Уддабурон йўловчи

Пиёда кетаётганингизда “мана бу пулимни майда пулга алмаштириб беринг?” дейдиган кишиларга онда-сонда дуч келиб қоласиз. Очиғини айтиш керак таксидан тушганимизда ёки дўкондаги сотувчига камроқ тўлов қилиш керак бўлиб қолганда ўзимиз ҳам бундай ҳолга бир-икки бор, балки ундан ҳам кўп марта тушганмиз. Буни ҳеч қандай зарари, ёмон томони йўқ деб ўйлаймиз. Чиндан ҳам, кимгадир бу борада ёрдам берсангиз ҳеч нимангиз камайиб қолмайди. Қайтанга ғалвайиб турган, бесаранжом пулларингиз бутланиб, тартибга келтиришингиз осон бўлади.

 

Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеага дуч келмагунимча мен ҳам шундай ўйлардим, дейди бир киракаш. Келинг, яхшиси, ҳаммасини унинг ўзидан эшитинг:

… Тошкентдан водийга қайтаётганимда йўл-йўлакай машинага бир йўловчи чиқди ва унча узоқ бўлмаган жойда тушиб қолишини айтди. Тун пайти бўлгани учун қандайдир ишдан чарчаб чиқиб, шу қисқа масофани ҳам пиёда босиб ўтишга эринчоқлик қилган бўлса керак деган хаёл билан кетавердим. Машинага чиққан ўша йўловчи ҳам бир оғиз лом-лим демасдан, индамай борарди. Буни қаранг-ки, у мен ўйлаганимдан ҳам яқинроқ жойда тушиб қолди. Узоғи билан бир, нари борса ярим бекатчалик масофани босиб ўтдик, холос. Йўл ҳақи қанча бўлишини сўраганда эса кўнгилдан чиқариб, ўзи истаганича бераверишини айтдим.

— 10 минг сўм бўладими?

— Майли, берақолинг.

Киссасини бироз ковлаштириб, ўнғайсизланган бўлди-ю, 100 минг сўмлик чиқариб берди. Айтилган миқдордаги пулни олиб, қолганини қайтардим. Манзилимга етиб бориб, уйга киргунимга қадар озиқ-овқат дўконидан ул-бул, майда-чуйда олиш учун тўхтаб ўтдим. Тўлов учун эса ўша йўловчидан олган 100 минг сўмлик пулни берар эканман сотувчи бу пулнинг қалбаки эканлигини айтди. Ёнимда турган бошқа харидорлар олдида жуда ғалати бўлдим. Ўзимча бўлиб ўтган воқеани тушунтирмоқчи ҳам бўлдим. Билмадим қайсилари ишонди-ю, қайсилари ишонмади. Хуллас-калом минг хижолат билан дўкондан чиқарканман турли хаёлларга бордим. Балки, бу пулни берган йўловчи йигитни ҳам алдашгандир, балки сотувчи адашгандир. Пул сохта бўлмаса-чи?

Шу билан эртаси куни банкдан текширтирдим. Сотувчининг сўзлари тўғри бўлиб чиқди. На илож бошга тушганни кўз кўрар. Ўша куни кечки пайт ўртоқларим билан чойхонада бу во­қеани муҳокама қиларканмиз, Тошкент-Фарғона йўналиши бўйича қатнайдиган ҳайдовчи дўстларим ичидан Алимардон ҳам шундай чув тушганлигини айтди. Энг қизиғи йўловчи йигитнинг юзини ҳеч ким кўрмаган. Негаки у тунги вақтлардагина мана шундай “ов”га чиқишни одат қилган экан.

Унинг уддабуронлигини қарангки, сохта пулларни дўконларга ўтказмаган. Сабаби, солиқ идоралари орқали бу пуллар тез фурсатда банкка етиб бориб қалбаки эканлиги аниқланиши мумкин. Қолаверса, ҳозирги вақтда деярли ҳамма савдо шохобчаларига видеокамералар ўрнатилган. Бошқа одамлар орқали муомалага чиқариб юбориш эса нисбатан хавфсизроқ…

Борди-ю, сизга ҳам қайсидир йўналишда шундай “йирик пулли” йўловчи учраб қолса, хуш­ёрроқ бўлинг!

Камолидин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 2 =