Матбуотга муносабат қачон ўзгаради?

Давлатимиз раҳбари ОАВга эътибор қаратишни, катта-кичик амалдорларнинг матбуот билан доимий ҳамкорлик қилишини уқтириб келади. Айтайлик, Президентимизнинг яқинда Қашқадарё вилоятига сафари давомида очиқлик ва сўз эркинлиги борасидаги фикрларини олайлик. “Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади”, дея алоҳида таъкидлади Юртбошимиз. Аммо шундай бўлса-да, соҳани қўллаб-қувватлаш, айниқса матбуот нашрлари билан таъминлаш масаласида ҳали муаммолар кам эмас. Бу ҳақда турли нашрларда ўз мулоҳазаларимизни, очиқ фикрларимизни баён қилиб келмоқдамиз.

Мисол учун, “Ishonch” газетасининг 2022 йил 8 сентябрь сонида “Президент қарори нега бажарилмаяпти?” сарлавҳали ва шу йилнинг 30 январь куни яна шу газетада “Матбуотга муносабат шуми?” номли чиқишларимизга тайинли муносабатни кўрмадик.

Зеро, “Президент қарори нега бажарилмаяпти?” мақола-мурожаатига, яъни қарор ижроси масаласига ўн бир вилоят ҳокимлиги ва бир вазирлик умуман муносабат билдирмаганлигини қандай баҳолаш мумкин? Ёки қарорлар бажарилмаслиги учун чиқариляптими?

Муносабат билдирган вилоятларда-чи, аҳвол қай даражада? Мақолага жавоб йўллаган Жиззах вилояти молия бош бошқармаси бошлиғи А.Раҳматуллаев “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “Халқ таълимини ривож­лантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-241-сон   қарорининг 13-бандига асосан халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб беришни таъминлаш мақсадида газета ва журналлар обунаси учун маҳаллий бюджетдан 465,6 млн. сўм маблағ ажратилиб, таъминотчи ташкилотлар ҳисобрақамига ўтказиб берилган”лигини маълум қилганди (“Ishonch”. 2022 йил 15 октябрь). Бунча пулни тушида кўрмаган “Ma’rifat” газетаси мухбири вилоятга бориб аҳволни ўрганади ва айтилган маблағлар мақсадли ажратилмаганлигини аниқлаб, бонг урди (М.Қиёмов. “Бюджет маблағи мақсадсиз сарфланса…” “Ma’rifat”. 2022 йил 2 ноябрь).

Фақат пул йўқ деманг. Мисол учун Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси ва 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси кўриб чиқилганда “ўтказилган 7 минг 133 та молиявий назорат тадбирининг 5 минг 380 тасида ёки 75 фоизида 122 миллиард 800 миллион сўмлик камомад, 949 миллиард 300 миллион сўмлик ноқонуний харажатлар аниқланган” (https://uza.uz/uz/posts/moliyaviy-nazorat-tadbirlarida-949-milliard-somdan-ziyod-noqonuniy-xarazhatlar-aniqlangan_388575).

Ҳали бу текширишда аниқлангани. Камомадни ҳам қўя турайлик. Ноқонуний харажатлар 949 миллиард 300 миллион сўм! Бу маблағлар ичида мактаб кутубхона фондининг ҳам улуши бўлса керак? Китобу даврий нашрлардан ўзлаштирилаётган маб­лағлар миллат маънавиятини кемиришдир…

Бу ўтган йилги маълумот дерсиз. Жорий йилда таълим нашрлари учун уч вилоят – Андижон (уч ойга), Бухоро (бир ойга) ва Самарқанд (9 ойга) мактаб кутубхоналари обунасига маблағ ажратганлиги маълум бўлди (“борига шукр дея, уларга раҳмат, айтамиз албатта).

 

Миллат зиёхонасини ҳалокатдан асрашимиз шарт!

Фурсатдан фойдаланиб, эътиборингизни миллат маънавиятига салбий таъсир қиладиган бир муаммога қаратмоқчимиз. Бу ҳам бўлса аввало, миллат муаллимларининг ва натижада миллат болаларининг китоб ўқимаслиги масаласидир. Биз эркин жамият қуришни ният қилганмиз. Лекин эркин жамият қуриш хоҳласам ўқийман, хоҳламасам ўқимайман, деган маънони бермайди. Китоб ўқишни (хоҳ китоб, хоҳ электрон шаклда бўлмасин) фарзандларимизга мажбурият сифатида (меҳр билан албатта) юклашимиз шарт. Бадиий ва албатта, фарзандимиз қизиққан соҳага оид адабиёт, даврий нашрларни мутолаанинг оддийдан мураккабга томон энг минимум миқдори ва сифатини белгилаб олишимиз зарур.

Бунда мажбурий обуна ёки китоб сотиб олиш назарда тутилмаяпти. Буни биз мактаб кутубхонаси воситасида амалга оширишимиз даркор. Кундалик дарслар сифатли ўқитилиши, ўзлаштирилиши, спорт билан шуғулланиш, жисмоний чиниқиш қаторида китоб ўқиш фурсатлари, асарлар таҳлили, давра суҳбатлари учун соатлар ҳам ажратилиши зарур. Ҳолбуки, оилаларда китоб ўқиш маданияти шакл­ланмаган экан, уни мактаб кутубхонасидан бош­лашимиз ўринли бўлади. Бу тадбирни эплай олсак болаларимизда янгича қадриятни тарбиялаган бўламиз.

Ҳозирча ундай эмас. Биргина мисол. Оилаларимизда маблағ орттирилса одатда уй қурилади, тўй қилинади, машина харид қилинади. Аслидаям бунинг ёмон томони йўқдек… Энди бу ҳолга бошқа нуқтадан назар ташлаймиз. Айтайлик, туманга янги ҳоким тайинланди. Унга “туман иқтисодини кўтар, фойда кўр, ортганини туманинг ривожи учун ишлат”, дейилди. Ҳақиқатан ҳам йилни фойда билан якунлаган туманлар таъкидланди. Дейлик, “Бойсун тумани ҳокимлиги носоз ҳолатдаги “Captiva-2” машинасини туман прокуратурасига ўтказиб, ҳоким учун 398 млн. сўмлик “Trailblazer LTZ-AT” хизмат автомашинасини харид қилиш бўйича шартнома тузди” (https://www.gazeta.uz/uz/2021/12/07/trailblazer-boysun/). Кўриниб турибдики, туманнинг даромади бор. Нега ҳоким “Captiva-2”ни созлаб, қолган маблағни, масалан, туман мактабларининг кутубхоналарини бойитишга сарфламади? Бу гапимизга куляпсизми?

Тўғри, ўқишга қизиқишнинг йўқлиги бўйича жадид боболарнинг ҳайқириқлари ҳамон долзарб бўлиб турибди. Улар миллат болаларининг ўқимаслиги фикрламасликка, фикрламаслик эса миллатнинг оёқ ости бўлиб қолаверишига сабаб бўлишини бот-бот такрорлашган. Ўқимаган миллат вақти келиб берилган имконият – Туркистон мухториятини бой берган…

“Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб (мактаб) – тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг бошланғичидур… Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Муҳтарам ёшларга мурожаат “Ойна” журнали, 1914 йил, 41-сон).

Асосий мавзуга қайтамиз. Албатта, мактабларни замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминлаш, шароит яратиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин минг афсуски, кутубхоналарни китоблар ва даврий нашрлар билан таъминлаш масаласига ҳамма жойда ҳам бир хил эътибор қаратиляпти деб бўлмайди. Афсус.

 

Миллий дастур керак

Бу борада кўп фикр билдирилмоқда, лекин масаланинг ечими комплекс ҳал этилмаяпти. Дейлик, бир маҳаллада кутубхона қурилиб, ким қандай китоб топса, харид қилиб, олиб бориб тахлаяпти. Ҳолбуки, ҳар бир ҳудудда мактаб бор, унинг кутубхонаси мавжуд. Демак, жой бор. Биринчидан, уни таъмирлаш янгисини қуришдан арзонга тушади. Иккинчидан, кутубхона фонди бойийди. Учинчидан, кутубхонадан фойдаланиш учун маҳалла аҳлига рухсат берилади. Тўртинчидан, бир марталик тадбиру танловларга (мас., “Энг яхши китобхон”) сарфланадиган катта маблағлар мактаб кутубхоналарини бойитишга йўналтирилади. Бешинчидан, мактаб кутубхоналарини адабиётлар билан таъминлаш таниш-билишчилик натижасида эмас, тизимли равишда, мунтазамлик назарда тутилган ҳолда амалга оширишга мажбур бўламиз.

Таъкидланган бу масала кенг миқёсда иш олиб боришни тақозо этади. Бунинг учун мактаб кутубхоналарини китоб ҳамда уларнинг электрон нусхалари билан ҳам таъминлашнинг “Учинчи Ренессанс маънавий пойдеворини яратиш МИЛЛИЙ ДАСТУРИ” қабул қилинишини тавсия этган бўлардик. Мисол учун бу ишни эса юртимизнинг қудратли жамоат бирлашмаси ҳисобланган – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўз зиммасига оладиган бўлса давлат ҳам, жамият ҳам бирдек ютади, деган фикрдамиз.

Аввало, жамоат ташкилоти сифатида кутубхона фонди учун ажратиладиган маблағлар миқдорини икки ҳокимият билан келишади, маблағларнинг тўғри сарфланаётганини назорат қилади ва ишончимиз комилки, бу вазифани уддалайди.

Нега МИЛЛИЙ ДАСТУР? Негаки, миллатнинг зиёли тадбиркорларини жалб этиб, уларнинг кўмагида кутубхонани қўшимча адабиётлар билан бойитиш ишлари йўлга қўйилади. Муҳими, китоб мутолааси миллий ҳаракатга айлантирилади.

Одатда, кутубхоналарни китоб билан таъминлаш учун бюджет маблағи ажратилса “кураш” бошланади. Маблағни тақсимлайдиган вазирликлар, ҳокимият вакилларининг (китобга қизиқмаса-да, унинг маънавий фойда-зарарини тушунмаса-да) “айтгани айтган” бўлади. Ўз-ўзидан коррупцион тизим “пайдо бўлади”.

Жамият равнақига салбий таъсир этадиган бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча ваколат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида халқ орасида обрў-эътиборга сазовор бўлган, ҳалол, ўз фикрига эга зиёлилар – олимлар, адиблар, журналистлардан тузиладиган нуфузли Ҳайъатга берилса бўлмайдими? Ҳайъат уч ойда ёки ярим йилда бир марта тўпланиб, чоп этилган, такрор айтамиз, бирор нашриётда босмадан чиққан китобларни кутубхоналарга тавсия этиш учун ўзаро фикрлашади ва энг яхши деб топилганлари очиқ овоз бериш йўли билан танланади. Ҳайъат тавсияси маблағ “соҳиблари” (вазирлик, ҳокимлик) учун мажбурий бўлади ва улар қўшимча адад чоп этиш учун нашриётлар билан шартнома имзолайдилар. Ҳайъат миллат келажаги учун зарур ҳисобланган турли мазмундаги (оддий ҳикоялардан коинот тилсимларигача, тиббиёту нанотехнологиялар ҳақидаги) дунёдаги энг яхши китобларни сотиб олиш ёки таржима учун тавсия этади. Ҳайъат томонидан тавсия этилган китоблар оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилади.

Бунда, биринчидан, барча мактаб кутубхоналари мазмунли китоблар билан бойийди. Иккинчидан, нашриётлар ўз маҳсулоти сифатини оширишга ҳаракат қилади. Учинчидан, бюджетдан ажратиладиган маблағ тўғри сарфланади. Энг асосийси, танланган китоблар мутолааси Учинчи Ренессансни вужудга келтирадиган миллат тарбиясига хизмат қилади.

Мактаб кутубхонасининг аҳволи эса… Биз реал ҳолатдан келиб чиқиб масалага ёндошишимиз керак. Янгилик тарафдорлари кутубхона номини АРМ (ахборот-ресурс маркази) тариқасида ўзгартиришди. “Компьютер хотирасида электрон китоблар мужассам бўлади”, дейишди билгичлар. Бироқ улар реал ҳолатни ҳисобга олишмади. АРМларда компьютерлар етарлимиди? Барча компьютерлар бузилмасдан ишлаяптими? Ҳар бир мактабда АРМ учун электр энергия мунтазам етказиляптими? Уларни китоб каби уйга бериб юбориш мумкинми? Берилганда ҳам оилаларда шароит бир хилми? Шу каби саволларга виждонан тасдиқ жавоби берилмаса, китобларнинг оригинали, яъни қоғоз варианти албатта керак деган собит хулоса келиб чиқади! Қолаверса, унинг номини ҳам КУТУБХОНАга қайтаришимиз, агар эски ном дейилса МИЛЛАТ ЗИЁХОНАСИ, дея аталиши даркор, лекин барибир ҳеч ким шундай деб атамайдиган АРМ эмас!!! Аввалги чиқиш­ларда АҚШ, Олмония каби энг ривожланган давлатларнинг муҳташам кутубхоналарида ҳам АРМ­нинг кутубхонаси эмас, балки кутубхонанинг АРМлари борлигини айтиб ўтгандик.

Кутубхонанинг ахборот-ресурс маркази тўлиқ ишлаган тақдирда ҳам бошқа бир муаммо ҳал этилмайди. У ҳам бўлса кутубхоналарнинг даврий нашрлар билан таъминоти масаласидир.

Ҳозир мактабларга ижодкорлар орасидан сафарбар этилган “Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи”лардан бирининг эътирофича, таълим муассасаси кутубхонасига бир-икки нашргина бораётган экан. Мазкур газеталарнинг заруратига шубҳа йўқ! Аммо мактабдан “Ма`rifat” ва бошқа ўндан зиёд энг керакли, ўқишли нашрларини топа олмайсиз. Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг хавотири жуда ўринлидир:

“Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади.

Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди”.

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-241-сон қарорининг 13-бандига асосан халқ таълими йўналишидаги босма нашрларни таълим муассасаларига етказиб бериш вазифаси вилоят ҳокимларига юкланди.

 

Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир

Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигидаги “Самарқанд” газетасида (1913 йил 32-сон) “70 миллионли Америка халқи (қаранг, ўша пайти АҚШда аҳоли қанча бўлган?! Ҳ.С.) 22882 жарида ва мажалла ўқишади. Биз Туркистон нуфуси онлардан 8 дафъа оз бўлсак-да, илм борасида 3000 дафъа оздурмиз. Бу дунё аҳлидан биз туркистонлилар беилм ва ваҳший (ёввойи— Ҳ.С.)дирмиз”, дейди. Евроосиё мамлакатлари, жумладан, Францияда 8940 та, Олмонияда 8050 та, Англия ва Японияда 6 мингдан зиёд, Италияда 3 мингдан, Швейцария ва Голландияда бир ярим мингга яқин газета борлиги ва улар катта ададларда чоп этилиши номи тилга олинган юртларнинг ривожланишига хизмат қилаётганини таъкидлайди. Бу гапнинг айтилганига 100 йилдан ошди!

Сизу биз натижага боқамиз: Беҳбудий санаб ўтган ўша пайтдаги газетхон аҳолиси бор давлатларнинг бугунги тараққиётини 70 йил қулликка маҳкум бўлган юртимиз билан қиёсланг. Нашрларни мунтазам ўқиш, янгиликлардан бохабар бўлиш, замон тақозо этган рақобатга тайёр туриш у юртларни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқмадими?! Буни тушуниб етадиган раҳбарлар қачон туғилади?! Умид бормикан?!

Умидни жадидлар каби болалардан бошлайлик унда! Бола она қорнидан китоб ўқишга тайёр ҳолда туғилмайди. Ҳар қандай китобни ўқитишдан аввал газета ва журнални варақлатиб, кичик-кичик шеъру ҳикоя, хабар ва мулоҳазаларни ўқитиб, мутолаага, албатта, мустақил фикрлашга ўргатилади. Бу ҳаракатимиз билан қишлоқдаги интернет тармоғига уланиш у ёқда турсин, телефон олишга қурби етмайдиган оилалар фарзандларига мутолаа маданиятини шакллантирган, ўйлашга, фикрлашга, ўз йўлини топишга сафарбар қилган бўламиз. Бу масалада “Гулхан”, “Ғунча” журналлари, “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари ва бошқа болалар нашрларига “бозор талабидан келиб чиқиб кунларингни кўринг­лар”, дейиш мутлақо нотўғридир. Яна бир бор таъкидлаймиз: болаларимизни ОАВнинг барча турларидан фойдаланишга, фикрлаш, баҳс маданиятини шакллантиришга, муносабат билдиришга, уларда иштирок этишга ўргатишимиз шарт. Ижтимоий тармоқда қўйилаётган масала(пост)ларга берилаётган изоҳларга эътибор қаратинг – фикрлаб, муаммога чуқурроқ кириш керак бўлган пайтда қисқа ва лўнда ҳақоратга ўтилади. Нега? Чунки фикрлаш, баҳслашиш одоби, кўникмаси йўқ! Бу сифатларнинг бари мутолаа орқали тарбияланади.

Қонун чиқарувчи (“Халқ сўзи”), Ижро ҳокимияти (“Янги Ўзбекистон”) муассислигидаги газеталар жуда керак, инкор этмаймиз. Шу билан бирга аҳолида сиёсий маданиятни шакллантириш учун партиялар кураши акс этган партия нашрлари ҳам кутубхоналарда бўлиши ўта зарур. Айниқса, сайлов пайти ҳар бир сиёсий партиянинг ўзига хослиги ва бошқасидан фарқини халқ ўқиб билиши, ўзига ёққан партия сафига кириб ҳокимият учун курашишни ўрганиши ўта муҳим масаладир. Ўргатишни ўзига эп кўрмаган ҳукуматнинг “халқимиз сиёсий курашга тайёр эмас”, дейишини ривожланишнинг бу босқичида мутлақо кечириб бўлмайди.

Тўғри, ҳаёт фақат сиёсий курашлардан иборат эмас. Инсонни, аввало, адабиёт тарбиялаши керак. Адабиёт қалбни пок сақлайди, фикрлашга ундайди. Фалсафий қарашлар эса тафаккурни чархлайди, дунёқарашни кенгайтиради. Шу боис “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Гулистон” каби нашрлар ҳам ҳар бир таълим муассасаси кутубхоналарига бир донадан бўлса-да, етказилиши керак.

Таҳлилий, долзарб ва танқидий мақолалари билан ўқувчиларга манзур бўлаётган “Ishonch”, “Hurriyat”, “Жамият”, “Ёшлар овози”, “Нуроний” каби газеталар ҳам мактаб кутубхонасида бўлиши даркор. Вилоят ва туман газеталари ҳам ўз ҳудуди учун муҳимлигини инкор этмаган бўлардик, албатта.

Бунда камида 25 номдаги нашрнинг мактаб кутубхонасида бўлишини юқорида таъкидланган Ҳайъат белгилаши керак.

Натижада матбуот нашрларнинг иқтисодий салоҳияти ошади, улар ўртасида ижобий рақобат кучаяди. Рақобат эса мазмунли ва долзарб мақолалар кўпайишига сабаб бўлади. Танқидий мақолалардан раҳбарлар ҳушёр тортади, табиатан босар-тусарини билмайдиганлари қадамини ўйлаб босади. Коррупция камаяди, ривожланиш бўлади. Жамиятдаги мунозарали масалалар ўртага ташланади, аҳвол тушунтирилади, зарурат туғилганда халқ ҳукуматга, албатта, ёрдамга келади! Акс ҳолда… Беҳбудий айт­моқчи “юз йилларча ортда қоламиз, оҳ чекамиз, фойдаси бўлмас”.

Ишончимиз комилки, таклиф этилаётган бу ло­йиҳа Федерациямизга ҳам савобларни ёғдиради. Шу билан бирга миллат зиёхонасини ҳалокатдан асраган жамоат бирлашмаси сифатида тарихда қолиши, шубҳасиз!

Ҳалим САЙИД,

“Олтин қалам”

миллий мукофоти

совриндори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 8 =