Шамсул миллат ёхуд Навоийни англаш саодати

Навоийни тушуниш ва  англаш  учун  унинг  асарларини  мактаб  ёшидан  қайта ва  қайта  ўқиш  ва  у  яшаган  даврни  синчковлик  билан  ўрганиш  лозим,  холос. Бугун  фахр  билан  баралла  Навоий  ижоди,  фаолияти, шахсияти,  унинг  таълимоти туркий  маънавият ва тафаккурнинг  энг  ноёб  қомуси — энциклопе­дияси, десак  янглишмаймиз. Тошкентдаги  миллий боғда шоирга  қў­йилган  ҳайкал  тепасидаги  гумбаз пештоқида:  “Олам  аҳли,  билингизким,  иш эмас  душманлиғ, Ёр  ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ  иш”,  деган ҳазратнинг байти битилган.  Улуғ шоирнинг  бу шоҳ  мисралари миллий мустақиллигимиз, давлатчилигимизнинг  бош  ғояси,  моҳияти, мазмунини  ифодаловчи умумбашарий  мақсадлари ила муштарак десак, хато бўлмас.

Бирор макон  ва замонда  Ватанни,  миллатни  улуғлаш,  яхши  кўриш ҳеч  қачон  миллатчилик, деб баҳоланмаслиги  лозим. Дунё  аҳли  бунга азалдан жўмардлик нисбаси  ва  мақомини  бекорга  бермаган.

 Навоийни бўй  бастига  ўрганиш,  у зотни  анг­лашни  бизга  мустақиллик  ҳадя  этди.  Чунки  собиқ шўролар  навоийшунослиги  “Шеърият султони”, “Давлат  арбоби”, “Хамсанавис  шоир” деган  атамалардан  нарига  ўтмасди. Шукурки, Навоийни  анг­лаш  ва  ўрганиш  бахти тўла-тўкис рўёбга чиқди.

Бундан  ўттиз  бир  йил  олдин,  яъни 1991  йил юртимизда  “Алишер  Навоий  йили”,  деб эълон  қилинганди. Шоир таваллудининг  550  йиллиги  муносабати  билан  Ўзбекистон  Фанлар  академияси Тил ва адабиёт  институтига Алишер Навоий номи берилди. Пойтахтимиздаги энг баланд  ва  кўркам  жойда  ташкил этилган  Миллий боғга  ҳам  Навоий  номи қўйилди. Муҳташам  гумбаз  тагида узоқ-узоқдан  кўриниб турадиган  ҳайкал  ўрнатилди.

Биз  ҳазрат Навоийни ғурур билан — Шамсул миллат,  Шамсул  қалб, деб  атаганимизда  унинг  болаликдан токи умрининг  охиригача  қилган  ишлари,  фаолияти ва  бутун  дунё  хазинасидан-да ноёб бўлган  адабий, маънавий, маданий  меросини  назарда  тутамиз.  Шунинг  учун ҳам  Навоийни  англаш, деган  жумла  жуда  катта мақом  ва маънога  эга  эканлигини ёддан  чиқармаслигимиз  керак. Комил  ишонч  билан  айтиш мумкинки, бунинг  боиси дунёда  маънавият, маърифат, илм-фан,  дин, тасаввуф,  шариат,  тариқат  каби  тафаккур  силсилаларини англаш, ўрганиш  учун  нимаики керак бўлса, уни ҳазрат Навоий ижодидан  бемалол  топиш мумкин!

Бир  гал  воҳадаги  коллежлардан бирида  Навоийхонлик  кечасида  иштирок этишга  тўғри келди.  Ҳамроҳларимиздан бири  сўзга  чиқиб,  ҳазрат  ҳақида  батафсил  маълумотлар  бериш  баробарида  “Навоий  туркий  шоирлар ичида  биринчи бўлиб  “Хамса”  яратган”  деган  сўзни  бир неча  бор  ишлатди.  Учрашувдан  сўнг  қайтаётиб  автобус  кутаётганимизда  секингина   четга  чорлаб, “Домла, сиз  фан  докторисиз, нега тарихий  ҳақиқатни  тўғри  талқин  этмадингиз?”, дея  маърузасидаги  айтган  сўзларни  айнан  келтирдим.

— Менга  жуда  муҳим  ва янги  гап айтасизми,  деб  ўйлабман? — деб  заҳархандалик  билан  кулди у.

Мен  эса домладан: “Сал  фаромуш  қилибман  ёки эътибор  бермабман” деганга  ўхшаш  жавобни  кутгандим.  Қиссадан  ҳисса,  биз  Навоийхонлик  учрашувлари  қаерда,  қандай жойда,  қандай табақа,  қандай тоифа  билан  ўтказилаётганлигини   қатъий эътиборга  олишимиз  лозим. Масалан,  мактаб,  коллеж,  техникум  ўқувчилари,  олий  таълим  талабаларининг  қабул  қилиш  ва  маънавий  ҳазм    қобилияти  турлича  эканлигини  унутишга  ҳаққимиз  йўқ!  Бундан  ташқари,  корхона, ташкилот, муассасаларда  бўладиган  адабий  учрашувлар, маънавият-маърифат  сабоқлари  алоҳида  эътибор  ва масъулият   талаб қилади. Агар аудитория  бор-йўғи тўрт-беш кишидан  иборат бўлса ҳам биз  улар  олдида  айтадиган  сўзимизни,  ишлатадиган  далил  ва  рақамларимизни ўйлаб,  ислоҳ қилиб, даврага  мос, тўғри келиш-келмаслигини тасаввур  қилиб,  кейин  ишни бошлашимиз керак. Хонаси   келганда  яна бир гапни айтмасак  бўлмас. Айрим  зиёлиларимиз  Навоий  ёки  Бобур каби мутафаккирларимизнинг  таваллуд  куни  келишини  пойлаб  туришади.  Мактаб  ва олий  таълим  дарсликларида берилган таржимаи ҳоллари,  ёзилган  асарлари  рўйхатини  шундоқ  кўчириб  келишади. Бу  “янги  илмий  мақола” эмиш!  Ишонинг,  қирқ  йиллик  ижодий  фаолиятимда  бундайларга кўп бор дуч  келганман.  Ахир, Навоийхонлик,  Бобурхонлик, Бедилхонлик  бир  кунлик ёки  мавсумий иш эмас-ку?! Бу  даҳоларнинг  бир  рубоийси  ёки  бир  ғазалини  шарҳлаб беринг! Тингловчи, ўқувчи “офарин!,”  десин!

Улуғ  шоир ижодига мактаб  дарслигидан  тортиб, дорилфунун  қўлланмаларигача жуда  кенг  ўрин берилган. Уни устозлари  ёрдамида ўзлари ўзлаштириб олишади. Бугунги  Навоийшуносларнинг ва  шоир  ижоди,  фаолиятини тарғиб-ташвиқ  қилувчиларнинг  биринчи галдаги  вазифаси  унинг адабий меросига,  фаолиятига доир  ўзимизда  ҳамда  хорижда қилинган  тадқиқотлар,  янги рисолалар, монографиялар, мақолалар  билан  ўқувчиларни  муттасил таништириб боришдир.  Яқинда  қўлимга  Самарқанд  давлат  университети профессори,  филология фанлари доктори  Муслиҳиддин  Нуриддиновнинг “Комил  инсон  адабиёт  идеали” деган  китоби  тушиб қолди. Нафақат оддий  ўқувчи, балки  ижодкор сифатида ҳам бу китобдан  катта қониқиш  ҳосил  қилдим.  Қизиқарли томони шундаки, дунёдаги буюк даҳолардан бўлган  тўрт  нафар  хамсанавис шоир  ижодига мурожаат қилинган. Шеърият дунёси  ва башарият тан олган  Низомий  Ганжавий, Амир Хусрав  Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий “Хамса”ларидаги илк достонлар — “Махзанул асрор”, “Матлаъул  анвор”, “Туҳфатул  аҳрор” ҳамда “Ҳайратул-аб­рор”  илмий-фалсафий,  қиёсий  таҳлил қилинади.

Мутолаа  давомида  муаллифларнинг  ўзига хос, бетак­рор ғоялари,  таълимотлари, тафаккур  тарзлари,  ўз замонасидаги диний-ахлоқий, ижтимоий-маънавий, маърифий  қарашлари  ва муносабатлари  ифодаланган  тўрттала  дос­тон  ҳам  юксак бадиий-фалсафий,  мумтоз  асарлар деган хулосага  келасиз! Хўш, тўрт  нафар  даҳо “Хамса”сидаги  илк достонлар  нега  самарқандлик  олим томонидан  тадқиқот учун  танлаб олинди? Бунинг боиси шундаки, Шарқ  мумтоз адабиёти ва хамсачилик анъаналарига кўра  “Хамса”нинг  биринчи  достонида  муаллиф кўзлаган,  режалаган энг асосий  мақсадлари, дунёвий, диний, тасаввуфий,  фалсафий  қарашлари, таълимот ва  ғоялари  ифодаланадики, бу  кейинги  достонлар  учун энг  устувор  дас­тур, адабий  тамойил ҳамда ижодий  мезон вазифасини  ўтайди.

“Амир  Хусрав Деҳлавий ва Алишер Навоий ижодида умуминсоний тушунчалар исломий ақидалар негизида  шаклланган. Шу боис биз Қуръон ва ҳадиси шарифда инсон ҳақида билдирилган фикрлар билан иккала даҳо  шоир  қарашлари тўла  мувофиқ  келишига  амин бўлдик,” — деган хулосага келади китоб муаллифи профессор Муслиҳиддин Нуриддинов.

Биз  юқорида бежиз учрашувдаги  воқеани  келтирмадик. Аслида  туркий  шоирлар орасида  биринчи  бўлиб “Хамса” битган киши бу  Низомий   Ганжавий  ҳазратларидир. Ул  зот 27 йил давомида  “Хамса”ни  ёзиб  (1173-1200 йиллар) тугаллаган. Тарихий манбаларга қараганда, Амир  Хусрав Деҳлавий кенагас уруғидан  бўлиб, асли  ҳозирги  Қашқадарё  вилоятининг  Шаҳрисабз  шаҳрида  туғилган. Демак,  бу  даҳолардан  уч  нафари мумтоз туркий адабиёт  вакилларидир. Ўша  давр анъанасига кўра Низомий  Ганжавий  “Хамса”си  форс тилида  ёзилган  эди.  Буни  қарангки,  Навоий  билан  Низомий “Хамса”си  орасида 400  йиллик  муддат бўлса-да,  ўхшашлик  жиҳатлари  ҳам  йўқ эмас. Ҳазрат  Навоий бор- йўғи ўз  “Хамса”сини икки йилда  ёзиб тугатган. Шуни  унутмаслик керакки, буюк бобомиз  биринчи бўлиб  шундай  катта эпик асарни  туркий тилда  ёзиш  мумкин  эканлигини  амалда  исботлади. “Хамса”нинг  ҳар бир китобини (достон) қойилмақом  тарзда ўз  даври ҳодисотларига, кузатишларига замон,  дин, башариятга бўлган муносабатини  ифода этган ҳолда  ёритди. Бежиз  ҳазрат: “Эмас осон бу майдон  ичра турмак,  Низомий  панжасиға  панжа  урмак”, деб  айтмаганлар.

Агар  эсингизда бўлса, марказий телевидение  орқали  берилаётган “Ҳидоят  сари” кўрсатувларида  Анвар  қори  Турсунов  ҳазратлари (Аллоҳ  раҳматига  олган   бўлсин) Алишер  Навоийдан  кўплаб иқтибослар  келтирардилар. Кўпчиликка  маълумки,  Анвар  қори  Навоий, Жомий  каби  мумтоз  шоирлар  ижодини  жуда  яхши  билардилар. Чунки  уларнинг   ижоди  динимизнинг,  шариатимизнинг, тариқат  ва тасаввуф  таълимотининг  барча  талаб  ҳамда  саволларига  тўлиқ  жавоб  бера  олади.  Навоийнинг  устози  Абдураҳмон  Жомий  ҳам  улуғ  шайх  ва  сўфий  бўлган. “Ҳайратул-аброр” достонида Жомийнинг буюк  пир ва  авлиёлигини, сўфийлигини Навоий  шундай  таърифлайди:

 

Қайси  жаҳон,  олами  кубро  дегил,

Қудрати  Оллоҳу таоло  дегил.

Ҳирқа  анинг  жисмида қаптон  бўлиб,

Қаптони  тан, жисми  анинг  жон  бўлиб.

 

Юртбошимиз  Шавкат Мирзиёевнинг  2017 йил  13 сентябрда “Китоб  маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини  ривожлантириш,  китоб мутолааси ва китобхонлик  маданиятини ошириш ҳамда  тарғибот  қилиш  бў­йича  комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори  эълон  қилинди. Унда “… Аҳоли,  хусусан,  ёшлар  ўртасида  китоб  мутолааси  ва китобхонлик маданиятини  оширишда  бир  қатор  муаммолар  мавжудлигини  қайд  этиш  лозим”лиги алоҳида  уқтириб  ўтилган. Ўтган  йиллар  ичида  бу  борада арзигулик  ишлар  амалга  оширилди. Биргина “Ёш  китобхон” кўрик-танловининг  мунтазам  ўтказилаётгани  бунга  ёрқин  мисол  бўла  олади. Навоий  ижоди  ва мумтоз  адабиётимиз  билан  танишишни керак бўлса,  боғчадан  бошлашимиз  зарур.  Ҳеч  бўлмаганда  боғча  боласи 1-синфга  боргунча  бир  байт ёки  бир  ғазални ёд  олади-ку! Алломаларнинг номини  билади, сиймоси  ҳақида озгина бўлса-да, тасаввурга эга бўлади. Навоийни ўрганиш ана шундан бошланади.

Сафар ОМОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =