Аловиддиннинг “сеҳрли”… экскаватори

Ёхуд тадбиркорнинг ўзига тегишли мулкни

бир неча йиллардан буён ололмасдан сарсон-саргардон бўлаётгани хусусида

 

Сарлавҳани ўқиган заҳоти “Аловиддиннинг сеҳрли шамчироғи” деган эртакни эсладингиз-а, ҳақиқатдан ҳам биз уни жуда яхши биламиз ва ҳаммамизга   ёд бўлиб кетган. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган Аловиддин эса замондошимиз, унинг ҳақиқатдан ҳам “сеҳрли” экскаватори бор. Сеҳрлилиги шундаки, ушбу экскаваторнинг эгаси битта эмас иккита. Иккаласида ҳам эга эканлигини тасдиқлайдиган тегишли ҳужжат бор. Бугун биз шу   “сеҳр”нинг сирларини очишга   уриниб кўрамиз.

Аловиддин Муродов Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилиб ўсган. Мактабни тугатганидан кейин тумандаги сув хўжалигига қарашли корхонада бир неча йил экскаваторчи бўлиб ишлаган. Одамларнинг оғирини енгил қиладиган экскаваторчилик касби унга жуда ёқиб қолган ва   қалбида чуқур из қолдирганди. Тошкент Давлат юридик институтида ўқиётганда ҳам, кейинчалик туман ёшлари етакчиси бўлиб ишлаб юрганда ҳам, прокуратура тизимида фаолият юритган пайтларда ҳам сув хўжалигида экскаваторчи бўлиб ишлаган даврларини завқ ва шавқ билан   эслар эди.

Орадан кўп йиллар ўтди. Кунлардан бир кун у Тошкентда “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси борлигини ва бу идора кўп техникалар қатори экскаваторларни ҳам лизингга бериш билан шуғулланишини   эшитди-ю унда экскаватор сотиб олиш ва уни сув хўжалиги тизимида ишлатиш нияти туғилди. У ниятини рўёбга чиқариш учун 2012 йилда “Қоровулбозор сув қурилиш ирригация” деб номланган хусусий корхонасини ташкил қилди ва туман ҳокими қабулига кириб лизинг­­га экскаватор сотиб олиш нияти борлигини айтди.

Қоровулбозор туманидаги   экинларни сув билан таъминлаш ишларини янада яхшилаш мақсадида   сув йўлларини тозалаш, янгиларини қазиш   учун экскаваторлар сув билан ҳаводай зарур эди. Шу сабабли туман ҳокими унинг таклифини мамнуният билан қарши олиб, республика лизинг идорасига туманимиздаги “Қоровулбозор сув қурилиш ирригация”   хусусий корхонасига лизингга экскаватор беришларингизни сўрайман деб   хат ёзиб берганда қувончдан боши осмонга етди.

“Ўзмелиомашлизинг”дагилар ҳам уни   очиқ чеҳра билан кутиб олишди.

— Биз Германияда тайёрланган, Хитойда йиғилган бир қанча занжирли   экскаваторларга буюртма берган эдик, яқиндагина бир партияси етиб келди. Жуда бақувват техника. Сизга шулардан бирини берамиз.   Бу экскаваторнинг умумий нархи 173.000.000 сўм, шунинг 30 фоизи эса   42.500.000 сўм бўлади, бу лизингнинг дастлабки тўлови ҳисобланади, шу суммани тўласангиз биз сизнинг ҳисобингиздан яшайдиган жойингизга экскаваторни етказиб берамиз. Вагондан тушириш ва олиб кетиш ҳақини ҳам ўз ёнингиздан тўлайсиз дейишди…

Албатта, бу гаплар-у, бу нарх-наволар бундан ўн йил олдинги бўлиб, унда 173 миллион сўм ёхуд 42,5 миллион сўм деган маб­лағлар ҳозирги даврдаги билан мутлақо мос келмаслигини ҳурматли муштарий англаётган бўлса керак. Чунки у вақтда хорижий валютанинг сўмга нисбатан курси ҳозиргидан 2-3 баробар паст эди. Айтмоқчимизки, бу маблағлар айни кундаги пул қадри билан солиштирганда жуда катта маблағ ҳисобланарди.

Аловиддин юқоридаги шартнома шартларининг барчасига рози бўлгандан сўнг 12К\03-06 сонли лизинг шартномаси тузилиб, тарафлар томонидан имзолар қўйилди, муҳрлар босилди.

Аловиддин Муродов банк орқали пул олиб келиб, лизинг шартномаси талабидан келиб чиқадиган дастлабки тўлов — 42.500.000 сўмни тўлади.

Кўп ўтмай экскаватор туман бекатига етиб келди. Экскаватор билан бирга   бир дона вагон-уй ҳам қўшиб жўнатилганини кўриб Аловиддин ҳайрон бўлиб қолди.Чунки лизинг шартномасида вагон-уй тўғрисида ҳеч қанақа   гап йўқ эди. Айни мана шу   вагон-уй орқасидан “Ўзмелиомашлизинг”   билан низо келиб чиқди.

НИЗОНИНГ ТУҒИЛИШИ

Аловиддин лизинг идорасига қўнғироқ қилиб, вагон-уй олиш учун сизлар билан шартнома тузмаганман, нима учун уни менга жўнатдинглар деб сўради.

— Вагон-уйга тегишли   шартномани сизга жўнатдик. Уни имзолаб, муҳр қўйиб бизга юборасиз.

— Вагон-уйнинг нархи қанча ўзи?

— Нархи йигирма беш миллион, фоизи билан 45 миллион бўлади.

— Бу нархга мен бу вагон-уйни ололмайман ва   сизлар юборган шартномани имзолай олмайман. Бунга ўхшаган вагонни мен шу ернинг ўзида 500.000 сўмга сотиб олишим мумкин.

— Шартномани имзоламасангиз ўзингизга қийин бўлади, — деди лизинг идораси ходими.

— Ахир мен сизларга вагон-уй оламан деб айтганим йўқ, сизлар ҳам бу ҳақда оғиз очмагансизлар.

— Биз оғиз очсак-очмасак ҳам сиз бизнинг айтганимизни қулоқ қоқмай бажаришингиз керак.

Аловиддин вагон-уйни темир йўл бекатида қаровсиз қолдириб келса яна ғалва чиқиши мумкинлигини тушунгани учун уни экскаватор билан бирга уйига олиб кетишга мажбур бўлди. Аммо вагон-уйга тегишли шартномани имзоламасдан лизинг идорасига қайтариб юборди. Қўнғироқ қилиб вагон-уйни олмайман, уни бошқа одамга сотинглар деб айтди.

Айни мана шу вагон-уй туфайли лизинг идораси билан Аловиддин ўртасида низо келиб чиқди. Лизинг идораси бундай вазиятда қандай йўл тутиши керак эди? У вагон-уйни қайтариб олиши ва бошқа харидор топиб уни мумкин қадар тезроқ   сотиш чораларини кўриши ёки   бирон жой топиб харидор топилгунча сақлаб туриши лозим эди, ҳатто   вагон-уйни эҳтиёт қилиб вақтинча уйингда сақлаб тур, кейинроқ бир чорасини топармиз деб Аловиддиннинг ўзидан илтимос қилиши ҳам мумкин эди. Ана шунда   низо ўз-ўзидан барҳам топар, ҳамма ўз иши билан бемалол шуғулланиш имконияти вужудга келар эди. Лекин “Ўзмелиомашлизинг” респуб­ликадаги катта ва нуфузли, қўлини қаерга узатса етадиган идора бўлгани учун, бизнинг назаримизда, сал пастроққа тушишга, у ёки бу шахсга илтимос билан мурожаат қилсак, бундай илтимос юксак нуфузимизга салбий таъсир кўрсатади деб ўйладилар шекилли, ўзига эп кўрмади. Қайтанга ушбу низони янада чигаллаштирадиган, чуқурлаштирадиган чора топишди, вагон-уйни бош­­қа одамга ёки бошқа корхонага сотиш ўрнига унинг пулини лизинг пулини тўлайдиган “Қоровулбозор сув қурилиш ирригация” номига ўтказиб   қўя қолишди. Кейинчалик суд даъвонинг 2012 йил 10 сентябрдаги 1 дона вагон-уйни етказиб бериш бўйича тузилган 12/03-135-сонли лизинг шартномасини тузилганлик ҳолатини тан олиш талаби бўйича иш юритишни тугатган бўлса-да фоизлар экскаватор пулига қўшиб ёзиб борилаверди-борилаверди ва бу фоизлар беш-олти йил ичида   сўқимга боқиладиган буқадай семириб 87 000 000 дан ошиб кетди. “Ўзмелиомашлизинг” орадан беш йил   ўтгач   бу қарзни   Аловиддиннинг оёғига кишан ургандай   урди.

Аловиддин эса шу ўтган йиллар давомида ўзи ҳам тинмади, экскаваторни ҳам тиндирмади. Қаттиқ ва самарали ишлагани боис лизинг томонидан экскаваторга   белгиланган нархни ўз вақтида тўлаб турди ва 2017 йилдаёқ лизинг пулининг шартномада кўрсатилган 173.000.000 сўм миқдоридаги лизинг тўловини тўлиқ тўлаб, фоизларини ҳам 95 фоизини тўлаб қўйди. Ўзига топширилган ишларни ўз вақтида сифатли бажариб турганлиги учун унинг ишидан туман раҳбарлари ҳам, унга буюртма беришган хўжаликлар раҳбарлари ҳам мамнун эдилар.

Лекин бу пайтга келиб лизинг идораси ҳуқуқшунослари Аловиддинга   қўнғироқ қилиб:

— Сизнинг 87.211.013 сўм қарзингиз бор, шу қарзни тўлаб қўйишингиз керак, — деб қайта-қайта айта бошладилар.

— Бу пул вагон-уй билан боғлиқ. Мен вагон-уй учун шартнома тузмаганман. Бу қарзнинг менга алоқаси йўқ. Агар қарзим бўлса   судга бераверинглар, — деб жавоб берарди Аловиддин.

“Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси 2017 йилда   “Қоровулбозор сув қурилиш   ирригация” хусусий корхонасини суд­­га бериб вагон-уй масаласини узил-кесил ҳал қилишга, агар Аловиддин Муродов “Йўқ, вагон-уй учун пул тўламайман” деб   оёқ тираб туриб олгудай бўлса, занжирли экскаваторни ҳам, вагон-уйни ҳам ундан олиш масаласини қўйишга қатъий қарор қилди.

СУД

Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси “Ўзмелиомашлизинг” идораси   манфаатида Бухоро вилояти Когон туманлараро иқтисодий судига   Аловиддин Муродов раҳбарлик қилаётган “Қоровулбозор сув қурилиш ирригация” хусусий корхонасидан бир дона вагон-уйни етказиб бериш бўйича тузилган 2012 йил 10 сентябрдаги 12/03-135-сонли лизинг шартномасини тузганлик ҳолатини тан олишни, тўланмаган суммаларни ундиришни ҳамда занжирли экскаватор ва вагон-уйни техник соз ҳолда даъвогарга қайтаришни сўраб даъво ариза киритди.

Когон туманлараро иқтисодий суди 2017 йил 14 сентябрда тўланмай қолинган тўловларни тўлаш, бир дона занжирли экскаватор ҳамда бир дона вагон-уйни техник соз ҳолда даъвогарга топшириш тўғрисида ҳал қилув қарори   чиқарди.

Аловиддиннинг хуноби чиқди, кайфияти бузилди, лекин тушкунликка тушмади. “Мен бу ишда албатта ҳақман”, деб ўзига-ўзи сўз берди ва адвокат ёрдамида юқори судга апелляция шикоятини ёзиб топширди.

Бухоро вилоят иқтисодий суди ишни апелляция тартибида кўриб Когон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини бекор қилди ва   ишни янгидан кўриш учун Бухоро туманлараро судига юборди.

Бухоро туманлараро иқтисодий суди сиртдан ишни кўриб, у ҳам бир дона занжирли экскаваторни ҳамда бир дона вагон-уйни “Ўзмелиомашлизинг” давлат акция­дорлик компаниясига техник соз ҳолда қайтариш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Фақат унда даъвонинг 2012 йил 10 сентябрдаги бир дона вагон-уйни етказиб бериш бўйича шартнома тузилганлик ҳолатини тан олиш талаби бўйича иш юритиш тугатилди.

Аловиддин Муродов ҳуқуқни яхши биладиган одам эмасми, яна юқори судга апелляция шикоятини ёзди.

Бухоро вилоят иқтисодий суди апелляция инстанцияси суди ишни кўришга қабул қилиб олди ва биринчи суд мажлисида Аловиддин   экскаватор учун белгиланган нархни тўлаб қўйгани, маржасини эса 95 фои­зини тўлаганини, вагон-уй учун шартнома тузмаганлигини кўрсатиб даъво аризани пучга чиқариш учун қаттиқ уринди: даъвогар вакилига ва гувоҳларга ишга тааллуқли саволлар бериб, суд йўналишини ўзининг фойдаси томонга ўзгартиришга жонбозлик билан ҳаракат қилди. Музокарада лизинг идораси ходимларининг вагон-уй билан боғлиқ “ўйин­лари” ҳақида эҳтирос билан гапирди:

“…биринчи инстанция суди ишни кўрган кунда лизинг тўловларини мен ортиғи билан тўлаб қўйдим,   вагон-уй учун шартнома тузмаганман, вагон-уй учун судга тақдим қилинган шартномадаги имзо ва муҳр қалбаки, чунки унга занжирли экскаватор учун тузилган шартномадан нусха кўчириб қўйилган холос. Сабаби лизинг шартномаси бўйича олдиндан тўлов шартномаси қилинмаса, лизинг объекти берилмайди, вагон-уй учун эса шартнома тузилмаган ва ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаган…”

Апелляция инстанцияси суди   ишни атроф­лича кўриб чиқди ва   вагон-уйни лизинг идорасига қайтариш, занжирли экскаваторни жавобгарнинг ўзида қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

Аловиддин Муродов эса ўзининг ҳақлигини судда исботлаб бера олганидан хурсанд эди.

Суддан кейин “Ўзмелиомашлизинг” давлат компанияси вагон-уйни олиб кетди. Бироқ вагон-уйнинг баҳоси бўйича Аловиддиннинг лизинг тўловига қарз сифатида киритилган пул миқдори чиқариб ташланмади.

ЭКСКАВАТОР ҚИНҒИР ЙЎЛ БИЛАН ҚАНДАЙ ЭГАЛЛАБ ОЛИНДИ?

2018 йил декабрда Аловиддиннинг олдига кўп йиллар бирга ишлаб жуда қадрдонлашиб кетган шофирконлик таниши   Отабек келди.

— Аловиддин, лизинг тўловларидан қутулайин деб   тиним билмай ишладинг, кейин Бухородаги судларда ҳам адолатни юзага чиқараман деб роса уриндинг, шуларнинг ҳаммаси сени қаттиқ чарчатди, тўғрими?

— Ҳа, шундай.

— Агар шундай бўлса, сен бироз дам ол, даволаниб соғлиғингни яхшила. Биласан, менинг “Отабек-Тўра” деган фирмам бор, хўп десанг шартнома тузамиз-да сен хийла ўзингга келгунингча   экскаваторингни мен бир неча ой ишлатай, бунинг учун сенга эса ҳар ой ўн беш миллиондан ижара пули бериб тураман.

Бу пайтга келиб Аловиддин ҳақиқатдан   ҳам руҳий, ҳам жисмоний чарчаб, анча ҳолдан тойгани учун Отабекнинг таклифи жуда   маъқул тушди. Лекин унинг таклифи ортида   бир шумлик яширинганини у ўша пайтда тушунмади. Ахир қадрдон оғайниси дилидаги   қинғир режасини унга ғамхўрлик қилгандай ширин сўзларга ўраб, ўзини қўй оғзидан чўп олмайдиган одам қилиб кўрсатганидан кейин у, фақат ишни биладиган, ишонувчан Аловиддин буни қаёқдан ҳам билсин?..

ИШОНМАГИН ДЎСТИНГГА…

Энди сўзни яна Аловиддинга берамиз:

— Отабек экскаваторни, мендан олиб, ўзининг   қадрдони “Махсус Гидро иншоот” МЧЖ раҳбари Қ.Воҳидовга бериш   ҳақида олдиндан келишиб қўйганини, Қ.Воҳидов эса ўз навбатида лизинг идорасига бориб, вагон-уй учун Аловиддин тўламаган пулни мана мен тўлаб бераман, фақат сизлар экскаваторни менинг номимга расмийлаштириб берасизлар деб таклиф қилганлигини мен кейин, анча кейин билдим. Унинг лизинг идорасига бориши бежиз эмас. Ҳозирги пайт­­да экскаваторнинг нархи жуда кўтарилиб 170.000 АҚШ долларига тенг бўлиб қолган. Уни сўмга чақсангиз бир миллиард етти юз миллион сўмдан ошади. Шунча пулга техника сотиб олгандан кўра 87.000.000 сўмга менга тегишли экскаваторни олса сув текинга олгандай бўлади-да. Судда ютқазиб аламзада бўлган лизинг идорасидагилар унинг таклифини жон-жон деб қабул қилишган бўлсалар керак.

Экскаватор Аловиддинда, уни қандай оламиз деган масала кўтарилганда, Воҳидов мен бу масалани хамирдан қил суғургандай осон ҳал қиламан деб ваъда берган чиқади. У режасини Отабекка айтиб бир йўлини топиб экскаваторни Аловиддиндан ол, мен Тошкентдан экскаватор учун улгуржи иш топиб қўйганман, экскаваторни Тошкентга олиб келиб   менга берасан, экскаваторни мен ўзимга оламан деганидан сўнг Отабек   менинг олдимга борган бўлса керак. Ота-боболаримиз “Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга” деб Отабекка ўхшаган “дўст”ларни кўзда тутган бўлса керак…

Хуллас, Отабек ёлғон-яшиқ гаплар билан Аловиддинни ишонтирди ва иккаласи те­гишли тартибда шартнома тузиб имзо ва муҳр қўйишганларидан сўнг экскаваторни Отабекга берди. Кейин у экскаваторни Воҳидовга топширди. Бироқ у Аловиддинга ўзи таклиф қилган ва шартномада ҳар ойда ўн беш миллиондан бериб тураман деган ваъдасини турли важ-карсонларни рўкач қилиб   бажармади.

Орадан бир неча ой ўтди. Ҳар ойда бериладиган ўн беш миллиондан дарак бўлавермагач, Аловиддиннинг ўзи Отабекни топиб учрашди.

— Ҳар ой ўн беш миллиондан пул бериб тураман деб айтувдинг, бир неча ой ўтиб кетди бир сўм ҳам бермадинг-ку?

— Берардим, лекин экскаватор бузилиб қолган эди, пулни эҳтиёт қисмга ва таъмирловчиларга беришимга тўғри келди.

— Экскаватор қаерда?

— Экскаватор менда эмас, Воҳидовда!

— Қайси Воҳидовда?

— Воҳидов экскаваторнинг ҳозирги эгаси. Лизинг идораси экскаваторни унинг номига расмийлаштириб бергани учун уни мендан олиб қўйди.

Бу ўринда яна шуни айтиш керакки, кейинчалик вазият кескинлашиб, иш судга боришга тақалиб қолганда Отабек Аловиддиннинг олдига борганидан ҳам, “Отабек-Тўра” ва “Қоровулбозор сув қурилиш ирригация” хусусий корхоналари ўртасида тузилган шартномадан ҳам, экскаваторни олиб кетганидан ҳам тонди.

Қ.Воҳидов эса лизинг идорасига Аловиддин вагон-уй учун тўлашдан бош тортган 87 миллион сўмни лизинг идорасининг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берди. Лизинг идораси бунга жавобан “Аловиддин Муродовдан “Розиман” деган қоғозга қўл қўйдириб келсанг унга тегишли   экскаваторни сизнинг номингизга расмийлаштириб берамиз”, деб ваъда беришди.

Воҳидов ўзига қарашли бир неча кишини ишга солиб, бир қатор туҳматлардан иборат айбларни тўқиб чиқарди ва Аловиддин тўқиб чиқарилган айблар масаласи терговда ва судда ойдинлашгунча анча вақт ўтди.

— Мен Воҳидовнинг олдига борган эдим, у экскаваторни менга   “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси номимга ўтказиб берди, энди мен экскаватор эгасиман, деди ва уйидан 2019 йил 26 июлдаги “Ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида”ги шартномани олиб чиқди. Унда экскаватор “Махсус Гидро иншоот” МЧЖ га ўтказилганлиги, бу фирманинг раҳбари Қ.Воҳидов   эканлиги очиқ-ойдин ёзиб қў­йилган эди. Мен бўлмаган пайтим Қ.Воҳидов уйимизга борганини ва отам Темур Муродовни алдаб оқ   қоғозга қўл қўйдириб, муҳр бостириб олганини кейин эшитдим. Лизинг идораси шу қоғоздан фойдаланиб 2019 йил 26 июлда “Ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида”ги шартномани тузишган ва менга тегишли экскаваторни Қ.Воҳидовнинг “Махсус Гидро иншоот” МЧЖсига ўтказиб беришибди, — дейди А.Муродов.

Хуллас, Аловиддин Муродов яна боши берк кўчага кириб қолганди. У ўйлаб-ўйлаб “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компаниясини ва “Махсус Гидро иншоот” МЧЖни судга беришга аҳд қилди.

Даъвогар Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси “Қоровулбозор сув қурилиш” хусусий корхонаси манфаатида Тошкент туманлараро иқтисодий судига 2021 йил 22 сентябрда жавобгарлар “Ўзмелиомашлизинг”   ва “Махсус Гидро иншоот” МЧЖга нисбатан 2019 йил 26 июлдаги “Ҳуқуқ ва мажбуриятларни бош­­қа шахсга ўтказиш тўғрисида”ги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида   даъво ариза тақдим қилди.

Суд 2021 йил 29 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан “Қоровулбозор сув қурилиш” хусусий корхонаси, “Ўзмелиомашлизинг” давлат унитар корхонаси ва “Махсус Гидро иншоот” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2019 йил 26 июлда тузилган “Ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида”ги шартномани ҳақиқий эмас, деб топди…

Бизда Аловиддинга тегишли экскаваторни Қ.Воҳидовга ўтказиб берган   лизинг идорасига бир неча саволларимиз бор:

Лизинг идорасига экскаватор учун 186. 000.000 дан ортиқ пул тўлаб лизинг қарзидан тўла қутулган ва 95 фоиз маржасини ҳам тўлаган, бугун бўлмаса эртага экскаваторга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириб олиши мумкин бўлган Аловиддиннинг мулкини 87 000.000 эвазига бошқа бировга бериб юбориш учун лизинг идораси раҳбарларида тегишли ваколати бор эдими? Агар ваколати бўлса нима учун экскаватор тўғридан-тўғри бошқа шахсга эмас айнан Воҳидовга берилди? Бухоро вилоят иқтисодий суди апелляция инстанцияси судининг 2018 йил 13 июндаги қарори кучида турган бир пайт­­да лизинг идораси раҳбарлари нима учун суд қарорига қарши ҳаракат қилишди? Нима сабабдан экскаватор учун лизинг пулни тўла тўлаб қўйган Аловиддиннинг ўзига экскаватор бошқа шахснинг эгалигига ўтказилаётгани ҳақида хабар бермади?

* * *

Мана, кўрганингиздек, аслида Аловиддиннинг экскаваторида ҳеч қандай сеҳр йўқ. Лекин экскаваторни бош­­қа кишига ўтказиб беришда алдов, қитмирлик, туҳмат, ўч олиш каби салбий ҳолатлар бор эканлиги ойдинлашади.

Бир қанча йиллар давомида ана шу сансалорлик, алдов, фириб туфайли тадбиркор ўз мулкини қўлга киритолмай халак. Албатта, бунда унинг ҳам қисман айби бор. Бизнингча, асосий “айби” ишонувчанлигида бўлса керак.

Яна инсон ҳуқуқи, мулкий ҳуқуқ ҳақида кўп гапирамиз. Бу гаплар қачонки амалда бўй кўрсатгандагина гўзалдир. Шундай экан, Аловиддиннинг муаммоси албатта, ижобий ҳал бўлади деб умид қиламиз.

Шоҳрух АКБАРОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 9 =