Сокин синоатлар гўшаси

Сайру саёҳат орзуманди бўлмиш тўртовлон—тарих фанлари номзоди Ибодулла Шоймардонов, “Китоб овози” газетаси бош муҳаррири Салоҳиддин Исомиддинов, тарих фани ўқитувчиси Абдували ҳожи Қудратов ва камина машинада Шаҳрисабз-Қарши катта трассаси бўйлаб кетаяпмиз. Катта йўлнинг икки томони мевали дарахтлару токзорларга бурканган. Ҳавонинг тафти баланд бўлса ҳам атрофдаги яшиллик, йўлнинг чеккасидаги ариқдан шарқираб оқаётган зилол сув кишини чалғитгандай бўлади. Табиатнинг гўзал манзарасидан кўзингиз қувнайди, тоза ҳаводан ўпкангиз тўлганча симирасиз. Дилингиз яйраб, енгил нафас оласиз.

Қамаши тумани марказига етмасдан чап томонга бурилиб, ўн чақиримча йўл босгандик, атрофи паст-баланд тоғликлар бағрида жойлашган Катта Лангар зиёратгоҳи кўзга ташланди. Узоқ-яқиндан келган зиёратчиларнинг кети узилмайди. Нуроний отахону онахонлар, ёш йигит – қизлар. Узоқ йиллик муста­бидлик йилларидан сўнг одамлар қалбига муқаддас иймон, эътиқоднинг яна қайтиши, асл қад­риятларимиз тикланаётганлиги нишонасидек туюлади одамга.

Биз ҳам кенг, текис зиналардан зиёратгоҳга кўтарилдик. Катта Лангарлик улуғ шайхлар абадий оройиш топган бу чиройли мақбаранинг гумбази оқ рангда.

Баландликдан Ҳисор тоғ тизмаларига туташиб кетган катта-катта харсанглар билан ўралган паст-баланд водийлар, арчазор, пистазор, дўланазор, бутазорлар янада кўркам кўринади. Ён-атрофга боқиб тўймайсан.

Катта Лангар зиёратгоҳи ҳақда кўп эшитганимдан бу ерга келиш ниятида эдим.

— Араблар босқини даврида Катта Лангар қишлоғи Кеш ви­лоятига бўйсунувчи Сиям тоғли туманга қарашли бўлган, — деди И.Шоймардонов. – Туман VII асрнинг иккинчи ярмида жуда машҳур бўлган. Муқанна бошчилигидаги қўзғолончилар шу ҳудудларга жойлашиб, бир неча йил давомида араб истилочиларига қарши кураш олиб боришган…

Ажаб, 12,5х4,5 метрли ҳажмдаги мақбара гумбазининг ички томони нозик, нафис, ранг-баранг нақшлар билан зийнатланган. Мақбаранинг деворлари сифатли пиширилган қизғиш рангли 23,5х4,5 сантиметрлик ғиштлардан барпо этилган ва ранг қоришмаси билан терилган. Бунда бешта қабр бўлиб, уларнинг учтаси ўз ҳажми ва қўйилган ёдгорлик тошлари билан алоҳида ажралиб туради. Бу ерда шайхлар: Абул Ҳасан ибн Илёс шайх, ул зотнинг ўғли Имом ҳазрат Муҳаммад Содиқ ибн Абдул Ҳасан шайх ва Абдул Ҳасан шайх ҳамда унинг набираси ҳазрат Муҳаммад Содиқнинг ўғли – шайх Имом ҳазрат Абдул Ҳасан ибн шайх Муҳаммад Содиқ ибн Баҳодир ва шахси ҳозирча аниқланмаган, аммо Катта Лангар шайхлари оиласига мансуб бўлган марҳуманикидир. Мақбарадаги қабр тош­ларга арабча ёзувлар ўйиб битилганидан ўз касбининг усталари бўлмиш моҳир тоштарошлар ишлагани билиниб турибди.

Дастлаб бу ерга шайх Абдул Ҳасан ибн Илёс, ундан кейин шайх Муҳаммад Содиқ дафн этилган. Улардан кейин эса Катта Лангар шайхлари хонадонига мансуб бўлган аслзода марҳума дафн этилган. Қуйироқда эса шайхлар хонадонига мансуб бўлмаса-да, ўзининг ижтимоий мавқеи билан юқори поғонада турган Амирбек Содиқ ибн Баҳодирнинг жасади қўйилган. Юқорида номлари зикр этилган зотлар ўзларининг эътиқоди ва чуқур билимлари билан ислом динини тарғиб қилганлар, халқ орасида илм-маърифат тарқатганлар, уларни тўғри йўлга бошлаб, халқни иймон-эъти­қодли бўлишга чорлаганлар. Шунингдек, қишлоқ ёшларига билим бериб, шогирдлар ҳам тайёрлашган. Қишлоқ, ён-атрофдагиларнинг шайхларга эътиқоди баланд бўлган, узоқ-яқиндан беморлар, фарзанд кўрмаганлар шайхларнинг руҳларидан дардларига дармон излаб келганлар. Катта лангарлик шайхларнинг обрўлари шу даражада баланд бўлганки, уларнинг мавқелари вафотларидан кейин ҳам ошса ошганки, камаймаган.

Зиёратгоҳдан чиқиб, Катта Лангар шайхлари билан боғлиқ яна бир тарихий обида — қадимий ва ҳашаматли масжид томон юрдик. Масжид Лангар қишлоғи сойининг ўнг қирғоғида, қирнинг устида кўрк бериб турибди. Масжид меҳробидаги ёзувларга асосланилса, у ўн бешинчи асрнинг бошларида шайх Муҳаммад Содиқ яшаган даврда қурилган. Масжиднинг тархи тўрт бурчакли шаклда бўлиб, у икки хонадан иборат. Шарқ томонида ўн устунли пешайвон ҳар иккала хонани бирлаштириб турибди. Масжиднинг кичик, яъни ғарб томонидаги зали анча қадимий бўлиб, унинг деворлари дастлаб хом ғиштдан терилган ва ичида тўртта бақувват устун ўрнатилган. Унинг шифти ясси бўлиб, силлиқ вассалар билан ёпилган. Масжиднинг меҳроб қисми алоҳида нозик дид ва маҳорат билан безатилган. Унинг ичи ва атрофига араб­­ча, насталиқ хатида Қуръон оятлари ёзилган. Мовий фонга оқ рангли ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ўзига хос мозаика киши диққатини жалб қилади. Масжиднинг ички деворлари ҳам нафис ва бетакрор безакларга бой. Айвондан масжидга кирадиган жойга икки табақали нақшли эшик ўрнатилган бўлиб, уни қадимий ўймакорлик санъатининг ажойиб намунаси дейиш мумкин. Деворларида юлдузсимон нақшлар бўлиб, уларга нозик дид билан тилла суви юритилган. Қишлоқ оқсоқоллари бир пайтлар юлдузларнинг ичида қимматбаҳо тошлар бўлгани, кейинчалик бу тошлар номаълум кишилар томонидан олиб кетилгани ҳақида гапириб бердилар. Яна бир муҳим жиҳат, масжидда қадимий кўфий тилида ёзилган Қуръони карим нусхаси сақланади.

Сокин, аммо қандайдир ўтмиш сир-синоатларини табиат салобатига уйғунлаштириб кўрсатаётган Катта Лангарни зиёрат қилиб қайтарканмиз, халқимизнинг жуда бой тарихи борлигидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.

Юсуф ҲАМДАМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =