Эҳтирослар олови ичра

АРЗИ ҲОЛ

 Мен бу мақолани арзи ҳол тариқасида ёзмоқчиман. Кеча  – бугун қайси ва қандай китоблар ўқиётганимнинг арзи ҳоли. Арзи ҳол деганимда бу ерда мен иқрорларим ва изҳорларимни назарда тутаман. Шунда “мен” деб ўз номимдан, ўз шахсим буюрганларини баён қилишим табиийроқ чиқса керак деб ўйлайман. Мен кеча шоира ва адиба Фарида Афрўзнинг тўрт йирик китобдан иборат асарларини бирма-бир ўқиб чиқдим. Ҳар бир китобига алоҳида-алоҳида номлар берилган: “Мени кутинг…”,  “Ўзимни соғиниб…”, “Ўлими йўқ ҳаёт…” ва “Пардани очайлик…”

Бу ҳар бир номдан кейин муаллиф атай уч нуқта қўйганига эътибор бердим. Улар менга барча жилд­ларни бирма-бир  ўқиб бўлгач, оддий кўп нуқталардай бўлиб туюлмади. Бу уч нуқталар орқасида муаллифнинг кўнгли  тубларида сақланган ва жуда сир тутилган орзулари қулф уриб тургандай туюлди. Булар “кўнгил орзулари фидо ўшанга” деган қай бир машҳур мисрада сақланиб қолган ва ҳар эсланганда одамнинг юрагини бе­зов­та қилиб, аллақаёқларга бошлаб кетадиган “кўнгил орзулари”. Яна бу уч нуқталарда китобларнинг ҳар бирининг алоҳида тизим ва композицияга эгалигига  нозик ишора ҳам киради, яна бу уч нуқталарга адабиёт ва инсон ҳиссиётларининг тубсизлиги ва ўз рангу бўйларига  олуда эканлиги ҳам, сукун ва сукунат раҳмати ҳам акс этади. Скептик ўқувчим: “Оббо, шунчалар маъноларга бой эканми, бу кўп нуқталар? Улар қайси китобни очсангиз, ҳаммасида тўлиб-тошиб ётибди-ку, лекин биз улардан шундай экзистенциал маънолар уқишимиз керакми, ёпирим-ей, бу шартми?” – дей­ди, албатта. Лекин мен барча кўп нуқталарнинг ўз хос стилистик маънолари борлиги ва улар асло бир-бирларига ўхшамаслигига тўла қаноат ҳосил қилганман. Бир сирни айтиб ўтай: “Кўп нуқта” деган асар ҳам ёзмоқчи бўлганман. У кўп нуқталарнинг инсон ҳаётида ниҳоятда рамзий маъноларга тўлиқлиги ҳақида ёзилиши керак эди. Лекин бу ерда ҳали ижодий амалга кирмаган иш  ҳақида чўзилиб ўтиришнинг ўрни эмас. Кўп нуқталар дунёнинг айтилмай келаётган барча маъно-мазмунларини ифода этишига  шак-шубҳа йўқ… “Мени кутгил” деган дунё шеъриятида жуда машҳур  шеърни билмаган, эшитмаган ва ундан ҳаяжонга тушмаган одам йўқ бўлса керак. Лекин мана, бизнинг замондош, сафдош (сал бўлмаса, трафарет бўлиб қолган “суюкли шоирамиз” деб юборай дебман) муаллифимиз ўзининг биринчи жилдига “Мени кутинг…” деб ном қўйган ва жилдни худди мана шу номдаги шеъридан бошлаган:

Мени кутинг,

Енгилиб боряпман сиз томон,

Тобеман, таслимман, мағлубман.

Соғинчнинг лашкари беомон,

Соғинчнинг қўлида

                                маҳбусман.

Ёпирай-ей! “Мени кутинг…” ниҳоятда оддий ва одми қилиб айтилган сўздан сўнг (унда ҳатто ўқувчи кутиши мумкин  бўлган илтижо, ёлвориш, нолиш, ваъданинг қатъияти ҳам йўқ.

Муаллиф ҳақиқатан жуда одми қилиб “Мени кутинг…” деяпти. Аммо бу жўнгина мурожаатдан кейин келаётган сатрлар  ва ҳар учала банд ўта фавқулодда, ўта кутилмаган ва ўта ҳеч тасаввурга сиғмайдиган!

 Мени кутинг,

Мен нодон кўнглимга бўйсунмай,

Ўйладим, ақлда хатар йўқ.

Ва билдим, бу жангда йўқ майдон,

Билдимки, севгида зафар йўқ!

Ёпирай-ей! Банднинг учинчи мисрасидаги “билдим” билан тўртинчи якунловчи сатрдаги “билдимки”нинг фарқи борми, йўқми? Ҳеч фарқ йўққа ўхшайди. Аммо жуда  катта – чек  билан чексизлик  ўртасидаги мавжуд фарқдан ортиқроқ фарқ бор. Биз кейинги жилдлардан ўрин олган муаллифнинг барча асарларини эътибор билан ўқисак, у ўзини “билиш”нинг “қули” даражасига кўтарганини кўрамиз. У “билишни” сиғиниш даражасида севади. “Билиш” фалсафа ва фалсафий ҳол. Юзага келганидан бери барча фалсафалар ва барча файласуфлар “билиш”ни тушунтирмоқчи бўлади ва барча чексиз баҳсларини унга бўлган қарашларнинг хилма-хиллиги асосига қуради. “Билиш”  ҳақида муҳокама юритмаган ва баҳс қилмаган файласуф файласуф эмас. Шоирлар (мисол учун Абул Аъло ал-Мааъррий) уларнинг дунё тугагунча тугамайдиган бу баҳсларига  истеҳзоли табассум билан қараб турадилар ва “билиш” борасидаги тасаввурлари улардан асло кам эмаслигини лаб буриб ишора қиладилар ва “билиш”да улар билан хуфиёна рақобат қиладилар. Шоирамиз Фарида Бўтаева ҳам ўз асарлари баробарида шундай хуфия рақобатлар руҳида фикр-баҳслар юритади: айниқса, ғалати бир ном билан жамланган, аталган “тасбеҳлар” деган шеърий туркумларида ва яна, айниқса, тамомила эркин усулда ёзилган насрий асарларида. Муаллиф  асарларида бу ҳолнинг турли даража ва ёйилмаларини, ўгирмаларини гўзал ва эҳтиросли бир тарзда ҳар томонлама намоён қилиб боради. “Билиш” одамзод тараққиётида қачондан бошланган, қаерда тамом бўлади? У ҳали бўлмасдан минг, балки миллион йиллар илгари ҳам бор эди-ку. Одамлар миллион йиллар илгари, айниқса, ҳиндлар вақтларни бўлаклар, минг йилликларга бўлиб, худди хоразм­ликлар каби уларни “овонлар” ва ёки худди зардуштийлар каби “қарну  ақронлар” деб атаган ҳам эдилар-ку. Булардан бу ёғига минг­лаб йиллар ўтмаса, улар “ақрон” ва “овонлар” бўлармиди? Фалес, Пифагор, Орфейдан бошланган деб юрамиз “билиш”, балки бу ёзув чиққандаги илк ёзувли “билиш”дир. Илоҳий битикларда ҳадди камолига етганми? Кантда тугайдими, Шопенгауэрдами, Ҳомердами, Нитшедами, қаерда “билиш” тугайди? Ахир ҳамма нарсанинг боши ва охири бор-ку. Билиш – фалсафанинг, адабиёт ва санъатнинг ҳеч тугамайдиган ибтидоси ва мана шу бугунги ўзбек шоирасининг оловли ҳиссиётларида  ўқувчини лол қолдириб, давом этяпти. Ф.Бўтаева “билиш”га асло бефарқ эмас. Аксинча барча бадиий муҳокамалари, эҳтиросларини шу “билиш” асосига қуради. Кеча Зулфиянинг билиши, Музайяна Алавиянинг билиши ва кўнгил сирларига тўла иши бор эди  ва мана бугун шу соат, шу дақиқаларда у Фариданинг дунё ва одамларга муносабатида давом этяпти ва янги олтин қирраларини намоён қиляпти. Ва бизни “севгида зафар йўқ”лигига, “майдон” йўқлигига ишонтириб, қайсидир массагет қироличаси каби дов билан лол қилмоқчи, ёпирим-ей, “Билиш” маърифати Фариданинг барча асарларини маърифатли бир нуқтага олиб чиқяпти, қачонлардан бери ёнимизда шундай ҳақиқий маърифат эгаси ёниб-куйиб юрганлиги ва биз унинг ёнишларидан гоҳ хабардор, гоҳ бехабар юрганлигимизни маълум нишон  этяпти. Доим титраб, куйиб, ишқ ва меҳр билан (ўзи айтмоқчи) ёзганлигини ҳар бир сўзида исботини келтиряпти. Унинг ҳаёт китоблари, донишмандлардан, халқ, турмуш ичида юриб билганлари унга бугун муаллиф сифатида чеки йўқ хазинадай хизмат қилмоқда. Унинг донишмандлардан билгани:

Умр асли бир кундир,

Ўша кун – бугундир

(Муаллифнинг пунктуациясини

сақладик – И.Ғ.)

Мана шу фикр, эҳтимол, “билишнинг” чўққисидир (албатта, билим ва билишда чўққи бўлмайди, чўққилар пурвиқор ва уларга етиб бориш қийин. Жомолунгмага боришни орзу қиламиз,  аммо бориб кўринг-чи. Аммо “билиш” бу нондай азиз ва одамзодга жуда яқин нарса, билишсиз одамзод шундай беҳад илм-фан, техникага эришармиди, Ойга қадам ранжида қилармиди, Миррихнинг, Юпитернинг сатҳ суратларини олармиди! Яна бир чеккаси одамнинг пурвиқор  билимсизлигидан эса чўққиларнинг музлари эриб кетяпти, азал қутбларимизда муз қатламлари озайиб боряпти, ибо ўрнини ибосизлик эгаллаяпти, одамзод ибтидоий яланғоч ҳолига омонсиз қайтяпти ва энг мушкули ўзини бунда ҳақ ва биз эркинмиз деб биляпти. Фариданинг:

Болаликдан кетгим келмади,

Улғайишдан безиллар юрак

– дегани ахир бу бир эмас, минг эмас, балки бугунги миллиардларнинг қўрқинчли фожиаси-ку! Шундай фожиага инсоният етиб келганлигини шоира содда, лекин Ойга учган Ҳинднинг ракетасидай омонсиз қилиб ифодалаб беряпти. Замона ва замон сўзи шу-да ўзи. Фариданинг фикри океанлар туғёнларида, “билиш” теранликларида мисоли шоира ҳам эмас, балки шоира-ғаввос. Уни океан, яъни ҳаёт тубини билишга мисоли Искандар пайғом каби ҳаваси чексиз, Ёпирим-ей!

Фариданинг барча асарларида “билиш” ва “ўйлов” драматик, аламли мазмундорлик ҳамда ҳамоҳангликка эгадир. Бу ижодкорда жуда қимматли фазилатдир. Бу фазилат унинг қаҳрамони, насрдаги қаҳрамонларига ва айниқса, Мирзакарим Норбеков, Алихонтўра Соғуний, Баҳманёр Соғуний сингари қаҳрамонларига ғоятда табиий хос хислат. Ва булардан ташқари ҳам унинг барча ғаройиб толе қутқуларини елкалаб олган қаҳрамонлари (балки персонажлардир, балки тарихий иштирокчилар, балки драма-комедиялардаги каби қатнашувчилардир) учун ҳам фикр­лаш драмаси хос хислат бўлиб кўринади (мен атай хусусият деб айтмаяпман, шахс­ларнинг хислатларини назарда тутяпман). Лекин “бош қаҳрамон” бу –  шоиранинг ўзи! Бош қаҳрамон барча ҳолларда Фарида Бўтаева, у ўзига Афрўз деб тахаллус ҳам олган. “Қаҳрамон” ўзи ким? У такрорланмас қиёфага эга. Унда теран характер шаклланган. Бу характерда давр, замон  ифодаланган. У  универсал йўналиш касб этган “билиш”, “ўйлов” мунтазам бадиий ифодаланганига кўра! У ўзини қудратли деб сезади, У ўзини бениҳоя камтар деб ҳис қилади. Орфей бир  замонлар оламнинг ибтидоси эфир (ҳаво!) ва хаос (мутлақ бўшлиқ!) деб таълим қолдирган эди. Фариданинг бадиий қаҳрамонида мана шу эфир ва хаоснинг  бирлашиши натижасида дунёга келган эҳтирос ва ҳиссиёт  ҳукмфармодир. Бу жуда катта гапга ўхшайди. Аммо тўрт жилддаги асарларни ўқисангиз, асло ғайритабиий туюлмайди. У ўтмишдан қолган парчалар. Парчаларнинг парчалари. Атомларнинг чексиз кўринмас бўлакларга бўлинган зарралари. Шунинг учун у Навоийга пайровлик қилиб одамнинг ақлини шоширадиган “менсизлик” ҳақида фикрлаганда, ўз “менсизлигини” “Мен” деб атаганда ва шу “Мен” номидан воқеаларни ҳаракатга келтирганда, аллақандай суггестив бир нималар саҳифаларнинг оппоқ бетига қалқиб чиқаверади ва бош қаҳрамонни билиш ва ўйловга тамомила ғарқу хароб қилади. Ёпирим-ей!

“Менсизлик”ни аллакимлар ҳозирги адабиёт арсеналига олиб киришди. Фарида Бўтаева ҳам “менсизлик”ни тўла бадиий истилоҳ сифатида қўллай бошлади. Бироқ “Менсизлик” – охир-оқибат тушунча бўлоладими! “Менсизлик” шахснинг йўқолиши, тугаши эмасми! Аммо ҳозирги адабиётда чуқур ўйлар йўқ. Кимларгадир шу тушунча жуда пором келиб қолди ва ўрни бўлса-бўлмаса қўллаб юборди, ўз “билиши”ни намойиш қилди. Аммо ҳеч ким “менсизлик”нинг фалсафий-социологик асослари, моҳияти устида фикр юритолмади ва тушунча қуруқ тушунчалигича мунғайиб қолди. Ҳолбуки бу тушунча постпостмодерн йўналишида асос тушунча… Навоийда ҳатто “менсизим” деган қўллов ҳам бор-а! Ёпирим-ей! Ф.Достоевский “Ўсмир” романида “Одам ўзи ҳақида уялмасдан ёзиши учун ўзини ўзи ҳаддан ортиқ  пастарона яхши кўриши керак”, деб ёзган гап орасида. “Менсизлик” билан “менменсираш” ўртасида яқинлик ёки фарқ бормикин? Албатта, бўлса бордир. Лекин булар ҳақида ўйлаш ва муҳокама юритиш кенг фалсафий адабий билимларни талаб қилади. Биз шундай билимлар сари борамизми? Мисол учун Фарида Бўтаеванинг асарларида? “Адабиётчи ўттиз йил ёзади ва охири нима учун шунча йиллар ёзганини билмайди” дейди яна шу романида улуғ  адиб. “Менсизлик” туфайлими?” – деган савол туғилади хаёлимда. Тушунча ҳақида атрофлича тасаввур ва билимга эга бўлмай туриб уни шунчаки “билимдонлик” учун қўллаш ҳатто Ваҳоб Рўзиматов айтмоқчи, Собакевичга ҳам тўғри келмайди. Мисол учун Фариданинг шеърларида “севгига юкин”, “севгидан сўйла”, “кимнидир севгин”, “севишни ўрган”, “оддий яхши кўр” дей­ди ўзига ҳам ва ўзи орқали ўқувчисига ҳам уқтириб, таъкидлаб. Лекин кўнгил ишига аралашиб бўладими, у ўта интим иш. Ташқаридан аралашиш ва ўгит эшитишни истамайди. Аммо бу каби ўгитнамо гаплар биз ҳамон ўтмиш асоратларининг миллион-миллион кишанларидан қутулолмаган  ўша “менсизлик”нинг  дағдағаси эмасмикин? Ўзини билмаган, яъни “менсиз” асло ўзгани ҳам билмайди ва билолмайди. Юракка буюриб бўладими, деган ўзбекнинг гапи бор. Қолаверса, одам севишни ўргана оладими? Фарида Бўтаева айрим асарларида азалдан маълум гапларни бир бошқача, чиройлироқ қилиб айтишнинг хўб машқини ҳам олганлиги кўзга ташланади. Аммо бадиий адабиётда “билиш” бу олдингиларни мазмунан такрорлаш эмас. Лекин “билиш” нима қилсин, ўзи такрорни, Чўлпонча айтганда, “такаррурни” яхши кўради. Юқорида андак таҳлил қилинган шеърнинг қаҳрамони, кўрдикки, кутиш машаққати ва интизорлиги олдида очиқ таслим бўлди. Барча сабот-матонатнинг қурол-аслаҳаларини таш­лади. Севги зафар қозониш эмас, таслим бўлиш, бор ихтиёрини севги ихтиёрига топшириш, бу эса чексиз азоб ва лаззат ваъдалари… Сизга бу ерларда яна ўша “менсизлик” намоён бўлаётгандек кўринмаяптими?

* * *

Икки жилдни тўла қамраб олган шеърларни ўқиб ва уқишга ҳаракат қилиб бораркансиз, Фарида Бўтаева қиёфасидаги қаҳрамон ўз-ўзига тинимсиз изтироблар, азобу аламлар ясаб боради, гуллаган боғларни ҳувиллаган овлоқ, хилват боғларга айлантиради. Қасру саройларда яшаб туриб харобазорларни қўмсайди, мозоротларни соғинади, уларда ўтган, ёди муқаддас або-аждодларнинг ёдини ўзига оҳанрабодек тортади. Ўзидан рози бўлмаган руҳ тўхтамай йўл босиб бораётгандай, қадимият ва қадимгиларнинг изларини қидираётганга ўхшайди. Экзистенциал ҳиссиётлар қуюнларига ғарқ бўлади. Чинқириб оққан дарёларнинг гирдобларига ўзини отади, ҳалокатли муҳитдан ўзига нажот қидиради.

Бу фақат… шоирнинг кўнгли фақат… давосиз ва нотавон… нажот қидиради. Юраги зор-интизор титрайди, нажот ўрнига эса бош­­қа нарса топади:

Дунё сафсатага тўлгану, бироқ,

Сенга керак сўзни ҳеч ким айтмайди…

Шунда ўз ҳоли ҳолатига энг лойиқ ва эҳтимол ўзига энг манзур сўзни тилга олади:

Аллоҳим, минг йилки

                               сўрайман қақшаб,

Дунё қаридими, ё мен қаридим?!

Бундай Фаридада тез-тез қайталаб тургувчи ҳолатларни мен “ҳол ҳаяжонлари” деб атайман. Фариданинг бари ёзганлари ҳаммаси булар – “ҳол ҳаяжонлари”дир. Бу Фарида фақат ўз юраги билан машғул деган яна бир хулосага олиб боради. Тўғрисиям, шоир ахир яна бошқа нима билан машғул бўлсин?! Гап шу ерга келган экан, энди қаҳрамоннинг сирти ва сийрати ҳақида гапириш навбати келганлигини сезаман. Унинг сирти сийратига асло ўхшамайди. Сирти сийратидан дарак бермайди. Балки у эл кўзида бош­­қа ва шоир кўнглида тамомила бошқадир. Сирти сокин, тўлғин дарё, сийратида момақалдироқ, базми нима билан тугаши номаълум, хавотирга соладиган ноҳамвор осмондир балки. Сурат ва сийрат ҳақида гарчи анча-мунча гаплар ёзилгандек кўринса-да, улар инсон руҳий ҳаётидан жуда узоқ узуқ ва юлуқ парча-парча гаплардир. Зеро, бояги шеърдаги “қақшамоқ” суратда  кузатиляпти, у қаҳрамоннинг ич ҳаяжонларига ҳам органик кўчиб ўтяпти: “дунё  қаридими, ё мен қаридим?!” Бу ўта экспрессив  гап. Боя белгилаб ўтганимиз чин “ҳаяжонли ҳол”. Фариданинг шеърларида уларнинг бадиий савияси қандайлигидан қатьи назар, “совуқ” сатр учрамайди. Унга керак сўзни бошқалар айтмаса, ёки айтмаган бўлса, ҳечқиси йўқ, бу сўзни унинг ўзи айтади. Унда бунга матонат ва иқтидор етади. Ва оламни тўлдирган сафсаталар устидан чақмоқ сочиб ўтади. Аммо чақмоқ ёлқинларини сийратда тутиб туриш нақадар қийин! Бироқ Ҳўқанди латифнинг Хонхўжа қишлоғида туғилган, шеърларида эслов кўп бўлган (ота-она, туғишганлар, қавми қардошлар, ёру биродарлар) кўп айрилиқ ёзғиришларидан ёзадиган, надомат ва армон тўфонларини кўп кўтарадиган қизпош­­ша уларни ўз расамади билан “мутмайин” тасвирлаш йўли ва эп-тадоригини топади. Биз сурат ва сийрату “ҳол ҳаяжонлари”дан боятдан бери сўз очиб турибмиз.  Фарида шеърларида улар қайси ёш палласида ёзилганини ажратиб олиш қийин, баъзан фақат қирқ ёшини эслайди. Шоира олтмиш саккиз ёшга чиққанида худди ўн саккиз ёшга киргандай шеърини ҳаволантиролмаса керак деб ўйлайман. Психологик томондан олганда ҳам бунга на сийрат ва сурат йўл қўяди. Аммо барча сир, барча тоза тамиз, барча шаффофлик Навоий айтиб ўтганидай, болалик ғаройиботларидадир. Одамнинг ўн икки-ўн тўрт ёшига гўзаллик ва даҳоликда ҳеч нарса тенг эмас. Қолгани бари ёлғон ва ранг-баранг тўқималар! Рангпарронлик!

Фариданинг тўрт жилд асарларини ўқиб мана энди менга ҳам “юқди”, мен ҳам “ҳол ҳаяжонлари” билан фикрлай бошладим. Ёшим тақозосига кўра мен ўзимни босиқлик ва вазминликка чақираман. Аммо азал зиддиятни қарангким, вазминликни шеър кўтармайди. Ҳар қанча урингани билан адабиёт босиқликни кўтармайди ва ҳазм қилолмайди. Унга доим эҳтирослар бўронлари керак. У бўронларда яшагани маъқул. Бунда ақлли амакимнинг пешво ўгитлари ҳеч нарсага ярамайди. Ёниб ёз! – тамом вассалом! Ва яна энг муҳими, қизиқ қилиб ёз!

ҲАЁТ ТАЪЛИМИ ВА ШОИР ТОМИРНИНГ УРИШИ

Бу бобни бошлай туриб хаёлимга Фаридани ўқиш таъсирида бўлса керак, бир мисра шеър келди: Оқар сувнинг бўйида сувга зор ўсган чечагим. Шу, холос, мен худди шу сўзлардан иборат мисрани тақрибан йигирмадан ортиқ вариантда ифодалаш мумкинлигини ўйлаб ўтирдим. Фариданинг шеърларида усул борлигини ўйладим. Балки унинг шеърларининг ритмларида доира усулларидан (уфор, сақил ва ҳоказо, жуда кўп) алланарса оҳанглар мужассамини топаётганга ўхшайди. Ўзбек аёлларининг байраму маросимларда кичкина доира чалиб қўшиқлар, ўланлар, термалар куйлашлари кўз ўнгимга келади. Мен уларни тингласам, юрагим тошиб кетади, кўзларимдан дувиллаб ёш кела бошлайди. Фариданинг шеър оҳангларини уларга ўхшатаман. Урғулари, зарблари жуда қойилмақом. Шу билан бирга у ёзган “бирлик”, “учлик”ларнинг барчасининг ортида жонли ҳаёт наволари янграётгандай туюлади. Ҳиссиётлар орқасида шу ҳиссиётларни воқеаларга айлантирган беҳад ранг-баранг ҳаёт бор. Ҳаяжонли таъсирланишлар кўп замонлар, овонларни қамраб олади. Алишер Навоийнинг қомусий луғатида келтирилишича, Азизиддин Насафий  “Комил инсон китоби” асарида  ишқ, фироқ ҳақида шундай гапларни ёзган экан: “Ишқ бир ўтдирки, ошиқ вужудига тушар; бу ўтнинг макони кўнгилдир. Кўнгилга бу ўт назар йўлидан келар ва кўнгилда ватан тутар… Бу ўтнинг шуъласи барча аъзоларга етиб, тадрижий равишда ошиқнинг ичини куйдириб, покиза ва соф этади.

КЎП НУҚТАЛАР ОРҚАСИДА…

Вақтлар ўтаверибди, замонлар ўзгараверибди, авлодлар алмашаверибди, бир насл кетидан бошқа режали насллар келибди. Кўзлари нурли, қаламқош қизча – кўҳлик, тийрак, ақли, фаросати етук ва пишиқ Фаридага айланибди. Тараннуми ширин бир булбул не замонлардан буён адабиётнинг мангу боғу бўстонларида хушилҳон қўшиқлар куйлар экану, биз ғофиллар бехабардай юрар эканмиз, ёпирай-ей! Ўлчовсиз ҳиссиётлар, таассуротлар оғушида қолдим Фариданинг асарларини ўқигач. Бошдан охир тизгинсизлик. Эркин ҳаволар, эркин нақллар, эркин наволар! Бу яхшими, ёмонми, ижодий эркинлик. Шеърлари эркин ёзилгандай, насри ҳам тамомила эркин, хоҳлаган жойидан одам ва олам қошига бориб ҳикояларини бошлаб кетаверади. У инсонлар тақдирлари ҳақида жуда эркин ҳикоя қилади. Замонлар, ранг-баранг тақдирлар кўз ўнгингизда намоён бўлади. Машҳур табобат олими Мирзакарим Норбековнинг шажарасини излайди. Нега у ўз ватанида эмас, ўзга юртларда шуҳрат топ­ганлигининг ҳаётий сирларини қадам-бақадам кузатади. Изланишларида жуда ажойиб одамлар – уларнинг фавқулодда тақдирларига дуч келади.

Бу ўта қоришиқ воқеалар сизни ҳам баногоҳ “жунун водийларига”, маъюс, кимсасиз мозоротларга эргаштириб кетаётгандай бўлади. Фарида қаҳрамонларини жуда севиб ва фавқулодда жуда қизиқарли қилиб тасвирлайди. У тақдир эгаларининг ўзларини сўйлатади. Улар сиймосида тарих, замонлар тилга киргандай бўлади. Замона сармаст, бешафқат галдирлик замонаси, телба, раҳмсиз замона. Ҳаммаси азобгирлар томонидан ҳикоя қилинаётган ваҳм воқеалар, фарёд. Нолалар ва ҳаммасини ёзиб олиб бирма-бир эркин тасвири ва баёнини топиб-топиб ёзаётган Фарида… Гоҳ Мирзакарим, гоҳ Соғуний, гоҳ унинг набираси Баҳманёр тилга киради… Фарёд, фарёд! Фарида! Мен буларни ўқирканман, ўзимни тобора қўлида синган сопол билан харобот ичра кириб кетаётган ошуфтаҳол Навоийни, унинг беҳад маҳзун сўзлари ва ҳолатларини тушуниб етгандай бўлдим. Ошуфтаҳоллик хайли мени тамомила қуршаб олди ва бир ой давомида ўз домидан чиқармади. Бу экзальтациялар, туб сюрреалистик баёнлар олдида ўзимни оғир сақлаб фикр юритай десам, бу қўлимдан келмади. Фариданинг баён оқими мени ўзига эргаштириб кетди. Бунинг устига Фариданинг бир жилд жаҳон, Шарқ адабиётларидан қилган бадиий таржималари бошқа оригинал томларнинг экзалтациялари ва тамомила сюрреалистик оқимларига  оқ дарё, кўк дарёлар қўшилгандай қўшилиб кетди. Ахматовадан, Цветаева, Доғларжадан, Суҳроб Сипеҳрийдан ажиб таржималар. У Суҳроб Сипеҳрийни қай юрак билан таржима қилиб чиқарганидан лол қолдим. Эрон модерн адабиётларининг оҳанрабо овозларини эшитгандай таъсирландим. Бир куни шоир Мирпўлат Мирзаев Борис Пастернакдан таржималар қилиб Эркин Воҳидов билан менга кўрсатди. Сўнг фикримни сўради. Мен: эллик фоиз дедим. У тушунмай менга талмовсираб қараб турди. Мен: эллик фоиз аслиятга яқинлашибсиз, эллик фоиз ундан бутунлай узоқлашиб кетибсиз, дедим.  Мирпўлат ишлайман, деди. Лекин кейин ишлагандан сўнг ҳам кўрдим. Ҳамон эллик фоиз Пастернакдан узоқ эди. Фариданинг таржималари худди унинг ўз оригинал шеърларига ҳар томонлама ўхшайди. Айниқса, Ахматова ва Цветаевадан таржималар ўша эллик фоиз ўхшашлик ва эллик фоиз ўхшамаслик муаммоси кўзга ташланиб туради. Мисоллар келтирсам бўлади. Лекин бу ерда жой танқис. Фарида таржималари билан бирга шеърларнинг асл нусхаларини бериб жуда яхши қилган. Қиёслаш имкони бор. Аммо Суҳробнинг асл нусхалари келтирилмаган, мен жуда таржима билан Суҳробнинг аслиятини солиштиришни хоҳлаган эдим. Аммо бу “ирфоний” деб аталаётган шоир асарларини аслини кўрмасдан тушуниш оғир, ҳатто мумкин бўлмаган бир ҳол каби кўринади. Шу қадар жумбоқ. Қайтага бизнинг модерн шоирларимиз тушунарлироқ. Аммо таржималарни ўқиб дам суюндим, дам куюндим ва иложсиз ҳолда қолдим. Андак таҳлилларимни шу ерда ноилож тугатсам бўлар деб ўйладим. Қозоқ шоири Омонжўлнинг шеърида айтилмоқчи, охир-оқибат “билиб-билиб гапирган ҳурматида туради”. “Одатда, шоирдан ҳиссиёт, самимият талаб этилади, шеърдан завқ, билим кутилади”, деб ёзган экан машҳур олимамиз Музайяна Алавия. Буларнинг бари Фарида Афрўз жилдларида тўла намоёндир. Мен жуда қизиқиб ўқидим ва кетган вақтга ачинмадим. Бир қиёматлик дўстим улуғ ёшнинг ўзига хос сарҳисобларини тўла англолмай юрган пайтимда менинг ошуфта ҳолимни кўриб, менга Фарида Афрўз жилдларини ўқишни тавсия қилди. Булар бояроқ айтганимдай, жуда қизиқ китоблар экан. Хушҳол бўлдим. Фарида Бўтаева нимани ёзмасин, қандай мавзуни кўтармасин, эркин ва қизиқ қилиб ёзади. Уйқусираган одамнинг кўзи ялт этиб очилиб кетади, зерикиб қолган одамнинг шавқлари қайта уйғонади, ҳушёр тортади. Тўғрисиям, қизиқ қилиб ёзмаса, адабиётнинг маъноси қоладими? Муаллиф ўқувчисини ўзига ҳаёт йўлларида ҳамроз эта олса, асл муддаосига етади, меҳр қозонади. Зерикарли ёзилган китобларнинг йўл ўртасида ётган ­тошдан асло фарқи йўқ. Ҳаммани қоқилтиради. Чалғитади. Исроф­гарчиликларни айтмайсизми? Зерикарли китоблар вақтни ўғирлайди. Ҳозир чалғитаётган китоблар кўп, жуда кўп. Фарида бир томондан хўб қизиқ қилиб ёзса ва ўқувчи эътиборини доимий ушлаб турса, иккинчи томондан, айниқса, муаллиф образи кўз ўнгимизда ёрқин қиё­фаси, етук инсон, одамийлиги, ахлоқ-­одоби теранлиги билан айрича мақомга кўтарилади. Унинг сўзларини эшитган сари яна эшитгингиз келади. Ёпирай-ей! Хайрли ва қутлуғ бўлсин!

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =