БИР-БИРИГА ИНТИЛГАН ХАЛҚЛАР
Шу йилнинг 1-4 август кунлари Озарбайжонда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданияти кунлари” ҳаяжонли лаҳзаларга бой ва ҳақиқий маънавий байрамга айланди
Болалигимдан Озарбайжон ҳақида кўп эшитганман. Шу сабабдан бўлса керак, ўзимда бу юрт маданиятига нисбатан руҳий яқинликни ҳис қиламан. Балки бу яна ҳамиша севиб томоша қилган “Аршин мал алан”, “Ахмед қаерда” каби озарбайжон кинофильмларининг таъсиридандир…
Маданият вазирлиги вакиллари Боку шаҳрида ўтиши режалаштирилган “Ўзбекистон маданияти кунлари”га таклиф қилишганида бирдан мени ўша болаликдан ҳамроҳ бўлган таниш ҳислар чулғади. Аввал ҳам бу юртда бўлган эсам–да, яна боргим ва қардош Озарбайжон халқининг бугуни билан яқиндан танишгим келди.
Сафарга отланарканман, ташкилотчилар мустақиллик йилларида озар элида “Ўзбекистон маданияти кунлари” илк бор бўлиб ўтаётганини ва бу тадбирлар сўнгги 40 йил ичида ташкилланаётган кенг кўламли маданий воқеа эканини билдиришди.
Бу маълумот ҳаяжонимни янада оширди. Ўзбек ва Озарбайжон халқларининг тарихи, маданияти, адабиёти, тили, қадриятлари ўхшаш ва уйғун эканлиги ҳақида кўп гапирилган, хўб ёзилган, албатта. Аслида ҳам шундай – халқларимиз асрлар давомида яқин алоқалар ва муштарак ҳаёт тарзи билан ўзаро боғланиб келган, доим бир-бирига интилиб яшаган.
Шу сабабдан мустақил юртимизнинг ўтган 32 йиллик даврида Озарбайжонда “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказилмагани ҳақидаги гап очиғи, таажжубга солди. Янада шуни теранроқ англадимки, охирги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларида янги саҳифаларнинг очилгани, энг аввало, икки мамлакат раҳбарлари сиёсий иродаси ва дўстона алоқаларининг амалий маҳсулидир.
Ўзбекистон-Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг барқарор ривожи халқларимиз ўртасидаги ўзаро тарихий боғлиқликни, маданий яқинликни янада мустаҳкамламоқда. Яқинда бўлиб ўтган Боку шаҳридаги “Ўзбекистон маданияти кунлари” ҳам шу йўлдаги муҳим тарихий воқеа бўлди, десак хато бўлмас.
Тўғриси, делегация таркиби катта эканини билмасдим. Тадбирларга юртимиздан 250 дан ортиқ вакиллар жалб қилинибди. Уларнинг катта қисми санъаткорлар, созандалар, раққосалар, ижодкорлар, актёрлардан иборат эди. Қўйингки, Ўзбекистон маданияти ва санъатининг энг сара вакиллари!
Аэропортда уларни кўриб шундай кайфият пайдо бўлдики, гўёки ҳамма йўловчи Бокуга учаётгандек эди.
Чунки кутиш заллари машҳур инсонлар билан лиқ тўла эди…
“Соғинчларимиз сезилди”
Боку халқаро аэропортида бизни жуда илиқ қарши олишди. Бизга пешвоз чиққан озарбайжонликларнинг кайфияти ниҳоятда кўтаринки эди. Делегациямиз аъзоларида шундай кайфиятни ҳис қилдим. Ҳеч ким ўзини хориждагидек ҳис қилмаётганди. Менда гўёки улар кўпдан таниш ва яқин бўлган инсонлари билан учрашаётгандек таассурот уйғотди.
Шаҳар томон йўл оламиз. Боку шаҳри сезиларли ўзгарибди. 2005 ва 2017 йилларда ҳам бу шаҳарда сафарда бўлганман. Ўша хотираларни тиклашга уринардим. Шунинг асносида таниш ва қадрдон шаҳар қиёфасидаги янгиланишларни илғайман. Бокуда янгидан-янги муҳташам бинолар, саройлар қад ростлабди, шаҳар инфратузилмаси янада замонавийлашган.
Тадбирлар эса Озарбайжон халқининг тарихий хотирасига эҳтиром билан бошланди. Дастлаб, Боку шаҳридаги Фахрий хиёбон ва Шаҳидлар хиёбонида бўлиниб, озар халқининг улуғ фарзандлари ёдга олинди. Уларнинг қабрига гуллар қўйилди.
Ҳайдар Алиев номидаги саройда Ўзбекистон давлат симфоник оркестри иштирокида бўлиб ўтган катта концерт дастури билан “Ўзбекистон маданияти кунлари” расман очилди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Озарбайжон Республикаси маданият вазири Одил Керимли сўзга чиқишди.
— Ўзбек ва Озарбайжон халқлари азалдан бир-бирининг санъатига, адабиётига мухлис бўлиб, доим бир-бирини олқишлаб яшаган, — деди Озодбек Назарбеков. — Бугунги тадбирларимиз шуни намоён этмоқдаки, биз бир-биримизни соғинибмиз. Шу лаҳзаларда соғинчларимиз яққол сезилмоқда. Икки давлат етакчиларининг дўстона муносабатлари маҳсули ўлароқ, биз ўзбекистонлик маданият вакиллари Бокуга қардошларимиз билан дийдорлашгани келдик.
Маданият вазирлиги вакилларининг қайд этишича, вазирлик томонидан яқин йилларда хорижда бундай катта кўламли тадбирлар ташкил қилинмаган ёки бундай катта делегация билан бориб иштирок этилмаган.
Концерт намойиши бошланди. Мамлакатимизнинг энг сара ижрочилари саҳнага чиқишди. Ўзбекистон халқ артистлари Насиба Абдуллаева, Фаррух Зокиров, Абдуҳошим Исмоилов, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсаган артист Юлдуз Турдиева каби санъатимиз юлдузларининг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди. Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов озар элининг буюк фарзанди Муслим Магомаевнинг “Денгиз” (“Море”) қўшиғини ижро этганида бутун зал ўрнидан туриб бирга куйлади ва узоқ вақтгача қарсаклар тўхтамади.
Концерт давомида бундай ҳол кўп бора такрорланди. Айниқса, Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг ижролари дастурга ўзгача файз ва кўтаринкилик бағишлади.
Саройда шундай руҳ ҳукмрон эдики, ҳамма бу элда узоқ кутилгандек туюларди. Ҳар бир олқишнинг замирида озарбайжон халқининг ўзбек санъатига бўлган кучли меҳрини ва эҳтиромини ҳис қилдим. Бир ижодкор сифатида бундан фахрландим.
— Ўтган асрнинг 80-йилларида Озарбайжонга келиб санъатимизни намойиш этган эдик, — деди Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева. — Мени ҳайрон қолдиргани, бугун айрим мухлислар келиб ўша кунларни ёдимга солишди. Айримлари ўша даврда тарқатилган пластинкаларимизни олиб келишиб, дастхат сўрашди. Рости, буни кўриб қаттиқ ҳаяжонга тушдим. Озарбайжонликлар — жуда санъатсевар халқ. Улар, айниқса, ўзбек санъатини қаттиқ севишади. Бунинг яққол исботини бугунги концертимизни тўлдириб ўтирган ва тинмай олқишлаган инсонлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Концертдан кейин деярли ҳаммада шундай ҳаяжонни сезиш қийин эмас эди. Чунки ҳеч кимнинг концерт саройини тарк этгиси келмасди. Халқларимиз бир-бирини чиндан соғинибди!
“Қодирийнинг набираси қани?”
“Маданият кунлари” доирасида қатор маданий-адабий тадбирлар ҳам ўтказилди. Жумладан, Озарбайжон Миллий кутубхонасида “Ўзбек адабиёти ва санъати” бурчаги очилди. Муҳташам кутубхонанинг энг кўринарли жойига ўзбек адабиёти намояндаларининг асарлари, санъатимиз тарихи ва бугунини акс эттирадиган экспонатлар жойлаштирилди. Бу ўзбек маданиятининг хориждаги тарғиботи йўлидаги муҳим воқеа бўлди.
Қувонарлиси, Миллий кутубхонада ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романининг озарбайжон тилидаги таржимаси янги нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Озарбайжон маданият вазирлари, шоир-ёзувчилар, адабиётшунослар ва китобхонлар иштирок этди.
—“Ўткан кунлар” романи ёзилганидан кейин илк бор 1928-1929 йилларда Холид Саидхўжаев томонидан озарбайжон тилига ўгирилган, — деди ҳаяжон билан филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим. – Яъни, озарбайжонликлар “Ўткан кунлар”нинг дунё халқлари орасидаги энг биринчи хорижий ўқувчиси бўлган. Ўтган йиллар давомида бу таржима кўп марта нашр қилинди. Бу галги китобнинг дунё юзини кўришида ўзбек адабиётининг катта дўсти, озарбайжонлик адабиётшунос олима Олмос Улви Биннатованинг хизматлари беқиёс. Янги нашрдан романдан ташқари улуғ ёзувчилар Мухтор Авезов, Жалол Икромий, адабиётшунос Евгений Бертельснинг “Ўткан кунлар” ҳақидаги фикрлари, шунингдек, таржимон ва асар юзасидан олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. Шу маънода китоб адабиётимиз учун ҳам, озарбайжон ўқувчиси учун ҳам катта маънавий туҳфадир.
Тадбирларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан вакилларнинг қатнашгани ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Ўзбек ва озарбайжон ижодкорларининг мулоқоти адабий алоқаларнинг ривожига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Шоир Акиф Азалп Бокуда туриб ўзбек журналлари ва газеталарини ўқиб боришини ва ижодкорларнинг чиқишларини кузатиб бораётганини айтганида, рости, ҳайратга тушдим. Ҳатто менга юзланиб “Сизнинг ижодингиз билан ҳам танишман. “Шарқ юлдузи”да ўқиганман”, — деди. Бундай эътибордан хурсанд бўлмай бўладими?!
Озарбайжон Миллий кутубхонаси йўлакларини кезарканмиз, бир гуруҳ китобхонларнинг “Қодирийнинг набираси қани?” деб у ёқдан-бу ёққа югуриб юрганининг гувоҳи бўлдик. Баъзилари келиб мендан ҳам сўрашди. Буюк адибнинг набираси Хондамир Қодирий билан учрашиб озарбайжон ўқувчиларининг қувонганини кўрсангиз эди…
Шундан яққол амин бўлиш мумкин эдики, Озарбайжон халқи санъатсеваргина эмас, адабиётсевар ҳам экан. Бокуда ҳар йили Абдулла Қодирийнинг таваллуд куни қизғин нишонланиши бунга ишончимизни янада оширди.
Сафаримиз давомида бир гуруҳ санъаткорлар Озарбайжон давлат мукофотлари билан тақдирлангани эълон қилинди. Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева “Озарбайжон халқ артисти” фахрий унвони билан, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестри бош дирижёри Камолиддин Ўринбоев “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Тақдирлаш маросимида қатнашиб, санъаткорларимизни халқаро эътироф билан биринчилар қаторида қутладик.
Муқимий номидаги давлат мусиқали театр жамоаси “Ўткан кунлар” спектаклини ва Озарбайжон драматурги Мажид Шамхаловнинг асари асосида тайёрланган “Қайнона” спектаклини намойиш этди. Озарбайжон давлат мусиқали театрининг муҳташам саҳнасидаги бу чиқишлар ҳам мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Бокуда ўтган “Ўзбекистон маданияти кунлари” ҳаяжонли лаҳзаларга бой чинакам маънавий байрам бўлди. Энг муҳими, шунинг воситасида азалдан дўст бўлиб, бир-бирига интилиб, бир-бирини соғиниб яшаб келаётган қардош халқларнинг маданий яқинлиги янада мустаҳкамланди.
Шубҳа йўқ, бу муҳим маданий воқеа икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевлар сиёсий иродаси натижасида янги босқичга чиқиб, шиддат билан ривожланаётган Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларида ҳам янги саҳифалар очади.
Шуҳрат ОРИФ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир.
Тошкент – Боку – Тошкент.