Бизга фалсафа бегона эмас!
Инсоннинг камолотга етишишида ҳар бир фаннинг, ҳар бир таълимотнинг ўзига хос ўрни ва роли бор. Зиёлилик йўлини тутган одам имкон қадар барча фанлардан хабардор бўлиши лозим. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бугунги ривожланган давр ҳар бир кишидан ижодий, танқидий фикрлашни талаб этмоқда. Бундай фикрлашни шакллантиришда эса фалсафа ва фалсафий-ижтимоий фанларнинг ўрни беқиёс.
Аммо минг афсуски, охирги бир неча йилда олий таълим муассасаларида фалсафий-ижтимоий фанларнинг соатлари камайтирилди. Бу фанлар соатларининг камайтирилиши ёшларда фикр қарамлиги, ўзгаларга ишониб кетавериш каби ҳолатларни юзага келтиради. Фалсафий-ижтимоий фанлар бўлажак кадрларни китоб ўқишга, изланишга шу асосда танқидий фикрлашга ундайди. Шунда фикрлар ранг-баранглиги шаклланади. Мустақил фикрлайдиган, ўз қарашига эга бўлган мутахассисларнинг етишиб чиқишига замин ҳозирланади. Бу эса жамиятда фикрлаш маданиятини шакллантиради, соҳаларнинг ривожланишига туртки беради.
Табиат, жамият ва инсон тафаккури тараққиётида ҳам бирдек аҳамиятга эга бўлган фалсафий қонуниятлар ёшларнинг етук кадр сифатида шаклланишида жуда муҳим ўрин тутади. Ҳар бир одам жамиятда ўз фикри ва ўрнига эга бўлиши зарурлиги, бунда эркин ва асосли фикрлаш муҳимлиги мазкур қонуниятларда гўзал тарзда ифодаланган. Жамият ҳаётида турли янги қараш ва назарияларнинг вужудга келиши шу асосда тараққиётга эришиш мумкинлиги фалсафа фани ўрганадиган ушбу қонуниятларда акс этади.
Шу сабабдан улуғ инсонлар, хусусан, аждодларимиз ҳам аниқ, ҳам табиий, ҳам ижтимоий фанларни бирдай ўрганишган. Уларнинг барчаси муҳим эканини тушунишган. Улуғ олим Умар Ҳайём математик бўлиши билан бирга гўзал рубоийлар битган. Гўзал шеър ёзиш учун ҳам илм керак, тўғри масала ечиш учун ҳам. Мирзо Улуғбек астрономия сирларини шогирдларига етказиш учун ижтимоий фанларнинг имкониятларидан унумли фойдаланган.
Олиб борилаётган давлат сиёсати фалсафий-ижтимоий фанларга таяниб жамиятга тушунтирилади. Математиканинг долзарблиги ҳам, шахматнинг жозибаси ҳам, спортнинг фойдаси ҳам фикрлар орқали ижтимоий онгга етказилади. Фикрлар эса юқорида айтганимиздек фалсафий-ижтимоий фанлар орқали шакллантирилади.
— Ҳозирда олий таълим муассасаларининг барча йўналишларида фалсафа фанига 60 соат ажратилган. Шу 60 соатнинг таркибида инсон ахлоқини мустаҳкамлайдиган этика, ҳис-туйғу оламини бойитадиган эстетика, тўғри фикрлашга, тўғри мулоҳаза юритишга ва шу асосда тўғри хулоса чиқаришга ўргатадиган логика, инсон имони, эътиқодини тўғри тарбиялайдиган диншунослик каби фалсафий фанлар ҳам қўшиб юборилган. Айрим олий таълим муассасаларида маънавият асослари ва коррупцияга қарши курашиш фанлари ҳам шу соатлар таркибига киритилган. Иқтисодда иқтисод назарияси, ҳуқуқда давлат ва ҳуқуқ назарияси, физика ва амалий математикада квант назарияси, сонлар назарияси каби фанлар доимий ўқитилади. Негаки, улар фалсафий мазмунга эга. Замон тезкор, айниқса бу технологиялар ривожида кўринади. Шу сабаб ишлаб чиқариш йўналишини тамомлаган талабаларнинг билимлари агар доимий изланиш ва ўрганишда бўлмаса эскиради. IPHONE 14, 15, 16 ишлаб чиқарилишини талаба 1-курслигида ўрганади, битиргунча эса айфон 50 чиқарилаётган бўлиши мумкин. Фалсафий фанлар фалсафий дунёқарашга ўргатади. Фалсафий дунёқараш эса олам ва одамнинг энг умумий қонуниятларини ўргатгани билан универсаллик касб этади, – дейди Гулистон давлат университети “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” кафедраси мудири Умиджон Мавлонов.
Ҳақиқатан ҳам замонавий ўқитувчи ва ўқувчилар танқидий фикрлашга мойил бўлиши, ахборот коммуникация технологияларини билиши, медиосаводхон бўлиши, берилган дастурни ўзлаштира олиши зарур.
Таниқли файласуф, профессор Виктор Алимасов таъбири билан айтганда “Фикрлаш чанқоғи, фикрлаш лаззати, фикрлаш санъатига ундайдиган фалсафа фани дарс соатларининг қисқариши инсонни фикрларга фақат чанқоқ этади. Фикрларнинг санъат даражасига кўтарилишига хизмат қила олмайди”.
Ўқитувчилик шарафли ва масъулиятли касб. Бироқ қайси фан ўқитувчиси бўлишидан қатъи назар унинг аудиторияси чекланган. Бошқа ижтимоий соҳа вакиллари файласуфлар, журналистлар, ёзувчиларнинг ёзган мақола ва китоблари аудиториясининг чегараси йўқ. Улар бу орқали нафақат ҳозир балки келажак ижтимоий онгига ҳам таъсир кўрсата олади. Уларнинг қалбига эзгу ғояларни сингдира олади.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугун биз олий таълим муассасаларида ўқитиладиган фалсафа ва фалсафий фанлар соатларини қисқартирмаслик лозим. Шунда нафақат ижтимоий балки аниқ, табиий ва амалий фанлардан етишиб чиқаётган кадрлар ҳам ўз фикрларини фалсафий мушоҳада орқали ифода этиш қобилиятини янада мустаҳкамлаган бўларди.
Баҳром БОЙМУРОДОВ,
журналист