Устозларимга раҳмат!
Энг яхши журналистик материал учун (интернет журналистика) номинацияси бўйича 1-ўрин ғолиби — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги шарҳловчиси Норгул АБДУРАИМОВА:
— Қўлига қалам тутган ижодкор борки, олтин қалам соҳиби бўлишни орзу қилса керак. Лекин бу қаламга эга бўлиш осон эмас. Бунинг учун кўпроқ меҳнат қилиш керак.
“Олтин қалам” халқаро миллий танлови йиллар ўтгани сари таъбир жоиз бўлса, том маънода ўзлигини топмоқда. Чунки сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар қилинганидан кейин миллий журналистикада ҳам уйғониш кузатилди. Фикримизни, танқидни бемалол айта олиш имконияти пайдо бўлди.
Қизиқ, журналистга эркинлик берилмагунча у эркин ёза олмайдими ёки танқид қила олмайдими?
Ҳа, эркинлик керак. Лекин қўлига қалам ушлаган профессионал журналист ҳеч қачон ўзлигидан кеча олмайди, менимча. Яъни у юраги буюрганини барибир ёзади. Эҳтимол ёзганлари чоп этилмас, таҳрирда эркин фикри, танқиди узиб олиб ташланар, аммо ҳақ сўзини барибир айтаверади.
Шукрки, Давлатимиз раҳбарининг дадил иродаси билан жамиятда қарор топаётган сўз эркинлиги туфайли биз бугун барча фикримизни айта олиш, эълон қила олиш бахтига мушарраф бўлдик.
Одамларнинг дардини эшитиб, уларни очиқ айта бошладик. Энг муҳими, муаммоли масала кўтарилганда унга масъул идораларнинг муносабат билдираётгани, ўша муаммо ечимини топаётганидир.
Айнан шундай қайноқ жараёнлар билан яшаб, ижод қилаётган ҳақиқий профессионаллар олтин қалам соҳибларига айланаётганидан мамнунман. Зеро, сўз эркинлигидан фойдаланиб, соҳани тирикчилик манбаига айлантириб юрганлар ҳам кам эмас.
Президентимизнинг “Мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”, деган фикрлари мазкур танлов тимсолида яна бир бор амалга ошди.
Яна бир нарсани эътироф этиб ўтмоқчиман. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси танловни ташкил этишда жуда катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Очиқлик таъминланиши билан бирга ҳар бир ижодкорнинг меҳнатини кўрсатиб бериш бўйича бу йил катта ишлар қилинди.
Бугун қўлига “Олтин қалам” ушлаган журналистлар шу пайтгача фаол ишлаган бўлсалар, буёғига улардан катта фидойилик талаб қилинади. Ахир бу қалам уларга қаламлари янада ўткир бўлиши учун тақдим этилди.
Бугун интернет журналистикаси ўз ўрнига эга, тезкор. Одамлар воқеа-ҳодисалар, янгиликларни бир замонлардагидек соатлаб, кунлаб кутишмайди. Ҳақиқий ахборот асри деб шунга айтсалар керак.
Аммо шу ўринда “Интернет-журналистикаси” соҳаси бўйича икки оғиз: Бу ахборот маконини ахборот тарқатишнинг энг тезкор ва чексиз уммонига қиёсласак бўлади. Бироқ бу уммонда керакли ва кераксиз ахборотлар қоришиб кетган. Шу маънода интернет орқали ишончли ахборотни топиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланган. Интернет нашрлар, сайтларни кузатсак, эътибор тортадиган сарлавҳалар бисёр. Очиб ўқимоқчи бўлсангиз, кўпчилик хабарларнинг таги пуч бўлади.
Аслида Интернет журналистикаси жуда катта имкониятларга эга ва бундан унумли фойдаланиш, фақат тезкор эмас, балки ишончли, фойдали, яъни одамларни фикрлашга, ниманидир англашга ундайдиган мақолаларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ.
Мен меҳнат қилаётган ЎзАда Яратганга шукрки, ижодий муҳит, ижодга муносабат ҳавас қилгулик. Ана шундай ҳаёжонли эътирофга муносиб кўрилганимдан бошим осмонда. Барча устозларимга раҳмат дейман.