Фотожурналистлар учун ҳам катта рағбат

“Энг яхши фоторепортаж учун” номинацияси ғолиби, Daryo.uz интернет сайти фотомухбири Мадина НУРМАН:

Ростини айтсам, “Олтин қалам” танловида фотожурналистика йўналиши деган алоҳида номинация борлигининг ўзи жуда қувонарли. Чунки бу фотожурналистлар учун катта рағбат. Танлов нафақат етук профессионаллар, балки соҳада 5-6 йилдан буён ишлаётган менга ўхшаган ёшларга ҳам имконият бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Ҳар қандай танловдаги ғолиблик эса инсонга катта туртки ва интилиш беради.

Фотожурналистика миллий матбуотимиз учун энг керакли ва айни дамда бироз оқсаётган йўналишлардан бири. Негаки, бугунги кунда қўлтелефонлари орқали бир-икки суратга олиб, “фотомухбир”га айланаётганлар кўпайиб кетди. Фотожурналистикани алоҳида бир касб, соҳа сифатида чуқур ўрганган, ҳануз ўрганишда давом этаётганлар афсуски, бармоқ билан санарли. Бу гаплар билан ўзимни ҳар томонлама мукаммал, профессио­нал фотожурналист деб ҳисоблаб, ақл ўргатмоқчи эмасман аммо фотожурналистикани ривожлантириш учун тажрибали, бир неча йиллар давомида соҳада меҳнат қилиб келаётган устоз фотосуратчиларга таклиф билан чиққан ҳолда ёшларга дарс беришни йўлга қўйиш керак деб ўйлайман. Айнан шу ишлар орқали фотожурналистикамиз анчайин жонланган бўларди. Юқорида келтирганимиздек, ҳар йили ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” танловида фотожурналистика йўналишининг борлиги бу соҳага қизиқувчилар сонини янада оширмоқда.

Шу ўринда яна бир нарсани унутмаслик керакки, тажрибали фотосуратчиларга қониқарли меҳнат шароит­лари ва молиявий имкониятлар яратиб берилсагина бирор натижа кутиш мумкин. Яна бир томони, профессио­нал фототехникалар ўзига яраша катта харажат талаб қилади. Табиийки соҳага энди кириб келаётган ёшларнинг бундай молиявий харажатларга қурби етмайди. Уларни илғор техника билан таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Буларнинг бари асосий тамал тоши қўйилгандан кейинги масалалар. Бирламчи масала фотожурналистика мактабини яратиш. Кейинги навбатда ОАВда мавжуд кадрларнинг малакасини ошириб боришга ҳам эътибор қаратиш керак. Курслар, амалий тре­нинглар, хорижий давлатлар фотожурналистлари билан тажриба алмашиш ҳам анчайин фойдали бўлади. Булар ўта муҳим. Ҳозирча мана шу жиҳатлар йўлга қўйилса, кейинроқ янаям кўпроқ режаларни кўтариш мумкин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =