Буюк сўз мартабаси

Мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги

 

Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 500, 525, 550 ва 580 йилликлари халқаро миқёсларда кенг ишонланди. Бу саналарнинг дастлабки иккитаси турли ижтимоий-сиёсий сабабларга кўра кечикиб тантана қилинган. 500 йиллик 1948, 525 йиллик эса 1968 йили ўтказилган. 550 йиллик эса Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг дастлабки ойида ‒ 1991 йил сентябрининг охирида тантана қилинган.

Ҳар гал ана шу саналар муносабати билан навоийшунослик борасида катта ишлар амалга оширилган. Тадқиқотлар олиб борилган, асарлари нашр этилган, турли тилларга таржималар қилиниб, босилган, саҳна ва кино асарлари яратилган, видеофильмлар суратга олинган, шеърларига янги-янги куйлар басталанган, оммавий ахборот воситаларида, таълим тизимларида, халқ орасида унинг ҳаёти ва ижоди кенг тарғиб этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги 2020 йил 19 октябрдаги қарори билан ўтган йили Навоий таваллудига оид тантаналар халқаро миқёсда кенг нишонланди. Якуний тадбирлар ноябрь ойида Навоий ва Тошкент шаҳарларида ўтказилди. Халқаро илмий анжуман ташкил этилиб, унинг материаллари тўплам ҳолида чиқарилди. Кўплаб монографиялар нашр этилди. Оммавий ахборот воситаларида бир йилдан ошиқроқ давр мобайнида бу буюк зот ҳаёти ва ижоди мунтазам равишда ёритиб борилди.

Юбилей тантаналари хорижий мамлакатларда ҳам ўтказилди.

1941 йилнинг 10 ноябрида Ленинград қаттиқ қамал остида бўлган, шаҳар устига бомбалар тушиб турган бир оғир вазиятда рус олимлари Давлат Эрмитажи биносида Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишланган илмий анжуман ўтказган. Шунинг шарафига, яъни мазкур анжуманнинг 80 йиллиги муносабати билан 2021 йилнинг айнан 10 декабрь куни Санкт-Петербургда, жумладан, Давлат Эрмитажида Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағиш­ланган тадбирлар ўтказилди. Унда рус олимлари билан бир қаторда, мамлакатимиздан борган олимлар, санъаткорлар ва журналистлардан иборат нуфузли гуруҳ ҳам иштирок этди.

580 йиллик муносабати билан Бокуда профессор Рамиз Аскар ҳар бир асарни арузий вазн билан озарбайжончага таржима қилиб Навоийнинг бебаҳо “Хамса” достонларини чоп эттирди.

Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан Ўзбекистондаги истеъдодли зуллисонайн шоир Жонибек Қувноқ “Лайли ва Мажнун” дос­тонини тожик тилига ўз арузий вазни билан ўгирган, у китоб ҳолида 1999 йили босилиб чиққан эди. Аммо унда 2 боб тушиб қолган, яна ора-орадан 100 байтга яқин матн ташлаб кетилган эди. Тожикзабон шоир, Самарқанддаги “Турон нашр” нашриёти бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими тожик шўъбаси раҳбари Асадуллоҳ Исмоилзода (Шукуров) шу қисқарган матнларни ҳам таржима қилиб, қўшди. Шу тариқа “Лайли ва Мажнун”нинг тожик тилидаги тўла варианти юзага келди. “Турон нашр” уни ўтган йили 500 нусхада чоп этди. Бунгача тожик тилига шоирнинг фақат “Фарҳод ва Ширин” достони айрим қисқартиришлар билан таржима қилиниб, китоб бўлиб чиққан эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифлари билан 2021 йили Туркий Давлатлар Ташкилоти Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этди.

Хуллас, буюк шоир ва мутафаккир таваллудининг 580 йиллигини тантана қилиш амалда бизнинг халқ сифатида Алишер Навоийга муносабатимизни янада юксакроқ даражага кўтарди.

Алишер Навоий ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида фахр-ифтихор, умид-ишонч ва ажойиб башорат билан шундай деб ёзади: “Умидим улдур ва хаёлимға андоқ келурким, сўзум мартабаси авждин қуйи инмагай ва бу тартибим кавкабаси аъло даражадин ўзга ерни беганмагай”.

Бугун улуғ бобокалонимизнинг ана шу орзулари амалга ошаётганидан беҳад хурсандмиз.

Чиндан ҳам, Навоий яратган сўз мартабаси ҳеч қачон авж, яъни чўққидан пастга тушмайди.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + twenty =