Хол

Илҳом АҲРОР

 

Хол

(Ҳикоя)

Тўрт талаба —   оғайнининг иккитаси аёл оёғининг тирноғидан тортиб, сочининг ҳар толасигача муҳокама қилишарди. Улар суҳбатини тинглашдан нарига ўтмаган Рустам ўртоғи Анвар билан тамомила бошқа мавзуда гаплашиб ўтирар, қулоғига чалинаётган беҳаё сўзлар қалдирғочнинг уйини бузган боладай нохуш таассурот уйғотарди унда.

— Эр йигитнинг уялгани – ўлгани, деган гап бор, — деди Собит бир вақтда кўзи билан Анварга ишора қилиб, —   ғурури бўлган одам бировнинг сарқитига уйланадими?

Анвар ўша пайтлари янги уйланган, даврадагиларнинг бари унинг тўйида бўлишган, ўйнаб-кулишган. У ўзига қилинган шамани ҳис қилдими ё кўзи билан ўзини кўрсатганини кўриб қолдими, авзои бузилди. Собитдан огоҳлантирувчи оҳангда сўради:

— Сен мени назарда тутяпсанми?

— Биз синфдошлармиз, болаликдан ўртоқмиз, — кўп ичиб қўйган бўлса ҳам айтган гапи залворидан қўрқиб қолганини сездирди Собит. — Уйланишдек нозик масалада, бир-биримизга маслаҳат солишимиз керак, демоқчи эдим…

Анвар ҳозиргина ўзи олма арчган пичоқни дастурхон устидан олиб, ўрнидан турди. Бошқаларнинг “ҳой-ҳой”лашига қарамай, Собитнинг орқа томонига ўтиб, қўйни ётқизган қассобдек унинг сочидан ушлаганча бошини тиззаси орасига олди, пичоқ тираб ўдағайлади:

— Ҳозирнинг ўзида хотиним кимнинг сарқити эканлигини исботлаб бермасанг, сўйиб ташлайман!

— Мен… сен…   нотўғри тушундинг… – ғўлдираб қолди Собит.

— Гапир, жонингдан умидинг бўлса, гапир!

— Зайнабнинг   тиззасидан юқорида холи бор. Буни менга Ҳалим айтган. Бу ёғини ўзинг билиб олавер…

Анвар уни қўйиб юборди. Жаҳл билан хонани тарк этди. Бир муддат даврада шундай сукунат ҳукм сурган эдики, Рус­там ҳалигача бу жимлик қўйнидаги разолатни эсидан чиқаролмайди.

— Ортидан боришимиз керак, — жимликни бузди Рустам. — Зайнабга бир нима қилиб қўйса нима бўлади! Яхшиям Ҳалим армияда. Туринглар, ахир, нимага анграйиб қолдиларинг?!

— Сен ичган ароқни бошқалар ҳам ичди, — деди Аълам Собитга нафрат билан, — ўйлаб гапирсанг ўласанми? Нима қиласан бировнинг нафсониятига тегиб?!

— Нима ҳам келарди қўлидан? —   қўлини бошигача кўтариб, беписандларча пастга туширди Собит. — Зайнабнинг акалари еб қўяди-ку уни. Унда ғурур йўқ, журъат қилолмайди бунга?!

— Ғурур, ғурур дейсан? – Бақирди Рус­там. — Ўзингда борми? Ғурурлимисан сен? Зайнабни ўзинг ҳам яхши кўрардинг. Аълам ҳам, мен ҳам ёқтирардик уни. Синфимиздаги барча болалар ундай қизни орзу қиларди. Сен, аҳмоқ, ҳақорат қилиб турибсан уни! Анварнинг ўрнида бўлсам, шу гапинг учун сени аяб ўтирмасдим. Бўғизлаб ташлардим. – У Аъламга юзланди, — бу ифлос кечқурун сизларникида ётсин. Ким билади? Анвар Зайнаб билан гаплашгач, уни яна излаб келадими?

— Жўражон, Анварга тушунтир, мастликда айтди-да, дегин, — Рустамнинг гапи кўнглига ғулғула солдими   ялинишга ўтди Собит. — Аслида ҳам бу нотўғри гап эди. Ҳалим унинг холини болаликда – бирга ўйнаб юришганда кўрган. Зай­наб улғайиб, беҳад гўзал бўлиб кетгандан кейин, айниқса, Анварни танлагандан сўнг менга алам устида айтган. Кейин шунчаки мақтанганини тан олган. Мен… мен … гапимни шу қадар ҳам кўнглига олади деб ўйламагандим.

— Ифлос! – тутоқиб кетди Аълам. – Ўзи сени чавақлаб ташлаши керак эди.

Рустам хонадан эшикни тарақлатиб ёпганча чиқди. Тўғри Анварникига йўл олди. Уларнинг кўчасига кириши билан қарши томондан “Тез ёрдам” машинаси келиб, шундоқ ёнидан шамолдай ўтиб кетди.

— Кечикканга ўхшайман, — ўйларкан қадамини тезлатди Рустам.

Манзилга етиб қараса, Анварларникида аллақачон одам   тўпланган, милиция ҳам етиб келган эди. Машинанинг орқа ўриндиғида икки нозир орасида ўтирган Анварнинг унга кўзи тушди. Гўё бу гапдан Рустам ҳам хабардор бўлгану унга ҳеч нарса демай юргандай ундан юзини бурди. У Анварни олиб кетган машина ортидан нимадир демоқчи бўлиб югурса-да, синфдоши унга бошқа қарамади. Балки, қарай олмагандир?!

Орадан икки йиллар вақт ўтмай қамоқхонадан Анварнинг жасадини олиб келишди. У ҳам Зайнаб ётган қабрис­тонга кўмилди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + seven =