(6-жилд, 181-бет).

 

  1. Тўбий:

Қайси тўбий жилваси сарви

                                           хиромонингча бор?

Қайси кавсарнинг зулоли оби

                                           ҳайвонингча бор?

(2- жилд, 150-бет).

 

  1. Тубий:

Анингким, қадин тубий этди Худой,

Беҳишт этди гулзори рухсорини.

(3-жилд, 639-бет).

 

  1. Туби:

Нозанин қаддинг тириклик гулшанини

                                                           нахлидур,

Сарву Туби сендек ўлмоқнинг не имкон

                                                           қомати?

(3-жилд, 645-бет).

 

  1. Туби:

Ҳури анинг руҳи мусаввар киби,

Қадду лаби туби-ю, кавсар киби.

(6-жилд, 91-бет).

 

Ой ва қуёшдан икки Каъба (Каъбатайн) яратдилар:

Солмоқ учун тоси сипеҳр ичра шайн,

Ой-у қуёшдин қилибон Каъбатайн.

(Мукаммал асарлар тўплами, 7-жилд, 15-бет).

 

Эшакка тож кийдириб, Навоийни масхарабоз қилдилар:

Бир эшакдек бошингга афсор уруб,

Нафсни ўз орқанг узра миндуруб.

(“Лисон ут-тайр”дан. Тўла асарлар тўплами, 9-жилд).

Мазмуни:

Бир эшакдек бошингга тож кийиб,

Нафсни орқангга миндириб.

 

Муаллиф аслиятидан, биринчи мисрадан ўқиймиз:

Бир эшакдек бошингга асрор уриб.

Мазмуни:

Бир эшакдек бошингга нўхта уриб.

Оллоҳнинг пайғамбарларидан бўлган Исо алайҳиссаломни одамларни жинни қилувчи деб масхара қилдилар:

Ким мужанниндур,

                           Исо қабрига бутган ҳар чечак.

 

Мазмуни: Исо қабрига битган ҳар чечак кишини жинни қилади.

Қаранг, академия “навоийшунослари” Исони осмондан туширадилар, қабрга тиқадилар ва қабр устида кишиларни жинни қиладиган чечак­лар ундирадилар!

Аслиятда эса бу байтда Исо алайҳиссалом йўқ эдилар. Нашрга тайёрловчи шоввозлар “иси”ни Исо деб ўқишган. Аслиятда:

Ким мужанниндур иси қабрига битган ҳар чечак… мисраси бор эди…

Адабиёт — адабиёт бўлиб, бунақа маънавий жиноятларга гувоҳ бўлмаган бўлса керак.

Албатта, олимга хизмати учун алқов-мукофот бўлганидек, хатоси учун жазо ҳам керак. Диний-маърифий ва илмий-адабий нуқсонлар ҳамма замонда жазога мустаҳиқ топилган. Ҳусайн Бойқаро замонида хоразмлик машҳур олимни куфр нуқсонида айблаб, Ҳиротга келтириб мурофаа уюштирилган. Олим ўзига қўйилган айбларнинг асоссизлигини олимлар даврасида исботлаб берган. Ёки Ҳусайн Бойқаронинг вазири Сонеийнинг Алишер Навоийга бироз тегиб кетадиган: эртага жанг майдонида Алишернинг қилич тутган билаги кучи синалади мазмунидаги байти элга овоза бўлгани учун Ҳусайн Бойқаро Навоий шаънини ёқлаб, Сонеийни қаттиқ жазолайди.

Бизнинг академиядаги навоийшуносларимиз “Ҳайратул-аброр”га мингга яқин речу, шапорат, фушат, таронча ториб, торса, калларўш, чопае, хопае, торибон каби антиқа сўзларни киритиб даҳо асарини тамоман сохталаштирдилар:

Қолмади чу ўзга менга чопае

Қалъа ясардек торибон хопае.

(Тўла асарлар тўплами, 6-жилд, 55-бет) каби байтлар билан 6 жилд тўлиб ётибди.

Асл нусхада ёзилган:

Қолмади чу ўзга манга чорае

Қалъа ясардек топибон хорае.

Бундай аҳволдаги китобларни Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти навоийшунослари Хитойдан Америкагача мақтаниб тарқатдилар.

Агар Ўзбекистон адабиётшунослари, жумладан, навоийшунослар ғафлат уйқусида бўлмасалар нега бу ҳодисаларни кўрмайдилар, нега миқ этмайдилар, фарёд қилмайдилар? Камина “Маърифат” газетасида бу ҳақда “Жаннат ичидаги дўзах” (18-март, 2020-йил ва “Биллур кўзгулар топталган нашр” (28-август, 2020-йил), “Якка тартибдаги кўчирмачилик” (3-февраль 2021-йил) мақолаларини эълон қилдим.

Ҳеч ким муносабат билдирмади. Нима учун? Ўзбекистонда Навоий шаъни ва ижодини ёқлайдиган зиёли ва навоийшунослар қолмадими?

Шуми бизнинг олимлик виждонимиз ҳаракати? Сукут, сукут…

Қизиқки, ўша тўртта мақоладан бирортаси Алишер Навоий номидаги тил, адабиёт ва фольк­лор институти жамоасида бирор маротаба муҳокама қилинмаган. Сабабини суриштирдик. Ҳазилкашлар жавобини келтираман: “Қўғирчоқ қўғирчоқбозга қандай ҳукмини ўтказсин?!” Наҳот?!

Бир улуғ маърифатпарваримиз “Кўз очайлик” деб зиёлиларни чақиргани бежиз эмас экан. ХХ асрда уйғонган ўзбек зиёлиси нега ХХI асрда уйғонмасин?!

Худо хоҳласа уйғонади! Навоийни ўқийди.

Уйғонмоқ учун нималар қилмоқ керак?

Камина бир матншунос олим сифатида қуйидаги таклифларни билдирган бўлар эдим:

– Олимларга Оллоҳдан виждон уйғоқлигини ўтиниб сўраш, газета ва журналларда, радио ва телевизорда Навоий асарлари тарғиб ва ташвиқотини янада кучайтириш зарур.

– Навоий куллиётини уч карра бузган Ўзбекис­тон Фанлар академияси Навоий номидаги институтига Навоий асарлари нашрини бошқа бермаслик;

– Навоий асарларини энг яхши ўқийдиганлар танловини ўтказиш;

– Навоий асарларини энг кўп нашр эттирган олим танловини ўтказиш;

– Энг заковатли навоийшунос матншунос танловини ўтказиш;

– Навоий асарларини энг кўп таҳрир этган олим танловини ўтказиш;

– Навоий асарларидан энг кўп ёдлаган киши танловини пойтахтда ва ҳар бир вилоят, ҳар бир шаҳар, туман, мактабларида ўтказиш ва мукофотлаш;

– Навоий асарларини энг кўп ўқиган киши танлови;

– Навоий асарларига энг кўп куй басталаган бастакор;

– Навоий ғазалларини энг кўп ва яхши ижро этган ҳофиз;

– Навоий асарлари луғатини энг кўп тузган олим;

– Навоий асарларини энг кўп нашр этган нашриёт;

– Навоий ҳақида энг кўп мақола эълон қилган газета ва журналлар;

–         Навоий ҳақида энг кўп телекўрсатув уюштирган олим;

–         Навоий ҳақида энг кўп телекўрсатув қилган телережиссёр;

–         Навоий ҳақида энг кўп радиоэшиттириш қилган муаллиф олим;

–         Навоий ҳақида энг кўп радиоэшиттириш қилган режиссёр;

–         Навоий образини яхши яратган актёр;

–         Навоий асарлари матни савияси ҳақида энг кўп мақола ва китоб ёзган куюнчак муаллиф;

–         Навоий ҳақида энг яхши асар ёзган адиб;

–         Навоий сиймосини энг яхши яратган мусаввир;

–         Навоий асарларига энг кўп иллюстрация чизган рассом;

–         Навоий асарлари нашриётидаги нуқсонларни энг кўп кўрсатган (мақола ва китоб) муаллифи танлови ўтказилиши лозим.

Энг муҳими, адабиётимиз, маънавиятимизнинг пири комили бўлган Алишер Навоий асарларини хато ва камчиликлар билан чиқаришга бундан кейин асло йўл қўймаслик зарур. Ахир бу жилдликларни чоп этиш учун қанча маблағ совирилган, қанча қоғоз сарф этилган? Нашриёт ходимлари томонидан нечоғлик оғир меҳнатлар қилинган? Бу лоқайдликка энди ким жавоб беради?! Ва шунча йилдан буён нега ҳеч ким бирор сўз демайди, жавоб бермайди?!

Бу ҳақда “Hurriyat” ўз вақтида аниқроғи, ўзининг 2003-йил 6-августдаги сонида адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов “Навоий асарларининг бенаво нашри” сарлавҳали танқидий мақоласини эълон қилган эди. Унда куюн­чак адиб улуғ мутафаккир Навоийнинг 20 жилдлик китоблари чоп этилганидан, анча заҳматли меҳнат сарфлаганидан севиниб, бу меҳнатларни эътироф этар экан, уни нашрга тайёрлаганларнинг улуғ аллома битикларига бу қадар юзаки муносабатдан дили оғриб ёзган эди.

Масала албатта, жуда оғриқли. Бу аҳволни ёзишнинг, тан олишнинг ўзи нақадар оғир.

1987-2003 йилларда “Фан” нашриётида чоп қилинган Навоий куллиётининг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами” ва 2011 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан 10 жилдлик “Тўла асарлар тўплами” бунчалар пала-партиш, саводсизларча нашр этилганига ишониш қийин.

Хўш, нима бўлса бўлиб, бўёғи синган экан, энди нима қилмоқ керак?, деган савол туғилади. Албатта бу саволга жавоб беришнинг ўзи бўлмайди. Чунки ғиж-ғиж хатоларга тўла “мукаммал” асарлар тарқалиб кетган. Қанчалик қийин бўлмасин, биргина йўли — ушбу асарларни тузатиб, қайта кўриб, чиндан ҳам мукаммал тарзда бош­қатдан чоп этишдан ўзга чора йўқ.

Буюк бобомиз асарларини лоқайдларча, виж­донсизларча нашрга тайёрлаганларга эса яна нима ҳам деймиз? Эҳ, бирор фойдаси бўлса экан…

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 12 =