Бойлар ҳам йиғлайдими?

ёхуд қурилишмеъморчилик соҳасида бизни ўйлантираётган айрим муаммолар хусусида

 

Қадимий шаҳарларимиз Бухоро, Самарқанд ва Хивадаги юзлаб тарихий обидалар турфа хиллиги, ранг-баранглиги, бетакрор меъморий гўзаллиги, ҳашамдорлиги, мустаҳкамлиги билан неча-неча асрлардан буён аҳли оламни ҳайратга солиб келаётганлигидан бениҳоя қувонмай, ўзгача бир ғурур билан фахрланмай бўлмайди. Шундай ноёб саройларни, мад­раса, масжидларни бунёд этган буюк аждодларимизнинг юксак дид-фаросатига, топқирлиги, гўзал санъатига тан бериб, таҳсину тасаннолар айтиш қадриятларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва муҳаббатимизнинг ифодасидир. Салкам   уч минг йиллик тарихга эга бўлган бундай ҳайратомуз кошоналар ўша пайтдаги машҳур усталарнинг ақл-заковати билан узукка кўз қўйгандек заргарона яратилганким, уларнинг меъморий –муҳандислик ечимларини, бунёд этилиш жараёни сир-синоатларини қунт билан ўрганиш ва замонавий биноларимиз қурилишида қўллаш бугунги авлод учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлмоғи керак.

Афсуски, қизил салтанат даврида аждодларимиз анъаналари асосида, яъни шарқона усул ва услубда бино қуриш   учун мутахассислар тайёрлаш у ёқда турсин, ҳатто, минг-минг йиллик ёдгорлик­ларга эга бўлган шаҳарларимиз тарихини ўрганиш ҳам эътибордан бутунлай четга суриб қўйилган эди. Аслида бу иш анча олдин бошланган сиёсатнинг таъсиридан эди. Шу боис тарихий кошоналаримизни турли йўллар билан вайрон қилишга уринилди. Қатор-қатор ёдгорликларимиз Черняев, Фрунзе каби баттоллардан зиён кўрмаганида улар ҳам бутун кўрку тароватини кўз-кўз қилиб, кечагина бун­ёд этилгандек жилоланиб турган бўлур эди.

Аллоҳга шукрлар бўлсинким, МУСТАҚИЛЛИК тарихий шаҳарларимиз нуфузини тиклаб­гина қолмай, уларга иккинчи умр ҳам ато этди. Неча ўнлаб обидалар-у, ёдгорликлар асл ҳолига келтирилди. Аммо ҳали бу ишлар ниҳоясига етгани йўқ. Таъмирталаблари билан бирга тупроқ остида ётганлари ҳам йўқ эмас. Улар бизнинг маданий меросимиз.

Бу меросни кўз қорачиғидек асраш ва келгуси авлодларга етказиш бизнинг бурчимиз. Чунки бу бизнинг буюк тарихимиз. Бу тарих саҳифаларида ҳаётини илм-фанга, ўлмас топилмаларга бахшида этган буюк алломаларимиз яратган битмас-туганмас маънавий- маърифий хазинамиз борким, ундан нафақат биз, балки келгуси авлод ҳам албатта баҳраманд бўлиши керак!

Мақолага “Бойлар ҳам йиғлайдими?”, дея ном бериб, уни тарихий шаҳарларимиз таърифидан бошлашимизнинг боиси нимада? Яхши биласизки, Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент ва Шаҳрисабз сингари бир қатор шаҳарларимиздаги муаззам бинолар неча-неча асрлардан бери табиатнинг не-не шамолу бўронларига, не-не сув тошқинларига, не-не ер силкинишларига, не-не иссиқлари-ю, совуқларига дош бериб, ўтмиш замонлардан ҳикоятлару ривоятлар сўзлаб, бизнинг минг-минг йиллик тарихимизга бўлган қизиқишимизни, унга бўлган ҳурмат ва муҳаббатимизни оширишга хизмат қилиб келмоқда.

Мен ҳар гал ана шундай мўъжизавий обидаларга мафтуну маҳлиё бўлиб боққанимда, хаёлимга беихтиёр шундай саволлар келади: “Биз кўрган ва эшитганларимиздан ҳайратга тушиш, саволларимизга жавоб олиш ва анча-мунча таассуротга эга бўлиш билан қаноатланиб қолмаяпмизми? Меъмор ва қурувчиларимиз, шу соҳаларнинг олимлари бундай ҳайратомуз бинолар нималар ҳисобига узоқ асрлардан буён мағрур турганлиги ва мустаҳкамлиги сабабларини қай даражада биладилар? Бу йўналишда илмий изланишлар олиб бориляптими? Тадқиқотлар натижалари қандай бўлаяпти? Бу масала ўрганилиб келинаётган бўлса, ютуқлардан замонавий меъморчилик ва қурилиш ишларида фойдаланиляптими?” Эҳтимол, бу ҳақда матбуотда кам ёзилаётгандир. Агар, ёзилмаётган бўлса, албатта ёзиш керак!

Гап кейинги йилларда қурилган ва қурилаётган кўп қаватли уйларнинг сифати ва улардан фойдаланиш тартиб-қоидаларига бориб тақалаётганлигини сезган бўлсангиз керак. Шундай экан, энг аввало, давлатимизнинг бу масалага муносабати-ю, эътиборига тўхталсак. Эътироф этиш керакки, чиндан ҳам кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолисини уй-жой билан таъминлаш борасида янги-янги лойиҳалар асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари жойларда тураржой бинолари лойиҳалари билан танишиш баробарида уларнинг ҳар томонлама қулай бўлиши лозимлигини қайта-қайта таъкидлаган ҳолда, замон талабларига тўла жавоб бериши, пишиқ, мустаҳкам бўлиши хусусида ҳам ўз таклифларини илгари сурмоқда. Айни пайтда шаҳар ва туманларимизда барпо этилаётган уй-жойларни кўздан ўтказиб, қурувчилар диққат-эътиборини сифатга қаратаётганлиги ҳам ҳаммамизга маълум. Шунга қарамай, айрим жойларда ўзибўларчиликка, талон-тарожликка, ташмачилигу маблағларни ноқонуний ўзлаштиришдан тап тортилмаётганлиги ҳам кўриниб турибди. Бундан уч йил муқаддам пойтахт марказидаги кўчалардан бирида рўпарамдан келаётган эллик ёшлар чамасидаги қотмадан келган, ўрта бўйли, буғдойранг бир киши саломлашиб, республика прокуратурасига бориши кераклигини айтиб, йўл кўрсатиб юборишимни илтимос қилди. Йўловчи сўраган идора биздан бор-йўғи икки бекат нарида эди. “Республика прокуратураси нега керак бўлиб қолди?”, дея ҳамроҳимни гапга тутдим. Тўлиб турган эканми, худди прокуратура ходимига учрагандек, ётиб қолгунча отиб қол қабилида иш тутиб, дарҳол дилидагини тилига чиқарди. У Тошкентнинг Сирғали тумани ҳудудида янги қурилаётган кўп қаватли уйлар қурувчиларининг кичикроқ бошлиқларидан бири экан.

— Биз бир неча ойдан буён маошсиз ишлаяпмиз, — дея томоқ қириб олди у, — Катталарнинг бугун-эртаси лағмондай чўзилди. Қурилиш материаллари эса ўз-ўзидан гумдон бўлаяпти. Ишчиларимиз яширинча сотиб, кам-кўстларига ишлатаётганга ўхшайдилар. Битта-иккитасини қўлга туширгач, шундай хулосага келдик. Уларга “бу ишни иккинчи қилманглар, жиноий жавобгарликка тортиласизлар” дейишдан бош­­қа ҳеч нарса деёлмадик. Кет дейдиган бўлсак, аввал ойлигимни бер дейди. Ундан кейин ҳаммамиз ҳам вилоятларданмиз. Бола-чақамизни боқиш учун беш-олти сўм ишлагани келганмиз. Масаланинг қонуний томонига ўтадиган бўлсак, ўша ишчилар қатори мен ҳам жавобгар бўламан…”

— Масала жиддий экан, — дедим унинг аҳволига ачиниб, — шу гапларни прокуратурага айтгани бораяпсизми?

— Қизиқмисиз? — Келиб-келиб дардимни сенга айтаяпманми дегандай менга хавотирли қараб олди у. — Ўзимни ўзим қўлимни боғлаб бериб, ахмоқманми? Мен улардан маошларимизни олишимизда ёрдам беришларини илтимос қиламан, холос. Чунки, қуйи идораларнинг ҳаммасига мурожаат қилиб кўрдик. Ҳеч қайсидан садо чиқмади.

— Ахир, бу бинонинг сифатсиз қурилишига сабаб бўлади-ку. Ёки қурилиш материаллари серобми?

— Нима деяпсиз? — Асабийлашди у. — Ҳаммагинаси ҳисоб-китобли. Михдан тортиб ғиштгача. Ажратилган ҳар бир материал жойида ишлатилиши шарт. Ундан уриб қолинса, бино сифатсиз бўлади. Бундай бино узоққа бормайди. Бир кунмас бир кун… Тавба-тавба, Худо асрасин! Шунинг учун иш ҳақи вақтида бериб турилса, қурилиш материалларини сотиб, кун кўриш бировнинг хаёлига ҳам келмайди.

— Сиз ҳақсиз, — дедим суҳбатимизга нуқта қўймоқчи бўлиб. — Уй-жойни сифатсиз қуриш жиноятгина эмас, хиёнат ҳамдир. Савоб ишга бел боғлаганингиз яхши бўлибди. Бу ёғига бўш келманг! Хў, анаву бурчакдаги бино республика Бош прокуратураси бўлади. Сизга омад.

Биз самимий хайрлашдик. Ўша кезлар Сирғалидаги кўп қаватли уйлар “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қилиб қурилаётганлиги ҳақидаги узуқ-юлуқ гаплар қулоғимга чалиниб қолар, меъмор ёки қурувчи бўлмаганим учун эътибор бермасдим. Аммо эшитганларимдан нохушроқ лавҳаларни интернет сайтларида кўрганимда мендан республика прокуратурасини сўраган ўша одам ёдимга тушиб, ғазабданми, нафратданми, хавотирданми, беихтиёр бош чайқаб қўярдим.

Ўша йилнинг ёзида Президентимиз пойтахтнинг Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлардан ташкил топган маҳаллаларда бўлганида ноқонуний қурилмаларни кўриб, қаттиқ ранжиган ва уларни уч кун муддатда бартараф этишни туман ҳокими билан прокурорига топширган эди. Хайрият-е, шу баҳонада бутун шаҳар тозаланиб, ноқонуний қурилмаларга чек қўйиладиган бўлинди, деб хурсанд бўлдик. Чунки, “қизим сенга айтаман, сен ҳам эшит келиним” қабилида айтилган бу дашном энг аввало шаҳар ҳокимияти ва прокуратурасига, айни пайтда барча туманлар раҳбарларига ҳам тегишли эди. Ана бўлар, мана бўлар билан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтди. Афсуски, на шаҳар, ва на туманлар раҳбарларининг бирон биттасидан садо чиқмади. Назаримда улар Президент топшириғи фақат Чилонзор туманига тегишли деб билганлар, шекилли. Акс ҳолда ўша куннинг ўзидаёқ шаҳар ҳокими қарори қабул қилиниб, пойтахтнинг барча туманларида ноқонуний қурилмаларга қарши тегишли чора-тадбир кўрилиши бошланган бўлур эди. Бунинг ўрнига шаҳарнинг ҳамма-ҳамма жойида бузиб қуриш авж олди. Йўл ёқасидаги кўп қаватли уй борки, биринчи қаватидаги хонадонлар ёппасига дўкон, дорихона, гўзаллик салони, кафе, фирма, ҳатто даволаш муассасасига айлантирила бошланди. Қилса қилибди-да, кўпайгани яхши-ку дерсиз. Тўғри, буларнинг кўпайгани яхши. Балки, хизмат кўрсатиш сифати озгина бўлса-да яхшиланиб, оз-моз арзон ҳам бўлар. Аммо икки, уч ёки тўрт хонали хонадон ўз-ўзидан гўзаллик салони-ю, шифохонага айланиб қолмайди. Уни мослаштириш керак. Бунинг учун “перфаратор” деган бир бало билан хонадонни остин-устин қилиб ташлайдилар. Ҳатто, юқори қаватларни кўтариб турган асосий устунларни бузиб, янги эшик ўрнатишади. Бу эса кўп қаватли уйнинг нафақат меъморчилик, энг муҳими, муҳандислик тизимининг қўпол бузилишига олиб келади. Чунки, хонадон ичидаги арматурали деворлар биз айтган перфаратор билан кесилади. Ана шу жараёнда хоҳлайсизми-йўқми, хонадоннинг мус­таҳкамлигига жиддий путур етади. Ҳозир асосий деворни бузиб, арка эшик очиш ёки уни ўйиб иситгичлар ўрнатиш, хона ёки балконни бир-икки метр кенгайтириш одат бўлган. Буларнинг ҳаммаси шаҳарсозлик ва меъморчилик қонун-қоидаларига мутлақо зид бўлса-да, “сиздан угина, биздан бугина” билан иш битирилиб, ким қандай хоҳласа, шундай бузиб қураяпти. Бошқа биров эса сотиб олган хонадонини евротаъмир қиламан деб, юқори қаватларга тонна-тонна шағал, қум олиб чиқаяпти. Бу ўн-ўн беш ёшли боланинг елкасига эллик-олтмиш кило юк қўйиш билан баробарлиги ҳақида эса ҳеч кимнинг боши қотаётгани йўқ.

Мана энди ўзингиз айтинг, бундай кўп қаватли уйлар оғир “жароҳат”дан сўнг, Худо кўрсатмасинку-я, аммо кучлироқ ер силкинишига бардош бера олармикан? Бунга кафолат берадиган мард борми? Йўқ! Чунки, бу ишларнинг бари ўзбошимчалик билан қилинмоқда. Калаванинг на боши бор, на охири. Аллоҳ сақласин, аммо эртага бир гап бўладиган бўлса, ким жабр кўради? Дўкон эгасими ёки дорихона хўжа­йини? Йўқ! Жабрни шу уйларда яшайдиган бегуноҳ одамлар кўрадилар. Ўшанда кимни айбдор қиламиз? Ном-нишони бўлмаган меъморними ёки қурувчини? Хўш, шундай катта шаҳарда, унинг туманларида бу ҳақда ўйлайдиган одам йўқми? Бўлганда, Чилонзордаги гап-сўзлардан кейин ҳар бир ҳоким, ҳар бир прокурор кўп қаватли ҳар бир уйнинг хонадонини кўздан ўтказмасмиди? Шунақа, биз пешонамиз тақ этиб, бир жойга тегмагунча ёки кўза синмагунча кўриб кўрмаганликка, эшитиб эшитмаганликка олиб юраверамиз. Инсоннинг инсонга бўлган ҳурмати, меҳр-оқибати шунчалик бўладими?! Ўн эмас, юз эмас, минглаб одамлар ҳаётига таҳдид соладиган бундай шафқатсизлик яна қанча давом этиши мумкин? Туркия ва Суриядаги фожиа кўзимизни очиши керакми, йўқми? Биргина Туркияда қирқ беш мингдан зиёд одамнинг ҳаётдан бевақт кўз юмганига фақат зилзила айбдорми? Ҳа, дейдиган бўлсак, унда нега вайрон бўлган кўп қаватли уйларнинг меъмору муҳандислари миллионлаб доллар билан олис мамлакатларга қочиб қолмоқчи бўлдилар? Нега?! Шунча пул билан бекордан-бекор ўлиб кетмаслик учунми? Зилзиладан қўрқибми? Йўқ, жазодан қутулиб қолиш учун. Мана энди, бир қоп пулим бор, нима ғамим бор, деган ўша бойлар ҳам аччиқ-аччиқ йиғлайдиган бўлдилар.

Биринчи қаватдан ёнма-ён турган икки хонадонни сотиб олиб, ўзи хоҳлаганидай бузиб, бир неча ой давомида қўшниларнинг асабини эговлаб, ҳам кони қарғишга қолган, ҳам кўп қаватли уйнинг бир қисмини “учинчи гуруҳ ногиронига” айлантирган ёки пулнинг зарби билан балконига икки метр жойни ноқонуний қўшиб олган бизнинг юзлаб бойларимиз ҳам йиғлайдиган кун келиши шартми? Аллоҳ асрасин! Ўз ҳудудида кўп қаватли уйлар хонадонларининг ноқонуний ( пул қонуний қилиб берган бўлиши ҳам мумкин) бузиб-қурилаётганлигига қурилиш вазирлиги мутасаддилари бепарво бўлса, ҳоким қарамаса, инсон манфаатларини ҳимоя қилувчи идоралар назар ташламаса, меъмор қорасини кўрсатмаса, унда жабрланган одамлар-у, ночор аҳволда қолган кўп қаватли уйлар кимга дод десин?! Уларнинг арзи-ҳолини сўрайдиган топилармикан? Топилади. Ким экан у? Давлат! Бундай пайтда давлат қараб турмайди. Чунки, у халқнинг манфаатини ҳимоя қилади. Шартта қарор қабул қилиб, ҳаммасини жой-жойига қўйдиради. Тўғри-да, одамларнинг умргузаронлик қиладиган жойини бузиб-тузиб ошхона-ю, кафега, дорихона-ю, дўконга, спорт тўгараги-ю, компьютер ўйини марказига айлантириш қайси қонунда ёзилган? Уйнинг лойиҳасида борми бу? Йўқ! Демак, ноқонуний. Кўп қаватли уйларнинг мустаҳкамлигига жиддий путур етказаётган бундай бош-бошдоқликка дарҳол нуқта қўйилмас экан, бу яна қанчадан-қанча кўп қаватли уйларнинг “соғлиги”га зарар етказибгина қолмай, уларни “ногиронлик”ка маҳкум этиши шубҳасиз.

* * *

… 2023 йилнинг 23 февраль куни. Эрталаб. Ҳаво очиқ. Яқиндагина ёстиғидан бош кўтарган қуёш оламга илиққина нур сочаяпти. Уйдан чиқишим билан қулоғимга зўриққан тракторнинг овозига ўхшаган бир нола эшитилди. Одатдагидек кўп қаватли уйлар оралаб, метро томон юрдим. Овоз янада баландроқ эшитила бошлади. Юз метрлардан сўнг бу даҳшатли овоз йўл ёқасидаги уйнинг иккинчи қаватидан таралаётганлиги маълум бўлди. Ўзларини ҳамма ишга қодир қилиб кўрсатадиган “уста”лар перфаратор билан хонадоннинг чангини чиқариб, қаерларинидир бузаётган эдилар. Бузиб-қуриш мавсуми бошланибди-да, дедим ўзимга ўзим. Лоқайдлик шу даражага бориб етдики, бу ҳолга на маҳалла оқсоқоллари, на ширкат эгалари, на ички ишлар вакиллари ва на қўни-қўшнилар лом-мим демайди. Чунки бузиб-қураётган одам уларнинг гапини сариқ чақага ҳам олмайди. У учун қарор ҳам, қонун ҳам — пул. Хўш, бу кетишда эртага нима бўлади? Бу саволга жавоб берадиган бормикан ўзи?

Сўзимиз охирида яна битта гап: Албатта, бугун ижтимоий тармоқларда тарқалаётган гап-сўзларнинг ҳаммасига ҳам ишониб бўлмайди. Кўпи исботсиз, тайинсиз гап-сўзлар. Аммо айримларига ишонмасадан ҳам илож йўқ. Шундай кўриниб турган нарсага инонмай бўладими?

Қайси вилоят экан, янглишмасам, Сирдарё вилоятидан эди шекилли, бир учар тадбиркор уй қуриб топширибди. Янги уй, 9-қават! Аммо тунов кунги ёмғир туфайли томидан чакки ўтиб кетибди.

Янги хонадон сотиб олдик деб қувонган уй эгалари қарашса, у кўзбўямачилик билан қурилган, майнавозчилик билан эгаларига топширилган экан. Йўқ, ишонмайсиз, уйнинг шифтига қўйилиши лозим бўлган бетон-плиталар ўрнига, шунчаки қоғоз-картонли бир нимабало ўрнатишган экан!

Йўқ, бу шармандали лавҳани ижтимоий тармоқларда эмас, телевизорда кўрсатишган эди.

Хўш, қани энди бу ерда қонун? Қани жавобгарлик?

Уйни қурганлар-ку, Худо урган виждонсизлар экан, уни қабул қилиб олганлар-чи, улар ҳам шу қадар порахўр, коррупционер бўлишадими? Йўқса, бу уйни қандай қабул қилишган? Наҳотки, эртани ўйлашмаса, Худодан қўрқишмаса?!

Ҳа, қўрқишмайди. Йўқса, қайси йили эди, хуллас, 2-3 йил аввал Жиззахдаги кўп қаватли уйни эсланг-а. Энди одамлар кўчиб кирамиз деган уй ўз-ўзидан, “шамол”га қулаб тушмаган эдими?! Ёхуд пойтахти азимда кўп қаватли уйнинг тепасига “ҳовли” қуриб олган шоввоз ҳақида ким эшитмади дейсиз? Очиғи, шу қадар ҳам бошбош­доқлик бўлиши уят.

Бу кулгули, лекин жуда ачинарли ҳолат бартараф этилгани айтилди. Аммо айрим юрт­дошларимизнинг ниҳоятда калтабин ўй билан иш юритиши, бу каби хатти-ҳаракатлари сабаб одамлар ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигини ўйламайдилар ҳам. Фожиа ана шунда.

Президентимиз уй-жой қурилишларига вақтинчалик мораторий эълон қилди. Ўзиям ҳаммаёқда — Тошкенту Бухорода, Андижону Самарқандда, Хоразму Нукусда, барча-барча ҳудудларимизда буза-буз, қура-қур авжига чиқмадими? Қурилиш чинакамига бизнесга айланди. Майли, бизнес бўлса бўлсин. Уй-жой қуриш чиндан ҳам даромадли, савобли соҳа. Қурган мўмай даромад кўради. Уй олган ватанли бўлади. Лекин ана шу уйнинг сифати, чидамлилиги билан бугун бировнинг иши борми?

Халқимизда “Кўзингни чиқмасидан аввал қўри” деган нақл бор. Ваҳима эмас, эҳтиёт бўлайлик. Айниқса, сўнгги 10-15 йил ичида қурилган уйларнинг зилзилага бардошлилиги даражаси қаттиқ ўрганиб чиқилиши лозим. Токи кеч бўлмасин.

Эътибор қилинг, “Янги уйлар, нурафшон хонадонларга марҳамат!”, деб одамларни чорловчи турли “Болдинг-у Холдинг”ларнинг қилаётган рекламаларининг ҳеч бирида “Бизнинг уйлар 8 балл ёки 9 балли зилзилаларга ҳам бардош беради” деган гапдан асар йўқ. Аслида уй олишдан мақсад нима? Унда одамлар хавфсиз, бахтли яшаши керак эмасми? Уй қуришдан-чи, мақсад не, фақат даромад, пул топишми?

Энди буларни чуқур ўйлаб кўрадиган вақт келди.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + 19 =