Нега валюта қорабозори йўқолмади?

Бу саволга жавоб бериш учун яқин ўтмишга   назар ташлашимизга тўғри келади. Бундан 7 йил аввал хорижий валюталарининг тижорат банклардаги нархи радио-телевидениеларда, матбуотда эълон қилинар, аммо ўша заҳоти “хорижий валюталарини ушбу нархда сотишни ёки сотиб олишни ўз зиммасига олмайди”, деб писанда ҳам қилинар эди. Қизиқ, банклар тижорат банклари бўлса-ю, чет эл валюталарининг кунлик ёки ҳафталик нархларини Марказий банк эълон қилса-ю, ҳеч қандай кафолат бермаса?! Бу қандай биржа нархлари эди унда?

Ҳа, яширишга ҳожат йўқ. Бу эълонлар чиндан ҳам номигагина бўлиб, хорижий валюталарни арзон нархларда сотиб оладиган одамлари, эгалари борлиги сир эмас эди. Банкдан маълум миқдордаги валюта сотиб олиш учун эса номигагина очиб қўйилган айирбошлаш шохобчаларида неча кунлаб навбатда туриш, валютафурушларнинг жанжал-у ёқа йиртишларига чидамоқ керак бўлар эди.

Аслида бу сирли операцияларнинг “хос” одамлари бўлиб, фақат уларгина истаганча валютани сирли йўллар билан олишар, сўнгра уларни қора бозорга чиқариб юборар эди.

Буни ҳамма билар эди. Лекин ҳеч кимнинг бу муаммони ҳал қилишга кучи етмас эди.

Шундай бўлса-да, валютага қарши бутун бошли департамент фаолият олиб борар, ноқонуний чет эл валютаси билан кимки шуғулланадиган бўлса, унга адолатли жазо ҳам муқаррарлигини таъминлаш ана шулар зиммасида эмасмиди?

Қизиғи шунда-ки, узоқ йиллар давомида ЎзАВТО машиналари халқимизга фақатгина долларда сотилди. Лекин ҳеч ким чет эл валютасида ойлик олиб ишлаган эмас. Бечора одамлар нима қилар эди? Албатта, банкдагидан бир баравар қиммат бўлган нархда валютани қора бозордан сотиб олар эди-да.

Бу ҳолат юртимизда, бахтга қарши, узоқ вақт давом   этди, иқтисодиётни кенг кўламда ривожлантирилишига, тадбиркорлик муҳитини яратишда катта тўсқинликларни вужудга келтирди. Давлат фуқароларнинг қонунга хилоф равишда қорабозорлар орқали валюта қимматликларини олиши ёки ўтказиши учун қонунлар қабул қилиб, маъмурий ва жиноий чораларни қўллашни қатъий белгилаб қўйган бўлса-да, валюта олувчи ва сотувчилар камаймади, аксинча, пойтахтимиздан тортиб, республикамизнинг барча ҳудудларида авж олаверди.

Тан олиш керак, Президент Шавкат Мирзиёевнинг иродаси туфайлигина бундай қонунсизликка, айтиш мумкинки, бош-бошдоқликка чек қўйилди. Хорижий валюталарни фуқароларимиз томонидан эркин сотиб олиш ёки сотиш мумкин бўлиб қолди. Ўзимизнинг автоларимизни ҳам миллий валютамиз — сўмда сотиб оладиган кунларга эришдик. Айниқса, тадбиркорларнинг елкасига офтоб текканини сўз билан ифодалаш қийин. Чунки минг-минглаб тадбиркорлар чет эллардан маҳсулотлар олиб келиш ёки технологиялар сотиб олиш учун маблағларини хорижий валюталарга конвертация қилиши ўлим билан тенг эди. Бугун бу муаммолар бутунлай барҳам топди. Шуниси қизиқки, 20 йилдан зиёд вақт мобайнида ҳал бўлмаган бу муаммога ечим топилди. Албатта, осон бўлмагандир. Аммо бу Президентимизнинг қатъий топшириғи, банк сиёсатидаги катта ўзгаришлар, ислоҳотлар натижасидан дарак берар эди.

Албатта, банклар орқали валюталарни қонуний тартибда, белгиланган нарх бўйича эркин айирбошлаш тизими йўлга қўйилгани учун фуқаролар энди валюта оладиган бўлса, қорабозорга эмас, банкларга борадиган бўлдилар. Банкларда валюта айирбошлаш хизматларидан фойдаланишнинг ўзига хос афзаллик томонлари жуда кўп экан. Сабаби, банк мижозга маълум текширувлардан ўтган валюталарни тақдим этаётгани учун сотиб олинган валюталарнинг сохта ёки ҳақиқийлиги ҳақида мижоз умуман қайғурмайди.   Шунингдек, ҳеч ким мижознинг олдига ваҳима билан келиб, қўлидан тортиб пана жойга судраб, сўроқ-саволга тутмайди.

Бундан ташқари, банклар ёнида валюта айирбошлайдиган банкоматлар ҳам қўйилдики, улар орқали сўмларни ҳам ҳатто валюталарни ҳам банкка кирмасданоқ алмаштириш имконияти   туғилди. Бу қулайликларни юртдошларимиз аввал фақат киноларда ёки хорижий юртларда кўришган эди десак муболаға эмас.

Кўрилган бу таъсирли   чоралар валюта сотадиган олғирлар, янаям соддароқ айтганда қорабозор учун катта зарба бўлди. Лекин минг афсуски, бахтга қарши, уларни таг-томири билан йўқотиб юбора олмади. Жуда қизиқ. Хўш, нима учун?

Назаримизда, бунинг ҳам бир қанча сабаблари бор: масалан, банклар эрталаб соат тўққиздан то кеч соат бешгача, борингки беш яримгача фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилган. Шанба-якшанбада эса дам олиш кунларику умуман ишламайди. Байрам кунлари ҳам банкка мўралашнинг имкони йўқ. Энди айтинг-чи, бу валюта қорабозори учун айни муддао эмасми? Ва яна айтайлик, кеч соат олтидан кейин, ёки бўлмаса шанба-якшанба ёхуд байрам кунлари у ёки бу фуқарода кутилмаганда валюта сотиб олишга ёки сотишга   шошилинч эҳтиёж туғилиб қолди дейлик. Бу пайтда, табиийки, банкларнинг биронтаси ҳам ишламагани учун мижоз қийин аҳволга тушади. Фуқаро банкоматга бориши мумкин, аммо аксига олиб айни ўша пайтда 24 соат давомида ишлайди деб кўрсатилган банкоматларга қўйилган валюта захираси тугаб қолган бўлади. Борди-ю мавжуд бўлса ҳам комиссия тўлови ва яна бошқа-бошқаларни ҳисоблаган ҳолда амалдагидан анча камроқ суммани чиқариб беради. Табиийки, бу ҳеч кимга ёқмайди. Дўппи тор келиб қолган бундай вазиятларда фуқаро учун қорабозорни қидиришдан бош­­қа чора қолмайди.

Пластик карточкалардан нақд пул ечишга мўлжалланган банкоматлар орқали ҳам валюта айирбошлаш мумкин. Аммо уларнинг хизмати ҳам бугун мақтайдиган даражада эмас. Баъзиларида сўм пул бирлиги тугаб қолган бўлса, баъзиларида доллар йўқ бўлади ёки бундай пайтларда “Тизимдаги номаълум хато”лик деган сийқаси чиққан баҳона рўкач қилинади.

Бугун ҳам деҳқон бозорларига кираверишда, метронинг айрим бекатларидан чиқишдаги йўлакларда ва одамлар гавжум бўладиган бошқа-бошқа жойларда соат ўн еттида дейсизми, кечки соат йигирма иккида дейсизми, йигирма тўртда дейсизми “хожатбарорлар” ҳамиша хизматингизга шай туришади. Уларнинг хизмати сизга умуман керак бўлмаса ҳам қаршингизга пешвоз чиқиб, “доллар, рубл… баланд нарҳда оламан”, “янги, йирик пул бераман” деб оғзингизга термулишади. “Доллар қанча бўляптикан?” деб шунчаки қизиқсангиз, бир бор сўраб қўйсангиз, бас, атрофингизни бир гала валютафурушлар ўраб олишади. Демак, тижорат банкларимиздаги иш тартиби, аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси бугун айнан шу борада талабга тўлиғича жавоб бермаяпти. Бу мулоҳазалар асосан пойтахтимиздаги аҳволга қараб билдирилмоқда. Энди айтинг-чи, бугунги кунда чекка вилоятларда, туманларда валюта айирбошлайдиган шохобчаларнинг фаолияти, банкоматлардаги хизмат кўрсатиш даражаси қай аҳволдалигини тушунаверинг.

Демак, тижорат банкларида   фуқароларнинг валютага бўлган эҳтиёжини   кечаю кундуз қондириш учун бор имкониятларини ишга солишлари, биринчи нав­батда банкоматларнинг кечаю кундуз самарали ишлашларини таъминлаш, банклар қошида шанба-якшанба кунлари, ҳатто байрам кунлари ҳам валюта айир­бошлаш билан шуғулланадиган тезкор навбатчилар гуруҳини шакллантириш ўринли бўлар эди. Ана шундагина банк билан қорабозор ўртасидаги мижоз учун кураш эҳтимол банклар фойдасига силжиши мумкин бўлар. Яна шуни айтиш керакки, ҳозирги пайтда 100 АҚШ долларидан ортиқ валюта харид қилмоқчи бўлган одам банк кассасига   шахсини тасдиқловчи паспортини тақдим этиши лозим. Қорабозорда эса… табиийки бундай талаб йўқ. Юқоридаги мулоҳазалардан муддао шуки, юртимиз иқтисодиётини юксалтириш, эркин иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган ишларда юртдошларимизнинг ҳар бир сўми яширин иқтисодиётга эмас, давлатимизга, мамлакатимизга хизмат қилиши керак. Хорижий валюталар олди-сотдиси билан шуғулланаётган корчалонларнинг савдоси бундан 10-15 йил илгаригидек гуллаб-яшнамаётган бўлса-да, уларни батамом бартараф этиш йўлида янги қадамларни ташлашнинг имконияти мавжуд бўлса керак.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =