Энг севимли газетам

Севимли газетам — “Hurriyat”ни варақласам, кўнг­лим равшан тортади. Негаки, унда нафақат одамларнинг орзу-армонлари, турли тақдирлари, улар йўлида учрайдиган баъзи муаммолар, балки уларнинг орзуларига етишиб, армонлари ушалиши, муаммоларининг ҳал этилишига бир имкон очувчи маданий-маърифий мақолалар, бадиий асарлар ҳам чоп этилади. Яъни газетанинг бир саҳифасида муаммо кўтарилса, бошқа саҳифасидаги бошқа бир мақолада унинг ечимини топ­гандай бўласиз. Ҳар бир сонидаги дилга яқин мақолаларни ўқиб завқ оламан.

Масалан, ўтган йилнинг 22 декабрь сонида таниқли ўзбек ёзувчиси Ўткир Ҳошимов тўғрисида у кишининг умр йўлдошлари Ўлмасхон Ҳошимованинг хотираларини ўқидим. Назаримда ёзувчининг кулиб тушган расми вафодор аёлининг дарду изтиробини тинглаётгандек. Учинчи саҳифани очсам, адибнинг ҳикояси, ҳаёт мураккабликлари акс этган кундалигидан намуналар келтирилган. Уларни ўқиб, шундай инсонлар ҳам изтироб чекишган экан-да, деган хаёлга борасан. Нега бир соҳадаги одамлар, бир-бирларини қўллаш, қадрлаш ўрнига обрўсизлантиришга уринадилар, оғзи ошга етгай деганда бири иккинчисини муҳитдан четлаштиришга уринади. Ўткир Ҳошимов ҳақидаги мақола ҳамда адиб кечинмаларининг ифодаси бир-бирини тўлдириб, газетани сирдошингизга айлантириб қўяди. “Hurriyat” бу ўринда бировнинг дардини тинглаётган ғамгусорга ўхшайди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Нури ўчган икки зиё маскани”, Муқаддас Абдусаматованинг “Ҳеч кимнинг чироғи ўчмасин” сарлавҳали таҳлилий мақолалари ҳам кишини ўйлантиради. Давлатимиз раҳбари эл орасида китобхонлик маданиятини ошириш, нашр ишлари сифатини яхшилашга уринаётган бир пайтда бутун бошли кутубхоналар арзимас баҳоналар билан йўқотиб юборилаётганлигини қандай баҳолаш мумкин? Пойтахтда аҳвол шу бўлса қишлоқ шароитида бундан баттарлигини тасаввур қилаётгандирсиз? Кутубхоналар ўрнини газли сув сотиладиган дўконлар каби кундалик моддий эҳтиёжга ярайдиган муассасалар эгаллаб олмоқда. Тўғри, бу ҳақда кўп гапирилган. Аммо энг ёмони ўша кўп гапирилган масалага ҳеч ким эътибор бермаётганлигида. Мана, газетада “Нури ўчган икки зиё маскани” мақоласи эълон қилинди. Унга шу соҳага тегишли қайси масъул шахс муносабат билдирди? Кимдир шуғулланганида қандайдир ўзгаришлар содир бўларди ва буни сезардик.

1956 йил Арманистоннинг Ереван шаҳрида Армия сафидаман. Хизматга келиш арафасида Шароф Рашидовнинг “Ғолиблар” асарини ўқишни бошлаб қўйган эдим. Ўша китоб соғинчи қийнагандан қийнарди. Ниҳоят, Ўзбекистон Олий кенгаши раиси, адиб Шароф Рашидовга илтимоснома юбордим. Бир ой ўтмай Шароф Рашидовнинг “Ғолиблар”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” каби бир неча китоб­ларни олдим. Қаранг, биргина китобхоннинг хатига қандай эътибор берилган ўшанда. Ахир, Ўзбекистонда қанчадан-қанча ўқимишли исонлар бор. Наҳотки, уларнинг эҳтиёжига панжа орасидан қараймиз?

“Hurriyat”да истаган мавзуингизда — ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, ҳаётий-фалсафий мақолалар ва бадиий асарларни ўқийсиз. Масалан, ўзбек рақси маликаси Мукаррама Турғунбоева, атоқли кино режиссёр Комил Ёрматов, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновлар ҳақида эълон қилинган бир-биридан қизиқарли, ҳаётий мақолалар менда яхши таассурот қолдирган.

Хуллас, гап бошида айтганимдай “Hurriyat” — менинг севимли газетам. Унда эълон қилинадиган материаллар дои­­мо мулоҳазага чорлаб туради.

Нурмат РАЖАБОВ,

ўлкашунос.

Хоразм вилояти, Шовот тумани

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =