Адолатнинг оғир йўлида

Бир кунлик адолат — юз кунлик тоат-ибодатдан афзал деган гап бор. Албатта, бу фикр замирида чуқур фалсафа яширинган бўлса, не ажаб! Негаки, адолат, ҳақиқат, холислик бўлмаган жойда эзгуликка жой бўлмайди, барча савобли амаллар ҳам чиппакка чиқади.

Яширишга ҳожат йўқ. Одамлар суд-ҳуқуқ соҳасидан рози эмас. Нега? Чунки узоқ йиллар давомида соҳада адолат тарозиси “бузуқ” бўлди, оқни-қора, қорани-оқ дейишлар одатий ҳолга айланган эди. Туҳмат, ноҳақликдан қанча одамлар озор чекишди, қон йиғлашди. Одил судлов қоғозларда бўлиб келди. Бунга эса ўтган узоқ ва яқин ўтмишимизда мисоллар кам эмас. Шундай экан ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шу жумладан, судлов тизимида ишлайдиганлар ҳақида кишилар камдан-кам ҳолларда ижобий фикр билдиришар эди.

Лекин ҳамма замонларда ҳам “ҳамманинг ёмон, адолатсиз” бўлиши мумкин эмас. Чунки яхши-ёмон ҳамиша бўлиб келган-да. Ҳар қандай даврда ҳам виждон амри билан, Яратгандан қўрқиб, ўз фаолиятини тўғри олиб борган кишилар оз эмас эди. Ҳа, бундай кишилар бир-иккита эмас, кўплаб топилади. Фақат… соҳадаги нопок кимсалар бутун фаолиятга қора чапланишига сабаб бўлган эди ва бунга бошқа қатор омиллар ҳам қўшилганини   айтсак, холис гапни деган бўламиз.

Албатта, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жасоратли талаби боис, кейинги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Ўз вазифасига виждонан ёндашувчи судъялар ҳақида одамлар озми-кўпми айтишмоқда. Хусусан, ана шундай ҳалол, холис ҳуқуқшуносларнинг устози бўлган Убайдулла Мингбоев собиқ Иттифоқ замонидан тортиб, юртимизнинг мустақиллик йилларида ҳам соҳада самарали меҳнат қилган одил ҳуқуқшунослардан бири бўлди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев 1991-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судига раҳбарлик қилди. Убайдулла Қурбонович шу давр ичида одил судловни юксак даражага кўтариб, адолатли ҳукмлар, ажримлар, қарорлар чиқарди.

30-, 70-, 80-йиллардаги қатағонларда жабр кўрган инсонларга тегиш­ли жиноят ишларини қайта кўриб, уларни оқлаш учун курашди. Қанчалаб истеъдодли шогирдлар тарбиялади.

Ҳуқуқшунос-журналист Шоҳруҳ Акбаров Убайдулла Мингбоевнинг 1991-2002 йилларда Олий судга раҳбарлик қилган даврдаги фаолияти ҳақида “Касби-корим адолат бўлди” деб номланган тарихий-ҳужжатли асар ёзди.

Шу асардан бир парчани эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик. Зеро, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, адолат билан иш юритган инсонлар ҳақида муштарийларимизга ҳикоя қилиш хайрли амалдир. Қуйидаги лавҳаларда ҳам адолат мезонини тиклашда, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги ибратли амаллар кўзга ташланади.

Икром Сейитбоев иши

1990 йил 18 декабрь…

Йигирма икки ёшли Икром Сейитбоев Гулнора Бобожонова билан Нукус кўчаларида сайр қилиб юришар, анчадан бери кўришишмагани учун суҳбатларининг охири кўринмас, бунинг устига бир-бирларидан ажралгиси ҳам келмаётган эди.

Симёғочдаги чироқ нур сочиб турган жойга етганда қиз соатига кўз ташлади-ю бошини чангаллаб қолди.

– Икром ака, вой ўлмасам, соат ўн бир бўлиб қолибди-ю, кетайлик, уйимдагилар роса безовта бўлишаётгандир…

– Дарров соат ўн бир бўлибдими? Ҳозиргина кўришгандик-ку сен билан.

– Майли, ундай бўлса, кетдик, – деди у истар-истамас, – ахир сен билан унаштирилганмиз, шунинг учун уйингдагилар хавотир олишмайди.

Улар қизнинг уйи томон юришди. Ҳув, анави уй ёнидаги бурилишдан ўтишса, бас, Гулнораларнинг уйи. Шу пайт уларнинг рўпарасидан баланд бўйли, қора соқолли, кўйлагининг тугмалари очиқ бир йигит пайдо бўлди. Орқасидан яна уч нафар қора кўринди. Уларнинг ўзаро шарақлаб гаплашишларидан ширакайфлиги сезилиб турарди. Баланд бўйли йигит қизга суқланиб қараб, оғзининг таноби қочди ва Сейитбоевга:

– Менга қара, ҳей йигитча, ёнингдаги сулув қизни бизга ташла-да, ўзинг уйинга кетавер, биз, – у орқада келаётган шерик­ларини қўли билан кўрсатди,– сулувинг билан…

– Бу нима деганингиз! – ҳайқирди Сейитбоев, — бу қиз менга унаштирилган, яқинда тўйимиз бўлади.

Шундай деб безорилардан севгилисини ҳимоя қилиш учун қизнинг олдига ўтди.

Ширакайф йигит – Тўраниязов унинг юзига бир мушт туширган эди, Сейитбоев йиқилди, ўрнидан турмоқчи бўлган эди, дуч келган жойига ура бошлади. Гулнора дод солди.

Сейитбоев, қараса, вазият ёмон, бу ширкайф йигитлар севимли қизини зўрлаб номусига тегиши мумкинлигини, ўзини эса чалажон бўлгунга қадар уриши ёки ўлдириб юбориши ҳам мумкинлигини сезиб қатъий ҳаракат қилиши лозимлигини тушунди. У бақирди:

– Бизни қўйиб юборинглар, сизлар ҳам ўз йўлларингизда кетинглар!

Тўраниязов қайтанга уни уришни кучайтирди, ёрдам сўраб йиғлаётган қизни маҳкам ушлаб турган безорининг шерик­лари ажратиш ўрнига томошабин бўлиб туришарди.

Шунда Сейитбоев шимининг чўнтагида қайрилма пичоқча борлигини эслади ва уни олиб тиғини чиқарди ва ҳеч кимни кўрмаса-да пичоқчани ушлаган қўлини кўтариб бақирди:

– Бизни қўйиб юборинглар!

Тўраниязов унинг қўлидаги пичоқни кўрса-да қўлидан нима келарди деб ўйлаб, уни дўппослашда давом этаверди. Уч нафар шериклари эса томошабин эдилар.

Шу пайт Сейитбоев қўлидаги пичоқни ноилож зўравонга санчди. Тўраниязов қаттиқ оғриқ азобига чидай олмай чинқириб юборди. Шундагина шерикларидан бири фалокат юз берганини пайқаб, Тўраниязовнинг олдига келганда пичоқнинг тиғи унинг қўлига тегди.

Олинган жароҳат туфайли Тўраниязов вафот этди…

Шубҳасизки, Икром Сейитбоев устидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди. Сейитбоев тилхат билан очиқда қолдирилди.

1990 йил сентябрда Икром Сейитбоев билан Гулнора Бобожонованинг тўйи бўлиб ўтди.

1991 йил 14 январда Нукус шаҳар суди Сейитбоевни одам ўлдирганликда ва яна бир кишига тан жароҳати етказганликда айбдор деб топди ва унга етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазони кучайтирилган тартибдаги колонияда ўташ белгиланди. Се­йитбоев суд залида қамоққа олинди. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди Раёсати 1991 йил 30 апрелда ишни муҳокама қилиб жазони беш йилга ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди…

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари иш бўйича Сейитбоевнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 81-моддасидан 84-моддасига қайта малакалашни сўраб протест ёзди, у жиноят судлов ҳайъатида кўрилиб қаноатлантирилди ва жазо 2 йилга келтирилди, жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари томонидан Олий суд Раёсатига Сейитбоев иши бўйича киритган протестга Убайдулла Мингбоев Олий суд судьяси Султонбой Бердиқиличевни маърузачи этиб тайинлаган эди. У жиноят ишини синчиклаб ўрганиб чиқиб, юз берган фожиада ҳақиқатан ҳам Сейитбоевнинг мутлақо айби йўқ, у вужудга келган вазиятда ўзининг таҳқирланиши ва унаштирилган қизининг номуси топталишининг олдини олиш учунгина зўравон кимсага пичоқ уришга мажбур бўлган, жанжални унинг ўзи бошлаган, агар Тўраниязовнинг шериклари фожиа юз бергунга қадар томошабин бўлиб турмасдан тарафларни ажратишганларида фожиа юз бермас эди, деган узил-кесил хулосага келди.

Бердиқиличев бундай тўхтамга келгани ҳақида Убайдулла Мингбоевнинг ўзига маъруза қилди.

— Фикрларингиз менга маъқул. Раёсат мажлисида ҳам ўз хулосаларингизни қатъият билан баён қилинг, – деди Убайдулла Қурбонович.

Раёсат Сейитбоев ишини муҳокама қилиб, бу иш бўйича қабул қилинган ҳукм, қарор ва ажримларни бекор қилиш ва Се­йитбоев ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги учун жиноят ишини тугатиш, Се­йитбоев Икром Ҳайдаровични қамоқдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фарида Тожиеванинг ташвишлари

Ҳар ойнинг охирги чоршанбаси Олий суд раисининг фуқароларни қабул қилиш куни ҳисобланар ва шу куни Олий суд биноси бошига тушган ташвишларга чора излаб келган одамлар билан гавжум бўлар эди.

Убайдулла Мингбоев алламаҳалгача бўлса-да уларни қабул қилар, ариза ва шикоятларини ўқир, дарду ҳасратларини эътибор билан тинглар, муаммонинг мағзига тушунгандан кейин аризани ўрганиш ва ҳал қилиш учун у ёки бу судьяга бериш тўғрисида бир қарорга келар эди. Бир куни қабулга Самарқанд вилояти, Тойлоқ туманидан кўзлари мунгга тўла бир аёл келди.

Убайдулла Қурбонович аёлнинг олдин ҳам икки марта қабулга келганини эслади. Аёл месхети туркларидан бўлиб, бир неча йил олдин маҳаллий аҳоли вакиллари билан низо чиққанидан кейин уларнинг ҳаммаси Россияга кўчиб кетиб ўша ёқда уй билан таъминланган ва уларнинг Ўзбекис­тондаги уйлари давлат ихтиёрига олинган. Аёл эса ўзи қурган ва яшаган, давлат ихтиёрига ўтиб кетган уйни ўзига қайтариб беришни сўраётган эди.

– Убайдулла Қурбонович, – деди у йиғлаб, – мен аризамга Олий суддан яна рад жавобини олдим. Менга ўзим қурган уйни қайтариб беришингизни сўраб яна келдим. Мен ҳеч қаерга кетмайман, ўзим қурган уйда яшашни истайман.

“Бу муаммони чуқур ўрганиш ва унинг адолатли ечимини топиш керак”, ўйлади Убайдулла Қурбонович. “Модомики, аёл бир марта эмас, икки марта эмас, учинчи марта Олий судга қабулга келаётган экан, унда биз кўрмаётган, тушуниб етмаётган бир асос бўлиши керак, биз шу асосни излаб топишимиз лозим.

Убайдулла Мингбоев шулар ҳақида бош қотираркан, миясига бир фикр келди ва қўлига ручка олиб аризанинг четига: “Каримжон Саидов, шу ариза бўйича мен билан гаплашинг!” деб ёзиб қўйди. Унинг Тошкент шаҳар судида ишлаган пайтларда ҳам бир неча ўта мураккаб ишларни қонуний ҳал қилганини яхши билар эди у.

– Сизнинг аризангизни яна бир марта ўрганиб чиқамиз, – деб аёлга жавоб берди.

Эртасига ишга келиб Олий суднинг таж­рибали судьяларидан бири бўлган Каримжон Саидовни чақиртирди.

– Каримжон, Самарқанд вилоятидан месхети туркларига мансуб бир аёл уйи­­ни қайтариб беришни сўраб қабулга уч марта келди, – деди Убайдулла ака. – Биласиз, ҳукумат томонидан Россиядан уй-жой берилгани учун уларнинг уйлари давлат ихтиёрига ўтиб кетган. Лекин бу аёл: “Мен бу уйни ўз қўлим билан қурганман, болаларим билан шу уйда яшашни истайман, уйимни ўзимга қайтариб беринглар”, – деб талаб қилмоқда. Самарқандга бориб, шу аёлнинг шароити ва низоли уй ҳолати билан чуқур танишиб чиқиш керакка ўхшайди. Сизни шунга чақиртирган эдим.

– Хўп бўлади, Убайдулла ака, тушунарли, — дейди К.Саидов.

— Жуда соз, сиз билан прокуратурадан ҳам бир одам бирга борса, янаям яхши бўларди, – шундай деб Убайдулла Қурбонович ўша пайтдаги Бош прокурорга қўнғироқ қилди ва вазиятни тушунтирган эди, у ҳам бу таклифга рози бўлди.

– Эртага соат тўққизда бош прокуратурадан ҳам вакил келади, Олий суднинг хизмат машинасида бирга бориб келасизлар, – деди Убайдулла ака.

“Эрталаб Бош прокуратурадан бир прокурор аёл келди ва биз йўлга чиқдик ва белгиланган манзилга, яъни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманига бориб, низоли уйни кўздан кечирган ҳолда батафсил ўрганиб чиқдик, бу масалага алоқадор барча мутасадди ташкилотлар вакиллари ва туман раҳбарлари билан суҳбатлашдик”, дейди Каримжон Саидов ҳолатни ўрганиш бўйича хулосасида. “Масалани ўрганиш жараёнида уй-жойни Ф.Тожиева аёл киши бўлишига қарамай ўз маблағи ҳисобидан, ўз меҳнати билан қурганини, шу уйда фарзандлари туғилганини, оиласи билан яшаб келганини, шунинг учун ҳам гарчанд, турмуш ўртоғи Россиянинг Омск вилоятига расмий равишда кўчирилган бўлса-да, бу уйдан бошқа ватани йўқлигини баён қилди, бу ҳолатни унинг қўни-қўшнилари ва бундан хабардор бўлган бошқа кишилар ҳам тўлиқ тасдиқлашди”.

Текширув натижалари бўйича тузилган ва Ф. Тожиеванинг ўз уй-жойига бўлган ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши лозимлиги ҳақидаги маълумотнома Убайдулла Қурбоновичга маъқул тушди. У Каримжон Саи­довга “Ф. Тожиева ўз меҳнати билан қурган уйидан маҳрум бўлибди, шунинг учун унинг уйи ўзига қайтарилиши лозим, сиз бу иш бўйича Раёсатга назорат тартибида протест тайёрланг”, деб топшириқ берди.

Иш бўйича чиқарилган суд қарорларини бекор қилиб, низоли уйни Ф. Тожиевага қайтариб бериш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантириш билан боғлиқ қарор чиқариш ҳақида Убайдулла Қурбонович томонидан назорат тартибида киритилган протест Олий суд Раёсатида кўриб чиқилиб қаноатлантирилди.

“Бир кун ишга келсам биров “Каримжон ака!” деб чақириб қолди”, дейди Каримжон Саидов. “Қарасам, Олий суд биноси ёнида ўша, самарқандлик аёл турибди. Унинг кўзлари қувонч билан чақнаб турар эди”.

– Каримжон Усмонович, уйимга эгалик ҳуқуқни қўлга киритдим, сизларга раҳмат, мен ўзимнинг миннатдорчилигимни Убайдулла Мингбоевга ҳам изҳор қилишим керак. Ўзларига айтинг мени бир дақиқага қабул қилсин, бу адолатли инсонга таъзим қилмоқчиман.

Мен Убайдулла Қурбоновичнинг олдига кирдим ва аёлнинг муддаосини айтган эдим улар бош чайқади.

— Каримжон, бу аёл билан боғлиқ масала бўйича биз анча олдинроқ шундай қарорни қабул қилишимиз лозим экан, бунинг оқибатида бу аёл анча сарсон бўлди, ғам чекди, шу сабабли ҳам у билан юз кўришиш мен учун ноқулай. Унинг миннатдорчилигини қабул қилганимни, ишини вақтида ҳал қила олмаганимиз учун узримизни айтиб қўйинг, – деди…

Шоҳруҳ АКБАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =