Кўнгил кечинмалари. Қайтиш…

Қанийди имконинг бўлса, қурбинг етса-да ота-онангга чет элларни кўрсатиб келсанг. Даврингда дунёни кўрсалар сенга дунёни кўрсатганлар. Қанийди…

…Аям билан телефонда гаплашдим. Қишлоқда чироқ ўчибди. Айтишича, кунига 3-4 соат ўчаётган экан. Мен кенг ва ёруғ шаҳарнинг қоқ ўртасида, ишдан қайтиб машина бошқариб кетаётган эдим. Рул чамбарагини ғичирлатиб маҳкам қисаман. “Бекор!”. Мана бу мен кўриб турган ранг-баранг чироқларнинг бари бекор. Ота-­онам қишлоқда, ёлғиз. Онажоним шам ёқиб, зерикканидан қайсидир журнални ўқиб чалғиган бўляпти, синиб қолган кўзойнагини тузатганича. Бир-бирларига қараб соғинади, соғинишни унутган фарзандларини. Ҳувиллаган ҳовли, чанг босиб ётган хоналар баттар қиздиради бу жараённи. Соғиниш билан тонглар отади… “Мен бу йўлларда юришга ҳақлиманми?!”.

“Қайтай, ая, қайтай шу қишлоққа. Ўша тарафлардан ўзимга мосроқ иш чиқиб қолар. Амаллаб кетарман”. Хаёлим жойидамас. Тортаверади қишлоқ, тортаверади соғинч, кўнглимнинг бир четида ҳадик ҳам йўқ эмас. Улар қарияпти… “Йўқ, сендан умидим катта, биласан-ку! Ўша тарафларда оиланг билан тинч-тотув яшасанг, униб-ўссанг, дейман. Қишлоқда ҳеч вақо йўқ, болам!”. Кўнмайди. Ўзи келмайди. Келса ҳам икки кунда бўғилади. Она замин, кенгликлар уни қистайверади. “Кетаман, болам…”.

Қизил чироқ. Тахминан 9-10 яшар бола машинам ойнасини тақиллатади. Ҳали ўзимга келганим йўқ. Хаёл сурганча ойнани тушираман. Қўлидаги нарсаларни кўрсатиб бир нималар дейди. Тушунмадим, ёнимдан минг сўм чиқариб бердим. “Бу етмайди. Онамнинг туғилган кунига совға олмоқчиман, етмайди. Менга кўп пул керак. Ундан кўра манави нарсаларни олинг!”. Қўлидагиларни кўрсатиб, илтижоли қарайди. Барини олдим. “Уйингга кет, совуқ!”.

Ойнани шошиб ёпаман. Худдики, мириқиб сураётган хаёлларим ўйноқлаб ташқарига қочиб кетадигандек қизғонаман. “…Туғилиб катта бўлган уйда, ота-она, ака-ука, опа-сингил, набира-ю чеваралар қуршовида оилавий ўтириш, ёқимли ва ширин суҳбатлар қуриш. Ўткинчи ҳаётда бир инсонга шу давранинг ўзигина етарли ва бу унинг учун улкан бахт-ку аслида”. Ким мақсад билан кимдир мақсадсиз, барибир вақт ўтяпти. Одам қарияпти. Дадам кучдан, аям кўз нуридан қолган. Мен нега ҳозир улар билан эмас­ман?! “Бу ердаги ёқимли лаҳзалар, чиройли манзаралар, яқин кўринган инсонлар, турфа маҳсулотлар-у “жарақ-жарақ” пулларнинг бари бекор. Илдизингдан нари кўкариб кета олмайсан барибир”.

Яшил чироқ. Газ педалини қаттиқроқ босаман. Совға… Ҳеч бўлмаса шу ишни қойиллатдингми, дейман ўз-ўзимга. Эслайман, хотирамдан чиқмайди у кунлар. Баҳор фасли эди. Дадамга совға олиб бораман. Ичимда алам, кўзимда акси. Ҳеч кимга сездирмай аччиқ-аччиқ йиғлайман. Совға учун олган кийимим дадамга катта келади…

Ота-онадан бўлак келажакни кўзлаб, тақдирни измида узоқларда кўп қолиб кетибмиз. Ва… буни давом эттиряпмиз. Одатда дадам мендан бир ўлчам катта уст-бош киярдилар. Шу тахминда каттароғини олиб бораверибман. Совға қилган кийимимни эгнига илганида эса бехосдан кўнглим бўзлаб кетди. Буни тасаввур қилиш қийин. Гавдаси анча кичрайган, бир пайтлар мени осмонга отадиган билаклардан куч қолган эди. Назаримда ўрнимиз алмашиб, энди мен улардан катта ўлчамли кийимларни кияётгандекман. Ўзимни ёмон кўриб кетдим.

Уйга келиб, дадам мени бир пайт­лар отгандек ўғлимни осмонга отиб кўзларимга ёш келади. Уни бағримга маҳкам босиб, худди аямдек “аташкам” деб эркалайман.

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + nine =