Эзгулик мағлуб бўлмайди

Мен гарчи, Сарвар Азимов деган шахс номаи аъмоли ҳақида эшитиб, ўқиб юрган бўлсам-да, уни яқиндан таниб-билганимга қадар фақат бир марта кўрган эдим холос. Ўшанда ёзувчиларнинг “Дўрмон” ижод боғида эдим. Йиғилишлар хонасида русийзабон шоир Лев Ошаниннинг янги шеърий пьесаси раҳбар-адиблар иштирокида, тор доирада муҳокама қилинаётган эди. Уч-тўрт киши залдан анча беридаги жойда суҳбатлашиб ўтирувдик. Муҳокамадан чиққанлар – Ёзувчилар уюшмасининг ўша вақтдаги биринчи секретари Сарвар Азимов, секретарлари (у вақтларда шундай аталарди) Саъдулла Кароматов, Ўктам Усмонов, Борис Пармузин ҳамда Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи муовини Ўлмас Умарбековлар биз томонга юриб қолишди. Ўрнимиздан туриб уларни қарши олдик. Катталар тўхтаб, биз билан ҳол-аҳвол сўраша бошладилар. Шунда Саъдулла ака бизни раҳбарга таништирган ва мен ҳам бошқалар қатори Сарвар Азимов билан қўл бериб сўрашган эдим.

1982 йил бошларида белоғриқ дардига дучор бўлиб, Андижонда етти ой даволандим, лекин тузалиб кетолмадим. Кимдир пойтахтдаги дурустроқ бир шифохонада даволанишимни маслаҳат бериб қолди. Таваккал қилиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сарвар Азимов номига ҳолимни баён этиб, ариза ёздим-да, уни қадрдон укамиз, шоир ва журналист Абдунаби Бойқўзиевдан бериб юбордим. Орадан бироз фурсат ўтгач, Абдунабидан Тошкентга бориб, Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникасига учрашим кераклиги, Семашко номидаги илмий-текшириш институтига қарашли сиҳатгоҳга йўлланма беришадиган бўлгани тўғрисида хабар олдим. Йўлланма 1 сентябрдан экан, мен ўша куни қадрдоним Баҳромнинг енгил машинасида тушга яқин етиб бордим. Бош врач Сулаймон Халифаев хурсанд бўлиб кетди. “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида ишлаб юрганимда учрашиб турганим боис бу ерда мени танишарди.

—Бугун эрталаб Сарвар Олимжонович сизнинг келган-келмаганингизни суриштирувди, — деди у қандайдир мамнунлик билан.

Эътиборни, ғамхўрликни, хотирани қаранг! Ахир у киши мени шахсан танимасалар, бирон марта юзма-юз гаплашмаган бўлсак…

Мен бу пайт дард зўриққани боис, қўлтиқтаёқсиз юролмас эдим. Ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг руҳиятимга ижобий таъсирими, Семашко шифокорларининг малакаси туфайлими, салкам бир ойда сиҳатгоҳдан ашаддий оғриқлардан фориғ бўлиб, дунёга қайта келгандай, қўл ҳассада ўзим юриб чиқдим.

Кейин эса мен ана шундай беқиёс ғамхўр раҳбар, бағоят олижаноб инсон Сарвар Азимов қўли остида наср кенгаши адабий маслаҳатчиси сифатида ишлашдек шарафга мушарраф бўлдим. Мен ўшандан сал аввалроқ оилам билан Андижонда падари бузрукворим Кенжабой Умрзоқ ўғли ҳузурида яшар ва ишламаётган эдим. Отамдан, Тошкентда соғайганимни рўкач қилиб, изн сўраб, яна пойтахтга кўчиб борган, “Сергели-2” массивидаги “дом”имизда истиқомат қилардик.

1983 йил март ойи эди. Бир куни Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби, истеъдодли фантаст ёзувчи, ўта маданиятли инсон қўнғироқ қилиб, бизга бир келиб кетсангиз, деб қолди. Бордим.

—Сизни Сарвар Олимжонович йўқлаяпти, — деди у ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин.

Ҳайрон бўлдим. Раис нима сабабдан йўқладийкин?..

Чақирув сабабини Ҳожиакбар ҳам айтмади.

Учинчи қаватга кўтарилиб, Уюшманинг 1-секретари хонасига кирдим. Хона тўғрисидаги катта стол орқасида ўтирган, тасаввуримдагидан-да салобатли, вазмин феълли Сарвар Олимжонович ўрнидан қўзғалди. Яқинлашиб борганимда менга қўл узатди ва ўтиришга таклиф қилди.

Мен раҳмат деб, ўзимни танитиб, илгарироқ келиб миннатдорлик билдиролмаганим учун узр айтдим.

— Ҳечқиси йўқ. Яхши даволанган бўлсангиз бас, — деди раҳбар ва асосий муддаога ўтди. — Сизни бир маслаҳат билан чақиртирувдик. Уюшманинг Андижон вилоят бўлими масъул котибини янгиламоқчимиз, шу вазифага ўртоқлар сизни тавсия қилишяпти. Нима дейсиз?

Мен Ёзувчилар уюшмаси қошидаги бадиий адабиётларни пропаганда қилиш бюросининг вилоят вакили сифатида уюшманинг Андижон бўлими масъул котиби Олимжон Холдор билан икки йилча бирга ишлаган ва тўғриси, у билан сал келишмай қолиб, ишдан чиқиб олган эдим. Лекин буни айтмадим-да, “ўзи Андижондан яқинда қочиб келувдим” дедим. Бу гапнинг нақадар беўхшов ва мантиқсиз чиқиши мумкинлигини ўйламай катта “қовун” туширган эдим.

— Ие, одам ўз юртидан ҳам қочадими? —деди таажжубланган Сарвар Азимов янада жиддий тортиб.

Мен Андижонда радикулитга чалиниб узоқ ётганим ва Тошкентга келиб тузалганимни назарда тутганимни айтиб, хатоимни ўнглашга уриндим.

Раҳбар мендан мазкур вазифага андижонлик ижодкорлардан кимни лозим кўришимни сўради. Мен ажойиб қиссалари билан тилга тушган таниқли ёзувчи Рустам Раҳмон номзодини кўрсатдим.

— Анорбой Қуронбоевчи? — сўради яна Сарвар Олимжонович кўнгли тўлмагандай.

— У киши ҳам яхши инсон, лекин кўпроқ журналистликка мойил ижодкор-да, —   дедим иккиланиброқ.

— Ҳай, майли. Сиз дам олиб тураверинг. Лекин Андижонга биз билан бирга борасиз, йигитлар айтишади, — дея суҳбатга якун ясади раҳбар.

Май ойида Сарвар Азимов бошлиқ катта ижодий гуруҳ Андижонга келди. Ёзувчилар уюшмаси секретариатининг кўчма йиғилишида 1968 йилдан бери ишлаб келаётган Олимжон Холдор бошқа ишга ўтиши муносабати билан, таниқли шоир Тўлан Низом Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби этиб тайинланди (у икки йилгина ишлади холос – янги очилган Бўз педагогика билим юртига директор бўлиб ўтиб кетгач, ўрнига барибир мени та­йинлашди).

Орадан кўп ўтмай, тағин Ҳожиакбар қўнғироқ қилиб, чақириб қолди. Бордим. “Сизни яна Сарвар Олимжонович йўқлатди. Бизга наср бўйича маслаҳатчиликка қўймоқчи. Бу гал хўп демасангиз, Сарвар Олимжонович хафа бўладилар”, деди Ҳожиакбар. Тўғриси, мен бундай хушхабарни кутмаган эдим. Аслида ўтган сафарги таклифини рад этганим учун Сарвар Азимовдан хижолат бўлиб юргандим. Раҳбар мени одатдагидай жиддий, сипо, аммо очиқ чеҳра билан кутиб олди, ҳол-аҳвол сўради, соғлигимни суриштирди, сўнг Ҳожиакбар айтган масалага тўхталди. Бажонидил рози бўлиб, миннатдорлик билдирдим, чунки мен барча ижод аҳли талпиниб турадиган муқаддас даргоҳда, бевосита Сарвар Азимовдай раҳбарнинг қўл остида ишлашни юксак шараф деб билардим. Яна, бирданига энг йирик, салмоқли адабий жанр – проза жабҳасига-я… (Бу вазифада мендан илгари Одил Ёқубов, Ваҳоб Рўзматов, Жуманиёз Жабборов ва бошқа таниқли адиблар ишлаган эдилар).

Сарвар Олимжоновичнинг менга қилган аввалги ғамхўрлиги, ишончи-ю, унга мени ким тавсия қилгани, мен ҳақимда қаердан қандай маълумот олгани, яқиндан танимаган, билмаган одамини дабдурустдан анча масъулиятли вазифага тайинлашга нечук қарор қилгани каминага қоронғулигича қолди. Тахминимча бу Ҳожиакбар Шайховнинг ташаббуси эди (у билан анча яқин эдик). Лекин бу борада у бирор марта оғиз очмади, шама ҳам қилмади.

 

Сарвар Азимовнинг раҳбарлиги жуда ибратли эди. Талабчан, батартиб эди, интизомлиликни хуш кўрар ва ўз талабларига, аввало, ўзи ҳамиша риоя қиларди. Бироқ салкам уч йил мобайнида овозини кўтариб гапирганини, биронта ходимни жиддийроқ койиганини кўрмаганман. У жамоани тили, дўқ-пўписаси билан эмас, мавқеи, салобати, оҳиста, бир маромдаги залворли юриши ва ғамхўрона муносабати билан бошқарарди. Ҳар кимнинг вазифаси тайин ва Сарвар Олимжонович Алига юкланган иш натижасини ҳеч қачон Валидан сўрамасди.

 

Яна бир хислати ҳам сабоққа лойиқ эди. Ҳадеб мажлис қилавермас, йиғилишни айтилган муддатдан кечиктирмасди. Масалан, йиғилиш соат 10:00га белгиланган бўлса, у ўндан беш минут ўтганда кириб келар, яъни вақт деган бебаҳо бойликни беҳад қадрлар, йиғилиш қатнашчиларини – юзлаб одамларни соатлаб куттириб, уларнинг ҳар дақиқаси олтинга тенг умрларини ҳавога совуриб, асабийлаштириб ҳузур қиладиган бошлиқлар тоифасидан эмас эди. Кечикиб кирган кишига ҳам танбеҳ бермас, зеро, кечикиб келадиганнинг ўзи бўлмасди. Ҳамма — Уюшманинг бошқа раҳбар, ходимлари-ю ташқаридан келадиганлар ҳам шу тартибга, шу йўсинга ўрганган эди. Сарвар Азимов гапни ҳам чўзмас, битта гапни икки марта такрорламасди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов таъкидлаганидек, ўнлаб масала кўриладиган йиғилишни ярим соатнинг нари-берисида якунларди. Адабий маслаҳатчи ва бошқа ходимларни бўлар-бўлмасга тўплайвермасди. Унинг учун амалий иш ва самара муҳим эди.

Лекин шундай раҳбарни бирдан ишдан олишди. У “XVI пленум” атамаси билан Ўзбекистон тарихида қолган, айрим чинорларни ҳам қўпориб юборган машъум сиёсий-мафкуравий тўфон шамолига учраган эди.

Сарвар Олимжоновичга қўйилган айблар куракда ҳам турмас эди. Масалан, қай бир оилавий тўйда меҳмонларга 200 сих кабоб торттиргани унинг бўйнига каттагина “жиноят” сифатида илинган эди. Шунингдек, Уюшма аъзоларини кўпайтириб юборди, дея аюҳаннос солинди. Ҳа, буниси тўғри эди, аммо…

Сарвар Олимжонович Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Биринчи секретари бўлиб келгач, собиқ СССР таркибидаги бошқа қардош республикалар Ёзувчилар уюшмаларининг ташкилий-иқтисодий-молиявий ҳолати, ижодкорларининг шарт-шароитлари, имкониятлари, имтиёзларини ўрганиб чиқиб, бир нарсага ғоятда таажжубланган эди: нега салкам 20 миллионга яқин (у пайтда Ўзбекистон аҳолиси шунча эди) фуқарога эга бўлган мамлакатнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва унга тегишли ижодий ташкилотлар, нашрларда фаолият кўрсатувчи ходимларнинг ойлик маошлари, қалам ҳақи меъёрлари ва бошқа имтиёзлари аҳолиси бизникидан бир неча баробар оз республикалардан, масалан, Грузиядагидан анча кам?.. Сабабини суриштирса, аҳолиси 4 миллионга етиб-етмайдиган у мўъжазгина респуб­ликада Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ўзбекистондагидан кўп бўлиб, Москва, яъни собиқ Иттифоқнинг Ёзувчилар уюшмаси ва унинг ғазнаси бўлган Адабиёт фонди ойлик маош, қалам ҳақи, мукофот ва бошқа тўловлар, имтиёзларни Уюшма аъзоларининг сонига қараб белгилар ва категорияларга тақсимланар экан. Шу жиҳатдан Грузия Ёзувчилар уюшмаси юқори даража ва имкониятларга эга экан. Шунда Сарвар Азимов Уюшманинг мутасаддилари ва бошқа масъул ходимларига Тошкент шаҳрида ва вилоятларда яшаб, ижод қилаётган, Уюшма аъзолигига муносиб шоир-ёзувчиларни ва хусусан ёш қаламкашларни аниқлаш юзасидан кўрсатма беради. Бир нечтадан китоб чиқариб, азбаройи пойтахтдан – эътибордан узоқлиги, ҳар турли талаб ва чекловлар, бошқа сабабларга кўра Уюшмага аъзо бўлолмай юрганлар эса кўп эди. Сарвар Олимжонович ўзи бош-қош бўлиб Уюшма бошқарувининг жойларда кўчма йиғилишларини ташкил этиши натижасида чекка-чеккаларда дарди-армони ичида юрган, турли ёшдаги қаламкашларнинг ҳам кўчаларида байрам бўлиб, Уюшма аъзолигига қабул қилинадилар. Ўша жараёнда битта-яримта истеъдоди бундайроқлар ҳам ўтса, ўтгандир, ахир шоли курмаксиз бўлмайди-ку. Аммо умуман олганда, бу ҳолат ижтимоий-сиёсий ё бошқа жиҳатлардан муайян бир зиён келтирадиган тадбир эмас эди. Янги аъзо бўлганлар бошқаларнинг истеъдоди ё шуҳратига раҳна солиб, ё қалам ҳақларига шерик бўлиб, нонларини яримта қилиб қўйгани ҳам йўқ эди. Уюшма аъзоларининг кўпайишини хато деб билганлар балки кўпчилик орасида қадди-басти яхшироқ кўринмай қолишидан хавотирланишгандир…

 

Ваҳоланки, Сарвар Азимов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг, ўзбек ижодкорларининг обрў-эътибори, мавқеини кўтармоқчи, имтиёзларни кўпайтирмоқчи бўлган ва бу ниятига эришган ҳам эди. Бу эса нимагадир айрим каттаконларга хуш келмади. Фақат каттаконларга бўлса, гўрга эди…

 

Ёзувчилар уюшмасининг катта мажлислар хонасида ўтган навбатдан ташқари Пленум йиғилишида собиқ Республика Компартияси марказий маҳкамасидан келган котиба опа одатдагидек, рус тилида маъруза қилиб, Сарвар Олимжоновичнинг елкасига бир дунё таъна-дашном юкини илиб, бу юкдан қутилишнинг биргина чораси ишдан бўшаш эканлигига шама қилди. Зал сув қуйгандай, гўё ҳамма карахт эди. Йўқ, ўйлаб кўрсам, карахт эмас, балки қарсак чалиб юборишдан қўлларини аранг тутиб ўтиришган экан…

Музокарада биринчи ва охирги бўлиб сўзга чиққан халқ шоири илк жумласини “Мен ҳозир сиёсий достон тинглагандай бўлдим” деб бошлади, албатта, маъруза қилинган тилда. Яъни иғвою бўҳтондан иборат маърузани юксак савияда битилган бадиий асарга тенглаштирди ва опанинг айбловларини чандон қувватлаб юборди. Тўлқинланиб кетган бу нотиқ ҳам асосий урғуни Уюшма аъзолари сонининг оширилишига қаратди.

Шу билан Пленум мажлиси якунига етди. Чунки залда ўтирган 150 нафар чамаси сараланган ёзувчи-шоирлардан биронтаси сўз сўрамади. Бирон кас ўрнидан туриб “Биродарлар, нега жимсизлар?! Ахир булар майда ва мантиқсиз гаплар-ку! Ахир Сарвар Азимов яхши ишлар ҳам қилувди-ку? Ёзувчилар уюшмасининг, ижод аҳлининг қадди-бастини кўтариб қўювди” дейишга ярамади. Ҳолбуки, шу ерда ўтирганлар орасида Сарвар Азимов ташкилотчилиги ва саъй-ҳаракати билан, Уюшма воситачилигида мутасадди маҳкамалардан ўз нархида, яъни “шапка”сиз (у пайтда бу имконсиз масала эди) енгил машина сотиб олмаган, кўп қаватли бинолардан текинга тураржой, Чорвоқ томонлардан бепул дала ҳовли олмаган одам деярли йўқ эди.

Дарвоқе, Сарвар Азимов Уюшмага аввалги сафар раҳбарлиги даврида ҳам (1957-1958 йиллар) ўттизга яқин ижодкорларни янги уй-жой билан таъминлаган экан.

Умуман, Сарвар Олимжонович бошқа масалалар қатори китоб чиқариш, пойтахт нашрларида кўриниб туриш борасида доимий интилиш ва қийинчиликлар ичида яшаган қатламга ҳам эътибор қаратар, байрамларда деярли ҳар бир ижодкорга табриклар, шунингдек, махсус номалар йўллаб, ижодий режалари, истаклари, муаммолари билан қизиқиб турар ва мумкин қадар кўмак бериш пайида бўларди.

Тўғри, Азимов ҳам хом сут эмган банда, у ҳам қаердадир, қандайдир хатога йўл қўйгандир, қай бир соҳада ниманидир эътиборсиз қолдиргандир. Лекин менинг назаримда, бу мўътабар инсоннинг тақдири муҳокама этилаётган, унга ноҳақ таъна тошлари отилаётган пайтда ҳамма мум тишлаб ўтириши лозим бўлган даражада катта айблари йўқ эди-ёв… Менимча, унинг “гуноҳи” – юксак ташкилотчилиги, истеъдодининг баркамоллиги, обрў-эътиборининг баландлигида эди. Худди шу жиҳатлар қай бир мансабдорларнинг кўнглига ғулғула солган, унга “кресло”сини олдириб қўйишдан чўчиб, бу “фалокат”нинг олдини олиш чораларини кўриш лозим деган қарорга келишган бўлса ҳам эҳтимол. Акс ҳолда ижтимоий-сиёсий, адабий-мафкуравий фаолияти шу қадар ранг-баранг ва кўламли, мартабали шахс, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти директори ўринбосари, Ўзбекистон Маданият вазири, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, Республика Министрлар Совети раиси ўринбосари (икки қайта), собиқ Иттифоқнинг Ливан, Покистон мамлакатларидаги узоқ муддатли Фавқулодда ва Мухтор элчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг икки карра (1957-1958; 1980-1985 йиллар) раҳбари каби юқори мансабларни кўрган, одамга кимнинг душманлиги бор эди? Ҳамид Олимжондек забардаст адиб ижодининг тадқиқотчиси, қисқаси, бутун сало­ҳияти, куч-қуввати ва умрини мамлакат ривожига, жамият манфаатига, маънавият ва маърифатнинг такомиллашувига бағишлаб келаётган таниқли олим, етук ижодкор, жамоат ва давлат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, филология фанлари доктори, мактаблар учун бир қанча долзарб ва муҳим дарсликлар, ўзига хос услубда ёзилган қиссалар, драмалар, киносценарийлар муаллифини бадном қилишга уриниш кимга, нимага зарур бўлдийкин? Борингки, ташкилот раҳбари сифатида қандайдир камчиликларга йўл қўйгандир, лекин унинг ёзувчилик шаънини, инсоний фазилатларини кўнгил учун бўлса ҳам зикр этиб қўйиш мумкин эди-ку!

Лекин биров олиб қўёлмайдиган қаламидан, ҳеч ким тортиб ололмайдиган истеъдодидан бошқа катта мансаби йўқ шоир-ёзувчилар-чи? Улар нега сукут сақлашди? Балки бу ҳолат 30-40-50-йиллардаги қатағонларнинг асорати, таъсиридир. Залда ўтирганларнинг аксарияти ўша даврларда юрак олдириб қўйганлар авлоди эди-да. Аммо сирасини айтганда, халқимизнинг фавқулодда истеъдодли, миллатпарвар фарзанди янги давр ўзбек шеъриятини бир неча поғона юксакка кўтариб юборган забардаст шоири, драматург, адиб, таржимон, 16 ёшидаёқ “Адабиёт яшаса миллат яшар” дея бонг урган адабиётшунос, адабиётимизнинг энг порлоқ сиймоларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпонни Ўзбекистон Маданияти ходимларининг II-Қурултойидан ҳайдаб чиқарганлар, унинг, шунингдек, Абдулла Қодирий, Усмон Носирларнинг қатлига ҳукм ўқилиши учун “ҳисса” қўшганлар ё жим турганлар ҳам уларнинг юзсиз, қўрқоқ, худбин ҳамкасблари, миллатдошлари эди. Демак, “Жон қутқазган ботир” деган мақол ҳамма замонга хос экан-да?

Айтмоқчи, наздимда Сарвар Олимжоновичнинг яна бир “гуноҳи” бор эди – у истеъдодли ёшларни, навниҳолларни, яъни мададга, кўмакка эҳтиёжмандларни кўпроқ қўллаб-қувватлар, уларга меҳрибончилик кўрсатарди. Масалан, Уюшма ходимлари, адабий маслаҳатчиларнинг ҳам аксарияти ёшлар эди. Бу нарса улуғлар – катта “чинор”ларга сал малол келар, улар ўзларини эътибордан четда қолишаётгандай тую­шарди чамаси. Хўп, ҳамманинг мум тишлаб ўтирганини, бирон кишининг С.Азимовни ҳимоя қилмаса-да, лоақал сал ёқлаб гапирмаганларини тушуниш, қабул қилиш, кечириш мумкиндир, бироқ опадан кейин шитоб минбарга чиқиб, ғаразли маърузани сиёсий достонга тенглаштирган Халқ шоири қилмишини қандай баҳоласа бўлади? Шунчалик ҳушомад у бандаи ношукурга нимага зарур бўлдийкин? Ахир у ҳар жиҳатдан тўкис, айт­гани айтган, дегани деган, халқ орасида ҳам мавқе-даражаси баландлардан бири эди-ку? Балки ўшанда у бообрў шахсни қи­йин-қистовга олиб, сценарийдагидек нутқ ирод қилишга кўндиришгандир.

 

Ўшанда халқ шоиридан кейин ҳеч ким сўзга чиқмагач (балки сценарий бўйича), сўнгги сўз Сарвар Азимовга берилди. У ўзининг одатий-залворли юриши билан минбарга кўтарилди ва икки сўздан иборат биргина гап айтди, яъни залда ўтирганларга қараб: “Ҳаммангизга раҳмат!” деди. Англаган одамга бу ҳимояда туриб берилган оғир зарб эди. Бу – шахс­нинг омма устидан ғалабаси, тантанаси эди.

 

Ўша залда ўтирганлардан бир киши – Озод Шарафиддинов ҳечдан кўра кеч қабилида “Тенгқурларнинг Сарвари” сарлавҳали мақола ёзиб, худди шундай ҳолат, худди шундай адолатсизлик аввалроқ Ўзбекистоннинг узоқ йиллик биринчи раҳбари, атоқли арбоб, ўта камтар ва доно раҳбар Шароф Рашидовга нисбатан содир этилганда биргина Сарвар Азимов уни ҳимоя қилиб чиққани (балки унинг “гуноҳи” шундан бошлангандир), аммо “ўз фаолияти билан янги ўзбек адабиётида чуқур из қолдирган”, “одамларга яхшилик қилишни ўзининг асосий шиори қилиб олган” “катта инсон” (О. Шарафиддинов таърифлари)нинг ўзи Ш. Рашидов кўйига тушганда уни ҳимоя қиладиган, далда бўладиган бир валломат топилмаганлигини алам ва изтироб билан эслайди. Бироқ мақоланинг кечроқ ёзилгани ва керакли одамларнинг ҳаммаси ўқимаганига (баъзилари ўтиб кетишган эди) жуда ачиндим. Минг афсус­ки, ушбу том маънодаги оқловни бўҳтону ғаламисликлар қурбони бўлган жабрдийданинг ўзига ҳам кўриш, таскин топиш насиб этмади.

Мен мазкур мақолани ўқиб, уни худди ўзим ёзгандай, аламдан, хумордан чиқдим. Зеро, ўша қоронғу зулмат ичида миқ этолмаганлар орасида мен ҳам бор эдим. Аммо мен Сарвар Азимов қўли остидаги оддий бир ходим эдим, холос. Бинобарин, шунча “улуғ”лар турганда менинг сўзим ўша ерда, ўша вазиятда одоб доирасига сиғмас, тош ҳам босмас, балки аксинча, тескари резонанс бериб юбориши ҳам мумкин эди.

Ҳа, иложсиз қолган пайтларим аввал ҳам бўлгандир, лекин назаримда ўша кунгиси энг бечораҳоллигим бўлди, деб ўйлайман. Бироқ шуни дадил эътироф этишим лозимки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Сарвар Азимов раҳбарлигида ишлаган давримни (1983-1985 йиллар) таржимаи ҳолимнинг, умуман ҳаётимнинг энг жўшқин, сабоқларга бой, ёрқин саҳифалари деб ҳисоблайман.

Ўша воқеадан бир неча йил кейин Сарвар Олимжоновични иккинчи марта (аввалгиси 1959-1969 йиллар) Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимига та­йинлашди. Шу билан эзгулик мағлубияти барҳам топиб, шахс саботи ва матонати ғалаба қозонгандай, адолат тиклангандай бўлди. Лекин С.Азимов ушбу вазифада икки йилдан зиёдроқ фаолият кўрсатди, холос.

Вафоти муносабати билан газетада берилган некролог (таъзиянома) остига “Бир гуруҳ ўртоқлари” деган эл қатори сўзлар битилган. Ҳатто “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”да ҳам шунча катта унвонлар, илмий даражалар соҳиби, таниқли жамоат ва давлат арбоби Сарвар Азимов ҳақидаги маълумот жуда қисқа, қуруқ биографик рақамлар билан чекланган. Ҳатто, сурати илова қилинмаган, қўйилмаган. Шунга қарамай, ўзбек адабиёти, маданияти ва мафкура соҳасидаги хизматлари унинг жисми, характери каби залворини сақлаб қолганига шубҳа йўқ.

Қамчибек КЕНЖА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + seventeen =