Мувофиқлаштириш ва тартибга солиш зарурати

Мамлакатимиз Конституциясининг 12-моддасида жамият мафкуравий ҳаётини таъминлашнинг устувор йўналишлари ғоят адолатли ва демократик руҳда ифода этилган. Яъни, Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги ўз аксини топган.

Бошқача айтганда,   мамлакатимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидан ҳукмрон коммунистик мафкурадан, марксча-ленинча дунёқарашлар тизимидан бутунлай воз кечиб, эркин демократик тараққиёт йўлини танлади. Бу буюк танлаш натижасида ижтимоий ҳаётдаги коммунистик мафкура асоратларига қисқа муддатда барҳам берилиб, умумэътироф этилган эркин-демократик ғояларнинг қарор топиши, бозор иқтисодиёти асосларининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этди. Иқтисоднинг сиё­сат ва мафкура юкидан холос бўлиши, аввало, жамият онгида ҳурфикр­лик, истиқлол ғоясига ишонч руҳини шакллантириш, халқ фаровонлигини оширишда ўзининг юксак самараларини берди.

Бугунги кунда Янги   Ўзбекистонининг хорижий давлатлар билан барча йўна­лишлар бўйича ҳамкорликни янада кенг, янада самарали ва тизимли йўлга қўйишида, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузининг янада юксалишида муҳим омил бўлмоқда.

Айни пайтда, халқаро мафкура майдонларида инсон, айниқса, ёшлар онги ва тафаккури учун кечаётган шиддатли глобал кураш мафкуравий жараёнларни тартибга солиб боришни тақозо этмоқда. Бугун жаҳон мамлакатларига турли йўллар билан, жумладан, интернет тармоғи орқали кириб келаётган ғайринсоний тушунчалар – шафқатсизлик, бузуқлик, гиёҳвандлик, ўғирлик, жиноятчи гуруҳлар, экстремистик ва террористик ҳаракатлар фаолиятида иштирок этишга тарғиб қилиш каби иллатлар жамиятнинг айнан навқирон ёшдаги аъзоларини ўз домига тортаётгани сир эмас. Сездирмасдан сизиб кираётган, сингиб бораётган бундай ҳалокатли мафкура ва ғоялар мамлакатларнинг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётганини халқаро экспертлар ҳам катта ташвиш билан таъкидламоқдалар.

Бундай таҳдидлар натижасида ёшларда келажакка ишончсизлик, ахлоқий-ғоявий бошбош­доқлик, турли оқимлар ва ғоялар таъсирига тушиш ҳоллари кўпаймоқдаки, айни муаммолар бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Натижада одамларимиздаги ватанпарварлик, ижтимоий масъулият, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғуларига салбий таъсир этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, реал   ҳолат, тарихий хотира, миллий ўзлик, миллий давлатчилигимизнинг бой тажрибасидан келиб чиқиб, жамиятдаги мафкуравий жараёнларни қонунан тартибга солиш ва уларни мувофиқлаштириб бориш вақти келди.

Бунинг учун давлат, ижтимоий ҳаётдаги сиё­сий институтлар, мафкуралар ва ғоялар ранг-баранглигини эътироф этган ҳолда, миллий манфаатлар, маънавий барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш учун мафкуравий жараёнларни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олиши зарур.

Бугун бошқача айтганда, Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган қатъий ҳаётий позиция – “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳуқуқий-демократик, халқпарвар давлат – Янги Ўзбекистонни  барпо этиш ва уни янада ривож­лантириш барчамизнинг маслагига айланмоғи лозим.

Шу нуқтаи назардан, Конституциямиз 12-моддасининг охирига “Давлат жамиятдаги мафкуравий жараёнларни мувофиқлаштириш ва тартибга солиш учун масъулдир” деган қоидани қўшиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Шунингдек, Асосий қонунимизнинг “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади” деган ҳаётбахш сатрлар билан бошланадиган 31-моддасини Ўзбекистон Республикасининг давлат тили талабларига мувофиқлаштириш зарурати бор.   Ушбу жумладаги ўттиз йилдан буён тилшунослар ва адабиётшуносларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган “виждон” сўзини “эътиқод” сўзига алмаштириш фурсати келди. Зеро, мазкур модданинг кейинги сатрлари айнан шундай аниқликни талаб қилади: “Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга”.

Олимжон ДАВЛАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =