Бобур — дилбар шахс

Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2023 йил 25 январь куни қабул қилган “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори маданий ҳаётимизда катта воқелик бўлди. Ушбу муҳим ҳужжатда таъкидланганидек, жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига — учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳасида туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги пайтда Бобур мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Унинг асарларини ўрганиш, таржима қилиш ва нашр этиш биз учун бурч, шараф ҳамда бахтдир. Зеро, мумтоз шоир Бобур мирзо шеърлари, бебаҳо “Бобурнома” асари  кишини уйғоқликка чорлайди, унга қанот беради, руҳлантиради, қалбининг тубига назар ташлашга, яхши-ёмонни фарқлашга, энг муҳими, Худо берган умрни беҳуда сарфламасликка, қадрлашга, демак, ўзгаларни севишга, асрашга ўргатади.

Шу боис ҳам Италиянинг Венеция шаҳридаги Ка-Фоскари университети профессори, турколог олим Элизабет Рагагниннинг буюк шоҳ ва саркарда бобомиз Бобур мирзо бетакрор меросини ўрганишнинг аҳамияти, бобуршунослик борасида олиб бораётган ишлари натижалари ҳақида фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

“Мен Мирзо Бобур шахсига нафақат улкан салтанат тузган моҳир саркарда, адолатпарвар шоҳ, балки буюк шоир, етук қомусий олим, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, географ, таржимон, фиқҳшунос сифатида юксак ҳурмат билан қарайман. Шоирнинг салмоқли ижодий мероси — “Бобурнома”, “Мубаййин ал-закот”, “Мухтасар”, шунингдек, гарчи ҳанузгача топилмаган эса-да “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” асарларини ёзгани, икки девон тузгани, Хўжа Аҳрорнинг “Волидия” асарини таржима қилгани, “Хатти Бобурий” деб номланган янги алифбо тузгани — бутун умри тинимсиз урушлар, ҳаловатсизлик, саргардонлик, хиёнатлар ичра кечганини ҳисобга олсак, бу инсоннинг нақадар туғма истеъдод соҳиби бўлганини, қомусий билимларни эгаллаганини анг­латади” (“Халқ сўзи”, 2023 йил 2 февраль).

Бироқ… 1526-1527 йиллар воқеаларидан маълумки, қабиҳ душманлар буюк саркарда Бобур мирзо таомига заҳар солишади, ҳамма ташвишга тушиб, бесаранжомликлардан юртда ҳаловат йўқолади. Унга Оллоҳ шифо бериб соғайганидан сўнг, теран мулоҳазалар юритиб, инсон учун жоннинг, демак, ҳаётнинг бунчалар азиз эканини кашф этиб, умрнинг бебаҳолигини англайди, Тангри таолонинг иноят кўргизиб, унга “янги бошдин жон бағишлагани”дан беадад миннатдор бўлади ва “шукрини не тил била қилғаймен”, дейди ва ёзади: “Хотирларға тараддуд кечмағай деб, ҳар не воқиъ бўлғонни шарҳи ва басти била битдим…”

Албатта, буюк шоҳ ва саркарда Бобур мирзо ҳақида Жавоҳарлал Неру — Ҳиндистоннинг буюк фарзанди, давлат ва жамоат арбобининг фикрлари ниҳоятда юксак эътироф ва эътибор эканлигини кайд қилиш керак: “Бобур — дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир… Унинг Ҳиндистонга келиши туфайли Ҳиндистонда буюк ўзгаришлар содир бўлди, санъатда, ҳаётда, меъморчиликда ва маданиятнинг бошқа соҳаларида янгича тараққиёт юз берди”.

Тарих саҳифаларида узоқ муддат ҳукм сурган сулолалардан бобурийлар сулоласи (332 йил) қайд этилади. Бу сулола асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур замона зайли билан Ҳиндистонда қўним топди. Ул зот ўз замонасининг етук қомусий олими сифатида тарих саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллади. Шоҳ Бобур мирзонинг давлатчилик фаолиятида давлат сиёсати ва шариатга асосланган мукаммал солиқ тизими ишлаб чиқилганини кўрамиз. Чунончи, юридик фанлар номзоди Холмурод Исановнинг таъкидига кўра, ўша даврда Ҳиндистонда амал қилган солиқ тизимини ўзгартирган. Жумладан, “мукассама” — етиштирилган ҳосилнинг бир қисми натура шаклида тўланадиган, “муваззаф” — кадастрда қайд қилинган ердан олинадиган солиқ, шунинг­дек, закот молларини тўртга бўлган ҳолда “нақдина” — пул солиғи, “савойим” — ҳайвонлардан тўланадиган солиқ, ер солиғи, “тижорат” — савдогарлик асосида тушадиган даромаддан олинадиган солиқларни жорий этган.

Савдодан олинадиган “тамға” солиғини бекор қилган. Бобур мирзо бутун умри давомида адолатли, марказлашган давлат тарафдори сифатида давлатни одил, адолатпарвар подшоҳ ёки шоҳ бошқариши керак ва у ҳамиша меҳнаткаш халқ ҳақида ўйлаши ва ғамхўрлик қилиши зарур, деб ҳисоб­лаган.

Жаҳон тарихий ҳарбий мулкига айланган “Бобурнома” асарини 1826 йилда инглиз тилига тўлиқ ўгирган таржимонлар Жон Лейден ва Уильям Эрскинларнинг эътироф­ларига эътибор қилинг-а: “Бобур тахтда ўтирганига қарамай, оддий турмушнинг энг яхши туйғулари ва иштиёқини ўзида сақлаб қолган. Биз Осиёдаги ҳукмдорлар ичидан Бобур сингари буюк ва истеъдодли кишиларни камдан-кам учратамиз… Унинг ўткир, хушчақчақ ақлий фаолияти, совуққон ва бевафо тақдирнинг найрангларига қарамай, руҳининг тетиклиги, подшоҳлар орасида камдан-кам учрайдиган сахийлиги, мардлиги, истеъдодлилиги, фанга, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан олиб қараганда, Осиёдаги подшоҳлар ичидан Бобурга тенг келадиган бирорта ҳам подшоҳни тополмаймиз” (“Hurriyat”, 2023 йил, 15 февраль).

Гулга япроқ, япроққа гул соя солади. Лекин иккиси ҳам бирдек азиз ва зарур бўлса-да, бирининг ўрнини бошқаси боса олмайди. Aммo биргаликда жозиба ва мукаммаллик кашф этади. Уларнинг ифори ҳам, хумори ҳам алоҳида давлатни фуқародан, фуқарони давлатдан айро кўролмаган шоҳ ва саркарда жуда катта сиёсий, ижтимоий, айни пайтда ҳаётий муаммони бобурона гўзал ифода билан таърифлаб, чуқур фалсафий умумлашма ҳамда хулосага келади.

Юртимизнинг барча гўшалари, таълим даргоҳлари, маънавият масканлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясида ҳам буюк шоҳ ва саркарда фаолияти қиёсий ҳамда таҳлилий жиҳатдан ўрганилмоқда. Унинг қаламига мансуб рубоийлари ҳарбий хизматчилар томонидан ижро этилмоқда, саркардалик маҳорати, шоҳлик ва шоирлик фаолияти акс эттирилган проморолик тайёрланиб, Интернет саҳифаларига жойлаштирилди.

Янги Ўзбекистон асосчиси Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халқимизга қилган Мурожаатномасида қайд килганидек: “Энг бебаҳо олий неъмат — тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик! Шу мақсадда биз ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак”. (“Янги Ўзбекистон”, 2022 йил, 21 декабрь).

Очиғини айтганда, буюк шоҳ ва саркарда — дилбар шахс меросини Академияда имкон қадар тўла-тўкис ўрганиш ва ўзлаштириш учун курсант ва тингловчилар билан ҳар бир машғулот ёки тадбирда ойдин фуқаролик жамияти ҳамда ижтимоий давлатимиз саодатининг асосий шарти сифатида чуқур ёндашсак, ҳарбий кадрлар тайёрлашда сифат, самара ва натижадорликка эришамиз, албатта! У — буюк саркарда бутун умр йўлини комиллик ила тараннум этиб, ўзидан ноёб асарлар қолдирди. Уларни ўрганишга давлат даражасида аҳамият қаратилаётгани эса юксак самаралар бериши шубҳасиз.

Карим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси

профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − five =