Оловли йўллар андишаси
Ҳаётнинг, яшашнинг ўзи кураш. Бу муҳораба олов устида кечади. Бу оловли йўлларни бир оёқ билан босиб ўтаётган инсоннинг ўзи – бир қаҳрамон! Музаффар кўкраклари осмонни тўлдириб турган бўлса, у киши икки карра қаҳрамон саналади.
* * *
Тошкент вилоятидаги Нурафшон шаҳрининг “Деҳқонобод” маҳалласида бир хонадон бор. Унга қадам қўйишга жуда узоқ тараддудландим. Аслида бу мақола ҳам анча аввал ёзилиши керак эди. Лекин… ўша хонадондаги инсон тўғрисида ёзишга лойиқманми?
“Тўйтепа” жомеъ масжидидан ўтгач, хаёлимни эски ўйлар қуршовга олди.
Ўшанда газетага энди ишга келган пайтим эди. Ўйлай туриб, елкамни тоғ босгандек, осмон бошимга тегиб тургандек сезилди. Аслидаям шундай-да. У инсон ҳақида ёзиш учун тоғдай юрак керак. Ёзгач эса бошинг кўкка етиши турган гап. Демак, мен тўғри йўлдаман.
* * *
Ўшанда қуёш уфққа энди бош қўйганди. Мезоннинг изғирини юзни чимчилайди. Автобус кутгани тоқат етмади. Ўнг қўлни енгил силкиб, машина тўхтата бошлайман. Тепасида сариқ тус таралиб, бир улов тўхтади.
– Қўйлиққа?
– Чиқинг.
Олд ўриндиққа чўкиб, кўрганим шу бўлдики, киракашнинг бир оёғи йўқ эди. Одатга кўра, у ёқ-бу ёқдан ҳангома қилиб кетдик.
Айтишича, Ампутантлар ўртасида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурган экан. Яшил майдонда ўн йилга яқин жавлон урган. У терма жамоа сафида жаҳон чемпионатида матонат намунасини кўрсатган. Жумладан, жаҳон биринчилигида миллий терма жамоа сафида тўп суриб, учта олтин (2007, 2010, 2012), битта кумуш (1998) ва иккита бронза (1991, 2002) қўлга киритган. Бу йилги чемпионатда ўша йигит ҳам майдонга тушдими-йўқ, буниси, ҳозирча менга мавҳум. Менга маълуми, ўшанда бу футболчи спортни ташлаган, киракашлик орқали кун кечирар, болаларини боқар, қора қозонини қайнатар эди.
Унинг сўзларига қулоқ тутиб борар эканман, ҳаёт бир маромда кечмаслигига яна бир бор иқрор бўлдим. Яна халқона қадриятнинг бир кўриниши – андишага рўбарў келган эдим.
Ҳа, Ампутантлар ўртасида футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг ҳар бир аъзоси андиша қилади. Ўзлари учун мукофот, рағбат даъво қилишдан; иззат-икром ва эътибор талаб қилишдан; уйдаги гап кўчага ташилмаганидек, ичидагини сиртга кўчиришдан андиша қиладилар. Яна ҳақсизликдан, адолатсизликдан.
Мен Қўйлиқда тушиб қолдим. Киракашлик қилаётган чемпион эса йўлида, оловли йўлларида бир оёқ билан давом этди.
* * *
Нурафшон шаҳрининг “Деҳқонобод” маҳалласидаги хонадон. Юридик манзилида “Деҳқонобод” кўчаси 27-уй” дейилган. Бу дарвоза ортида матонатнинг чинакам эгаси, гоҳида тўрт мучаси соғ сизу биз эплаб қилолмайдиган ишнинг уддасидан чиққан ҳазрати инсон яшайди.
Унинг исм-шарифи – Турсунбоев Ҳайдарали Умаралиевич. 1984 йил 30 декабрь куни Тўйтепада туғилган. Шу ердаги 26-мактабда ўқиган. Тошкент юридик коллежида таҳсил олган. Ҳаёт уни бир оёғидан айирди. Лекин унинг юраги, виждони бут қолди. Аслида яшаш учун кўп нарса керак эмас. Юрак бут, виждон покиза бўлса, кифоя.
У 1996 йил биринчи марта ампутантлар ўртасидаги футболга меҳр қўйди. Орадан икки йил ўтиб, астойдил шуғуллана бошлади. 14 ёшар йигит катта орзулар, беғубор ниятлар билан ўзини, борлиғини спортга бағишлайди. Фақат угина эмас, унинг барча жамоадошлари ҳам бутун борлиғи билан яшил майдонда тўп суради. Натижа эса ҳаммага маълум: улар Ўзбекистон номи билан уч карра жаҳон чемпиони!
Уч ёшлигида автоҳалокат оқибатида бир оёғидан ажралганида уни отаси футболга олиб борди, қўллаб-қувватлади. Инчинун, у отасидан, устози Улуғбек Валихўжаевдан умрбод миннатдор. Лекин унинг турмушидан бехабар, улар эришган шону шавкатга беэътиборлардан эмас.
У 2010 йил Аргентинада, 2012 йил Россияда Ампутантлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатида “4” рақам остида рақиблар дарвозасига ҳал қилувчи голларга муаллифлик қилган спортчи. У қатнашган бирор мундиалдан медалсиз қайтган эмас. Мана, яқинда Туркиядан бронза медали билан келди. Бироқ буни биров билди, биров билмади. Билиб туриб, билмасликка олганлар эса қаршисида тик турган ҳақиқатдан юз ўгирган эди!
У бозорда тирикчилик қилади, чорва боқади. Қора қозоннинг қайнови, рўзғорнинг баракаси шундан. Уч қизу бир ўғлини шунинг ортидан катта қиляпти. Болаларга эса отасининг ўзи ибрат.
Ва энг охирги гап. У ва унинг жамоадошлари ҳақиқатдан фидойи йигитлар. Йўқса, шунча йилдан бери на маошсиз, на кўмаксиз копток ортидан югуриб юрмас эди-ю.
Айтганча, яна у “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони (2007) ва “Дўстлик” ордени (2010) соҳибидир.
Шунча шону шараф билан бировга миқ этмайди у. Чунки андиша қилади. Оловли йўлларни шу андиша билан босиб ўтмоқда, оловли йилларни шу андиша билан қаритмоқда.
Мен бу хонадонни тарк этдим. У эса чорваси билан андармон эди.
* * *
Айни кунлар бутун дунё нигоҳи Қатарга қадалган. Тўрт йилликнинг асосий спорт байрамини барча катта ҳаяжон билан кузатяпти. Доимгидек бу мундиалда ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси йўқ. Лекин юқорида ёзилганидек, Ампутантлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатида тўптепарларимиз бронза медаль билан қайтди, Ўзбекистон дунёда учинчи поғонанани банд этди.
Ўзбекистон терма жамоаси ампутантлар ўртасида бу йилги Жаҳон кубогида бронза медали учун ўтказилган баҳсда ўзбекистонликлар Гаити терма жамоасини 4:2 ҳисобида мағлуб этишди. Ўзбекистон “E” гуруҳидан Польша (3:1), Испания (3:0) жамоаларини мағлуб этиб, Танзанияга (0:2) имкониятни бой бериб, биринчи ўринга чиқди. Терма жамоа нимчорак финалда Колумбияни (4:1), чорак финалда Италияни (5:1) мағлуб этган бўлса-да, ярим финалда бўлажак Кубок чемпиони – Туркияга имкониятни бой берди (0:1).
* * *
Ҳалидан бери андиша ҳақида бекорга айтмаяпман. Нурафшонлик Ўзбекистон ифтихорининг андишасини қарангки, 2007 йил “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонини олган бўлса-да, бирор моддий манфаат тама қилмайди. Шу пайт ҳикмат ёдга келади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир”, деган.
Буни қарангки, куни-кеча Миллий Паралимпия қўмитасида Ампутантлар бўйича Ўзбекистон терма жамоасини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Футболчиларга автомат коробкали “Cobalt” автомобиллари топширилди. Мени қувонтиргани шундаки, тақдирланганлар сафида матонати билан мени ҳайратга солган Ҳайдарали Турсунбоев ҳам бор эди.
Отабек ИСРОИЛОВ