Узоқлар олис энди…

Ёқубжон Хўжамбердиевни ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида таниган эдим. Самимий ва мулоҳазали, қалами ўткир журналист сифатида унга ҳавас қилардим. Республикамизнинг марказий газеталари таҳририятлари жойлашган Матбуотчилар кўчасининг 32-уйи ҳам у пайтлар бошқача, файзли эди. Бир эшикдан кириб чиқадиган ҳамкасблар ўзаро оқибатли, бир-бирларига елкадош, улар ўртасидаги ижодий мулоқотлар жуда самимий бўларди. Ёши улуғ, тажрибали журналистларнинг олдидан кесиб ўтолмасдик. Улар ҳам ўз навбатида биз каби ёш журналистларга меҳрибон эди. Ёқубжон ака ҳам бағрикенг, шогирдларига жуда ғамхўр ижодкор эди.

Улуғларимиз агарки, ҳар киши дўстларининг дўстини кўрса, албатта, уни ҳурмат қилиши лозим деб таълим беришган. Раҳматли устозимиз Турсунбой Адашбоев туфайли Ёқубжон Хўжамбердиев билан ака-укачилик ришталаримиз янада махкам боғланиб қолганди. Турсунбой Адашбоев ташкил этган ижодий йиғинимиз бор эди. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни бир гуруҳ қадрдонлар Навоий кўчасининг ўттизинчи уйига туташ жойлашган мўъжазгина ошхонада тушлик пайти учрашиб турар эдик. Бу даврани Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Дадахон Нурий, Турсунбой Адашбоевлардан бизгача давом этиб келаётган адабий мулоқот – дўстлар дийдори деб атасак ҳам бўлаверади. Иброҳим Ғофуров, Аҳмаджон Мелибоев, Ҳуршид Дўстмуҳаммад, Зуҳриддин Исомиддинов каби маънавиятимиз, адабиётимиз жонкуярлари ҳам шу давранинг тўрида бўлиб, Ёқубжон ака Хўжамбердиев ҳам даврамизга файз киритиб турарди. У камтарин, юмшоқкўнгил, камгап бўлса-да чин сўзлайдиган, зеҳни-заковати билан кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган адиб эди.

Ҳаёти дунёнинг ўткинчи ҳавас­ларига истаги сустлиги билан ажралиб турадиган Ёқубжон акага замонамизнинг етук адибларию ислом уламолари ҳам эҳтиром кўрсатишар эди. У бундай мақомга қандай эришди деган саволга жавоб топгандай бўламан.

Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ўзбекзабон ижодкорлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган забардаст журналист, халқимиз тақдири учун чин дилдан куйган, унинг турли йилларда йўлиққан дардларига дармон излаган, бу йўлда дармону андармон бўлиб келган устозимиз, маслакдошимиз ва акамиз Ёқубжон Хўжамбердиев ҳамиша миллат, юрт қайғусига шерик эди…

Ёқубжон ака 1947 йилнинг 15 мартида Қирғизистон Республикаси, Ўш вилоятининг Сузоқ қиш­лоғида туғилган эди. Мактабни битириб, Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқийди.

Талабалик йилларидаёқ “Тошкент оқшоми”, “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”), “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газеталарида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлайди. Ўқишни тамомлагач, “Қиш­лоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”) газетасига мухбир бўлиб ишга ўтади. 1981 йилда “Ўзбекис­тон маданияти” газетаси қайта ташкил этилиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” номи билан чиқа бошлаганда ёш журналист бир рус адибининг иккита мақоласини таржима қилиб беради. Таржимадан қониққан газета муҳаррири, ёзувчи Асқад Мухтор Ё.Хўжамбердиевни газетага ишга таклиф қилади.

Кейинроқ, 1992-1996 йилларда янги ташкил этилган “Ватан” газетасига бош муҳаррирлик қилди. Бу орада шоир ва ёзувчи сифатида ҳам самарали ижод қилиб улгурди.

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг 1981-87 йилларда “Зарурат”, “Ой тўлган тунлар” шеърий, “Уйда тинчи бўлсин, йигитнинг” номли публицистик мақолалар тўп­ламлари чоп этилди.

Ўзбек халқи бошига тушган бўхтонлардан иборат “Ўзбек иши” деб номланган жиноий иш кирдикорларини ўрганиб, 1990 йилда собиқ шўролар иттифоқи ҳали тарқамай туриб, ўзбекларга нисбатан турли бўҳтонлар ҳамон янграб турган бир пайтда Ёқубжон аканинг “Ўзбеклар иши” номли публицистик мақолалар тўплами қирқ беш минг нусхада чоп этилади. Бу китобда муаллиф ҳақиқий ўзбеклар иши, яъни ўзбек халқининг оғир меҳнат остида кечираётган турмуши ҳақида ҳикоя қилади.

Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йилда Қирғизистоннинг жанубида рўй берган этник тўқнашувлар сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзган мақолалари билан ҳам кенг танилган эди.

Таржимонлик соҳасида ҳам яхшигина тажрибага эга бўлган адиб 1998 йилда ёзувчи Набижон Боқий билан биргаликда Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” асарни ўзбек тилига ўгиради.

Кейинги йилларда ёзувчининг “Ойнинг ёруғ кунлари”, “Қалдирғочлар баҳорда келади” каби қиссалари ва “Сузоқнома” тарихий-бадиий асари китоб бўлиб чиқди.

Ёқубжон Хўжамбердиев кўп йиллар буюк аллома, ўз даврининг улуғ сиймоларидан бири, “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси” асарлари муаллифи Алихонтўра Соғунийнинг ҳаётини ўрганди. Соғунийнинг Ўрта Осиёда Ислом динини мустаҳкамлаш ва Туркистон халқлари озодлиги учун курашда тутган мислсиз ўрни ҳақида кўп мақолалар ёзди.

Ана шу изланишлари натижаси ўлароқ ёзувчи аввалига 2014 йилда “Соғуний соғинчи” номли қиссасини чоп эттирди. 2018 йилда эса муаллифнинг “Соғуний” деб номланган кенг кўламли роман-маноқиби дунё юзини кўрди.

Бир воқеа ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Турсунбой Адашбоевнинг саксон йиллик маъракасини нишонлаш учун ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар Ўш шаҳрига боргандик. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, ўшанда Эркин Маликов, Ёқубжон Хўжамбердиев билан Зуҳриддин Исомиддиновнинг укаси Аҳмаджон ҳожи хонадонида бир-неча кун меҳмон бўлдик. Ўзбекона меҳмондўстлик, исломий ахлоқ нафаси уфуриб турган бу файзиёб хонадон соҳиблари бизларни жуда эъзозлаганлари ҳали-ҳануз ёдимда. Ўшанда тўртовимиз ярим тунгача дилдан суҳбатлашдик, ибодат қилдик, иборали қилиб айтганда, бир-бирларимизни янгидан кашф этдик. Дўстона меҳру муҳаббатимиз янада ортди.

1990-1991 йиллар ўзбек халқи ҳаётида моддий жиҳатдан анча қийин кечган бўлсада, аммо маънавият нуқтаи назаридан жуда баракали бўлган эди. Қуръони Карим уламои киром Алоуддин Мансур ҳазратлари томонидан замонавий ўзбек тилига ўгирилган эди. Ёқубжон ака Турсунбой Адашбоев хотирасига бағишлаб ўтказиладиган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш ўзбек драма театридаги ижодий учрашувга Алоуддин Мансур ҳазратларини ҳам таклиф қилди. Узоқ йиллар орзиқиб кутган ниятим ушалди. Аллома Алоуддин Мансур ҳазратлари билан суҳбатлашиб, дуосини олдим. Ярим аср Ўшнинг Аравонидаги мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан муаллимлик қилган раҳматли шоир Кенжабой отам Алоуддин Мансур ҳазратларини жуда ҳам эҳтиром билан тилга олганлиги сабабидан ҳам мен учун бу танишув катта бахт эди.

Ўшанда Алоуддин Мансур билан Ёқубжон аканинг бир-бирларига жон жигардек муносабат қилганларини кўриб ҳайратланган эдим…

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов шундай эслайди: “Ёқубжон Хўжамбердиев ҳамиша адолат йўлида юрар, ростсўз унинг доимий қуроли бўлган. Миллатимизнинг хос хислатларини яхши кўрар, уни зўр бериб тарғиб этарди. Тошкентнинг Қорасув даҳасида йигирма йил қўшни бўлиб яшаганмиз. Қўшнилик ҳаққини муносиб адо эта олган, оқибатли ва садоқатли дўстимиздан айрилиш катта йўқотиш бўлди. У қирғиз адабиёти, Чингиз Айтматов асарларининг толмас тарғиботчиси эди. Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Усмон Аъзим, Эркин Аъзам, Мирпўлат Мирзо, Набижон Боқий каби ижодкорлар билан яқин дўст эди. Мамлакатимизнинг Қорақалпоғистонидан тортиб барча вилоятларида Ёқубжон акани қучоқ очиб кутиб оладиган минглаб мухлислари бор эди”.

…Ёқубжон Хўжамбердиевнинг мотамсаро хонадонидамиз. Яратган яна икки ҳафта умр ато этганида у етмиш беш баҳорини нишонлар эди. Парвардигоримиз ҳузуридаги Лавҳул Маҳфуз китобида тақдири баҳор келган куни бу фоний дунёдан у боқий дунёга рихлат қилиш Ёқубжон акамизнинг пешонасига битилган экан, бу Аллоҳнинг иродасидир. Марҳум адибимиз ўз китобида ёзганидек, бу йил баҳорда келадиган қалдирғочларни кўриш унга насиб қилмади.

Марҳумнинг хотирасига қилинган амри-маъруфда Ёқубжон аканинг қори жияни йиғилганларга қарата шундай деди: “Ёқубжон акамиз исломий ахлоқ билан умр кечирди, зурриёдларига китоб деган илм қолдирди. Бандалик қилиб, билиб-билмай кимнидир дилига озор етказиб қўйган бўлса, бизлар узр сўраймиз. Парвардигоро, Ёқубжон отамизнинг охирати нурга тўлсин, борган жойлари жаннат боғларидан бир боғча бўлсин! Омин…”

Таъзиядан қайтар эканмиз, ҳамроҳимиз Абдунаби Бойқўзиев ўзининг Ёқубжон Хўжамбердиевга атаб ёзган бахшидасини кўзда ёш ила ўқиди:

 

О, болалик тонглари…                           

Узо-оқлардан келади.

Сулаймонтоғ, Ўш, Ўзган,

Сузоқлардан келади.

 

У тонгларга йўғрилиб,

Келади, бир орзулар,

Биз, орзулар қилардик,

Олисларни орзулаб…

 

Шу олис орзуларда,

Олис-олис кетдик биз.

Қисмат – тахти армонни

Шош сориға элтдик биз.

                                          

Болалик…

Узо-о-қларда!

Узоқла-а-р… олис энди!

Биз Шошларда қопкетдик,

Узоқлар… олис энди!..

 

Сузоқлар олис энди,

Сузоқлар олис энди!

 

Меҳрибон ота, садоқатли ёр, ишончли дўст ва ғамхўр устоз бўлган Ёқубжон ака Хўжамбердиевнинг ёруғ хотираси ҳамиша биз билан қолади.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − eleven =