Оёғингиз қайси зинада турибди?

Академик Қори Ниёзий Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти ректори бўлиб ишлаганлар. Математик эдилар.

Бир-бир имтиҳон бўлаётган аудиторияларга кириб, талабалардан:

– Институтимиз асосий биносига нечта зина билан чиқилади? – деб сўрар эканлар.

Тўғри савол. Шундай эмасми?

Энди бунга тескари бир фактни келтирай. Гуманитар соҳа академикларидан бири илмий-тадқиқот институтида бўлим мудири бўлиб ишлар экан. Текширишга келган комиссия аъзоларидан бири:

– Домла, бўлимингизда неча ходим ишлайди? – деб сўраса:

– Тўхтанг, ҳозир ҳисоблаймиз-да, – дебдилар-у, бармоқ билан санай бошлабдилар.

Бунақаси кетмайди-да. Баъзи олимлар илмий соҳасида миллион-миллион фактни билар-у, оддий ҳаётдан шу қадар узилиб қоладики, мана, ҳатто, қўл остида қанча киши ишлашини ҳам аниқ билмайди. Бу қанақаси бўлди энди?

Бир йиғилишда (бундан 7-8 йил аввал С.О.) мамлакатимиз йиллик   ялпи ички маҳсулотининг жон бошига тақсимоти 2 минг АҚШ доллари атрофида экани, бу жиҳатдан Россия, Туркия каби мамлакатлардан 5 баробар орқадалигимиз, уларда бу кўрсаткич 10 минг АҚШ доллари атрофидалиги, агар ялпи ички маҳсулотимиз ҳар йили ҳозиргидек 5 фоиздан ошиб борса, 100 йилдан кейин Россия, Туркиянинг иқтисодий даражасига етиб олишимиз мумкинлиги, аммо бир аср ичида бу давлатлар яна қанча даражагача ривожланишини ҳеч ким билмаслигини   айтсам, бир ташкилот раҳбари аччиқлаб, мажлисдан чиқиб кетган эди.

Ҳолбуки, бугун ҳар бир фуқаро мамлакат қайси поғонада турганини беш қўлидек билиб, уни ривожлантиришга аниқ-тиниқ ҳисса қўшишни ўйлаши керак. Айтайлик, қай бир тадбиркор ўзи яшайдиган маҳаллада бир нонвойхона очди. Албатта, мақсади – фойда кўриш. Лекин нонвойхона маҳалла аҳлининг кунига ярайди, иссиқ нон учун қўшни маҳаллага бориб юрмайди, шу ҳам тараққиётга қўшилган кичик бир улуш саналади.

Икки ёки кўп қаватли уйда яшасангиз, зинапоя зиналари нечталигини аниқ билишингиз – шарт. Ахир, қоронғида ҳам чиқиш ё тушишга тўғри келиши   мумкин-ку. Ўшанда нечта зинадан кейин чапга ё ўнгга бурилиш борлигини ҳам адаштирмайсиз. Ҳаёт академикдан ҳам, “укадемик”дан ҳам ҳамиша ҳушёр бўлишни талаб қилади, ахир!

Шунда ҳеч бир мамлакат: “Абадайни шабадайни, шаб-шабадайни!” – деган билан иқтисодий жиҳатдан гуркираб кетмаслигини аниқ тасаввур қиламиз.

Ана шунда давлат нега бюджет ташкилотларини қисқартираётгани туб моҳиятига ҳам етамиз.

Шундай экан, мактабларимизда физика ва кимё фанларини ўқитишни қисқартириш ҳақида сўзлаётганларни мутлақо тушунмайман. Аксинча, техника асрида айнан шу фанларни кучайтиришимиз шарт эмасми?   Айтайлик, телевизорда кимдир: “Углеводородни қайта ишлашни Ҳиндистондан ўрганишимиз – керак”, – деса, кимёни ўқимаган бир кимса “углеводород” деганда газ ва нефть маҳсулотлари кўзда тутилаётганини англамай, анграйиб ўтираверадими?!

Эҳтимол, айнан ана шу физика ва кимё фанларини яхши ўзлаштирмайдиган халқлардан бири бўлганимиз учун ҳам иқтисодий жиҳатдан шундай ортда қолиб келаётгандирмиз?!

Яна билмадим, яна билмадим…

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + seventeen =