“Кўргазмадаги” маънавият

Матбуот анжумани, медиатур, пресс-тур: бугун бу жумлалар барча журналист ва ҳатто журналист бўлмаганларга ҳам жуда яхши таниш. Мақсад — ташкилот ва корхоналар томонидан қилинган, қилинаётган, қилинмоқчи бўлган ишлар хусусида ОАВ вакилларига маълумотлар бериш. Ундан кўзланган ният эса, ўша ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишларни журналистлар фақат ижобий жиҳатдан кенг жамоатчиликка етказиши керак. Мақташ, эътироф этишлари керак.

Лекин негадир ташкилот ва корхоналарда ўтказилган матбуот анжумани ёки пресс-турларда камчиликлар ва муаммоларга кўз юмиб кета олмайман. Албатта, эзгу мақсад ва холис ниятда. Бу ҳолатни кўпгина ташкилот раҳбарлари нотўғри тушуниб, “бу  тирноқ остидан кир қидирмоқдир” дейишади.

Фикримни оддий, осон, деярли барча корхона ва ташкилотларда мавжуд “маънавият хоналари” орқали ифода этсам. Ўтказилган матбуот анжуманларида ташкилот раҳбарлари “маънавият хоналари”ни кўрсатиш (аслида, мақтаниш)ни хоҳлашади. У ерда мавжуд адабиётлар сони, уларнинг соҳалар бўйича турлари ҳақида маълумот беришади. Бирор нодир китоб бўлса, уни алоҳида эътироф этишади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, бундай “маънавият хоналари” турли тадбирларда ёки ташкилотга “меҳмон”лар келгандагина очилади. Шу боисдан ҳам у ердаги китоб, газета ва журналлар ойнаванд шкафларда қулфлоғлик ҳолатда сақланади. Вақт силсиласида фақатгина озгина чанг, ғубор қоп­лаган китоблар (корхона ва ташкилотларнинг номларини келтириб ўтирмайман).

Аслида, инсон маънавий олами китоб ўқиш, газета-журнал мутолааси орқали шаклланади, такомиллашади. Биз шундай жамиятда яшаяпмизки, илм олиш учун рағбат давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Нафақат таълим даргоҳлари, балки ҳар қандай ташкилот ва корхоналарда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг маънавий савиясини юксалтириш учун китоблар сотиб олишга кўплаб маблағлар сарфланмоқда. Газета-журналларга обуна бўлишлари учун алоҳида маб­лағ ажратиб берилмоқда.

Бироқ бу маънавият сарчашмаларидан фойдаланиш ўрнига уларни “қамоққа” солиб ўтирибмиз. Қулфлаб қўйяпмиз. Оқибатда ўзимизнинг маънавий савиямиз ҳам “қамоқда” қолиб кетаётгандек. Демак, бу ишлар чин дилдан, холис, эзгу ниятда эмас, хўжакўрсинга, кўргазма учун қилинаётгани кундай равшан. Аксарият ташкилотлар маънавиятни юксалтириш мақсадида ажратилаётган маблағларни бошқа мақсадларга ишлатиб юборишаётгани ҳам бор гап.

Чунки назорат йўқ. Юз миллионлаб сўм маблағларга “буюртма” китоблар чоп қилишади. У китобларни биров варақлаб кўрармикин? Бунинг кераги ҳам йўқ. Чунки мақсад аввалдан маълум. Мабодо обуна деб гап очсангиз борми, “Обуна мажбурий эмас. Пул йўқ” деб дарров оғзингизга уришади.

Лекин… сўнгги пайтларда айрим университет ёки институтлар, тиббиёт бирлашмаси ё Мактаб ва мактабгача таълим бўлимларининг бор-йўғи 2 йиллик фаолияти текширилганда… миллиардлаб маблағлар ўзлаштирилгани, жиғилдонга уриб юборилгани маълум бўлиб қолмоқда. Қизиқ, ўмаришга, ўзлаштиришга миллиардлар топилади-ю, обунага келганда ҳамиша маблағ етишмайди?!

Афсус!

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 20 =