“Қурбон аталганлар эрур қаҳрамон”
Газетанинг 2022 йил 1 сентябрь 34-сонида Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани педагоги Исмоилжон Отабоевнинг машҳур шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига атаб ёзган “Шоир нидоси” туркум шеърларини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Бу шеърлар Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига жуда ҳам ҳамоҳанг тарзда ёзилгани билан қадрли.
Шеърлар ўта самимий ва катта инсоний дард билан ёзилган. Бу шеърлар бир ўқишдаёқ ўқувчининг қалбини забт этади. Шоирнинг сатрларидаги дарди, аламлари шеърхоннинг юрагига кўчади. Энг муҳими, шеърлар равон ўқилади. Ҳатто бир-икки ўқишда бемалол ёдлаб олиш мумкин.
Бугун қатағон қурбонлари тарихини ўрганиш жараёнида ўтмишнинг ўта кир саҳифалари ҳам очилаётирки, уларни ўқиб нафратланасан киши.
Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир сингари буюк истеъдодларни шўро малайларига қуллуқ қилиб хизмат айлаган – ўша истеъдод эгаларининг ёнида юрган, ҳамсуҳбат бўлган, биргаликда ижод қилган кимсалар – чақувчиларнинг нопок имзолари ҳам қатағонда муҳим роль ўйнаган. Улар бегоналар эмас, афсуски, миллатдошларимиз бўлган.
Мен тирикман, эй, тириклар,
Совуқдан ўлганим йўқ.
Аммо билинг, оғир экан,
Ўзингники отган ўқ.
Дўст деганим, ишонганим,
Менга қилди хиёнат.
Хоинларча имзо чеккан
Нопок қўли ўлдирди.
Шеърдан олинган ушбу мисралардан аён бўлганидек, шоирнинг ўлимига ёнида юрган “ишончли” дўстлари ҳам сабабчи бўлганлар. Яна бир жойда шоир ёзади:
Шеърларимда Ватанимга
Шуҳрат бердим. Шон бердим.
Изғиринда ўлганим йўқ,
Туҳматлардан жон бердим.
Сотқинлар, ҳасадгўйлар, туҳматчиларнинг қатағон даврида “бозори чаққон” бўлган.
Бундай манфур кимсалар миллатнинг энг ўткир, билимдон ва истеъдодли зиёлиларини йўқ қилишда шўро қатағонига кутилгандан ҳам беҳисоб ҳисса қўшганлар. Шўро белгилаб берган режани ортиғи билан адо этганлар. Сотқинлик туфайли мансабу мукофотларга сазовор бўлганлар.
Шоир “Қатағон” шеърини ҳам ўта таъсирчан ва юраги куйиб ёзган.
Мунофиқ кўпайди, бузилди замон,
Туркийлар бирлигин бузди қатағон.
Сотқинлик, хоинлик авжига чиқиб
Ватаним, деганлар бўлдилар қурбон.
Улар қурбон эмас, сотқинлар қурбон,
Қурбон аталганлар эрур қаҳрамон.
Наҳотки, одам боласининг иймон-эътиқоди шунчалар бўш бўлса? Наҳотки, одам боласи шунчалар чақимчилик ва сотқинликка мойил бўлса, миллатдошини қатл қилишларидан ҳузур қилса?
Баъзан ҳадик билан ўйлаб қоласан, сотқинлар, мунофиқлар ҳозир ҳам орамизда борми? Уларнинг манқурт издошлари ҳамон яшаётганмикин?.. Худо асрасин! Ёки шеърда ёзилганидек:
Сотқиннинг ўрнини сотқин тўлдирар,
Сотқинни келажак авлод ўлдирар.
Тавқи лаънатларга учрагай абад,
Ёвузликни бир кун ҳаёт сўлдирар.
Улар қурбон эмас, сотқинлар қурбон,
Қурбон аталганлар эрур қаҳрамон.
Ҳақиқатан ҳам бугун қурбонларнинг муборак номлари ҳақиқий қаҳрамонлар сафида катта ҳарфлар билан ёзилмоқда. Жумладан, буюк шоир Усмон Носирнинг ҳам.
Академик Наим Каримов ёзганидек: “Усмон Носир бир зум ҳам ижод қилишдан тўхтаган эмас… Афсуски, шоир умрининг кейинги йилларида, яъни 1935–37 йилларда ёзган ёки ёза бошлаган асарларини нашриётга топширган бўлса ҳам, ҳали бирор жойда босилмаган, ҳатто радиодан ҳам ўқилмаган бу битиклар “халқ душмани”нинг шеърлари сифатида ёндириб юборишган.”
Бундан ортиқ жаҳолат борми? Бундан-да ортиқ шеъркушлик, қонхўрликни, разолатни тасаввур қилиб бўладими?!.
“Аммо билинг, оғир экан Ўзингники отган ўқ”.
Камина оддий бир шеър мухлиси сифатида газетхон Исмоилжон Отабоев шеърларини меҳр билан ўқидим. Улуғ шоирнинг аччиқ қисматидан оғир ўйларга ботдим. Шундай бир буюк истеъдод, улуғ шоир, адабиётимизнинг ёрқин юлдузи жаллод тузумнинг қурбони бўлганига жуда-жуда ачиндим. Оғриқли юрагимга яна оғриқлар санчилди. Шоирнинг ўтли мисраларига мен ҳам қўшилдим:
Улар қурбон эмас, сотқинлар қурбон,
Қурбон аталганлар эрур қаҳрамон.
Шоир дўстим! Дардли ва ўтли мисраларингиз билан бетакрор ва улуғ шоир руҳини чинаккам шод этибсиз.
Сизнинг қаламингизга ҳам, ушбу шеърларни эълон қилган таҳририятга ҳам ЖАСОРАТ тилаб:
Ашурали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист