Рус ёзувчисининг мирзачўллик қаҳрамони

1982 йилнинг май ойи охирлаб борарди. Камина “Сирдарё ҳақиқати” газетасида янги иш бошлаган кезларим. Ўша пайтлари ўзбекистонлик деҳқонларнинг асосий бойлиги пахта эди. Шу боис вилоятлар ўртасида ўзаро “социалистик” мусобақа кенг йўлга қўйилганди. Бизнинг Сирдарё вилояти фарғоналик пахтакорлар билан мусобақадош эди.

Бош муҳарриримиз Саъдулла Боқиев (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) тушга яқин партия қўмитасида ўтган йиғилишдан қайтиб, қишлоқ хўжалик бўлими ходимларини хонасига тўп­лади. Эртасига Фарғонадан қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларидан иборат катта делегация келаётганини, улар бир неча гуруҳларга бўлиниб туманлардаги хўжаликларда экинлар ривожини кўздан кечиражагини билдирди ва бўлимда ишлайдиган ходимларни уч гуруҳга бўлди. Менга Боёвут районидаги Меҳнат Қаҳрамони Турсунбой Латипов раислик қилаётган “Коммунизм” колхозига ташриф буюрадиган фарғоналикларнинг фаолиятини ёритиш топширилди. Йиғилиш сўнггида:

— Масалага жиддий қаранглар, — деди раҳбаримиз, сўнг менга қараб алоҳида тайинлади, — Айниқса, сиз янги ходимсиз. Меҳмонларни кутиб олиш маросимига кечикиб қолманг!

Гулистон билан Боёвут тумани орасидаги масофа 30 чақиримдан ортиқроқ. Эртанги тадбирга кечикиб қолмай деб, ишдан чиқиб ўша куниёқ Котловандаги (ҳозир бу шаҳарча Боёвут деб юритилади) амакимникига йўл олдим. Эртасига каллаи саҳарлаб “Коммунизм” (номларни қаранг! М.А.) хўжалиги марказига етиб бордим. Меҳмонлар кутиб олиниши керак бўлган чойхона олдига “Фарғоналик миришкор пахтакорларга алангали салом!” деганга ўхшаш шиорлар осилган. Чойхона олдига шакароб қилиб сув сепилган. Роҳатижон тонгги эпкиндан тананг яйрайди. Баковуллар аллақачон меҳмонларни кутиб олишга тайёр бўлиб туришган экан. Мен қаердан ва нима учун келганлигимни улардан бирига айтдим. Орадан уч-тўрт дақиқа ўтгач, ҳалиги киши каминани четдаги айвонга етаклаб кетди. Кейин билсам, донгдор раис шу жойда ўтириб ишларни кузатиб турган экан. Меҳмондўстлик одатига кўра фарғоналиклар аввал меҳмон қилиниб, кейин хўжаликларни айланиши режалаштирилган экан. Мен Турсунбой Латипов билан илгари учрашмаган эдим. Лекин унинг хўжалик иқтисодиётини кўтариш йўлида қилган меҳнатлари ҳақида кўп эшитгандим.

— Саҳархез хўрозлар қичқирмасидан Гулис­тондан етиб келдим-де. Янгига ўхшайсан! – синчил тикилди Турсунбой Латипов. – Ҳали меҳмонларнинг келишига анча бор. Бироз гурунглашиб ўтирамиз. Константин Симоновни ўқиганмисан? Ўша машҳур ёзувчи Мирзачўлни ўзлаштиришда жонбозлик кўрсатган меҳнат қаҳрамонлари ҳақида “Люди с характером” деган китоб ёзган. Ўзиям, қотириб ташлаган-да!

Сўнгра Турсунбой Латипов Константин Симонов билан учрашув чоғидаги воқеаларни эслаб кетди. У кишининг шаҳодат беришича, Константин Симонов “колхоз”га келганида раиснинг “Виллис”и орқасига ўтириб олиб: “Кундалик юмушингизни қилаверинг. Мен билан ишингиз бўлмасин”, дебди. Ёзувчи кун бўйи раиснинг хос машинасида пахта далаларига, фермага, хонадонларга борибди. Хумори тутганда трубкасини тутатиб қўярмиш. Турсунбой Латиповни бир нарса ҳайрон қолдирибди. Симонов кун бўйи кўрганларини бирор варақ қоғоз ёки дафтарчасига қайд этмабди. Эртасига ҳам шу ҳол такрорланибди. Симонов сафари қариб, раис билан хайр-хўшлашиб кетибди. Орадан бир ойча вақт ўтиб, “Правда” газетасида Турсунбой Латипов ҳақида бир бетлик очерк чиқибди.

— Мен ўшанда Константин Симоновнинг хотирасига қойил қолганман, — дея гапини давом эттирди Турсунбой Латипов. — Бирорта детал ҳам эътибордан четда қолмаган. Феноминал хотира соҳиби экан.

Шу куни фарғоналик пахтакорлар билан бирга юриб, газета учун бир репортаж тайёрладим. Кейин Константин Симоновнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида материаллар қидира бошладим. Қўлимга “Советский писатель” нашриётида 1984 йилда чоп этилган “Константин Симонов в воспоминаниях современников” тўпламидаги ёзувчи Ҳамид Ғуломнинг “Тошкентда” (“В Ташкенте”) деб номланган хотираномаси тушиб қолди. Адибнинг ёзишича, 1958 йилнинг эрта баҳорида Константин Симонов унга сим қоқиб, “Правда” газетасининг мухбири сифатда Тошкентга келаётганини хабарлаган. Улар олдиндан бир-бирлари билан яқин таниш экан. Шу боис, ўзбек биродаридан ўзи учун яхши меҳмонхонадан жой ҳозирлаб қўйишни илтимос қилади. Тез орада аёли ҳам бу ерга ташриф буюражагини айтади.

Ҳамид Ғулом ўша кунлар ҳақида шундай ёзган эди:

“Менинг уйим Қизил майдонга яқин Олмазор кўчасида жойлашган эди. Кўча айланишга чиқдим-да, биратўла Олий Совет Президиумига кириб, Шароф Рашидов билан учрашмоқни ният қилдим. Ўша пайтда ул зот респуб­лика Олий Совети Президиумининг раиси лавозимида ишлардилар.

Шароф Рашидов хонаси деразасидан ёруғлик тушиб турарди. Мен у кишининг ҳузурига кириб К. Симоновнинг қўнғироғи ҳақида гапириб бердим.

Шароф Рашидов хурсанд бўлиб кетдилар. Симоновнинг Ўзбекистонга келишини катта воқеа деб баҳоладилар. Меҳмонхонадан жой ажратишда ёрдам бердилар…

Эртаси куни тонгда машинада Мирзачўлга йўл олдик”. (Матнда “Уже на следующее утро на машине выехали в Голодную степь”, деб ёзилган, аслида улар Янгиерга йўл олишган). (Бу ҳақда қаранг: “Константин Симонов в воспоминаниях современников” тўплами, 416-417-бетлар).

Маълумки, К. Симонов 1958-60 йилларда “Правда” газетасининг мухбири сифатда Тошкентда яшайди. Чўлни ўзлаштиришда жонбоз­лик кўрсатган ажойиб кишилар ҳақида туркум очерклар яратади. Ёзувчи ўша пайтларда чўлда донг таратган қаҳрамонлардан бири Турсунбой Латипов ҳақида очерк ёзади. Афтидан, К. Симоновга Турсунбой Латиповнинг тадбиркорлиги, одамохунлиги, меҳмондўстлиги жуда ёқиб қолган эди. Боз устига, ҳар иккиласи Иккинчи жаҳон уруши фронтларида жанг қилган. К. Симонов 1965 йил 3 октябрда Москвадан Ҳамид Ғуломга йўллаган бир мактубида немис ёзувчиси Рихтер Тошкентга бораётганлигини, унга ҳақиқий Ўзбекистонни кўрсатиш кераклигини, чойхонадаги чоллар билан суҳбат қурдиришини, эски бозорда паловхўрлик ва лағмонхўрлик қилдиришини ўтиниб сўрайди. Германиялик адиб Ўзбекистон ҳақида китоб ёзиш мақсадида ташриф буюраётганини алоҳида таъкидлайди. Ва хат орасида: “Рихтер – ёзувчи, агар у дўстларимиз Жўрақулов ва Латиповлар билан учрашса, мамлакатимиз ҳаётини жонли ҳис этишига янада кўпроқ ёрдам берган бўларди”, деб ёзади. (Ўша китоб, 414-бет).

Россиянинг катта ёзувчиси, асарлари билан бутун дунёга танилган Константин Симонов ўз очеркларида юртимиз одамларининг меҳнатсеварлиги ва тантилигига тан берган. Ҳассос адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссасини рус тилига ўгирган. Унинг Ҳамид Олимжон таржимасидаги “Мени кутгил” шеъри соҳирнафас ҳофизимиз Шерали Жўраев томонидан куйланиб, халқимизнинг маънавий мулкига айланган.

Хуллас, мирзачўллик қаҳрамонлар ҳақида ёзилган К.Симоновнинг “Люди с характером” деб номланган очерклар китобини кутубхоналар ва журналист дўстлардан сўроқладим. “Университет овози” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввар Пардаевда ушбу ноёб китоб бор экан. Айни пайтда у Мирзачўлни ўзлаштиришда қаҳрамонлик кўрсатган инсонларни мадҳ этган очеркларни ўзбек тилига таржима қилаётганини айтди. Умид қиламизки, тез орада машҳур адибнинг очерклари ўзбек тилида ҳам чоп қилинади. Ва биз яна бир ноёб адабий манбага эга бўламиз.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =