Офтобда қолган қудалар…

Элимизнинг урф-одатига айланган эрталабки ош маросими ҳақида атоқли шоир Эркин Воҳидов ҳазилнамо шеър битганди. Унинг тахминан мазмуни шундай: японларнинг аксарияти нега юз ёшдан ошади, чунки улар эрталаб ошга бормайди.

Тўғри, кейинчалик одамларнинг талаб-эҳтиёжларига асосан бу маросим тонг саҳарда эмас, иш вақтига яқин пайтда — соат 7-8 ларда белгиланадиган бўлди. Яъни, одамлар ошдан кейин, қаерлардадир вақт ўтказишга мажбур бўлмай, тўғри иш-ишларига жўнайдилар. Баъзи вилоятларда амру-маъруф дастурхонлари тушликка яқин вақтда ҳам ўтказилади. Гап бунда эмас. Камина бошқа бир мулоҳазани ўртага ташламоқчиман. Бу амру-маъруф дастурхони бошида айтиладиган ваъзлар хусусида.

Имом, муллаларнинг маъруза даражалари ҳақда ҳеч қандай эътирозим йўқ. Чунки муллалар Қуръон ва Ҳадислар асосида гапиришади. Кейин тўйларда илгаригидай дўқ-пўписа, қуруқ насиҳатга асосланган ваъзлар йўқ ҳисоби. Аммо…тўйхонага кириб бир пиёла чой ичар-ичмасингиздан маъруза бошланади. Бироқ кўпчиликнинг орасида маъруза қачон тугайди-ю ошни келтиришади, деб кутиб турадиганлар йўқ эмас. Ахир, уларни ҳам айблаб бўлмайди — чунки тўйга таклиф қилинган.

Яқинда шундай маъракаларнинг бирига бордик. Бизни қуда томон бўлганлигимиз учун ҳовлида қилинган жойнинг тўрига ўтқазишди. Соат   еттиларда амру-маъруф бошланди. Ҳовлига қуёш нури биз томондан тушди. Ўн чоғли одам иссиқдан терлай бош­ладилар. Мулла ҳам шу маҳаллалик чоғи, ҳали бери қуёш тушмайдиган дарвоза ичкарисида қў­йилган каравотда ёйилиб ўтирибди. Тўй одоби, оила мустаҳкамлигини сақлаш, ёшларнинг ўзига боғлиқлиги хусусида жуда керакли гапларни айтаяпти. Шу билан маъруза тугайди десак, гап бошқа мавзу — ота-оналар масаласига уланиб кетди. Бизнинг даврадагиларнинг баъзилари стулини нарироқдаги дарахтлар соясига суриб олишга мажбур бўлдилар. Бечора тўй эгаси икки-уч бор келиб, офтобда қолган қудалардан секин узр сўраб кетди. Аммо муллага нимадир дейишга хадди сиғмади. Даврадошлардан бири: “Иссиқлик яхши – бу келин-куёв орасидаги илиқликка ишора”, дея аста қочирим гап ҳам қилди. Аммо маъруза ҳамон давом этарди. Кимнингдир тоқати тоқ бўлиб, қошиқ билан пиёлани бир неча бор ургач, мулла гапни тугатиб, дуога ўтди… Ҳамма, хайрият, дея енгил тин олди.

Бу гап билан нима демоқчиман? Одамлар даврага кириб келиши билан ош тортилса, уни бемалол тановул қилгач, амру-маъруфга ўтилса бўлмайдими? Ёки амру-маъруф қилувчи мулла акаларимиз маълум белгиланган айтайлик 5-8 дақиқада қимматли фикр-мулоҳазаларини баён қилишса, маъқул эмасмикин? Ахир, ярим соатлаб эрталабки ош дастурхонида ваъз айтиш қанчалик тўғри? Бизда эса маърузадан кейин ош шунақанги тез тарқатилиб, идишлар шунчалик шошиб йиғиштириладики, баъзилар ошдан кейин бир пиёла чойини охиригача ичолмайди. Чунки тўй хизматчилари жой етишмай, ташқарида кутиб қолганларни ўйлашга ҳам мажбур.

Амру-маъруф ошдан кейин қилинса-чи, даврада хос тингловчилар қолади. Ишга шошиб турганлар, тўйчининг кўнгли учун келиб-кетишга мажбур бўлганлар, соғлиғи нуқтаи назардан вақтида овқатланиши зарур бўлганлар ҳеч қандай оғринмас эдилар.

Тўғри, бировнинг тўйига қорин тўйғазиш учун келмайдилар, дейишингиз мумкин. Аммо ким эрталаб­­ки ошга бораётиб, уйидан тановул қилиб чиқади? Амру-маъруфнинг бугунги ҳолатида, гўё тўйчи ҳам, ваъзхонлар ҳам: “Олдин маърифий гапларни эшитасан, кейин тўй ошидан насибадор бўласан, яъни олдин сиёсат, кейин иқтисод” дегандай туюлаверади кишига? Ё мен адашяпманми?

Сиз бу масалага қандай қарайсиз?

Аъзамхўжа АСҚАРОВ,

Ўзбекистон халқ рассоми, Тошкент шаҳри,

“Жарариқ” МФЙ фаоли

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 11 =