Ўз номига содиқ газета…

Севиб ўқиладиган “Hurriyat” мустақил нашрининг 2022 йилдаги 1-сони уйимга борди. Ундаги мақолаларни мароқ билан ўқиб чиқдим. Роҳатландим. Таҳририят жамоасига, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига мени обуна қилгани учун ташаккур айтаман.

“Hurriyat” юртимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан нашр этила бошланган ва ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўзига хос йўналишидан чалғимаган нашр. Айниқса, бугунги кунда давлатимизда ўтказилаётган ҳар соҳадаги ислоҳотлар юрт фаровонлиги таъминланишига омил бўлаётган бир даврда жамиятнинг фаол бир ҳамкорига айланди. Ўз номига содиқ газета сифатида у ташкил топганидан буён элимиз томонидан севиб ўқилмоқда. Таҳририят жамоаси, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмасидан фахрий журналистлар шунинг учун ҳам мамнунки, берилган эътибор туфайли “Hurriyat”нинг ҳар бир сони ўз вақтида улар хонадонига етказиб берилмоқда. Жумладан, каминани ҳам обуна қилишибди. Бундан бошим кўкка етди. Ундаги долзарб мақолаларни ўқиб қувонаман.

Сўзимни 8-бетдаги бир мақоладан бошласам. “Суҳбат” рукни остида Шерзод Комил Халил уюштирган фалсафий суҳбат менга, айниқса, манзур бўлди. Сарлавҳа, чиройли саволларнинг сермазмунлиги менга жуда ёқди. Суҳбатни ташкил қилган Шерзод Комил Халилга ҳам, саволларга мантиқий жавоб берган хитойлик адабиётшунос, олим ва таржимон Тземин Итион Цайга ҳам тан бердим. Бундай бақувват мақола газетанинг обрўйини оширади, албатта. Газетанинг 1-бетидаги “Кўзгуга қачон қараймиз?” ёки яна она тилимизга бепарволик “касаллиги” ҳақидаги мақола ўзининг долзарблилиги билан газетхоннинг эътиборини тортади.

Унинг муаллифи Ойгул Убайдулла қизи ҳақ гпларни ёзибди. “Мактабда… болалар нашрлари борми?” мақоласи янада жонли, очиқ-ойдин ёзилибди, кўнглимдаги гапларни айтибди. “Гулхан” болаликдан севган журналим. 5 йилча умрим шу журналда ўтган.

Журналга эътиборсизлик қилиш керак эмас. Ҳаммамиз учун уни ривожлантириш, амалий ёрдамлар кўрсатиш ҳам фарз, ҳам қарз. Шу мақоладан сўнг жажжи болаларимизнинг журналига муносабат ўзгариб қолса, ажаб эмас.

Таниқли публицист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Мавзу керакми?” деб номланган мақоласи, Асрор Сулаймоннинг “Кадастр машмашаси” мақоласига ҳам беш баҳо. Мазза қилиб ўқидим. Мана инсонлар ғамига шерик бўлиш дегани ана шундай бўлади-да.

Яна ишончим комилки, Умид Бекмуҳаммаднинг “Тилшуноснинг фидойилиги олим ва таржимон Фаттох Абдуллаевни ёд этиб”, Алишер Навоий ижодининг энг жонкуяри, таниқли олим Ваҳоб Раҳмоновнинг “Маънавий лоқайдлик ёхуд мутафаккир Алишер Навоий асарлари нега пала-партиш ва хатолар билан нашр этилган?” деб номланган мақолалари кўпчиликнинг эътиборини тортиши аниқ. Чунки уларда бир фидойи илм одами ҳақида ёруғ хотиралар қаламга олинган бўлса, кейинги мақолада улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳазратларининг асарларини нашр этишда йўл қўйилган камчиликлар дадиллик билан очиб берилибди. Қисқаси газетанинг жорий йилдаги илк биринчи сони ҳам барча газетхонларга манзур бўлишига ишончим комил.

Чиндан газета саҳифаларининг мавзу жиҳатдан ранг-баранглиги киши диққатини тортмай қўймайди. Бир саҳифани ўқиб ўйлансангиз, бошқа саҳифага ўтиб юзингиз ёришади. Айтайлик “Қон босими юқори бўлганларга ўқиш тавсия этилмайди” деган тагсарлавҳали мақола сизни ҳушёр торттирса, “Янги йил оқшомидаги ўйлар” деб берилган мақола кўнглингизга хушвақтлик бағиш­лайди.

Ўйлатиш, мулоҳазага чорлаш, маълум маънода тарбиялаш асосий вазифаси бўлган юртимиз матбуотининг эркин минбари — “Hurriyat” ижодкорларига янада омад тилайман.

Тўлқин ҚОЗОҚБОЕВ,

фахрий журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − ten =