Янги йилдан умидимиз кўп

Тарих зарварақларига муҳрланган 2021 йил мамлакатимизда кўпгина жабҳалар қаторида сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам жуда самарали йил бўлди. “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинган 2022 йилнинг ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари учун қадами қутлуғ келишига, қонуний фаолият юритаётган ОАВ вакиллари бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлишига ишончимиз комил.

Албатта, ўтган йил ҳар қанча ютуқларга бой бўлса-да, бизнинг янги йилдан умидимиз ижодий режаларимиз катта — журналистика соҳаси янада равнақ топишини, матбуот том маънода жамият кўзгусига айланишига ишонамиз. Медиа соҳасининг барча вакиллари шу эзгу мақсад йўлида ислоҳотларнинг олдинги сафида бўлишига барча асосларимиз бор.

Дарҳақиқат, 2021 йилда ўзбек журналистикасида туб ўзгариш­лар, сезиларли силжишлар кузатилгани, сўз эркинлигининг амалдаги исботи бўй кўрсатди. Айниқса, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни илк бор нафақат марказда, балки, барча ҳудудларда янги форматда, барча қалам аҳли иштирокида кенг нишонлангани эътирофга молик бўлди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Президент фармонига биноан 100 нафардан ортиқ журналистлар ва бир нечта блогерлар давлатимизнинг юксак мукофотлари – орден ва медаллар билан, 1000 нафарга яқин журналистлар “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлангани соҳа вакилларига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин далилидир.

Шубҳасиз бу давлатимиз раҳбари томонидан оммавий ахборот воситалари ходимларига билдирилган юксак ишончдан далолат беради. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини холис ва тезкор ёритиб бориш, халқимизга етказиш ҳар биримиздан зиммамиздаги масъулиятли вазифани чуқур ҳис қилишни талаб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги таъминланишида собитлиги, соҳага оид қонунчилик нормаларининг такомиллаштирилиши, қолаверса, матбуот аҳлининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши ўз натижасини берди. Яъни уларда замон билан ҳамнафас бўлиш, бир қадам олдинда юриш ҳисси ва масъулиятини оширди.

Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Халқаро пресс-клуб, Миллий матбуот марказида ўтказилган тадбирларда турли вазирлик ва идоралар бевосита раҳбарлари соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан мунтазам ахборот бериш амалиёти шаклланди ва улар журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб бермоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовни эса нафақат мамлакатимиз, балки хорижлик журналистлар ҳам ҳурмат билан тилган олишади.

Ҳар ҳафта душанба куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтган ҳамда бошланган ҳафта давомида Юртбошимиз иштирок этадиган ёки раислигида ўтказиладиган йиғилишлар, қабуллар ва ташрифлар ҳақида – ўзбек, рус ва инг­лиз тилларида журналистлар иштирокида брифинглар ўтказилиши, ижтимоий тармоқларда ҳам тезкор ёритилиши йўлга қўйилгани кенг жамоатчилик, жумладан, халқаро ташкилотлар вакиллари, юртимиз ОАВ ходимлари эътирофига сазовор бўлмоқда.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш, ватандошларимизнинг ҳаёт даражасини яхшилашга киришилганини ҳар қанча эътироф қилсак арзийди. Негаки, бундай саъй-ҳаракатлар барча соҳада жамоатчилик назоратининг кучайишига олиб келди.

Бугун турли даражадаги амалдорларнинг иш фаолиятига оммавий ахборот воситаларида холисона баҳолар берилмоқда, камчиликларини ошкора танқид қилиш билан бирга уларни ҳал этиш йўллари ҳам кўрсатиб ўтилмоқда.

Давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилаётгани диққатга молик. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди. Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланди. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи йил сайин ошиб бораётганидан ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларига кўрсатилаётган эътибор йилдан-йилга ошиб бораётгани, юртимизда кечаётган кенг қамровли тарихий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда журналист масъулияти хусусида сўз юритганда, мамнуният билан айта оламизки, оммавий ахборот воситалари бугунги реал воқеликларни очиқ-ойдин ёритиш билан чекланиб қолмасдан, истиқболда нималар кутаётганини яққол тасаввур қилишимизга ҳам кўмаклашмоқда ва эртанги кунга ишончимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маълумки, 2021 йилда юртимиз келажагига дахлдор муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жуда кўтаринки руҳда ўтди. “Ўзбекистон 24” телеканали мухбирларининг Президент сайловига оид чет эллардан тайёрланган репортажлари, лавҳаларини кўриб, рости, ғурурландик. Улар дунёнинг турли бурчакларидан, хусусан, АҚШ, Франция, Англия, Германия, Жанубий Корея, Индонезия, Малайзия, Туркия, Россия, Тожикистон, Қувайт, БАА ва бошқа мамлакатларда таҳсил олаётган, ишлаётган ва яшаётган юртдошларимизнинг сайловга жалб этилаётгани, Ўзбекистонда бўлаётган муҳим сиёсий жараёнга хорижлик экспертларнинг нуқтаи назарлари хусусида жонли кўрсатувларни миллион-миллион телетомошабинлар ҳукмига ҳавола этиб келдилар. Ҳолбуки, бундай имкониятларни 5-6 йил аввал тасаввур қилиш ҳам қийин эди.

Ўша кезларда дунёда кечаётган воқеалар ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирларининг аҳён-аҳёнда хабарлари бериларди. Бугун эса “Дунё” номи билан бу агентлик ҳам ўз фаолиятини жонлантирди. Токиода бўлиб ўтган Ёзги олимпиададан спортчиларимиз ютуқлари ҳақидаги муждаларини биринчи манба — ўзимизнинг журналистларимиздан олдик. Эътиборли жиҳати, қўшни мамлакатлар телеканаллари ҳам Ўзбекистон телеканаллари томонидан эфирга узатилган кўрсатувлардан фойдаланишаётганини ҳавас билан таъкидлашди.

Яна бир муҳим масала: бугун матбуотда бирон-бир чеклов йўқ. Аксинча, сўз эркинлигини таъминлашда, қўллаб-қувватлаш борасида янгидан-янги имкониятлар яратиб берилмоқда. Айниқса, электрон оммавий ахборот воситалари, сайтлар, телеграм каналлари шиддат билан ривожланмоқда. Журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаш учун Миллий масме­диани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди самарали фаолият олиб бормоқда.

Матбуот ходимлари нафақат янгиликларни ёритишда, балки халққа наф келтирадиган жамоат ишларида ҳам ҳамиша пешқадамлар сафида бўлиб келган. Хабарингиз бор, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт, бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарларда яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилиб, 2021 йилнинг 2 ноябридан 10 декабрига қадар дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди   ва бу жараёнда ҳам журналистлар ибрат кўрсатди. Хусусан, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмасининг ижод аҳлига Мурожаатномаси эълон қилинди ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Журналистлар боғи”ни яратишга даъват этилди. Тошкент шаҳридаги “Боғишамол” кўчаси бўйлаб кўчат экиш тадбири уюшқоқлик билан ўтказилди. Уюшманинг Андижон, Самарқанд, Бухоро ва Қорақалпоғистон Респуб­ликаси бўлимлари ҳам ҳудудларда “Журналистлар боғи”ни барпо этишда жонбозлик кўрсатишди.

Айниқса, 2021 йил якунланиши арафасида тарқалган қувончли хабар оммавий ахборот воситалари ходимларини беҳад руҳлантирди. Тошкент шаҳри марказидаги Ўзбекистон матбуоти ва журналистикаси рамзи бўлган “Матбуот уйи” биносининг узил-кесил сотувдан олингани, у ОАВ, айнан босма нашрлар ихтиёрида қолдирилиши маълум қилингани Янги йилга чинакам совға бўлди.

Шу ўринда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида муҳтасар сўз: жорий даврда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар страте­гиясига асосан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ҳамда Уюшманинг 2021 йилги иш режаси, тегишли дастур ва “Йўл харита”лари ижроси доирасида ўтган бир йил мобайнида 157 та давра суҳбати, 87 та тақдимот, 29 та семинар, 46 та медиа-тур, 59 та учрашувлар ҳамда республика даражасида 3 та кўрик-танлов, ҳудудлар кесимида 36 та кўрик-танловлар ўтказилди ҳамда 2 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Хабарингиз бор, 2021 йили Президентимиз Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида журналистларнинг малакасини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, тажриба алмашишини йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда минтақавий семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олдига бир қатор вазифалар қўйилганди. Шундан келиб чиқиб, уюшма томонидан ҳудудларда ўнлаб минтақавий семинарлар ташкил этилди.

Хусусан, Сирдарёда ўтказилган “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида минтақавий семинарда Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бухоро вилоятида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида минтақавий семинар ташкил этилди. 2021йил 24 сентябрда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Урганч шаҳрида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида минтақавий семинар ташкил этилди. 2021 йил 12 ноябрда эса Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда уюшманинг вилоят бўлими ҳамкорлигида Самарқандда “Мамлакатдаги ислоҳотларни ёритишда жанрлар ва журналист маҳоратининг аҳамияти” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди. Унда Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилояти журналистлари иштирок этишди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, бундай минтақавий семинар иштирокчилари нафақат назарий билимларини ошириш, бугунги кунда оммавий ахборот воситаларига қўйилган талаблар ва тамойиллардан воқиф бўлиш, балки ўзаро тажриба алмашиб, вилоятлардаги нашрларнинг ҳолати, журналистларга яратилган шарт-шароитлар, ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлишмоқда.

Хуллас, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг якунланган, яъни эндиликда тарихга айланган 2021 йил давомида амалга оширган ишларини сарҳисоб қилар эканмиз, 2022 йилда режалаштирилган устувор вазифалар белгилаб олинганини, оммавий ахборот воситалари ходимлари жорий йилда юксак марраларни кўзлаб бир мақсад йўлида якдил ва ҳамфикр бўлиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоғига ишончимиз комил.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × three =