Суҳбат

Қабулхонада уч киши – мендан ташқари яна ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги икки йигит суҳбатга киришни кутиб ўтирардик. Ходимлар бўлими мудираси, синчалакка ўхшаш хипчабел қиз гўё муҳим бир ҳужжатни йўқотиб қўйгандай хонама-хона елиб-югурар, бизга хавотирли кўз ташлаб ўтар, котиба билан пичирлаб сўзлашар, иши бошидан ошиб-тошиб ётганини бошқаларга билдириб қўйгиси келарди. Хуллас, жуда ишчан экан! Бошлиқнинг хонасига кириб-чиққач, юзи жиддий тортиб, ичкарида юқори идоралардан келганлар ўтирганини так­рорлаб қўярди. У қабулхонадан чиқиб кетиши билан ёлғиз қора пашшанинг визиллаган овози эшитилиб қолар, бечора котиба эса ундан кўз узмай қўлида ўралган газетани маҳкам тутиб қулай пайт келишини пойларди.

Одатда, ишга қабул қилиш юзасидан ўтадиган суҳбатлар мана шундай чаққон мудираларнинг бир оғиз сўзи билан бир томонга оғиб кетишини яхши биламан. Аксарият ҳолларда ишга қабул қилинадиган киши аввалдан келишиб қўйиладики, бундай суҳбатлар хўжакўрсинга ўтказилади. Шунданми, қабулхонада бўлаётган воқеаларни хотиржам кузатиб ўтирдим.

Аммо адашибман, суҳбат кутилмаган тус олди.

Рақибларим бўлмиш икки йигитнинг суҳбатдан ўтиш борасидаги тажрибасизлиги кўриниб турарди. Айниқса, бўйи баланди ўзини қўярга жой тополмай, йўлакка чиқиб зинагача бўзчининг моккисидай бориб-кела бошлади. Ҳаяжонланарди. Бошқаси бўлса, чуқур ўйга толди. Чамаси, қандай савол берилишини тахмин қилар ёки ўқиганларини хаёлида такрорлаб, лаблари ҳам пичирлаб ўтирарди. Айтишларича, аввал иккиси бир жойда ишлаган, аммо ўша ишхона ноаниқ сабабларга кўра ёпилгач, уларни бирор иш билан таъминлаш учун шу ерга тавсия қилишган. Хуллас, йигитлар учун бу суҳбат жуда муҳим эди. Аввал бир жойда ишлаган икки ходимнинг бу ерда бир-бирини танимагандай туриши ҳам ажабланарли эди.

Шу лаҳза “пақ” этган овоз чиқди-ю, ортидан котибанинг жанговар овози янгради: “Ҳа, яшшамагур, қўлга тушдинг-ку!”

Қора пашша китоб жавонининг ойнасига чиппа ёпишди-қолди.

Шу тобда учаламизни бирданига суҳбатга чақиришди. Табиийки, ёшим катталиги боис йўл бошладим.

Юқоридаги катта столнинг ортида тўрт киши – бири мана шу ташкилот раҳбари, иккинчиси унинг ўринбосари, учинчиси – юқори турувчи идора вакили, тўртинчиси, ундан ҳам юқорироқ идорадан келган масъул киши бўлса керак, хўмрайиб ўтирибди.

Бу ташкилот раҳбари ёш ва серғайрат шекилли, ўзини тажрибали раҳбар сифатида кўрсатишга тиришиб, қошини чимириб, стол устига икки тирсагини тираганча, иягини муштига тираб, киприк қоқмай бир нуқтага қараб ўтирарди. Биз киргандан сўнг раҳбар савол беришга тараддудланиб, оғиз жуфтлагач, ўйланиб қолди. Юқори идоралардан келган вакилларнинг суҳбатга аралашиш нияти йўқлиги сезилиб турарди. Чунки улар оддий мутахассис бўлса-да, юқоридан келган, шу боис ўзларини сипо тутиб, бу сингари суҳбатларни писанд қилмаслигини кўрсатиб қўйиш учун атрофда ҳеч ким йўқдай бир-бири билан пичирлашиб ўтиришарди. Вакилларнинг хатти-ҳаракатидан “Ўзинг билан ишлайдиган одамни ўзинг танла” деган маъно ҳам англашиларди. Раҳбар эса уларнинг олдида ўзини эркин тутиб, дадил суҳбатга киришди.

– Охирги марта қачон китоб ўқигансиз?

Раҳбарнинг кутилмаган саволидан шошиб қолдим. Балки, ёнимда ўтирган икки йигит шундай савол кутган бўлиши мумкин, аммо менга бу гап ҳақоратдай туюлди. Ахир, ҳар куни китоб варақлайдиган одам бошқалар бир-бирига шундай савол беришини хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳақиқатан, оғир савол. Катта бир ташкилотнинг раҳбари шундай деб турса-я! Нима, масхара қиляптими? Синаб кўряптими?

Жавоб беришга оғиз жуфтлашдан аввал ўзимни босиб, раҳбарнинг юз-кўзига синчиклаб тикилдим. Йўқ, жиддий сўраяпти! Демак, ўзи китоб ўқимаса керак! Ҳатто, столида турган биз ҳақимиздаги маълумотномага ҳам кўз ташламаган!

Савол мураккаб эди! Мураккаблиги, айтганимдай, биринчидан, катта раҳбар саволи бўлса, иккинчидан, кейинги бир ойда қанча китоб-у қўлёзмаларни варақлаб чиққаним ёдимда йўқ. Учинчидан эса ўнга яқин китобларнинг номидан қай бирини айтсам экан, деб иккиланиб қолдим.

Дафъатан, хаёлимга келган – бундай раҳбар билан ишлаб барака топмайсан, деган фикрдан кўнглим хижил тортди.

Энди суҳбатдан ўтмаслик ҳаракатига тушдим.

– Кеча, – раҳбарга тушунарли бўлсин учун бепарво, бироз зарда аралаш жавоб қайтардим. – Алишер Навоийнинг “Маҳбуб-ул қулуб” рисоласини қайта ўқиб чиқдим.

Раҳбарнинг юзида ажабланиш ифодаси кўринди. Унинг саволидан мен қанчалик эсанкираб қолган бўлсам, менинг жавобимни эшитгач, у ҳам ўзини йўқотди. “Маҳбуб-ул қулуб”?! Нима дегани бу? – унинг юзидан мана шу маънони ўқидим.

Раҳбар тажанглашиб, бирдан пешонаси тиришди. Аммо менинг жавобларим кўп, унда эса савол тугади, чунки Алишер Навоийнинг бошқа бирон асарини ўқиганида ҳам гапни ўша ёққа буриб юбориши мумкин эди. Афсус! Китобхонлик бобида ночор экан!.. Энди ҳалиги дадил раҳбардан асар ҳам қолмади. Буни пайқаган юқори идора вакили вазиятдан чиқиш пайида деди:

– Яқинда “Одамлар ичида” деган китоб қўлимга тушиб қолди. Менга ёқди. Ўта юқори савияда ёзилган. Ўқиганмисиз?

– “Одамлар орасида” бўлса керак, – саволни тузатдим ҳайрон бўлиб. – Мақола, эсселар тўп­лами. Миллий анъаналар, тарих мавзусида ёзилган маърифий тўплам, десак ҳам бўлади.

Хуллас, юқори идора вакилидан ҳам ҳафсалам пир бўлди. Унинг ўртамиёна китоб ҳақидаги юксак фикри ўзининг кимлигини, савия­даражасини фош этиб қўйганди. Чунки ўша тўплам турфа иқтибослардан яралган, содда қилиб айтганда, кўчирма тўплам эди. Ҳозир чуқур таҳлилга киришиб кетсам, вакилнинг кўнглига озор етказиб қўйишдан тийилиб, ўзимни босдим.

Кейин айтарли савол беришмади.

Уларнинг фикрлаш тарзи, иш тажрибаси, савия­-даражасидан қониқмадим. Чунки айни вақтда ўзим ишлаётган ишхонадаги ҳамкасбларим қаршимда турган катталардан анча билимли ва маданиятли эканига имоним комил эди.

Ниҳоят, натижа ўзим кутгандай бўлди. Суҳбатдан ўтмадим.

Маҳмадона, ўзбилармон дейишган бўлса керак. Буёғи менга қоронғи. Асосийси, ҳаммаси яхшилик билан тугади…

Ҳумоюн

 

Муаллиф ҳақида:

Ҳумоюн (Ҳумоюн Акбаров) — шоир, таржимон, пуб­лицист.

1964 йил Бўз (ҳозирги Бўс­тон) туманида туғилган. 1980-1985 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетида, 1997-1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Халқаро муносабатлар ва давлатлараро алоқалар факультетида ўқиган.

“Унутилган гул” (1998), “Дилхирож” (1999), “Кўнглим гули” (2005), “Ёшлик бекати” (2008), “Туйғулар рақси” (2010), “Интиҳосиз наволар” (2012), “Қуёш ҳузурига йўл олган карвон” (2016) сингари китоблари чоп этилган.

Александр Пушкиннинг “Тумор”, ирланд адиблари Перси Биши Шеллининг “Ғарб шамоли” асарини, Жеймс Жойснинг “Шеърлар” китоби ва Антон Чехов, Ҳерман Ҳессе, Редьярд Киплинг, Томас Элиот, Константин Бальмонт, Роберт Рождест­венский, Велимир Хлебников, Расул Ҳамзатов сингари жаҳон адабиёти намояндаларининг ижодидан таржималар қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =