Гулбадан Муродовага ким кўмак беради?

Денов тумани ҳокими диққатига!

 

Гулбадан Муродовага ким кўмак беради ёки бир ночор оиланинг ҳақини ўзига тўқ, бадавлат бўлган фермер хўжалиги раҳбари “туя” қилганми?

 

Юртимизда бахтга қарши, камбағал оилалар кам эмас. Гулбадан Муродова оиласи шулардан бири. У 1993 йили Олтинсой туманида оддий деҳқон оиласида беш фарзанднинг учинчиси бўлиб дунёга келган. Мактабни ҳам, коллежни ҳам аъло баҳолар билан тамомлаган. Ўқишни яна давом эттиришга эса ота-онасининг имконияти бўлмаган. Гулбадан 2014 йилда деновлик Ҳусан Мамадиёров деган йигитга турмушга чиқади. Ҳусанбой туғилиб ўсган бу оилада беш нафар ўғил фарзанд бўлиб, уй-жой масаласи анчагина танг эди. Шу сабабли 2016 йилда Гулбадан билан Ҳусанбойнинг оиласида биринчи ўғил фарзанди туғилгандан кейин бошқа жойга кўчиши лозим эди. Шунга мажбур эдилар. Чунки бир хонадонда сиқилишиб қолишганди. Аммо янги уй-жой қуришга, биринчидан, молиявий аҳвол йўл қўймасди, иккинчидан, турар жой қурадиган жойнинг ўзи ҳам йўқ эди. Нима қилиш керак, деган саволга Ҳусан Мамадиёров билан Гулбадан Муродова жавоб тополмай қийналишар эди.

 

Гулбадан бир куни чиқмаган жондан умид дея Денов туман ҳокими Баҳром Маматқулов (ҳозирда собиқ)нинг номига ариза ёзди, сўнг боласини кўтарганча ҳокимнинг қабулига кирди ва юрагини ўртаётган дардини тўкиб солди.

— Бизда ҳозирча уй-жой масаласи анча оғир, лекин   имконият бўлиши билан сизга ёрдам берамиз, — жавоб берди ҳоким.

— Бизга ҳеч бўлмаса вақтинча яшаб туришимиз учун   уй топишда ёрдам беринг…

Қабулга маҳалла оқсоқоллари ҳам таклиф этилган эди. Ҳоким уларга юзланиб сўради:

— Кимнинг маҳалласида бўш ётган уй бор?

Бир маҳалла раиси ўрнидан турди.

— Бизда “Ватанпарвар” жамиятида ишлайдиган бир одамнинг бўш турган уйи бор.

— Шу уйни олиб беринг, вақтинча яшаб турадилар.

Шу уйга кўчиб кириб Гулбаданнинг кўнгли анча тас­кин топди.

Бироқ турмуш ўртоғи Ҳусанбой бирон-бир ишга жойлаша олмади, фақат кунлик мардикорликка чиқишига тўғри келар, баъзи кунлари бир кун иш бўлса, бир неча кун иш бўлмай қолар, шундай пайтларда   оч-наҳор ўтиришларига тўғри келарди.

Ана шундай оғир кунларнинг бирида Гулбаданнинг Тошкентда ишлайдиган акаси: “Сизларга шаҳарга яқин жойдан муқим ишлайдиган иш топдим” деб хабар қилиб қолди.

Ҳусанбой билан Гулбадан Тошкентга йўл олишди. Бу пайтда Гулбадан иккинчи фарзандига ҳомиладор эди. Шаҳарга яқин чорвачилик фермасида иккаласи ҳам ишлай бошладилар. Гулбадан чорвада ишлаётганларга иссиқ овқат тайёрлар, Ҳусанбой эса молларга қарар эди. Бу ерда уларнинг еб-ичиш­лари ҳам, яшаш жойлари ҳам, маошлари ҳам кўнгилдагидек бўлди. Бироқ Гулбадан ўз юртида уй-жойи, томорқаси бўлишини, тўнғич фарзанди ва туғилажак боласи ўз уйида ўйнаб-кулиб вояга етишини, томорқасига турли полиз ва сабзавот экинлари экишни, парранда, мол-қўйлар боқишни жуда-жуда орзу қиларди. Шунинг учун вақти бўлиши билан Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими Отабек Ибрагимов қабулхонасига бориб уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб беришларини сўраб ариза топширди. 2018 йил ёз ойида борганида Отабек Ибрагимов Денов туман ҳокими этиб тайинланган Улуғбек Қосимовга (ҳозирда У.Қосимов Тошкент шаҳар прокурори) қўнғироқ қилиб, унга Гулбадан Муродованинг аризаси бўйича амалий ёрдам беришини сўраганда, у:

— Келсинлар, ёрдам берамиз, — деган ваъда бўлди.

Гулбадан қувона-қувона йўлга тушди.

Улуғбек Қосимовнинг иши бошидан ошиб-тошиб ётганига қарамай Гулбаданни қабул қилди. Унга Денов туманининг Хайробод қишлоғидаги “Пахтакураш” маҳалласи 19-бригадасидан 5 сотих ер ажратиб бериш тўғрисида қарор чиқариб берди. Иморатни қуриш учун банкдан уч йил муддатга   7 фоизли кредит олишга   ёрдамлашди. Қабристон ёнидаги тепаликни   трактор билан суриб, йўл ҳам   очиб берди.

— Нима камчилик бўлса, тортинмай айтаверинг, сизга албатта ёрдам берамиз, — деди ҳоким.

Улар Тошкентда ишлаб топган пулларидан цемент, шағал сотиб олиб икки хонали уйнинг пойдеворини   кўтаришди. Сўнг кеча-ю кундуз уринишиб, лойдан ғишт қуйишди ва уй деворларини тиккалашди. Кредит пулига ёғоч ва   тунука шифер сотиб олиб томни ёпишди.

Денов туман ҳокими Улуғбек Қосимов бошқа ишга ўтиб кетганидан кейин туманга Бахтиёр Ибодов ҳоким бўлиб келди. Бахтиёр Ибодов ҳам   улардан ёрдамини дариғ тутмади. Уй деворларини сувоқдан чиқартирди, иккита дераза олдириб келиб ўрнаттириб берди. Усталар Гулбадан билан Ҳусанбой яхши ният билан сотиб олган эшикни ҳам жойига қўйиб беришди. Туман электр тармоқлари корхонасидан электр ўлчагичгача олиб қўйдиртирди. Уйнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлатиб берди. Яна зарурат бўлиб қолса деб 30 дона ишлатилган, лекин яроқли шифер ҳам топиб беришди. Кўп вақт ўтмай Бахтиёр Ибодов ҳам бошқа ишга ўтиб кетди.

Гулбадан имконияти бўлса ҳеч қачон раҳбарлар олдига ёрдам сўраб бормас эди. Ўзи ёки турмуш ўртоғи   билан ҳал қилиши мумкин бўлган юмушлар билан бирга   ҳал қила олмайдиган   катта муаммолар ҳам бўларкан. Масалан, уйларининг олдидан ўтган Шўрчи ариғи саёз кавлангани учун   Гулбаданларнинг томорқасига сизот сув ўтар ва уй олдидаги чуқурлик сувга тўлиб қолар эди. Сизот сувлардан қутулишнинг бирдан-бир йўли Шўрчи ариғи ўзанини   чуқурлаштириш, уй олдидаги ҳовузга ўхшаб сизот сувга тўлиб турадиган чуқурликни   тупроқ олиб келиб тўлдириш, Шўрчи ариғи устига бетон плита ётқизиб, яна юз метрча масофага йўл очиш каби ишлар ҳозирча   Гулбаданнинг қўлидан келмайди. Бундай вазиятда у ёрдам сўрамаслигининг сира ҳам иложи йўқ эди.

Гулбадан Муродова шундай дейди:

— Сизот сувлардан қандай қутулишни билмай бошим қотиб юрган пайтларда туманимизда вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг сайёр қабули бўлишини эшитиб, у ерга мен ҳам бордим.

Вилоят ҳокими менинг Шўрчи ариғини чуқурлатиш   тўғрисидаги арзимни эшитгач, туман сув хўжалиги раҳбарини ёнига чақиртирди ва Шўрчи ариғи ўзанини чуқурлатишга зудлик билан киришиш тўғрисида топшириқ берди. Кўп ўтмай сув хўжалиги ходимлари техникалари билан келиб Шўрчи ариғи тубини   янада чуқурлатишга киришдилар. Бунинг натижасида сизот сувлар   ҳовлидан чекинди…

Энди Гулбадан олдида уйи ёнидаги чуқурни туп­роқ билан тўлдириш, йўлни қабристонни кесиб ўтадиган жойдан эмас, ҳарбий қисм ёнидан ўтадиган қилиб очиш, бунинг учун Шўрчи катта ариғи (зовури) устидан кўприк қуриш муаммоси турар эди.

Бу масала бўйича ваъдалар мўл бўлди, лекин…

У тоқати тоқ бўлгани учун “Давр” телеканалига ариза ёзиб   юборди.

Шундан кейин туман мутасаддилари маҳалла оқсоқоллари билан борди. Аҳвол билан танишди.

— Ҳақиқатан ҳам ночор яшар экансизлар. Мен сизнинг ҳовлингизга тупроқ тўктириб, текислатиб бераман. Шўрчи ариғи устига плита ётқизиб кўприк ҳам қурдириб бераман. Уйингизни таъмирдан чиқариб берамиз, — деб ваъдалар беришди. Аммо…

Гулбадан Муродованинг ўзи ҳам “Берсанг ейман…” деб қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Асло. У ота-онасининг, акасининг ёрдами билан   бир неча товуқ ва курка жўжаларни сотиб олди. Меҳр билан парвариш қилиб, уларни кўпайтирди. Қишнинг қаҳратон совуқлари пайтида жўжаларни кечалари ўзи яшайдиган уйга олиб кириб асради. Курка ва товуқларидан   аста-секин сотиб банкдан уй қуриш учун олган ўн миллион сўмлик кредитини ҳам узди. Кейинчалик туман ҳокимлиги қила олмаган ишни қилди, икки машина тупроқ олиб келиб чуқурга тўктирди.

Тумандаги йирик, чорвачилик билан ҳам, пахтачилик билан ҳам шуғулланадиган кўп тармоқли фермер хўжалигининг раҳбари Бозор Хайитов Гулбаданнинг турмуш ўртоғи Ҳусанбойни ўзининг чорвасига бош чўпон вазифасида ишлашга таклиф қилди. Бозор Хайитов ёши улуғ, ҳаж сафарини адо қилиб ҳожи бўлиш насиб этган, ўзига тўқ инсон.

— Ҳар ой сенга бир миллион сўмдан   маош тўлайман, ўрим мавсумида 2 тонна буғдой, бир тележка сомон пресс, кузда эса бир тележка ўтин-ғўзапоя бераман, маъқулми? — сўради фермер Бозор Хайитов.

— Маъқул, Бозор ота, — деди кутилмаган таклифдан хурсанд бўлган Ҳусанбой.

Турмуш ўртоғининг ишга кирганини эшитиб   қувонч­дан Гулбаданнинг   боши осмонга етди. Эртасига эрталаб эрининг қўлига меҳнат дафтарчасини бераркан:

— Агар фермер бобо меҳнат дафтарчасига   ишга кирганингизни ёзиб муҳр босиб берса, стаж ҳам бўлади, — деб айтди.

Ҳусанбой меҳнат дафтарчасини фермерга берган эди, у:

— Сен, ўғлим, менга бир йил юракдан ишлаб бер, шунда сенинг меҳнат дафтарчангга бир йил эмас уч йил ишлади деб ёзиб бераман, — дея меҳнат дафтарчасини унинг ўзига қайтариб берди.

Бозор Хайитовнинг фермер хўжалиги туманнинг Ҳазарбоғ   ҳудудида жойлашган бўлиб, Ҳусанбойларнинг уйидан 3,5-4 километр узоқликда эди. У ишга кирган пайт қиш эди, ҳар куни эрта тонгда велосипедида қаттиқ совуқ бўлишига қарамай йўлга чиқар, кечқурун эса кеч соат 9-10 ларда уйга қайтиб келар эди.

Буғдой ўрими пайтида   унга ваъда қилинган икки тонна буғдой, бир тележка сомон пресс   берилди. Икки ой бир миллион сўмдан маош ҳам олди. Аммо учинчи ойга ўтганда ойлик маоши 700 минг сўмга тушиб қолди. Фермер бунинг сабабини шундай тушунтирди: “Туман ҳокими мажлисда қўл остингизда ишлайдиган ишчиларнинг ҳар бирига буғдойдан бўшаган   майдонлардан бир гектардан ер беринглар, улар нимани хоҳласа экиб олишсин”, деб топшириқ берди. Мен сенга ҳам Ҳусанбой, бир гектар ер бераман, ерга нимани хоҳласанг экиб, ҳосил пишганда йиғиштириб олаверасан, шунинг учун маошингни етти юз сўмга туширдим. Ҳам ойига бир миллион маош, ҳам бир гектар ер бериш менга оғирлик қилади”, деди.

— Ярим гектар ерга уруғлик маккажўхори, қолган ярим гектарга ерёнғоқ экамиз, куркалардан сотиб уруғлик оламиз. Ҳосилимиз яхши бўлса 30-35 миллион сўм даромад қилишимиз мумкин. Эҳ, қанийди,   даромадимиз яхши бўлса, ўғилларимизнинг тўйларини ўтказардик, уйимизни чиройли қилиб таъмирдан чиқариб олардик, — дея ўйлади, бир гектар   ер берилишидан хурсанд бўлган Гулбадан.

Гулбаданнинг онаси 25 килограмм уруғлик ерёнғоқ берди. Унинг ўзи яна 25 килограмм   уруғлик ерёнғоқни яқин қўшнисидан сотиб олди. Кейин уруғлик маккажўхори донини ҳам топди…

Ер ажратилиб, экиш бошланганда фермернинг ўзи машинасида келиб уруғларни олиб кетди.   Уруғлар   экиб бўлингандан кейин уни фермер   ҳузурига чорлади.

— Мана, экининг экилди Ҳусанбой. Энди   суғораман, ишлов бераман, деб   чорвадаги асосий ишингдан чалғиб юрмагин, ўғлим. Яхшиси суғоришни, ишлов беришни, минерал ўғитлар билан озиқлантиришни   мардикорларга қилдирайлик, сен мендан оладиган икки ойлик иш ҳақинг — бир миллион тўрт юз минг сўмни мардикорларга сарфлайлик. Шунда ферманинг иши ҳам, деҳқончилигинг ҳам юришади. Бу ишларни ўзим назорат қиламан. Ҳосил пишгач, экинингни ўзинг йиғиштириб уйингга олиб кетаверасан, келишдикми?

Ҳусанбой икки ойлик иш ҳақим мардикорларга бериладиган бўлса, хотиним ва болаларимнинг озиқ-овқати нима бўлади деб ўйлаб ичи туз сепгандай ачишди-ю, аммо фермерга “Келишдик!” деб жавоб беришдан бошқа чора топа олмади.

У вақти бўлиши билан даласига бориб экинларидан хабар олар, маккажўхори, ерёнғоқлар гуркираб ўсаётганидан кўнгли тоғдек кўтарилар эди.

Кун кетидан кун ўтиб ҳосилни йиғиштириб оладиган палла етиб келди.

Худди мана шу пайтда уларнинг иккала фарзанди бирдан оғир касал бўлиб қолди. Ҳусанбой билан Гулбадан бир мунча вақт болаларни даволаш билан овора бўлиб қолишди.

Маош олинмагани учун иккаласи ҳам бор таниш-билишларидан қарз кўтариб, фарзандлари учун дорихонадан дори-дармон ва иккинчиси эса дўкондан   озиқ-овқат олишларига тўғри келарди.

Яхшиям маҳалла раиси Илҳом ака Холназаров бор экан, хабар олиб турди, ўрни келганда “Тез ёрдам” чақириб берди, пулдан ҳам   ёрдам берди.

Фарзандлар соғайганидан кейин Ҳусанбой далага борса   ерёнғоғи ҳам, маккажўхориси ҳам   йиғиштириб олинганини кўриб ҳайрон бўлиб қолди. Суриштириб, экинни фермер Бозор Хайитов йиғиштириб кетганини билди. Балки бизга ёрдам бўлсин деб уйига олиб бориб қўйгандир, деб ўйлади у.

Эртасига Гулбадан ва Ҳусанбой фермернинг ­уйига боришди.

— Ҳожибобо, бизнинг еримиздаги ҳосилни   йиғиштириб олган экансиз, шуни олиб кетгани келувдик?

— Қанақа ер? Қанақа ҳосил? — сўради фермер пешонасини тириштириб. — Мен сизларга ер бермаганман, — деди у бошини чайқаб. Сўнг хотинига   қараб, онаси, уйдан бир дона нон олиб чиқ, жўгилар келишибди, бериб юбор. У шундай деб ўрнидан туриб кўчага чиқиб кетди.

Гулбадан ва Ҳусанбой бу ҳақоратли гапни эшитиб турган жойида қотиб қолишди. Сўнг бир гектар ердан 30-35 миллион даромад оламиз, тўй қиламиз, уйимизни чиройли қилиб таъмирлаймиз деган ниятлари ер билан яксон бўлганини билиб, даҳшатга тушишди.

Гулбадан билан Ҳусанбой, табиийки, туман ҳокимининг олдига арз билан боришди. Ҳоким   пахта пунктида уларни фермер билан юзлаштирди. Туман кластери бошлиғи ҳам шу ерда эди.

Гулбадан Муродова пахта пунктида бўлиб ўтган суҳбатни шундай эслайди :

— Бу бола, — деди фермер эримни қўли билан кўрсатиб, — чорвада ишлади, ҳалол ишлади, аммо ер эккани йўқ.

— Биз бир гектар ерга маккажўхори ва ер- ёнғоқ экканмиз, дейишим билан туман кластер бошлиғи   бизни ҳақорат қилгандай шундай деди:

— Ҳожибобо биз ўтказган барча тадбирларда фаол қатнашади, сизлар ким бўлибсизларки, у кишининг номига доғ теккизмоқчи бўляпсизлар?!

Унинг бу гаплари нафсониятимизга қаттиқ тегди. Биз пахта пунктидан хафа бўлиб   чиқдик ва турли идораларга шикоят хатлар ёздик. Бир кун бизни Денов туман прокуратурасидан Мухтор Олтибоев   телефон қилиб прокуратурага келишимизни   айтишди.

Бордик.

У жиноят кодексини очиб бир жойини ўқиш учун эримга берди. Эрим ҳаяжонланганидан ўқий олмади. Мен ўқидим. Прокурор кўрсатган жой “Туҳмат” деб аталар экан.

— Нима бизни туҳматчи демоқчимисиз? — сўрадим мен.

— Ҳа, — у шундай деб столи устидаги бир талай ҳужжатларни қўли билан кўрсатди. — Шуларни ёзган одамларнинг кўпи ҳозир қамоқда ўтирибди, чунки улар бировларга туҳмат қилганлар, сизлар ҳам шулар қаторига қўшилиб қолгансизлар.

Прокурор фермерни ҳам чақиртирган экан, у хонага кириб эримга: “Мен сени туҳмат қилганинг учун қаматиб юбораман” деб дағдаға қилди.

— Қаерга ёзсангизлар ҳам хатларингиз   менинг қўлимга келиб тушади, шунинг учун аризабозликни бас қилинглар, — деди Мухтор Олтибоев бизга.

Шунда мен қадимги “Бой бойга боқар, сув сойга оқар” деган мақолни алам билан эслаб,   чорасизликдан кўз ўнгим қоронғилашиб кетди.

Хуллас, биз ҳақлигимизни исботлаб бера олмадик. Еримизни экиб берган тракторчи ҳам бизнинг еримизни экмаганини айтди. У билан бирга ишлаганлар ҳам эримни эмас, фермернинг ёнини олишди. Улар фермернинг ёнини олишга мажбур. Шундай қилмаса уларнинг бошига ҳам бизнинг бошимизга тушган кўргулик тушиши тайин эди…

Ички ишлар ходими Мансур ака Гулбадан билан Ҳусанбойга мурожаат қилиб “Ўзларингизнинг ҳақ эканлигингизни исботлайдиган ҳеч бўлмаса биронта гувоҳ топиб беринглар” деган эди, Гулбадан   ўзига   25 килограмм ерёнғоқ уруғи сотган аёлни эслади ва Ички ишлар ходимини унинг олдига бошлаб боришди. Аёл ҳақиқатдан ҳам йигирма беш килограмм   ерёнғоқ уруғини уларга сотганлигини тасдиқлади.

Дарвоқе, Деновда Гулбадан Муродова ва Ҳусан Мамадиёров билан фермер Бозор Хайитов ўртасида келиб чиққан низони холис ўрганган ва холис хулосага келган раҳбарлар   ҳам йўқ эмас. Шулардан бири Денов туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг бошлиғи Б.Шеровдир.

У туман ҳокимига ва Гулбадан Муродовага ёзган хатида   қуйидагиларни баён қилган:

“Денов туман “Пахтакураш” маҳалласи Хайробод қишлоғида яшовчи фуқаро Муродова Гулбадан томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти веб сайтига қилган мурожаати юзасидан тумандаги Ҳазар­боғ ҳудудида фаолият юритиб келаётган “Хайи­тов Бозор” фермер хўжалиги раҳбари Хайитов Бозор томонидан 1,0 (1 гектар-таъкид бизники. Ш.А.) гектар ер майдонига фуқаро   Муродова Гулбадан ўртасида оғзаки келишув асосида деҳқончилик қилиш мақсадида сабзавот экинлари экиб етиштирилган. Ўрганиш жараёнида ушбу 1,0 гектар ер майдонидан олинган ҳосил “Хайитов Бозор” фермер хўжалиги раҳбари Хайитов Бозор томонидан   ички бозорда сотилиб фуқаро Муродова Гулбаданга келишилган ҳосилдан ёки даромаддан оғзаки келишувга асосан ҳақини бермасдан келаётганлиги аниқланди…”

Денов туман ҳокими Рустам Пардаев ҳақли равишда ушбу хатга асосланиб Гулбадан Муродовага   “Судга мурожаат қилинг” деб жавоб берди.

Бироқ…

Бир неча кундан кейин фермер одам юбориб “уч миллион сўм бераман, рози бўлишса олишсин” деб хабар юборди.

Камбағал, ночор, бўлишса ҳам, бу оила ғурурли бўлгани сабабли, бу таклифни рад қилишди.

— Таҳририятингизга келиш, бу гапларни достон қилиш хаёлимда ҳам йўқ эди, дейди Г.Муродова. —Мен аслида кўмак сўраб, Олий Мажлис ҳузуридаги Омбудсманга хат олиб келган эдим. Ҳужжатларимдан нусха кўчираётган жойимда бир киши менинг ночор аҳволимни кўриб, “Синглим, тинчликми, нима юмуш билан юрибсиз?”, деб сўраб қолди. Мен бошимдан ўтказаётган муаммоларимни қисқача айтган эдим, у киши: “Сиз — “Hurriyat” деган газета бор, эркин минбар, албатта боринг”, деб манзилингизни берди”, дейди у.

Г.Муродованинг бизга айтишича, гап уларнинг ҳақини еб кетган ноинсоф фермерда ҳам эмас. “Майли, Худо ҳар кимнинг қилмишига яраша жазо беради, ризқ ҳам Аллоҳдан”, — дейди у. Аммо уларни қийнаётган бир асосли муаммо бор. Бу муаммо бир қанча йилдан буён ҳал бўлмаяпти. Хусусан, улар яшайдиган уй хўжаликнинг энг чекка ҳудуди бўлиб, ёлғизоёқ йўл эса шу ердаги қабристоннинг қоқ ўртасидан ўтади.

— Биз ҳам одам. Ёш болаларим бор. Қабристон оралаб ёлғиз юришга, айниқса, кеч тушган маҳаллари қўрқамиз. Турмуш ўртоғим бизни боқаман деб уйга кеч қайтади. Уйимизга борадиган йўл йўқ ва бунинг чораси катта ариққа кўприк солиниши керак. Шу масалада бизга кўмак керак. Агарда катта ариқ — зовур устига ҳеч қурса, иккита бетон плита ўрнатиб беришганда, 150 метр нарида катта асфальт йўл бор — уйимизга тўғри келади шу йўл. Болаларимнинг келажаги учун ҳам яхши бўларди, хавотирсиз яшардик, дейди у.

Қизиқ, шу муаммо учун бир фуқаро пойтахтга келиб, арз-шикоят қилишга арзийдими? Наҳотки, Деновдай туманда ана шу кичик бир масалани ҳал қилишнинг имкони бўлмаса?!

Бир инсоннинг қалбини шод этиш, кўмак беришнинг нақадар улуғ савобли юмуш эканлигини мутафаккир Алишер Навоий бундан қарийб олти аср илгари ўзининг қуйидаги ҳикматли байти ила ифодалаган эди:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин

                                                           шод айлагай,

Онча борким Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.

Ўйлаймизки, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов ва яқинда Денов тумани раҳбарлигига тайинланган Абдумалик Алламуродов бу оилага кўмак қўлини чўзсалар, ғоят савобли иш бўлур эди.

Қолаверса, бу Президентимизнинг бугунги сиёсати талабидир. Ночор, яшаш шароити оғир кишиларга кўмак бериш, уларни ўзларига мос иш ўринлари билан таъминлаш зарур.

Яна бир гап: биз Гулбадан Муродова билан гап­лашдик, суҳбатлашдик. Бир камсиқум, лекин турмуш ташвишларидан қийналган, аммо гап-сўзларидан юртимизда кечаётган жамики ўзгаришлардан, янгиланиш­лардан рози, миннатдор бир ўзбек аёли экан.

Ўйлаймизки, мутасаддилар бефарқ бўлишмас.

Шоҳрух АКБАРОВ,

ҳуқуқшунос-журналист,

2-даражали адлия маслаҳатчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × five =