Меҳр ўрнига онлайн мулозамат?

Автобусдаман. Одатда, ўзим билан қулоқчинимни олиб юрардим. Бу сафар негадир хонамда унутиб қолдирибман. Қулоқчинларга ўрганиб қолганим учун бироз зериккандай бўлдим-да, ён-атрофимдаги одамларни кузата бошладим. Қайсидир бекатда гул билан чиқиб келган қиз эътиборимни тортди. Негадир у ҳаётдан аламзада эди. Ёнидаги дугонасига тинмай нолирди. Аслида бировларнинг гапига қулоқ тутиш одатим йўқ, бироқ у қизнинг баланд овози кўпчилик қатори менинг ҳам эътиборимни тортди.

— Нега инсонлар ҳамма нарсани ижтимоий тармоқларда кимгадир кўз-кўз сифатида, реклама учунгина   қилишади. Олдинлари ҳар тугул телефон қилишар ёки хабар ёзишарди. Бугун эса…

Шу пайт чиптачининг “Йўл   ҳақини тўламаганлар, тўлаб юборинглар”, деган гапи эшитилди-ю, бояги қизнинг гапи бўлинди.

Унинг гапларини тинглар эканман, ўзимда ҳам шундай ҳолат бўлгани хаёлимдан ўтди. Аниқроғи, дугонамнинг гапини эсладим. Дугонамнинг туғилган кунида яқин таниши уни табрикламагани, инс­таграм ва фейсбук орқали историясига қўйиб таб­рик ёзмагани учун унга ҳам худди шу алпозда жавоб берган экан. Недирки, сен мени эсламадинг, мен ҳам сени эсламайман.

Наҳотки, ўн-ўн беш йиллик таниш-билишларимизнинг қадри битта “история” билан ўлчанса? Аслида ўз меҳримизни шундай кўрсатишимиз керакми? Шу каби саволлар бошимда айланарди.

Манзилимга етгунча бояги қиз ва дугонамнинг фикрлари хаёлимдан кетмади. Гўёки ҳамма ўзича ҳақ.

Дарвоқе, бугун биз кўпроқ   реал ҳаётдан кўра, виртуал ҳаётга боғланиб қолаётгандекмиз. Яқинларимиз учун сарфлашимиз керак бўлган вақтимизни, меҳримизни ижтимоий тармоқларга сарфлашимиз қанчалар тўғри?

Моҳинур АНОРБОЕВА,

ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика

факультети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 12 =