Майсаларга айтдим Исмингни…

Гулзебо ИБРОҲИМОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Гулзебо Иброҳимова — 1975 йили Олтинсой туманидаги   Чеп қишлоғида туғилган. 1993-1998 йиллари Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетида таҳсил олган. 1998-2001 йиллари эса мазкур университетнинг аспирантурасида ўқиган.

1996 йилдан буён   Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “YОSHLAR” радиоканалида муҳаррир вазифасида ишлаб келмоқда.

Шеър ва ҳикоялари республика матбуотида чоп этилган.

 

Гулзебонинг шеърларини ўқиб, кўзим ёшланди, қалбим нурланди. Булар покиза илтижолар, тилаклар, розлар экан. Аммо инсонга эмас, инсон икки жаҳонда муҳтож бўладиган Зотга айтиладиган розлар. Садоқат, поклик, тавҳид, зикр, тасбиҳ розлари. Тўртликлари ҳикматга мойил.

 

Ушбу хитобда ҳол бор:

Кўзингни саждага яшириб йиғла,

Шамолга хитоб:

Юпатмоққа келдингми,

                           ай, шамол-синглим…

Олий зотга мурожаат:

Ўзингдан Ўзингга

                           йиғлаб борурман…

 

Шубҳасиз, ижодда муаллифнинг ботин олами, ҳоли, ахлоқи, билими, тафаккури, намоён бўлади. Мени қувонтирган нарса шуки, Гулзебонинг шеърлари тамадан холи. Дунё талабидан, манфаат истагидан, моддий ва маънавий тамадан холи. Тама нима? Тама — мосуводан бир нарса умид қилмоқ. Ўзингга ўхшаган инсонлардан нимани умид қиласан?..

Дил насиҳат истар, оят сўзлагил,

Ҳақиқатни фақат Ҳақдан излагил…

Шеърнинг илдизи қалбда, шохлари руҳиятда, мевалари одамлар қўлидадир. Шундай ёзсангки, қоғоз қоғозлигидан пушаймон бўлмаса, сиёҳ сиёҳлигидан ор қилмаса, ўрмонлар китобга айланганидан рози бўлса. Дарахтлар тасбиҳи саҳифаларда давом этса. Ўқиганнинг қалби нурланса… Бу бир истак. Мен муболаға қилган бўлсам, вақт муболаға қилмайди, мен янглишган бўлсам, замон ислоҳ этади… Қалб нурининг, ишқи илоҳийнинг ўз шартлари бор. Шоира ёзганидек:

 

Сажда ҳўл бўлмаса,

                           дилинг нур бўлмас,

Қалбда ишқ бўлмаса,

                           ҳаққа йўл бўлмас.

Ҳасад тиканларин

                           дилдан юлмасанг,

Қабринг тупроғида битта

                                           гул бўлмас…

Нурли покиза туйғуларни ижодда умрбод сақлаб қолиш шоирнинг улкан давлатидир. Гулзебога ана шу давлатни тилайман.

Мирзо КЕНЖАБЕК,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийси, шоир

Майсаларга айтдим Исмингни…

 

Майсаларга айтдим Исмингни,

Тебрандилар: бизда огоҳмиз.

Ишққа тўлган она заминнинг

Кўксин ёриб юборган “Оҳ”миз,

Ул Пок Ишққа ҳадсиз гувоҳмиз.

Сўнг дарёга айтдим Исмингни,

Қирғогига урди бошини,

“Тоғ йиғиси дарёлар асли,

У тиёлмас кўзин ёшини”

Тоғ ва уммон аро бир “воҳ”миз.

Самоларга ҳайқирдим Исминг,

—Ул ҳайбатдан эгилдик , деди.

Ойу қуёш — икки кўзимиз,

Юлдузларга кўмилдик, деди.

Ўн саккиз минг оламда тоқмиз.

Сўнг ичимга ютдим Исмингни,

Кўзларимдан тошиб чиқди у,

Лайли қавмидаги Мажнун   деб,

Дилга ёғду сочиб чиқди у

Дил ва уммон аро бир воҳмиз.

 

              КЎЗЛАРИНГ

Хаёл дунёсида бир қадар осон,

Ўйлайсан, тунларни улаб тонгларга.

Эртага аразим айтаман, дейсан,

Сўзларни бўяйсан олов рангларга.

Нонуштада лабинг титрайди ногоҳ,

Зўрға ютинасан, ушоқдай нонинг,

Бутун вужудингга тўлади фарёд,

Бўғзингга тиқилиб келгандек жонинг.

Қўлингдан сирғалиб тушар пиёла,

“Чил-чил” оҳанггига кўчар сўзларинг.

Тўкилгани чоймас, қайноқ кўзёшинг,

Тонггача йиғлади, ахир кўзларинг…

 

                     * * *

Яратганга табассум қил…

Шукурлар айт, зикрлар айт.

Боққил қандай меҳрибон Зот,

Тафаккур қил, фикрлар айт.

Яратганга табассум қил…

Қудратин намоён этгай,

Ҳар иши ҳикмат бирладир,

Ҳикматларин аён этгай.      

Яратганга табассум қил…

Мўъжиза армуғон этгай.

Ғайб сирлари илоҳийдир,

Гаҳи сирин аён этгай.      

Яратганга табассум қил…

Раҳматидин нишон этгай.

Қўрқув ила умид бирла,

Дилда файз ошиён этгай.

Яратганга табассум қил…

 

                ЙИҒЛАДИМ

Юлдузларга дил ёриб,

                              осмонларга йиғладим.

Ранги рўйим сарғайса,

                           хазонларга йиғладим.

Унитилмас,

           айтилмас армонларга йиғладим.

Лек бирор бир одамга

                              кўрсатмадим ёшимни,

Номардлар ҳузурида эгмадим

                                           бу бошимни.

 

Шошқин сойнинг шашти паст

                           кўздан оққан ёшимдан,

Ҳув қоя чўкиб борар,

                           ҳақ берган бардошимдан,

Лек қўлим узатмадим

                              бахилларнинг ошига,

Жойнамоздан жой сўраб,

                                худойимга йиғладим.

Дилга тўлин ой сўраб,

                                самойимга йиғладим.

 

Титраб кетди самолар,

                              чақин чақди чақмоқлар,

Ул манзилга етдими

                            дилдан отилган оҳлар,

Авфин истаб ўтиндим,

                                  кечирилсин гуноҳлар,

Шукур, тонгга етишдим,

                                      қуёшига йиғладим,

Улуғ тангри аталган

                              сирдошимга йиғладим.

 

                              * * *

Чексиз самоларда учган қушга ҳам,

Уясидан кенгроқ ватан топилмас.

Одам Атомиздан мерос, дил аро,

Ватан фироқидек ҳижрон топилмас.      

Тиласанг, дилга шеър – сўз бергай худо,

Бирни сўраганга юз бергай худо,

Ватанда неки бор ибрат намоён,

Кўролсанг, кўнглингга кўз бергай худо.

Шу тупроқ куйида шоир бўлиб мен,

Аҳли муҳаббатга доир бўлибман.

Улуғлар хокини тўтиё айлаб,

Ки ватан ишқига ноил бўлибман.

Чексиз самоларда учган қушга ҳам,

Уясидан кенгроқ ватан топилмас.

Одам Атомиздан мерос, дил аро,

Ватан фироқидек ҳижрон топилмас!

 

           МЕҲР ИШОРАСИ

Сўзларни овозсиз ифода этар,

Қўллар имосига инган маънолар.

Ҳайҳот! Бармоқлари бунча чиройли,

Шаксиз, ярашгандир, узук-хинолар!

 

Дарахтга суяниб боқади унга,

Кўзлари порлаган ўспирин йигит.

Гунглар вакилининг бу дил суҳбати,

Забони борларга ибрат ва ўгит.      

 

            САМО МАКТУБЛАРИ

Само мактублари –оппоқ хушхабар,

Чақмоқ чақинида ёлқинланган сўз.

Инсон уйқусида келган туш, хабар,

Гоҳо юрагингга солар ёруғ из.

Само мактублари – оппоқ хушхабар,

Элчи капалаклар келтирган салом.

Синай деганингда тиргак бўлолган,

Дилга умид берган илҳомли калом.

Само мактублари   гоҳо куттирган,

Гоҳо соғинтирган ул ширин дийдор.

Гоҳо туни бўйи қалам ушлаган,

Қоғозга суянган соҳибаси бор.

Само мактублари   келар пайдар-пай,

Дилинг покланганда ул сени топар.

Ҳақ ризоси сари бошлар-у йўлга,

Оташин чўғ ташлаб юрагинг ёқар.

Само мактублари , нурли номалар,

Гоҳо қароғингдан тўкилган жола.

Гоҳо борлиғингни ўртаб юборган,

Қалбингнинг тубидан отилган нола.

Само мактублари она заминга,

Фалакнинг йўллаган заррин хатлари.

Оппоқ кабутарлар келтирган уни,

Силайсан, қадрдон   иссиқ патларин.

Само мактублари – оппоқ хушхабар,

Ёзилган жамики ашъордир, шеърдир.

Ошиқдан Маъшуқа томон шошилган,

Муҳаббат изҳори ёритган нурдир.

 

                          ҲОЛАТ

Ёмғирда қаноти ҳўл бўлган қушдай,

Асло ҳақиқатга айланмас тушдай,

Ҳаёт чархпалаги этган беҳушдай,

Карахтман.

Қоронғу тунларнинг бир

                                           “Қадр”и бордир,

Яшил майсаларнинг хуш атри бордир.

Нўноқ шоирнинг ҳам зўр сатри бордир.

Суръатман.

Ширин сўздан ўзга сармоям йўқдир,

Дуойингдан бошқа ҳимоям йўқдир,

Аммо яхшиликка ниҳоя йўқдир,

Журъатман,

ғайратман,

шижоатман, мен!

 

                            * * *

Меҳрнинг овози келди: Гулзебооо!

“Лаббай, эшитаман!”— жавоб айладим!

“Хосият опангизман!..ўша…Хосият!”

— Опажон, бу сизми?!!!

                           — хитоб айладим.

Бир дам иймонлашдик,

                           бир дам сирлашдик,

Дўсту ёронларни   айлаб дуолар!

Ғойибона дийдор дилни ром этди,

Ерга яқинлашиб келди самолар!

— “Болалик кулчасин соғинган каби,

Сизни соғинаман”, — сўзлайди опа!

Бори-бисотидан менга айтишчун,

Энг ширин сўзларни излайди опа!

Бир дам жим қоламиз, сукутда… унсиз,

Кўзёшга тўлгандай ул қорачиқлар!

Банданинг меҳрики шу қадар бўлса,

Келинг, юрагимга қалби очиқлар!

Дунё ўткинчимас, бизлар ўткинчи,

Ширин ташвишларни нарига суринг!

Аршнинг соясига етишмоқ учун,

Дилда дўстлик деган иморат қуринг!

 

                            * * *

Яхшилик қилдим-у дарёга чопдим.

Шошиб сувга ташлаб

                                дур ҳикмат топдим.

Жўшқин Жайҳун мисол чайқалди дарё.

Сувнинг шовқинига тўлди бу дунё:

Миллиардлаб одамлар яхшилик қилди.

Боққил, қирғоқларим лиммо-лим тўлди.

Баъзан миннат юкин кимлардир отди,

У юк харсанг бўлиб бағримга ботди.

Тўғри, яхшиликни билмас балиқлар,

Наҳангга айланди, нодон махлуқлар.

Аммо мовий кўлда Тилла балиқ бор.

Фақат ўшал эрур эзгуликка ёр.

Мен Унга элтгайман, эзгу ишингни,

Ўзи баҳолагай бул юмушингни.

Шунда, тўлқинланиб, кетдим дарёдай,

Уни шеърга солдим мисли рўёдай.

 

               ТЎРТЛИКЛАР

 Ҳақни танимоқда

              сендан илғор бўлса фаввора,

Шиддатидан, поклигидан

                                           андоза олсанг.

Само гумбазига юксалса руҳинг,

Ошиқ Фавворага айланиб қолсанг.

 

                             * * *

Ғофил даврасида сукунат этгил,

Илож этсанг бундан тез туриб кетгил.

Ғийбат юрагингни қаро қилгайдур,

Япроқ даъватига жим қулоқ тутгил

 

                             * * *

Луғатимда “нолиш” сўзи йўқ,

Катта синовларни сингдирган жонман.

Айбламанг,

                истиғфор айтган хатом-ла,

Уммонни кафтида тутган   нолонман.

 

                             * * *

Жисм оғриқлари ўртайди баъзан?

Шукур, гуноҳларга каффорат, деймиз.

Дилнинг оғриғига дармон қайдадур?

Ҳаммаси тақдирдан иноят деймиз.

 

                           * * *

Қўлларимни дуога очсам,

Илиққина тафт кўтарилгай.

Умидворман, ғайб оламидан,

“Амийн” деган кафт кўтарилгай.

 

                           * * *

Кўзда ёшинг билан боқма дунёга,

Раббига йиғласанг, қалбингда йиғла.

Ул меҳрибон зотдур, артар ёшингни,

Ишқида сархуш бўл, бағрингни тиғла.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + three =