Берунийнинг ақл машъали

Дунёни ўзининг тенгсиз заковати ила яратган бебаҳо асарлари билан ҳайратга солган қанчадан-қанча улуғ аждодларимиз бор. Улардан бири шаксиз Абу Райҳон Берунийдир.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов:

Америка — сеҳрли диёр,

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,

Денгиз ортин ёритди илк бор,

Берунийнинг ақл машъали, —

дея ёзганидек, ҳали ана шу аждодларимиз боқий меросини ўқиб ўрганиш, баҳраманд бўлиш учун кўп эътибор қаратяпмиз, дея айтолмаймиз.

Айниқса, бугунги кўплаб ёшлар Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Ал-Хоразмий каби донишмандларни қай даражада билишади. Бирорта асарини ўқишганми? Ўқишга қизиқишадими ўзи?

Афсус, афсуслар бўлсинки, бир нарса дейиш мушкул. Қуйидаги мақолада эса улуғ бобомиз ҳақида жуда муҳтасар сўз юритилган. Шу боис уни айниқса ёшларимиз ўқишини, уқишини истар эдик.

Таҳририят.

 

Улуғ бобомиз Абу Райҳон Беруний ҳижрий 362 йилнинг зулҳижжа, милодий 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг ўша вақтдаги пойтахти бўлган Кат шаҳрида туғилган. Қомусий олимнинг исми-шарифи манбаларда Муҳаммад ибн Аҳмад Абу-ар-Райҳон ал-Беруний ал-Хоразмий деб ёзилган. Шу ўринда аллома тахаллуси — “Беруний” сўзи турлича талқин этиб келинаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Қуръони каримни рус тилига таржима қилган Ю.Крачковский “Беруний болалик чоғидаёқ ботаникага қизиққани учун унга шундай лақаб берилган бўлиши мумкин”, дея тахмин қилади. Абдулкарим ас-Саъмоний “Китоб ал-ансоб” асарида: “Беруний” деган нисба Хоразмдан ташқари жойга оиддир, кимки шаҳардан ташқарида туғилса, бундай одам, фалончи беруний, дейилган. Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир” деган хулосага келади. Бундан ташқари, “райҳон” сўзи арабча “раҳмат”, “ризқ” маъноларини анг­латади, райҳон – марҳаматли, раҳмдил деган маъноларни англатади, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Ўнинчи асрда Кат шаҳри хоразмшоҳлар-африғийлар сулоласи даврида гуллаб-яшнаган. Савдо-сотиқ равнақ топган, маданий марказ ҳисобланган. Шарқий Европа, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Хитой давлатларидан келувчи савдогарлар учун чорраҳа вазифасини ўтаган. Бу азим шаҳарга бутун дунёдан астрономия, математика, география сингари фанлар билан қизиқувчи олимлар йиғилиб турган. Беруний болаликдан араб, форс, суғдий, сурёний, юнон, ҳинд, қадимги яҳудий тилларини ўргана бошлаган. Масалан, юнончани қандай ўрганганлиги ҳақида буюк бобомиз шундай ёзади: “Биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил дон, уруғ, мева ва бошқа нарсаларни олиб бориб, унга кўрсатар, улар унинг тилида қандай номланишини сўраб олар ва номларни ёзиб қўяр эдим”. Аллома араб тилини ўрганиш қийин дегувчиларни, бу қийинлик илм­­га тиришқоқ инсонлар учун эмас, авомларга хос, дея ҳушёр торттирарди. Буни у шундай изоҳлайди: “Араб ёзувининг катта нуқсони – унда шаклан бир-бирига ўхшаш ҳарфларнинг мавжудлигидир. Бу ҳарфларни бир-биридан ажратиш учун зеру забарлар ва флексия (сўз ўзагидаги товушларнинг алмашинуви орқали янги сўз ва грамматик формаларнинг ясалиши) белгилари қўйилади. Агар булар олиб ташланса, сўз маъноси ташланса, бузилиб қолади”. Алломанинг ёшликдан илм билан машғул бўлгани, милодий 994-995 йиллар Кат шаҳрида муҳим астрономик тажрибалар ўтказгани, бир неча астрономик асбоб ихтиро қилгани ҳақида устози Ибн Ироқ ўз асарларида ёзган. Унинг илмга чанқоқлиги қуйидаги сўзларида ҳам кўринади: “Дарёларнинг доим денгизга қуйилиши унинг сувига таъсир кўрсатмаганидек амал ва лаззат ҳақиқий илм олувчига таъсир кўрсата олмаслиги керак”.

Берунийнинг болалиги ва камолот даври сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, яъни икки империя қорахонийлар ва ғазнавийларнинг кучайиш ва инқирозга юз тутиш даврига тўғри келганди. Шунингдек, олим қисқа вақт ичида гуллаган, лекин Маҳмуд Ғазнавий ҳужуми билан яксон қилинган Африғ давлатини кўрди. Кексайган пайтида эса ўғуз салжуқийларининг кучли империя ташкил этганларига гувоҳ бўлди. Гоҳ золимлар зулмидан қочса, баъзида Маъмундек саховатли ҳукмдор, ибн Ироқдек устоз, ан-Найсобурий, ибн Мисковайхдек маслакдош олимлар ардоғида бўлди.

Маълумки, 994-995 йиллар Ўрта Осиёда муҳим сиёсий ўзгаришлар бўлди. Қорахонийлар сомонийлар давлатига ҳужум қилди. Натижада Хоразмда ҳам давлат тўнтариши бўлиб, Кат Урганч амири Маъмун I томонидан забт этилди. Шаҳарда ҳукмронлик қилаётган африғийлар сулоласи тугатилди. Вазият ўзгариши эса собиқ ҳукмдор хизматида бўлган Беруний ҳаётини таҳликада қолдирди ва 22 ёшли аллома она юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бир муддат Касбий денгизининг жануби шарқидаги Журжонда, кейин Теҳрон ёнидаги Рай шаҳрида – мусофирликда азоб чекиб яшайди. Унинг қийналганлиги ҳақида маълумотлар ёзган асарларида ҳам акс этган. Хусусан, “Осор ал-боқия” китобида Рай шаҳрилик бир киши астрономияга доир масалада у билан баҳслашгани, илмда ўзидан анча паст турса ҳам, ўзини олимдан юқори тутгани, ҳатто уни ҳақорат қилишгача боргани хусусида ёзади: “Ваҳоланки орамизда бойлик ва мақтовларни ёмонликларга, фахрларни айбларга айлантирувчи камбағаллик бор эди, холос. Чунки мен у вақтда ҳамма томондан қийинчиликларга учраб, паришонҳол эдим”. Тез орада у Журжонга қайтиб, машҳур табиб, астроном ва файласуф ал-Масиҳий билан танишиб, ундан сабоқ олади. Хоразм ва Касбийолди вилоятлари измида бўлган зиёлийлар сулоласи (928-1042)га мансуб Қобус ибн Вашмгир олимни ўз ҳимоясига олади, унга шароит яратиб беради. Ҳатто Берунийни вазирлик лавозимига тайинламоқчилигини билдиради. Аммо аллома амалдорликдан илм билан шуғулланишни афзал кўради.

Ниҳоят, 1010 йилга келиб Хоразмда осойишталик ўрнатилгач, Беруний Маъмун II томонидан Урганчга таклиф этилади ва унга катта ҳурмат-эътибор кўрсатилади. Кейинчалик тарихда Маъмун акаде­мияси деб ном олган, “Дорул ҳикма” деб аталган фан мас­канига раҳбарлик қилади. Кўплаб фан вакилларини бу даргоҳга жалб этиш билан инсоният цивилизациясига катта ҳисса саналган асарлар, ихтиролар юзага келишига сабаб бўлади. Афсуски, 1017 йилдан бошлаб бу оламшумул фаолиятга чек қўйилади. Мовароуннаҳрни қорахонийлар эгаллаб, Хуросон ва Афғонистонда Маҳмуд Ғазнавий (998-1030) ўз ҳукмдорлигини ўрнатади. Улар ўртасидаги сулҳга кўра, Хоразм Ғазнавийлар ихтиёрига ўтади. Амударё давлатлар ўртасидаги чегара бўлиб қолади. Ғазнавий олимларни Хоразмдан Ғазнага олиб кетмоқчи бўлади. Беруний ва унинг шогирди Абдусамад аввал   унашмайди. Ғазнавий ғазабланиб уларни қатл этишга буюради. Аммо илм қадрига етувчи Ғазнавийнинг вазири Хўжа Ҳасан орага тушиб, улар ҳаё­тини сақлаб қолади. Аммо барибир олимлар ноиложликдан Ғазнага боришга мажбур бўладилар. Шу тахлит Берунийнинг кейинги ўттиз бир йиллик ҳаёти ватандан узоқда – Ғазнада кечади. Тўғри, бу ерда ҳам унга шароит ва имкониятлар яратилганидан нодир асарлар яратади. Ҳукмдорга Ҳиндистонга қилинган юришда ҳамроҳлик қилади. Мамлакат шимолидаги Нандия қалъасида яшаб, ер шари айланасини ҳисоблаш учун изланишлар олиб боради. Ҳинд олимлари билан маънан боғланади. Тажрибалари, кузатувлари натижасида дунёга машҳур “Ҳиндис­тон” асари ёзилади. Маҳмуд Ғазнавий вафотидан кейин унинг ўғли Масъуд тахтга чиқади. Унинг бахтига бу ҳукмдор илм-фанга қизиқувчан эди. У олимга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади. Ҳатто алломадан араб тилини ўрганади.

Илм йўлидан бир он ҳам чалғимаган алломадан бизга улкан мерос қолди: 70 та астрономия, 20 та математика, 4та картография, 3 та метеорология, 1та физика, 1 та фармакология, 15 та тарих ва этнография, 4 та фалсафа, 18 та адабиётга доир асарлари бутун дунё миқёсида ўқилмоқда. Турли йўналишдаги ихтиролари татбиқ этилмоқда. “Денгизлар назарияси” география фани ривожига сабаб бўлди: у Птолемей фик­рини рад этиб Африка жануб томондан океан билан ўралган деди; биринчи бўлиб сферик география тасвири — Ер глобусини яратди; Ўрта Осиё халқларининг географик жойлашуви, Болтиқбўйи ва Шимолий муз океанига яқин мамлакатлар ва халқлар ҳақида қимматли маълумотлар тўп­лади; илк бор Ер шарининг тузилмавий харитасини яратди; йигирма йиллик умрини Ҳиндистон мавзусига бағишлади.

Ўз даврининг улуғ олимларидан бўлган Ал-Наҳавий “Ас-Сутур” асарида фақиҳ ал- Валволижийнинг аллома ҳақидаги хотирасини келтиради. У   Берунийнинг Ғазнадаги уйига келса, олим сўнгги нафасларини олаяпти. Жон беришдан олдинроқ Валволижийга дебди: “Сен бир куни менга “Ал-жаддод ал-фосида” ҳисоби – меросларни нотўғри бўлиш ҳақида айтгандинг, шуни яна бир такрорла”. “Шундай ҳолингизда-я, — ҳайронликдан бетоқланибди Валволижий. “Эй Валволижий, — дебди шунда Беруний, — Мен бу дунё билан хайрлашаётибман, ўша масалани билмай кетганимдан, билиб кетганим яхшироқ эмасми?!”. Валволижий сўралган нарсани мулзамлик билан айтади, сўнг хижолатли аҳволда хайрлашиб,   аста ташқарига чиқади. У кўчага чиқиши билан Берунийнинг ҳовлисидан йиғи овози эшитилади…

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − one =