Китоб ўқийдиган режиссёрлар борми?

Режиссёр – ижодий маънода айтганда, яратилган нарсанинг яратувчиси, драматик асарни жонли спектакль қиладиган уста. У драматург ғоясини жамоадаги актёрлар, рассом ва бошқа саҳна ходимлари билан биргаликда томошабин ҳукмига ҳавола этувчи ижодкор. Мабодо, туғма иқтидор бўлмаса, ундан ҳақиқий режиссёр чиқадими? Йўқ, албатта.

Афсуски, салоҳияти етса-етмаса ҳам айрим режиссёрлар спектакль “ясашяпти”. Лекин бунақа спектакллар узоқ яшамайди — чунки улар чала туғилган. Бундай режиссёрлар актёрлар кучи ва маҳорати туфайли режиссёр номига эга, холос. Ҳатто шундайлари борки, драматургиянинг нима эканлигини тушунмайди, тушунаман деб ўйлайдилар, холос. Яна унинг розилигисиз асар театрда қўйилмайди.

Шундай экан, режиссёр аввало ҳалол, ўз фикрига эга, асар моҳиятини тушуна оладиган даражада юксак дид ва салоҳиятга эга бўлиши ва энг муҳими, асар қаҳрамонларини театр актёрларида кўра олиши лозим.

Шу маънода қайсидир режиссёр қўйган асарни “ўзгартириб” қўйган режиссёрни ҳамма вақт ҳам режиссёр деб бўлмайди. У фақат режиссёр ёрдамчисидир. Яъни, ким асарни биринчи бўлиб саҳналаштирган бўлса, унинг номи биринчи қўйилиб, кейин спектаклга қўл урган режиссёрнинг номи ёзилиши керак.

Хўш, Ўзбекистон санъатида бугунги кунда ўзини билган режиссёрлар борми? Шубҳасиз, бор. Мен бир қанча бундай режиссёрларни биламан ва ҳурмат қиламан. Аммо салкам 33 миллион аҳолиси бор мамлакатда уларнинг сони бармоқ билан санарли. Лекин улар ҳам: “Бир-икки нафар ўзим тенги, ҳатто ўзимдан ҳам баланд режиссёрни тарбиялаб етиштирдим”, деб айта оладиларми? Афсуски… Тўғри, бунда уларнинг айби йўқ. Чунки шогирд устоз санъатини ижобий маънода “ўғирлаб” ўрганиши керак. Бундай ўрганганлар ҳам топилади. Бироқ улар драматург билан ишлашда барибир оқсайдилар. Тошхўжа Хўжаев билан Эркин Воҳидов ҳамкорлиги бу борада барча режиссёрларга ибрат бўлмоғи керак. Улар асарни ҳамиша биргаликда ўқиб чиқишган. Бир-бирлари билан бамаслаҳат роль танлашган. Актёрларнинг ижро даражаси биргаликда муҳокама қилинган. Ҳозир ҳам муаллиф билан шундай ишлайдиган режиссёрлар бордир. Аммо нега ўшалар ҳақда матбуот индамайди?

Режиссёрга асар берсанг ё йўқолади, ёки … ишқилиб, улардан асарингни қайтиб ололмайсан. Ҳатто асаринг юзасидан фикр айтишга вақтлари йўқ. Ахир, муаллиф саҳналаштирувчи режиссёр билан ишлашдан фақат қувонади. Камчиликлари бўлса, ҳар доим тузатишга тайёр. Асар муаллифи умидвор бўлиб юраверса, режиссёр асарини ўқимаса, яхши-ёмон демаса, драматургнинг театрдан кўнгли совиб кетмайдими?

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида қанча ёшлар таҳсил олади, ҳар йили бир неча режиссёр учирма қилинади. Қизиқ, қани улар? Нима ишлар билан банд?

Менимча, театрга ишласа, ишламаса, фақат маош олиб юрадиган режиссёр керак эмас. Штатдан уларни олиб ташлаш керак. Шартнома асосида қўйган асарларига ҳақ олишлари лозим. Эҳтимол, шунда улар орасида ижодий рақобат ҳосил бўлар, улар ҳам драматургга эҳтиёж сезарлар? Ҳозир драматурглар сарсон-саргардон. Бир аҳволда саҳна юзини кўрган асари ҳақини ҳам вақтида олишолмайди. Нима қилсин, асарини матбуотга тўлиқ чиқаролмаса. Республикада драматик асарлар чоп этилиши керак бўлган “Театр” журналидан бошқа оммавий ахборот воситаси бўлмаса?.. У ҳам саҳналаштирилган спектаклларга муносабатлардан ортмайди. Театр учун ёзилган драматик асарларни ёритиб борадиган алоҳида матбуот нашри бўлиши шартмикин деб ўйлаб қоласан.

Энди айтинг, театр учун бирламчи омил воситаси — драматург, режиссёр ва актёрлар ҳамкорлиги нега йўқолиб бормоқда? Режиссёр Жўра Маҳмудовнинг “Театр ва унинг нусхаси” номли китоби бор. Бу асар режиссёр ва актёрлар, ҳатто драматурглар учун бебаҳо манба. Бошқа тажрибали режиссёрлар ҳам шундай асарлар ёзишса яхши бўларди. Чунки театрда кўтариб чиқиш зарур бўлган муаммолар жуда кўп: режиссёр асарни қабул қилгач, актёр танларкан, биринчидан — характер ярата оладиганларни биринчи ўринга қўйиши керак. Ошна-оғайнигарчилик, нимадандир умидвор бўлиб иш тутиш ақлсизлик ва касбга хиёнатдир; иккинчидан – режиссёр асар моҳиятидан келиб чиқиши, илк репетициядаёқ ким нимага қодирлигини аниқлай олиши лозим; учинчидан – режиссёр асарнинг мантиқий хулосасини ўзгартирмаган ҳолда рассом сценографик кўринишни ярата олдими, деган саволга жавоб берсин; тўртинчидан, у драматург асарининг баёнчилик билан ёзилган ўринларини хатти-ҳаракатлар, диалоглар орқали очиб бера олсин;   бешинчидан, даниялик қора танли актёр Лади Эмерува таъбири билан айтганда, чинакам санъат асари ҳар қандай ирқий ёхуд миллий кайфиятдан устун туриши, умумэстетик мезонларга жавоб бериши лозим.

Ҳа, бежиз ушбу мулоҳазамизга режиссёр китоб ўқийдими, шундай санъат фидойилари борми деган маънода сарлавҳа қўймадик. Чунки ва минг бора афсуски, бугун театрларимизда саҳналаштирилаётган асарларнинг ҳаммаси ҳам узоқ саҳнада қолмайди. Бунинг сабаби нимада? Яхши асарлар йўқми? Аксинча, шу пайтгача ёзилган юксак савияли асарларни саҳналаштираман деган арбоблар учун заҳира—100 йилга етади. Не-не улуғ асарлар ўзбек адабиётидан ҳам, бошқа халқлар адабиётидан ҳам исталганча топилади. Қолаверса, Шекспир ёки Саид Аҳмаддай ёзувчилар ҳар доим ҳам бўлавермайди. Муаммо бошқа ёқда. Жон куйдириш, асар устида тинимсиз изланиш йўқ, яхши асарни танлаш, ўқиш йўқ десак, афсуски ҳақиқатни айтган бўламиз.

Юқоридаги мулоҳазаларим билан бирор режиссёрни камситмоқчи эмасман. Фақат уларнинг драматургларга бироз эътибор ва меҳр билан қарашларини истардик. Ўзини билган режиссёр драматургнинг омади, бахти. Қолаверса, халқ учун керакли ишга биргаликда масъулмиз.

Тўлқин МУҲИДДИН,

драматург

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =