Чучук бегим
Тарихий манбаларга кўра, Темурийлар ва уларнинг давомчиси Бобурийлар хонадони ва сулоласида муҳаббатни қадрлаш туйғуси жуда кучли бўлган. Улар жанггоҳларда қанчалик душманга шафқатсиз бўлишса, севгида шунчалик кўнгли юмшоқ инсонлар бўлган. Бобурнинг малика Моҳимбегимга бўлган ҳурмат ва севгиси, Жалолиддин Aкбар, Жаҳонгир, айниқса, Шоҳжаҳоннинг ўз хотинига муҳаббати ва дунёда ягона ишқ биносини қургани дунё аҳлини ҳануз ҳайратга солади.
Биз мақолада Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг иккинчи фарзанди Комрон мирзо ва хотини Моҳчучукбегим ораларида бўлган севги, вафо ва садоқат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Негаки, бу севги ҳам ҳамиша ибрат ва ўрнак намунаси бўлиб қоладиган ҳикоялардан биридир.
Маълумки, Комрон мирзо отаси Бобур подшоҳнинг ўлимидан кейин акаси Ҳумоюн мирзога кўп қаршиликлар кўрсатиб, оқибат енгилиб қўлга тушди ва Ҳумоюн мирзо буйруғи билан милодий 1581 йилда кўзига ништар урилди.
Ушбу воқеадан сўнг Ҳумоюн мирзо Синд қирғоғига етганида Комрон мирзо ундан Ҳижозга сафар қилиш ва Ҳаж фарзини адо қилишга рухсат беришини сўради. Ҳумоюн мирзо рухсат бериш учун бир неча яқин кишилари билан Комрон мирзонинг ҳиргоҳига ҳайрлашгани кириб борди.
Комрон мирзо фарзандларини Ҳумоюнга топшириб, улардан хабардор бўлишини сўради. Ҳумоюн бу истакни қабул қилиб, Комрон мирзога ҳамроҳ бўлишни истаган одамларга ҳам рухсат бермоқчи эди, лекин фурсатталаб ва калтабин кишилар орасида унга ҳамроҳлик қиладиганлар топилмади. Фақатгина Чалма Кўка авваллари Комрон мирзо хизматида эди ва ҳозирда Ҳумоюн мирзонинг суфрачи ё боварчиси ҳамда унинг иноят ва лутфини қозонган киши эди. Шу киши Комрон мирзо хизматида бўлиш ниятини билдирди.
“Ҳумоюннома” Комрон мирзонинг кўр қилиниши воқеаси билан тугайди, “Aкбарнома” ва “Тазкират-ул Воқеъот”да Комрон мирзонинг Ҳижозга жўнагани ва ўша ерда уч маротаба Ҳаж маросимини бажо келтириб, тўртинчи бор Ҳаж маросимини адо этаётган вақтида вафот этиб, ўша ерда дафн этилгани, жуда қисқа қилиб ёзилган. Аммо “Тарихи Синд”га таянадиган бўлсак, Комрон мирзо Ҳумоюн подшоҳдан рухсат олгач, Ҳижозга қараб ҳаракат қилмаган, балки Синдда қайнотаси Шоҳасан Aрғун қошида бир муддат истиқомат қилиб, кейинроқ Ҳижоз томонга йўлга тушган. Қуйида “Тарихи Синд”да ёзилган маълумотни Комрон мирзонинг форсий девони муқаддимасидан фойдаланган ҳолда таржима қилиб келтирамиз:
“Мирзо Комрон яна 1578 йилда келди. Мирзо Шоҳасан бир неча муддат уни дарё ўртасида Шохпила тоғида жойлаштирди ва Батулани Мирзонинг матбахи ва харажати учун тайин ҳамда Фатҳбоҳни унинг нузули учун муқаррар қилди. Мирзо Комрон у ердан Ҳаж қасдини қилди. Шунда Комрон мирзонинг хотини Чучукбегим:
— Мени ҳам рухсат қилсинлар, Мирзо билан кетай, — деди. Мирзо Шоҳасан рухсат бермай, кўп муболаға қилди. Охири Чучукбегим отасидан рухсатсиз кемага кириб, Мирзо Комрон қошига ёлғиз ўзи бормоқчи бўлди. Султон Маҳмуд муҳрдор ва бир гуруҳ маҳрамлар келиб, уни қайтардилар. Мирзо Шоҳасаннинг ўзи қизининг кемасига келиб, кўпдан-кўп узрлар сўради. Охири Чучукбегим отасига:
—Ҳозир ҳалойиқ “Мирзонинг қизи эрининг итоатини қилмади”, деб мени бадном қилмайдиларми? — деди.
Мирзо Шоҳасанга бу сўзлар маъқул бўлди. Ночор унга яхши асбоб -анжомлар бериб, кузатди”.
Бу воқеа нимани исботлайди?
Назаримизда, икки ҳақиқатни ошкор қилади:
- Комрон мирзо шунчалик маликаси Чучукбегимни севиб, ҳурмат қилиб, вафо кўрсатиб, эъзозлаб юрган эканки, маликаси ҳам отанинг уйидаги роҳату фароғат, тинч-тотув ҳаётни тарк этиб, отасининг буйруғи ва илтимосларига бўйсунмай, кўзи ожиз ва шоҳликдан тушган эрига эргашиб, сўнгги дамгача унинг ҳамдами бўлди. Бу Комрон мирзонинг вафо, садоқат ва севгисининг куч-қудрати нишонасидир.
- Чучукбегим эри Комрон мирзодан шунчалик меҳр-садоқат, вафо-садоқат, айниқса, севгини кўрган эканки, эрга содиқликни ота-онанинг меҳридан устун қўйиб, йўл азоби ва бундан кейинги оддий фақирона ҳаётни, шоҳона яшашдан афзал билди. Умрининг сўнгигача Комрон мирзонинг ёнида қолди. Ҳамда турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг фироқига чидай олмай вафот этди. Бу эса Чучукбегимнинг олий тарбияси ва ҳурматларга арзигулик сиймоси нишонасидир.
Комрон мирзо Ҳаж зиёратига мушарраф бўлди, лекин ушбу муборак жойни тарк этмади ва умрининг сўнгги лаҳзаларигача ўша ерда қолмоқчи бўлди. Унинг умри ниҳоялаб қолган эканми ёки Кобулда туғилиб, яшаган, Кобулнинг сўлим ва салқин ҳавосига ўрганиб қолган Комрон мирзога Aрабистоннинг жуда иссиқ ҳавоси ёмон таъсир қилдими, уч йил Ҳаж маросимини бажо келтириб, тўртинчи йили Ҳаж пайтида Aрофат маросимини адо этгандан сўнг, қуёш мағрибга ботаётганда, унинг умр қуёши ҳам сўнди…
Комрон мирзонинг вафоти ва дафн маросими ҳақида “Тарихи Синд” қуйидагича маълумот беради:
“Мирзо Комрон ва Бегим (Чучук бегим) Ҳаж фаризасини адо қилгандан сўнг икки-уч йил Маккаи Муаззамада истиқомат қилдилар. Мирзо Комрон Ҳаж куни Aрофат маросимини адо этиб, офтоб ботмай туриб вафот этди. Чучук бегим ҳам етти ойдан сўнг мангу жаҳонга сафар қилди. Бу воқеалар 1585-йилда содир бўлди”.
“Музаккири Aҳбоб”да Комрон мирзонинг вафоти ҳақида бундай дейилади:
“Ва марқади олийси Гўристон муаллода Хадичайи Кубро Разиллоҳҳу анҳонинг яқинидадур”.
Энди Чучукбегим ҳақида яна икки оғиз маълумот: Чучукбегим Синд ҳукмдори Шоҳҳасан Aрғуннинг қизи, 1574-йилда Комрон мирзога турмушга чиққан эди. Шоҳасан Aрғун бой, ҳашамат ва қудратга эга амирлардан бири эди. Чучукбегим подшоҳликдан тушган, кишилар ёрдамига муҳтож бўлиб қолган Комрон мирзо билан ҳамроҳлик қилмай, отасининг қошида тўкис, фаровон яшай оларди, аммо у севги ва вафони танлаб сафар машаққати ва ўзга юртларда овораликни фақатгина турмуш ўртоғи учун танлади. Бу вафоли, муҳаббатли аёл Комрон мирзонинг сўнгги дамларигача у билан ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат эди, кўрар кўзи, ғамхўри бўлди. Ҳаттоки Комрон мирзодан етти ой кейинроқ вафот этиб, у дунёда ҳам Комрон мирзони узоқ вақт ёлғиз қолдирмади.
Шафиқа ЁРҚИН,
Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети доценти