“Атиргул” — журналист аёлларга муносиб туҳфа
Ўтган ҳафта оммавий ахборот воситаларида кенг жамоатчилик, ижод аҳли, айниқса, соҳа ходимлари, матбуотимиз жонкуярлари орзиқиб кутган хушхабар тарқалди: Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ўтказиб келинган “Атиргул” танлови қайта ташкил этилганини эълон қилди. Сўнгги йилларда молиявий сабабларга кўра ўтказилиши тўхтаб қолган ушбу танловни қайта тиклашдан кўзланган мақсад мамлакатимизда журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш, эришган ютуқларини эътироф этиш ва уларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, бугунги кунда аёлларнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўрни ва таъсири янада ортиб бораётганини республикамизда меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётганида ҳам яққол кўриш мумкин. Мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етгани, юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилгани эътирофга молик.
Қайси соҳада фаолият олиб боришидан қатъий назар, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олийжаноб қадрият ҳисобланади. Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳеч шубҳасиз, бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам албатта оила ва жамиятнинг устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган аёлларга боғлиқдир.
Агар биз халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак”.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
Юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, умуминсоний қадриятларни тарғиб этиш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда журналист хотин-қизларнинг ҳам муносиб хизмати бор, албатта.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси миллий оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, жаҳон андазалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, журналист аёлларнинг касбий маҳорати, интеллектуал савиясини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳаётидаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бугунги кунда олий ўқув юртларини тамомлаб, журналистика соҳасига кириб келаётган кадрларнинг 60-70 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, оммавий ахборот воситаларида кўпчилик журналист аёллар хизмат қилаётгани барчага маълум.
Журналистик фаолият билан шуғулланаётган зукко опа-сингилларимиз томонидан ёзилган мақолалар, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туради. Республикамиз миқёсида ўтказиладиган журналист хотин-қизлар ўртасидаги танловнинг “Атиргул” деб номланиши бежиз эмас. Зеро, АТИРГУЛ тимсолида аёл нафосати ва гўзаллиги мужассам.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгашининг 2021 йил ноябрь ойида ўтказилган йиғилишида Уюшма томонидан “Атиргул” танловини қайта тиклаш, мазкур танлов ғолибларини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тақдирлаш таклифи билдирилди ва таклиф Журналист аёллар кенгаши аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Ҳақиқатан ҳам, журналист аёллар орасида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга ўз касбий фаолиятида фидойилик кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида танловининг қайта тиклангани айни муддао бўлди.
Бугунги кунда журналист аёлларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги давлатимиз, жамиятимиз учун ҳар қачонгидан муҳимлигини яққол кўриб турибмиз.
Босма ва интернет нашрлари, телевидение ва радио соҳасида фаолият кўрсатаётган аёл журналистларнинг ижодий изланиши, ёритилаётган мавзуга ўзига хос ёндашиши, жамиятда кечаётган ижобий янгиланишлар билан бирга мавжуд муаммоларни ҳам кўра билиши ва уларни ҳал этиш йўлларини топиши, бир сўз билан айтганда, ўз касбига нисбатан фидойилиги эътироф этилиши керак.
“Атиргул” танлови журналист аёлларнинг касбий маҳоратини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш, иқтидор эгаларини рағбатлантириш, босма ОАВ, интернет нашрлар ва эфирга узатиладиган телерадиомаҳсулотлар сифатини яхшилаш, материаллар тайёрлашда фикрлар хилма-хиллиги ва турлича ижодий ёндашувларга самарали таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Танловнинг тарихига назар солсак, 1998 йилда илк мукофотга таниқли журналист Мукаррама Муродова лойиқ топилганини, 2003 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Дилбар Маҳмудова, 2004 йилда Наталья Кочубей, 2006 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ҳулкар Тўйманова, 2010 йилда Назокат Усмонова, 2011 йилда Муҳтарама Улуғова ва Сайёра Шоева “Атиргул” танлови ғолиби бўлганини кўрамиз.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Атиргул” танлови номигагина тикланмади, замон руҳига мос янги маъно-мазмун касб этди. Буни танлов йўналишлари ҳам англатиб турибди: “Инсон қадри улуғланган энг яхши материаллари учун”, “Гендер тенглик масаласи энг яхши ёритилган материаллари учун”, “Ёшлар муаммолари энг яхши ёритилган материаллари учун”, “Оила ва маҳалла мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун”, “Экологик муаммолар энг яхши ёритилган материаллари учун”, “Ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун”, “Журналистика соҳасидаги энг яхши илмий-тадқиқоти учун”, “ОАВ билан фаол ва тезкор ишлагани учун”.
Телевидение, радио, босма ва интернет нашрлари, ахборот хизматлари, шунингдек, журналистика соҳасида илмий фаолият олиб бораётган хотин-қизлар айнан шу йўналишлар бўйича танловда беллашади ва бу йўналишларнинг ҳар бири ҳозирги кунда долзарб ҳисобланади.
Инсон қадрини улуғлаш. Кўп йиллар давомида “давлат – жамият – инсон” тамойилга амал қилиб келинган бўлса, энди барча ҳаракатлар “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойилга қаратилди. Инсон биринчи ўринга қўйилди. Аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш, ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш, айниқса, инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Гендер тенглик масаласи. Жамиятни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилган. Куни кеча Президентимиз ташаббуси билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.
Оила ва маҳалла. Инсон, аввало, оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида шаклланади. Оилаларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришда маҳалла муҳим ўрин тутади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги мавқеини оширишга жиддий эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Экологик муаммолар. Юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Танловнинг “ОАВ билан фаол ва тезкор ишлагани учун” йўналиши бўйича сўз юритсак, сўнгги йилларда давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари — расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу рақам 3000 га етди. Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланди. Турли ташкилотларнинг ахборот хизматларида фаолият олиб бориб ОАВ билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда.
“Атиргул” танловига “Ёшлар муаммолари энг яхши ёритилган материаллар учун”, “Ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун”, “Журналистика соҳасидаги энг яхши илмий-тадқиқоти учун” каби йўналишлар киритилгани ҳам эътиборга лойиқ.
Мухтасар айтганда, “Атиргул” танловининг қайта тикланиши ва ўтказилиши журналист аёлларга эҳтиромнинг ўзига хос рамзи дейишимиз мумкин. Ғолибларга диплом, махсус статуетка ва қимматбаҳо совғалар 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида тантанали равишда топширилади.
“Атиргул” муборак бўлсин!
Олимжон Ўсаров,
Ўзбекистон Журналистлари
ижодий уюшмаси раиси