Замонавий ва кенг тафаккурли ёшлар эртанги кунимизнинг таянчига айланади

Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг чуқур билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, ўзлари танлаган мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларида таҳсил олиши, иқтидорларини кенг намоён қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, кейинги йилларда олий таълим тизимида ўқув-тарбиявий ишлар янада такомиллаштирилиб, илғор фан-техника ютуқлари, инновацион технологиялар, истиқболли лойиҳалар кенг татбиқ қилинмоқда.

 

Зеро, ўзи танлаган йўналиши юзасидан замон талабларига жавоб бера оладиган, рес­публиканинг илм-фан, маданият, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли, малакали, рақобатбардош, юксак билимли мутахассисларни тайёрлаш бугунги кунда Олий таълим тизимининг олдида турган асосий мақсад ҳисобланади. Ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлашда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалида ҳам эътирофга арзигулик ютуқлар қўлга киритилди.

“Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги ривожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда? Энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми?

Шунинг учун ҳам кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда”,—дейди Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда таълим ислоҳотлари ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик масаласида ҳатто биз ўйлаб кўрмаган, ҳали мўлжалини олмаган имкониятлар яратиб берилаётганини айтсак асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 569-сон “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан олийгоҳимизда 2018/2019 ўқув йилидан босқичма-босқич кредит тизими жорий қилинди. Бугунги кунда таҳсилнинг барча босқичларида ўқув жараёни тўлиқ кредит тизимида ташкил этилмоқда. Таълим жараёнларини бошқаришни рақамлаштириш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда http://hemis.ubtuit.uz тизими ишга туширилган. Университетнинг структураси, барча таълим ва илмий жараёнига оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, ходимлар маълумотлари шу тизим орқали юритилмоқда. Ҳозирга қадар барча профессор-ўқитувчилар ва талабалар HEMIS тизимидан рўйхатдан ўтказилган. Шунингдек, ўтган 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб битирувчи талабаларнинг диплом маълумотлари шакллантирилган ва HEMIS тизими орқали бериш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, талабалар учун университетнинг http://student.ubtuit.uz va http://moodle.ubtuit.uz масофавий таълим платформаси орқали қўшимча масофавий дарс жараёнлари ташкил этиляпти.

2019 йил 8 октябрдаги Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “Ўзбекистон Респуб­ликаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида қў­йилган масалаларни бажарилиши юзасидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув ва илмий соҳадаги ишларини талаб даражага кўтариш, замонавий услубларда илмий-тадқиқот жараёнини олиб бориш мақсадида бир қатор хорижий олий таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Шунингдек, дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш, хорижий профессор-ўқитувчиларни таълим жараёнига жалб қилиш асосий вазифа қилиб белгиланган.

Ҳозирда филиал ҳамкорлик алоқалари гео­графиясини кенгайтириш жараёнига кафедра мудирларини жалб этган ҳолда хорижий университетлар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаб келмоқда. Бундай ҳамкорликдан кўзланган мақсад жаҳоннинг энг нуфузли топ-1000 таликка кирган олийгоҳлар тажрибасидан ўқув ва илмий фаолиятда кенг фойдаланиш, олийгоҳлар олимлари орасида ҳамкорликда тадқиқот олиб боришни қўллаб-қувватлашдир. Бундай ҳамкорлик илмий-техник лойиҳалар, ҳамкорликда Scopus ва Webofscience каби халқаро илмий нашрлар базалари таркибига кирувчи илмий журналларда мақолаларни чоп қилиш билан чекланиб қолмай университет ўқув режалари ва дастурларини ҳам солиштириш, таҳлил қилиш орқали замонавий ва самарали билимлар билан бойитишни ҳам ўз ичига олади.

Филиал профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш мақсадида уларнинг хорижий етакчи олий таълим муассасаларида ўз тадқиқотларини олиб бориши қўллаб-қувватланмоқда. Дастурий инжиниринг кафедраси ассистент ўқитувчиси Ринат Аброров ҳамда дастурий инжиниринг кафедраси ассистент ўқитувчиси Татьяна Ким Белорусь Фанлар академиясида аспирантурада таҳсил олмоқдалар. “Эл-юрт умиди” грант дастури асосида “Ахборот техноло­гиялари” кафедраси ассистенти Одамбой Жуманазаров Финландиянинг Шарқий Финляндия университетида докторантурада илмий изланишларини қилмоқда. “Табиий фанлар” кафедраси доценти Низомжон Жумания­зов Испаниянинг   Сантияго де-Компостела (УСC) университетида 6 ой муддатда стажировка ўтамоқда. “Телекоммуникация технологиялари” кафедраси ассистенти Самандаров Бунёд Испаниянинг Барселона университетида докторантурада ўқишни бошлади. “Телекоммуникация инжиниринги” кафедраси ўқитувчиси Бобожонов Суҳроб   Жанубий Кореянинг Кумоҳ миллий технология университетида докторантурада таҳсил олишни бошлади.

QS Халқаро рейтингида 172-ўрин, QS Осиё университетлари рейтингида 37-ўрин, QS BRICS давлатлари рейтингида 8-ўрин, Ҳиндистонда 1-ўринни эгаллаган Бомбейдаги Ҳиндистон технология институти билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳамкорлик келишувини имзолаш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Халқаро ҳамкорлик бўлими декани профессор Амит Аграшал, ижрочи менежери Сангита Канжибилия билан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Урганч филиали талабалари учун “Онлайн қабул жараёнлари ва хорижий талабалар учун имкониятлар” мавзусида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро талабалар алмашинуви, илмий-педагогик кадрлар алмашинуви йўналишларида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Филиал профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалари, мақолаларга иқтибослик кўрсаткичлари йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Жумладан, 2020 йилда SCOPUS ва WebOfSciene базасидаги халқаро илмий журналларда филиал профессор-ўқитувчиларининг 18 та мақоласи чоп қилинган бўлса, 2021 йил давомида бу кўрсаткич икки баробарга ошган ҳолда 36 тани ташкил қилмоқда. Ҳозирги кунда филиал профессор-ўқитувчиларининг сони 72 нафар бўлса, СCОПУС базасидаги муаллифлар сони 75 нафарни ташкил қилмоқда. Деярли 95 фоиз профессор-ўқитувчиларнинг СCОПУС базасида мақолалари мавжуд, шу билан бирга магис­трант талабаларнинг ҳам улуши ортиб бормоқда.

Кейинги йилларда университетда илмий лойиҳаларни республика ва халқаро грантлар доирасида бажарилиш салмоғи ҳам кес­кин ортганлигини кузатиш мумкин. Хусусан, давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги долзарб бўлган 8 та фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар, шунингдек, ёш олимларнинг инновацион лойиҳалари, стартап лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Жорий ўқув йилида талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, қўллаб-қувватлаш мақсадида 70 дан ортиқ танловлар ва семинарлар ташкил этилди. Жумладан, “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий ҳаракатга айлантириш ва бошқа ўйинларни оммавий ҳаракатларга айлантириш чора- тадбирлари бўйича филиалда мунтазам равишда ҳар ҳафтада “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилиб келинмоқда. Талабалар ўртасида ўтказилган “Дастурлаш чемпионати”, “Student Cup” стартап лойиҳалар танлови, “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021”, “Келажак лидерлари форуми” танловлари ва вилоятимиздаги энг нуфузли дастурлаш компаниялари билан ҳамкорликда дастурлаш ва киберхавфсизлик йўналиши бўйича “A1TECH & UBTUIT Best 2022” мусобақалар ташкил қилинмоқда.

Бугунги кунда ИТ соҳаси барча жабҳаларга кириб бормоқда. Масалан, “Гуманитар ва ижтимоий фанлар” кафедраси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган “Олима аёллар грантлари” ташаббускор амалий ва инновацион ло­йиҳалар танловида иштирок қилиб, “Ҳафт шуаро” мажмуасини ўрганиш орқали ХIХ аср Хоразм воҳасининг миллий-маънавий меросини тадқиқ қилиш ва (ўзбек, рус, инг­лиз тилларида) электрон иловасини яратиш” мавзусидаги амалий илмий-тадқиқот лойиҳаси учун грант соҳиби бўлди. Лойиҳа филиал гуманитар ва ижтимоий фанлар кафедраси мудири Хажиева Ирода Адамбаевна раҳбарлигида “Ҳафт шуаро” мажмуаси таҳлили асосида ХХ аср бошидаги Хоразм адабий муҳитининг асосий хусусиятларини ва шоирлар асарларининг адабий муҳитдаги ўрнини тадқиқ этишдан иборатдир ва ўзбек, рус, инглиз тилларида электрон платформани яратишни мақсад қилиб олинган. Бу лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 654 миллион сўм маблағ ажратилган.

Буларнинг барчасидан шуни айтиш мумкинки, ахборот ривожланишига ўз илмий ва амалий ишланмалари билан ҳисса қўшувчи етук билимга эга ёш мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг билимларини янада оширишга хизмат қилувчи муҳитни яратиб бериш энг устувор вазифаларимиздан ҳисобланади.

Мақсудбек БАЙДЖОНОВ,

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги

ТАТУ Урганч филиали директори,

физика-математика фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 5 =