Буюк Бобур

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ

Муаллиф ҳақида:

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ — 1958 йили Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини имтиёзли дип­лом билан тугатган.

Муаллифнинг “Кўкминорга қўнган қуш”, “Бургутга бош эгмаган барс” романлари, бир неча достонлар, шеърий, публицистик тўп­ламлар, жами 40 га яқин китоблари чоп этилган. Я.Қўчқоров таржимасида Нобель мукофоти лауреати С.Алексиевичнинг “Урушнинг аёлга ёт қиёфаси” романи, В.Суминнинг “Сўнг­­ги ва биринчи субҳидам” (ўзбек разведкачиси ҳақида) романи, “Навоийдан савод очдим” (қорақалпоқ шоирларининг шеърлари), Абай Қўнонбой ўғлининг “Кўзимнинг қораси”,   “Қозоқнинг қирқ оқинидан қирқ ўлан”, “Оққув қанотига қўнган оҳанглар” (қозоқ шоирларининг шеърлари) китоблари нашр этилган. Ошиқ Эркин билан бирга 2 жилдлик “Алишер Навоий ғазалларига мухаммаслар” китобини нашрдан чиқарган. “Ой теграсида юлдузлар” (Зулфия ҳақида), “Кумуш чўққи ёғдулари” (Э.Воҳидов ҳақида), “Дониш шоир дунёси” (О.Пўлат ҳақида), “Муаттар меҳр”(Ф.Усмон ҳақида) каби эссе китоблари чиққан.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг Қорақалпоғис­тон Респуб­ликаси бўйича минтақавий бўлими раҳбари.

 

Муаллифдан:

 Жаҳон тарихига буюк ҳукмдор ва буюк шоир сифатида кирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур тўғрисида ўнлаб бадиий, юзлаб илмий асарлар ёзилган. Шоҳ ва шоир сиймосининг олмос қирралари очиб берилган “Юлдузли тунлар” романи муаллифи, устоз адиб Пиримқул Қодиров ўз асарининг тўлдирилган нашрига 1999 йили ёзган сўзбошисида “Бобур мирзонинг ҳаёти ва фаолиятига оид мавзулар уммондай чексиз. Бу уммонда ўнлаб, юзлаб адабий кемалар сузиши мумкин.” , деб ёзган эди.

Яширадиган жойи йўқ: бу муҳим мавзу уммонида яна бир адабий кема елкан кўтармоқда. “Кўкминорга қўнган қуш” романимда Оллоқулихон давридаги юксалишни, “Бургутга бош эгмаган барс” романимда қизил салтанат талвасасини тасвирлаганимдан кейин шоҳ ва шоир сиймоси кўз олдимдан кетмай қолди. Қолаверса Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг фидойи раҳбари Зокиржон Машрабов ҳар учрашганимизда мени ушбу мавзуга ундайверди. Ўйлаб қарасам, Пиримқул устоз шўро замонида ўз романига “Бобур” деб ном ҳам қўя олмаган, асар чиққач таъқибу тазйиқларга учраган, аммо бош­­қа жаҳонгирлар ҳақидаги “Буюк” номи билан аталган романлар она тилимизда қайта-қайта босилган экан. Беадад ифтихор билан “Буюк Бобур” деб атаган асаримда шоҳ ва шоирни ўз замонасининг жўғросиёсий қиё­фаси билан уйғун тарзда тасвирлашга ҳаракат қилдим. Романда нафақат темурийлар ва уларнинг давомчиси бўлган Бобур ҳазратлари, балки ўн олтинчи асрдаги бошқа салтанатлар тақдири орқали ўша давр дипломатиясининг нозик қирраларини очиб беришга уриндим. Асарнинг ўзига хослиги шундаки, у бундан олдин шу мавзуда ёзилган бирорта романга ўхшамайди. Ҳали асар охирига етгани йўқ. Аммо буюк давлат арбоби ва буюк шоирнинг таваллуд куни арафасида муштарийларни унинг бир боби билан таништиришга жазм этяпмиз.

 

Буюк Бобур

(шу номдаги тарихий романдан парча)

Ҳижрий 934, мелодий 1527 йил охирлаб бораётган, илиқ қишнинг сахий қуёши Агра ва унинг атрофларини ҳаётбахш нурлари билан сийлаётган кез. Ҳиндистоннинг учинчи, оромижон фаслидаги ажойиб кунларнинг бири. Иброҳим Лўдийнинг Панипат жангидаги муқаррар мағлубиятидан кейин Бобур мирзога тик боқадиган ҳукмдор ё лашкарбоши қолмади бу минтақада. Султон Иброҳимга чорак аср доруссалтанат бўлган Агра энди Буюк Темурнинг эвараси Бобур подшоҳнинг пойтахти. Ўн икки ёшидан тож кийиб, не-не жангу жадаллар, не-не машаққатларни кўрган Бобур мирзо Аграга қутлуғ қадамини қўйиши билан ўзига ва мулозимлари олдига беш муҳим вазифа қўйди. Биринчиси Агранинг пойтахт мақомига яраша муҳташам ва муаззам бўлишини топширди. Аммо ҳукмдорга олтин сарой қуриш баробарида оддий халқнинг тақдири, усти бут, қорни тўқ, турар жойи шинам бўлиши кўзда тутилсин, деди. Ҳукмдор овозини баланд қўйиб айтдики, шу юртда яшайдиган ҳар бир фуқаро, қайси миллат, қайси мазҳабга мансуб бўлишидан қатъий назар бизнинг жигаримиздур, жигарга эса меҳру мурувват кўрсатмоқ, йиқилганни турғазмоқ, боқувчиси йўқнинг бошини силамоқ шарт. Иккинчи муҳим вазифа деб зилол, мусаффо обиҳаёт яъни оғиз ҳамда оқар сувни мўл қилишни белгиладилар. Бунинг учун Жамна дарёсига улкан чархпалаклар ўрнаттирди. Учинчи вазифа беқиёс боғлар яратишдан иборат бўлди. Бобур мирзонинг ўзи қароргоҳи олдига энг ноёб мевали ва манзарали дарахтларнинг кўчатларини ўтқазди. Кўчатларга сув қуяр экан, улуғ Хўжа Аҳрор Валийнинг кароматли сўзларини эслади. Сув кўпайсин деб зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида қурбонликка туя сўйдирди. Хожа Калон “Сигир сўяйлик!” деган эди. Лекин подшоҳ унинг таклифини рад этди. Хожа Калоннинг Ҳиндистонни хуш кўрмай қолганини сезган эди. Тўртинчи топшириқ илмни ҳар томонлама ривожлантиришни кўзда тутиш бўлди. Ҳукмдор хазинанинг бир қисмини мактаб ва мадрасаларга сарфлашни буюрди. У юртда мавжуд салтанатлар ҳукмдорларидан кўпчилиги мусулмон эдилар. Бешинчи ечим тижоратчиларга кенг йўл очиб бериш бўлди. Албатта ҳарб ишлари, кемасозлик ишлари ҳукмдорнинг диққат марказидан фориғ бўлмади. Машварат чоғи ҳукмдор: “Салтанат ва жаҳонгирликка қурол-яроғ ва аслаҳа-анжомсиз эришиб бўлмайди. Подшоҳлик ва амирлик навкар ва мулксиз мавжуд бўлолмайди. Неча йиллар ҳаракат қилиб, машаққатлар чекиб, узоқ ерларни босиб ўтиб, лашкар тортиб,   ўзимизни ва лашкарни жанг ва ўлим хатарига солдик. Танг­рининг марҳамати билан шунча кўп душманни енгиб, бундай катта мамлакатни эгалладик. Энди эса қандай куч ва зарурият мунчалар жон тортиб олган ерларимизни ҳеч бир сабабсиз ташлаб кетишга мажбур қилмоқда. Ким бизга хайрхоҳ бўлса, бундан кейин бу каби сўзларни айтмасин, кимки тоқат қилолмай кетишни ният қилган бўлса, кетсин, кетгач, қайтиб келмасин!” Хожа Калон Ғазнага жўнади. Кўп ўтмай унга қисқа фурсат ичинда Агра, Деҳли эли шод, хуррам, Ҳиндистон обод, кўркам бўлганини айтдилар. У яна ўжарлик билан “Сиёҳрўй шавам, гар ҳавои Ҳинд кунам” яъни “Ҳиндистонни қайта ҳавас қилсам, юзим қаро бўлсин!” деб жавоб қайтарди.

Ҳукмдорнинг бешинчи амри кўплар қатори агралик ўртаҳол тижоратчи Хавин Нируга қўл келди. Бобосидан мерос қолган кичик карвонсаройни таъмирлаб, оддийгина, лекин саранжом-саришта меҳмонхонага айлантирди. Барча асл аграликлар каби бир қулоғи кемтик Хавин Ниру ҳам ақрабдан кейинги илиқ қуёшни хуш кўрарди. Ким Аграда яшаётган ёинки Ҳиндистоннинг бу гўзал шаҳрига кўп қатнаб юрган бўлса яхши билади: ҳутдан кейин қирқ даражадан ошган иссиқ май ойида энг юқори “чўққиси”га чиқади, июнь билан июлда ҳам жазирама забтидан тушмайди. Асад ва сунбулада иссиқ сусайгани билан қаттиқ муссон шамоли эсса борми, охирзамон келди, деяверинг. Бу дунёнинг бетакрор беҳиштида кўзингизни очолмай қоласиз. Бол томиб турган боғлар тўзон билан тўлади. Ахир бу боғларда оғзингизда эриб кетадиган анжирлар, пишлоқ таъмини берадиган нўни, бодрингга ўхшаш, аммо ширин қуруба, қизил қалампирни эслатадиган, аммо мазали чампу, ажойиб кейла(банан), мағзи тотли норанж (апельсин), олчага ўхшаш панийала ўсади. Хурмони-ку айтмаса ҳам бўлади. Ўша Ҳинд заминини жуда ёмон кўрган Хожа Калон бир норанж дарахтида етти минг мева санаган экан. Ҳукмдорнинг киндик қони томган “зоди буди” — Андижонни мустасно қилганда бундайин жаннат юрт яна қайда бор?

Йилнинг охири — Аграда жоннинг роҳати, таннинг фароғати. Бугун Яратганнинг худди шундай гўзал куни. Карвонсаройнинг эгаси Хавин Ниру тушлик қилгач тўйгунча “ласси” ичимлигидан истеъмол қилгач (Қуёш ва олов байрами “Дивали” байрамидан буён бундай тотли ичимлик симирмаган эди), олам ташвишларини унутганча офтобрўяга қўйилган ўриндиқда ором оларди. Унинг ширин уйқусини шаҳар яқинидаги ўрмондан эшитилган арслоннинг оч ўкириги буз­­ди. У эриниб кўзларини очди-да, хизматкори Оннопурига уч меҳмонга тегишли тулпорларнинг туёқларини тушовлаб, отхонанинг эшигига мустаҳкам тамба уришни буюрди. Агранинг уй ҳайвонлари сотиладиган бозорида бир учқур тулпорни пулига фил харид қилса бўлади. Ўғри қариса ёлғончига, бургут қариса сичқончи яъни япалоққушга айланиши мумкин-да.

— Уч меҳмон ҳам бозорга кетдими? – сўради Ниру ўзидан бошқа ҳар қандай одамнинг олдида гунг ва соқовга айланадиган Оннопуридан. Оннопури ўзини гунгга солиб, соқов кўрсатиб карвонсаройдаги, маҳалладаги ва бозор расталаридаги савдогару харидорларнинг оғзини пойлар, Хавин Нируга етказган хабарлари учун алоҳида маош олар эди. — Қани, гапир, бу шоввозлар қаердан келди, қаерга боради, мақсади недур?

— Чағониёндан келдим, деган меҳмон, асло у ерлик эрмас. Мен чағониёнликларнинг забонини яхши билурмен. У асли андижонлик. Бозорга кетганидан кейин лаш-лушларини тинтиб кўрсам, бир тугунда оғир нарса бор экан. Беш марта ўралган бу олтин эмас Андижон қовуни эркан. Мен Андижон қовунини яхши биламен. Уч марта еб кўрганмен. Демак у янги подшоҳнинг ҳузурига кирмоқчи. Иккинчи меҳмон Карбалоданман, деб тўғри айтибди. Кийими ҳам, талаффузи ҳам, карбалоликларга ўхшайди. Сўзига шеърий мисра қўшади. Эсингиздами, янги подшоҳнинг ҳоли танг бўлганида форс шоҳи жонига оро кирган, деган эрдингиз. Ул ҳукмдор шеър ёзмасмиди?

— Ёзарди. Шоҳ Исмоил бизни босиб олган темурий ҳукмдорни қаттиқ қўллаб, унинг ота душмани бўлган Шайбонийхонни ўлдириб, бош суягига олтин қоплатиб май ичган. Шайбонийхон қанча подшоҳни мағлуб этган эди. Лекин Исмоилнинг аталасидан чиққан суяк унинг тишини синдирди. Шоҳ Исмоил ҳақиқатан ҳам шоир экан. Девонлари бор эрмиш. Лекин бир-икки йил олдин у вафот этди. Ўрнида ҳозир ўғли шоҳ эрмиш. Хўш, бисотинда қўлёзмалар борми?

— Шундоқ. Балки бу ўша эрон шоҳининг биздаги темурийга мактубларидир. Сиз жуда қалин дўст бўлишган дедингиз-ку!

— Сиёсатда қалин дўст бўлиш мумкин эмас. Фақат салтанат манфаатларини ўйламоқ лозим. Уларни умумий душман бирлаштирди. Тотли сув тошдан чиқади. Агра султонлигини ҳозирги темурийдан олдин ўн бир подшоҳ бош­қарди. Деҳлига ўн, Гужаротга ўн икки султон эгалик қилди. Айрилганни айиқ еб ҳар қайсиси ўз йўлидан кетгач, мана, камони йўқнинг олдидан чиққан кийикдек ёт подшоҳга қарам бўлиб ўтирибмиз. Султон Иброҳимнинг юз минг аскарини темурий подшоҳнинг ўн минг навкари ер билан тенг қилса-я. Айбини билган авлиё дей­дилар. Ўн аскаримиз бир андижонликка бас келолмаганими бу? Тентаклар туққан ерини танимагани эмасми бу? Арпа емаган от ажриққа зор бўлади. Арслон кучдан қолса юмронқозиқнинг ини кўзига кошона бўлиб кўринар экан. Ўзимизнинг меҳмон не мақсадда Аграга келибди?

— Кеча ҳужрасига таом олиб кирганимда ҳозирги подшоҳимизни роса қоралади. Мени гунг деб ўйлаб, “Акамнинг ўчини оламан. Кўксига ханжар санчмасам, Дуду отимни бошқа қўяман!” деб қасам ичди. Менимча қурол-яроғ сотиб олгани кетди-ёв. Балки бозордан тўппа-тўғри подшоҳ саро­йига борадими?

— Сенга қатъий топшириқ бор, — деди қути учиб кетган Хавин Ниру. – Ернинг тагидан бўлса ҳам ўша аҳмоқни топиб келтир. Подшоҳ саройига борса, у қасоскорнинг боши кетади. Сенинг хабаринг йўқ: бир неча ой аввал темурий подшоҳни заҳарлашган, ўлим тўшагида ётган эди. Шундан буён хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ҳар бир тешикка соқчилар қўйилган. Ерли халқ ҳам дастурхонида нон кўпайгани учун подшоҳга мойил бўлиб бормоқда. Зулм ва зўравонликка чек қўйилмоқда. Шу боис у галварснинг қўлга тушиши аниқ. Қўлга тушса мени ҳам, сени ҳам, қаерда тунаганини ҳам айтиб беради. Бошимиз балога қолади. Биласан, Жамнанинг у соҳилидан уй қуриб бошлаганман. Ўзимга эмас, якка-ю ягона ўғлимга. Мен ёшимни яшаб, ошимни ошадим. Болнинг таги, сутнинг юзи ширин эканини унутма. Инсон бу дунёга келиб ўзидан фарзанд, иморат, боғ қолдириши керак экан. Уй битса иккимиз боғ экамиз. Тўртинчи мерос китоблар экан. Темурий подшоҳ китоб ёзар экан. Бозорда эшитдим бу гапни. Бир боққол подшоҳнинг:

Буд чанде мақоми Чандерий,

Пур зи куффору дорулҳарбию зарб.

Фатҳ кардам ба ҳарб қалъаи ў,

Гашт таърих: “Фатҳи дорулҳарб” деган шеърини ёдлаган экан. Мен ҳам ёзиб, олиб ёдладим. Тоғ тоғ билан учрашмайди. Аммо одам у подшоҳми, гадойми, бир-бири билан учрашиши мумкин. Бир куни темурий подшоҳ билан юзма-юз келсам, мана бу шеърингизни биламан, деб ёддан ўқиб бераман. Маъносини тушундингми?

— Тушунмай ўлибманми? Чандерий сиз билан менга ўхшаган кофирларга маскан эди. Мен уларни тор-мор қилиб, қалъасини қўлга олдим, деяпти. Сиз уни мақтаяпсизми?

— Йўқ, шунчаки ҳушёр бўлишимиз керак, дедим, Оннопури. Керак кезда каллани ишлатмасанг, каллангдан айрилиб қолишинг мумкин. Очиғини айтсам, аввалги подшоҳ даврида ҳам еганимиз шинни бўлгани йўқ. Бож-хирождан қаддимиз букилиб қолган эди. Мана, уннинг нархи, гўштнинг нархи тушди. Бизни заб этгани ҳақ. Лекин у фақат ўзини ўйлаётгани йўқ. Ёнидаги энг ишончли бадавлат кишиларни Агра қурилишига сармоя беришга кўндирибди. Биз энг, аввало, ўзимизни ўйлайлик. Туяни шамол учирса эчкини осмонда кўр, дейдилар. Хулласи калом бошимиз балога қолмасин, карвонсаройимиз куйиб кул бўлмасин, десанг, оёғинг­­ни қўлингга олиб бозорга чоп. Қасоскорни топиб кел. Унинг қасоси бизга қимматга тушиши мумкин. Югур, барака топкур!

Юз бериши мумкин бўлган суиқасддан қўрқиб қолган Хавин Ниру ўта айёр одам эди. У Аграда юз берган кўп воқеалардан бохабар бўлиб, хизматкори Оннопурига айтган ҳукмдорни заҳарлаш воқеаси ҳақиқатан ҳам ҳиж­рий 933 йилнинг раби ул-аввал ойи ўн олтинчи яъни жума куни, мелодий 1526 йилнинг 16 декабрида Панипат жангида тор-мор этилган Иброҳим Лўдийнинг онаси Буъа томонидан ташкил этилди. Бу воқеада Бобур мирзо ҳазратларининг ниҳоятда кўнгли тоза инсон бўлгани ўз исботини топди. Зеро, подшоҳ собиқ султоннинг кўплаб ошпазлари орасидан тўрттасини танлаб асл ҳинд таомлари буюрди. Қасоскор Буъа ошпазлар назоратчиси Аҳмад чошнигир(сардор маъносида)ни қўлга олиб, заҳар берибди. Жума куни кечқурун аср намозидан сўнг қуён гўштидан тайёрланган тансиқ таомни подшоҳ дастурхонига тортдилар. Ҳукмдор иштаҳа билан таом еди. Таомнинг қайласини мақтади. Аммо кўнгли беҳузур бўлиб, қуса бошлади. Ҳукмдорга Аллоҳ ноёб ақл ва идрок берган эди. Унинг амри билан қусган чоғи тушган қуён гўшти бурдаларини итга ташлатди. Ит беҳуш бўлди. Дарҳол хоин ошпаз шафқатсизларча жазоланди. Қасоскор аёл Абдураҳим шиғовулга топширилди. Буюк Бобур шу қадар олижаноб, кечиримли ҳукмдорки, заҳар берган кампирнинг невараси, Иброҳим Лўдийнинг ўғлига шикаст етказмасдан Аграда ушлаб турган эди. Заҳар воқеасидан кейин “Мени заҳарлаган шафқатсиз аёлнинг неварасини кўз олдимда ушлаб туришимга бардошим етмайди” деб султоннинг ўғлини Мулло Сарсон орқали Комрон мирзо ҳузурига жўнатди. Мулло Сарсон яхши одам бўлиб, Комрон мирзонинг мулозимларидан бири эди. Ҳукмдорнинг ўз ҳузурида ҳам исмига Мулло сўзи қўшилгувчи мулозимлар оз эмас. Мулло Алихон шоҳ ёзган шеърларни тинглаб, фикрларини айтади. Мулло Абдураҳмон ислом таълимотидан сўз юритади. Мулло Довуд деган навкар кўп бор ҳукмдорга содиқлигини амалда кўрсатган. Мулло Абдуллоҳ эрса подшоҳга китоб танлаб беради. Мирзо Мулло Ёракдан мусиқа сирларини тинг­лайди. Мулло Муршид эса Бобур мирзо томонидан бир неча ҳукмдорларга элчи қилиб юборилди. Жуда кўп ҳолларда у оқил элчи эканлигини исботлади. Лоҳурда Давлатхон билан ўта усталик билан музокаралар олиб борди. Албатта, бу ҳол Давлатхонга ёқмагач, уни Деҳлига ўтказмади. Балки Мулло Муршид ўшанда Иброҳим Лўдийга Бобур мирзонинг хатларини олиб борганида, баъзи сиёсий воқеалар бош­қача тус олган бўлурмиди?

Хавин Ниру оми одам эмас эди. Биҳарлик тоғаси Мадхаван Сумати ўта зукко, билимли тарихчи бўлиб, бир неча марта андижонлик подшоҳ ҳақида гапириб берган, тож эгаси отаси Султон Умаршайх мирзо, бобоси Султон Абусаъид мирзо, катта бобоси Султон Муҳаммад мирзо ҳамда бобокалони Мироншоҳ Мирзо орқали Буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларига кабираи аржуманд, она томондан чингизий хонларга туғишган жиян эканлигини, 12 ёшида отаси оламдан ўтгач Фарғона ҳукмдорлигини, бир неча марта темурийлар тахтини қўлга олганлигини айтиб берган эди. “Сиёсий ирода борасида Заҳириддин ибн Умаршайх подшоҳга тенг келадиган ҳукмдор ер юзида бармоқ билан   санарликдур, — деган эди Мадхаван Сумати. — Амир Темурнинг буюклиги шундаки, у дунёнинг қарийб ярмини эгаллаб, ўз салтанатини метиндан қаттиқ мушти, зулфиқор қиличи ва беқиёс билими, ҳам амалдорларни, ҳам авомни қўллаши билан оқилона бош­қарди. Албатта, сен ҳурматли жияним, “Нега энди шундай улуғ салтанат тез парчаланиб кетди?” деб сўрарсен. Амир Темур оламдан ўтгач, унинг салтанати 14 подшоҳликка бўлиниб кетди. Ўн тўрт подшоҳдан бири Умаршайх эрди. Яна такрор этурмен: Заҳириддин ўз боболари ва отаси каби давлатчилик тизгинин юксак сиёсий ирода бирла қўлга олиши, ҳарб санъатиндаги юқори салоҳияти, халқ фаровонлигини таъминлашдаги эзгу амаллари, адабиёт, фан, санъат ва меъморчилик тарақ­қиётига бераётган эътибори, давлатлараро муносабатлардаги оқилона тадбирлари билан юқори обрў қозонди. Унинг шоҳ Исмоил Сафавий билан тузган иттифоқи унинг ўзини ҳам, темурийлар салтанатини ҳам муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолди. Зеро, Шайбонийхон бу буюк салтанат устига қуюндек бостириб кирган эрди. Тасодифни қарагин, жиян: Шайбоний ҳам, шоҳ Исмоил ҳам, подшоҳ Заҳириддин ҳам иқтидорли шоирлардур. Шоирлик билан қалъани забт этиб бўлмайди, аммо қалбларга йўл топиш мумкин. Заҳириддин ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини яхши билади, кўплаб тарихий ва адабий асарларни мутолаа қилган. Ҳинд фалсафасига қизиқяпти, деб эшитдим. Илм-фанга, шеъриятга муккасидан кетган шахс. Довюраклиги ва жасурлиги, йўлбарс овлагани учун у ёшлигидан “Бобур” (“Шер”) лақабини олгандур. Унинг бош мақсади бобокалони Амир Темурнинг пойтахти Самарқандни эгаллаш, Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда улкан салтанатни қайта тиклаш эрди. Ул бунга эриша олмади ва нигоҳини аввал Ғазна ва Кобул ерига, сўнг бизнинг Ҳиндистонга қаратди. Кобулда бажарилган бунёдкорлик ишларига, бунёд этилган боғ-роғларга ҳавас қилмасликнинг иложи йўқ. Албатта, жияним ўз еримиз, ўз тупроғимиз бизга жондан ҳам азиз. Лекин бу подшоҳнинг буюклигига шубҳа билан қараш ҳам гўдаклик хулосаси бўлган бўлар эрди. Ҳақиқатнинг кўзига тик боқишимиз лозим. Қарагин, бизнинг қудратли, бой Ҳиндис­тон неча бўлакка бўлиниб кетган? Ҳар бир рожа ўзини Искандар Мақдуний ҳисоблайдур. Аммо Бобур бургутнинг олдида айримлари оддий чумчуқ ҳам бўлолмас. Энг муҳими, тинчлик бўлсин. Уруш кулфат ёмғиридур. У шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам бошига мусибат тошларини ёғдирадир!”.

Хавин Ниру кўп нарсани биларди. Айни чоғда кўп нарсадан бехабар эди. Вале Яратган Эгам муқаддас Қуръони Каримда бир оятига “Эй бандам сен кечаси ширин уйқуга кетурсен. Аммо тонгда уйғонганингда не бўлишини бир мен билурмен” деган мазмунни сингдирган. Оннопури хавфли меҳмонни топиб келадими, кечаси не воқеалар юз беради, эртага нималар бўлади? Бир рупиясини икки қилиш илинжида юрган Хавин Нирунинг бошига не савдолар тушур? Буни фақат Парвардигор билур. Алҳамдулиллаҳи рабил аламин!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 4 =