Кўпкари

Тизма тоғлар қуршаб олган хилватдаги қишлоқни босиб турган зулмат тарвузи ёрилди, кун чиқиш тараф йиртилиб, уфқ кипригини кўтарди. Осмонни кўтариб турган чўққилар ортидан бош­ланган равшанлик аста-секин ўрмалаб, борлиққа тарала бошлади. Азбаройи ҳавонинг қаҳратонлигидан ташқарига чиқишга ботинолмаган хўрозлар катак­ларидан хирқираб қичқира бошладилар.

Тонг отиб келар, қишлоқнинг янги куни бошланаётган эди.

Кексайиб, кам уйқу бўлиб қолган Арбоб Қарчиғайбобо (айниқса, унга узун қиш кечалари тонг оттириш азоб эди) қалин бос­тириб тўшалган кўрпалар қатидан сибжирилиб чиқди-да, туя жунидан тўқилган чакмонини елкасига ташлаб, ташқарига йўналди. Эшик қартиллаб очилди, у совуқ зарбидан музлаб қолган эди. Ташқарида, қияликда жойлашган қишлоқ ҳовлиларида онда-сонда отбозлар тутган фонусларнинг шуъласи милтиллар, булутсиз осмон юлдузлар чаманзори билан музайян эди. Ҳамсоянинг меҳмонлари аллақачон уйғониб, отларининг атрофида гирдикапалак бўлишар, жониворларни ялаб-юлқашарди.

Қишлоқда йигирма кундан бери узлуксиз тўй бўлаётган ва муттасил кўпкари чопилаётган эди. Шу туфайли саҳармардонданоқ жўшқин ҳаёт бошланар, одамлар эрталабки “жамоат оши”ни апил-тапил тановул қилиб, кўпкаридаштга ошиқишар эди. Катта-кичикни сеҳрлаб қўйганди бу кўпкари. Ҳамма кўпкари жиннисига айланиб қолганди ўша кунлари.

Қўшни ҳовлидан ҳаяжонли овозлар эшитилди.

— Жониворни соат тўртларда тери қуриди, кўзим илингани йўқ, олдида ўтириб чиқдим. Ҳозир бир қашлаб, ҳовуздан сувлаб келдим.

— Сен, жинхўр, қачон бўлсаям отнинг тагида ўлиб қоласан. Емини қолдирмай едими? Бир боғ ғаннимак (беда) керак эди-да. Бу Юсуф (уй эгаси)нинг сомонхонаси тешилган экан. На шевар бор, на йўнғичқа. Озгина қабзантириб олсам, девдим.

Узоқроқдан отнинг кишнагани, ер тепингани эшитилди. Кимдир даранглатиб печка карнайининг қуримини қоқди.

Бобо ҳафсала билан майдаланган арча пайраҳаларини билагида қисиб келганда, кампири ҳам уйғонган, туриб, печнинг кулини олишга тутинган эди. Ҳадемай, қўрда олов гуриллади, аланганинг шуъласи деворларда ўйнар, оҳиста гувиллаган овоз қулоққа чалинарди. Уйнинг ҳарорати кўтарилгач, кўрпалар билан ўраб қўйилган, ширин ҳароратга чўмган бола терлаб кетдими, устидагиларни тепиб ташлади-да, уйқу аралаш кўзларини ишқалади, сўнг қўлларини озод ёзиб юбориб оҳиста пичирлади. Унинг ғунчадек лаблари орасидан шу сўзлар сизиб чиқди: “Кўпкарига бораман…”

Ёноқлари қизарган, қошлари билинар-билинмас учиб турган нуридийдасининг бу масъум ҳолатини кузатиб ўтирар экан, бобонинг юраги ҳапқириб, кўнгли тўлиб кетди. Боланинг оҳиста саси унинг қалб деворларига босқондан ҳам кучли зарб билан урилган эди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Холмурод Эшмуродов ҳикояларидан: “Кўпкари биз болалар учун энг мароқли томоша эди. Кўлдаши (кўпкари чопиладиган майдон)га от чиқишини дилдираб интиқлик билан кутиб ўтирардик. Фақат биз эмас, катталар ҳам ҳамма ишини йиғиштириб, томошага боришарди. Мана, ниҳоят сўйилган така келтирилади. Уни чавандоз (бизнинг шевамизда “чавағон”)лар ердан кўтариб, пойчасини эгарга қистиради-да олиб қочади, бош­қалар қувади. Ҳадди сиғса тортишади, ҳатто тортиб ҳам олади. Ҳеч бир отлиқни етказмай яккалаб чиққан чавандоз ҳалол бўлади ёки айиради, яъни ғолиб ҳисобланади. Дастлаб отлиқларнинг ҳаммаси тўп­лангунча шунчаки чопиб турилади. Буни “тани” ёки “шовулоқ” дейишади. Бунда зот, яъни мукофот қўйилмайди. Ярим соатлар чамаси шовулоқ чопиб, баданлар қизиб олгач, асосий кўпкари бошланади.

Баковул чавағонлар олдида қисқача ваъз сўзлайди. У айтадики: “Бугун фалончи бойнинг тўйи, неча йилдан бери йиғиб-териб элнинг олдидан ўтаяпти. Ҳалол чопасан, яккалаб оласан, мен “бўлди” десам, бўлди, “бўлмади” десам, бўлмади. Тўйчининг пулиям кўп, молиям кўп. Чавағонлар, тўйди ўйнаб-кулиб ўтказайлик. Ол, мана шунинг 50 сўм пули, бир жуфт калиши, устига бир тикув машинаси ҳам бор”. Шунақа гаплардан кейин баковул тақимидаги такани ерга ташлаб, ўзи четга чиқади. Ҳамма — албатта, қурби етганлар таканинг устига от ҳайдайди. Кимдир уни ердан кўтариб, олиб жўнайди, бошқалар таъқиб қилади. Тўрт пойчани эгарга тортиб, қўли билан маҳкамлаб, роса талашади. Бу орада така икки-уч ерга ҳам тушиб қолади, яна кўтарилади. Хуллас, кимдир яккалаб чиқади. Ўшанга баковул эълон қилган зот (уни “болғи”, “соврин” ҳам дейишади) берилади. Энг фахрли зот тирик мол (эчки, қўй, ҳўкиз, туя) ҳисобланади. Ҳамма орзу қиладиган, талашадиган зот эса ўлик така, ўша олиб чопиладиган така. Уни айирган чавағоннинг уйида ўша кеча байрам бўлиб кетади”.

Кўпкари (уни баъзан оддий қилиб “улоқ” ҳам дейишади)нинг қачон пайдо бўлгани ҳақида манбаларда маълумот бўлиши аниқ; унинг бизгача етиб келган ҳолати ҳам, бу спорт тури (агар шундай аташ жоиз бўлса) анча қадим замонда пайдо бўлганидан дарак беради. Йиллар, балки асрлар давомида кўпкарининг ўзига хос қоидалари шаклланиб, сайқал топиб борган. Унинг рухсат бериладиган ва берилмайдиган талаблари, ўз қоидалари бор, шу жиҳатдан кўпкарини бевош отлиқлар оломонининг чопишиши эмас, ўзига хос миллий турмуш тарзининг бир кўриниши, деб баҳолаш лозим. Олайлик, чавандознинг устига от солиш, такани ипга тугиш ёки узангига қистириш тақиқланади. Ёки олиб чопиб кетаётган отлиқнинг сиртидан айлантириб тортиш ҳам мумкин эмас. Бундай талаблар бузилганда зот берилмаган, ҳатто қоидани бузган чавандоз тўдадан ҳайдаб чиқарилган.

Кўпкари — жуда қаттиқ ва шафқатсиз ўйин. От сурдовда чавандоз оёғини қа­йириб синдириб юбориши, эгардан тушиб кетса, туёқлар тагида қолиб шикаст топиши ҳеч гап эмас. Чавандозлар баланд пошнали ҳаккари этик кийишади, қўнжига оёқни сақлаш учун ёғоч тахтачалар қўйиб олишади. Бошга қалин қилиб тикилган махсус телпак, кафтга ғилоф кийишади.

Кўпкаридаги муваффақият кўп жиҳатдан отга боғлиқ. Шу туфайли тулпорлар махсус парвариш қилинади.

Олий тоифали жарроҳ, от ишқибози Раҳматулла Файзуллаев ҳикояларидан: “Ёз тафти қайтиб, салқин тушгач, чопиладиган отлар байловга тортилади. Тинч, ўтган-қайтгандан хилват сайисхонада от арқонга олинади. Бу муддат қирқ кунгача бўлиши мумкин. Ем (арпа) тўрт-беш килодан бошланади, ошириб борилаверади, бир кунда зўр отлар 25 килогача ейдиган бўлади. Жонивор яхши етилгач, етаклаб, ҳовлига олиб чиқилади ва яккамихга боғлаб қўйилади. Баъзилар отнинг баданини тузли сув билан ювиб юборишади. От байловдан чиққан кун бирорта жонлиқ сўйиб, боболарнинг дуосини олиш ҳам мумкин”.

Кўпкарига танланадиган от билан боғлиқ тафсилотлар ҳам бир дунё. Аввало, қадимдан асл тулпорларни танлаш йўллари мавжуд, бу ҳатто кўплаб китобларда махсус акс эттирилган. Негаки, ҳар қандай чорпоя кўпкарига ярайвермайди. Энг яхши улоқчи отлар бутун юртнинг фахри бўлган, унинг довруғини узоқ-яқинларга таратган. Ҳар қандай от, айниқса, севимли дулдуллар худди олифта йигитлардек ясантирилган. Узангилари мисдан, ҳатто кумушдан бўлган, унга ингичка нақшлар туширилган. Эгарларга пай тортилиб, обдон елимланган, узоқ муддат қуёшда тоблаб қуритилган ва усти тўсланган. Баъзи эгарлар қимматбаҳо хазина сифатида авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтган. Отга ёпиладиган жул, эгарнинг тагидаги дикдикка, ёлпуш ва жулхезларга худи жойпўш (сўзана)га ўхшатиб қизлар, келинлар инжа кашталар тикишган. Айили, пуштанининг тўқасига олтин суви юргизилиб жило берилган. “Отдир йигитнинг қаноти”, деб улуғланган жонивор ана шундай эъзозланган ва ўз навбатида у ҳам чавандозини элга танитган, машҳур қилган.

…Майдон отларнинг туёғи остида гувиллайди. Тулпорлар чирпинади, силтаниб пишқиради, баъзан тажанг чавандознинг қамчиси ҳавода ўйнайди ва шартиллаб отнинг бошига, сағрисига тушади. Қисувга қолган жонивор ўзига йўл излаб суринади, ўзидан кучли отнинг қовурғаси остида эзилади, оёқларидан мадор кетиб, тўдадан сибжирилиб чиқиб қолади. Яна кучлар талаши авжланади, така қўлдан-қўлга ўтади. Отлар уюри гувиллаб ўрнидан қўзғалади, баковулнинг ўктам овози янграйди: “Ҳалоллайсан!” Ростдан, бу ўйин фақат ҳалоллик асосида пайдо бўлган, бу шартни бузганлар эса, албатта, панд еганини одамлар гапириб юришади.

Майдоннинг кўз илғамас томонига сурилиб кетган тўда сачовраб, улоқни тақимига босган азамат “Ё, отам” деганича яккаланиб чиқди. Юз йиллардан бери давом этиб келаётган синовдаги ғолиблар рўйхатига яна бир йигитнинг номи ёзилди. Мана, у одамлар назарига тушди, энди асрий анъаналарга содиқ мухлислар унинг номини ҳам такрорлаб юришади. Ҳолбуки, чавандозлик билан довруғ таратганлар кўп бўлган бу кўҳна дунёда.

Ўқитувчи Ҳамро Узоқов хотираларидан: “Шаҳрисабз яқинидаги Аннай деган қишлоққа етганимизда кўпкари бошланиб кетган экан”, — деб ҳикоя қилганди отам раҳматлик. Сурдов айланиб олдимизга келиб қолди. Арбоб Қарчиғай ҳам ҳали сафар жабдуқлари ечилмаган, хуржуни ҳам туширилмаган оти устида турар эди, яқинлашиб қолган тўдани кўриб беихтиёр қўшилиб кетди. Ҳаял ўтмай ҳалоллаб чиқди. Баковул яна зот айтди. Бу сафар биров билан тортишиб тўдадан чиқди Қарчиғай. Жуда олисга тортишиб кетди. Охири у рақибини эгар-пегари билан ағдариб, яккалаб чиқди. Энди ҳамма ўраб олган, тавоф қилиб ётибди. Келганимизда биров парво қилмовди, “Бизникига меҳмон бўлинг” деганлар кўпайиб қолди”.

Кўпкари чопиладиган майдоннинг томошабоп бўлиши — унга қўйиладиган биринчи талаб. Қурғур томошабинлар ҳам отнинг тагида қолишдан қўрқмай қисиб келаверади. Ўзи, бу пайтда пиёда турган ўзини идора қила олмай қоладими-ей?! Рангида қон йўқ, қалтираганича чопиб, гоҳ бу ёққа ўтади, гоҳ у ёққа. Кейин эса таассуротларини йил бўйи гапириб юришади. Уларнинг назаридан ҳеч нарса фориғ бўлмайди: такани ким биринчи ердан кўтарди, кейин кимга кетди, ким қайси зотни айирди ёки неча марта айирди.

Томошабинлар сафида ёши ўтиб, букчайиб қолган бир чол ҳам бўларди, уни ҳар доим кўпкаридаштда кўриш мумкин эди. Бир сафар итни урса кўчага чиқмайдиган қаҳратон совуқ бўлиб, қорбўрон турди. Шунда ҳам бобонинг бир ўзи кўпкаридаштга борди. Унинг умри от устида ўтди, ёшлигини кўпкари суронлари олиб кетди. Йигитликда хуморини аёвсиз от суриш­ларда, тортишувларда қатнашиб ёзарди. Энди белда куч, кўзда нур йўқ. Энди ўша ёлқинли кунларини тушида кўради, тушлари энг азиз хотираларни қўзғаб уни қийнайди, азоб беради. Шундай ҳолда уйда ўтириб бўладими? Элнинг орини олиб юрган, “юлдузни бенарвон ураман”, деган йигит эди-я.

Акам Нормат Сатторовнинг боболаридан эшитган ҳикояси: “Калтақўллик Мавлон жўрабоши ўғлини уйлантирадиган бўлибди. Ўшанда унинг мўйловини болта кесмайди, яқин атрофни кучи билан ҳам, бойлиги билан ҳам қўлига қаратган. Келин тўйида камдан кам ҳолда кўпкари берилади, лекин Мавлон кимлигини кўрсатиш учун етти иқлимга жар солиб, катта кўпкари беришини, унинг бош соврини одам…, ҳа, қошли-кўзли, сендек-мендек инсон бўлишини маълум қилибди. Талабгорлар бир кун, икки кун олдин етиб келиб, отларини совутиб турибдилар. Бу ёғини эшитсанг, ўша зотга тикилган одам Арбоб бобонинг қайнотаси экан. Бечоратоб, уқувсизроқ одам бўлган чоғи, бойдан қарз кўтариб узолмаган. Бир умр даргоҳида ишлаб беришга рози бўлиб келган. Жуда ҳаддидан ошиб, димоғи шишган Мавлоннинг калласига чолни кўпкарига тикиб обрў орттириш фикри келиб қолган. Боболаримиз айтарди, ўшанда Арбоб Қарчиғай 25-30 ёшларда, ялқиллаб чиқиб назарга ташланган пайтлари бўлган экан. Орияти қўзғаб шу “зот”ни қандай бўлса-да, ўзи ҳалоллашга аҳд қилибди”.

Бугунги кўпкари мисли кўрилмаган бўладиган чоғи. Майдон отлиққа ҳам, пиёдага ҳам тўлиб кетган. Айниқса, совринга аталган қўзи-улоқлар қамалган қўтон атрофида одам тирбанд. Ҳамманинг кўзи бугун зотга тикилган одамга қадалган. У элликдан ошган кўса бир киши экан. Устида янги яктак (бойнинг қувлигини қаранг), боши эгилган, қадди букилган, шохдор қўчқорнинг панасига ўзини олиб, ерга тикилганича эгилиб ўтирибди. Унинг тақдири нима бўлади, ким айиради? Бирор тантироқ одамга насиб этса, қўйиб ҳам юбориши мумкин. Ёки бош­­қа тўйга тўёна қилинса, тўйдан яна ке­йингисига ўтади. Бунинг насл-насабини суриштирадилар, бу қариндошлари учун иснод эмасми? Бечора чол… Ҳаммадан уни томоша қилаётганларнинг назари ёмон, эркак кишини ер қилади.

Арбоб бир-икки улоқ олиб қочди-да, четга ўтиб, отдан тушди. Тақдир унга бугун оғир вазифа юклади, агар қайнотасини номусдан қутқармаса, дунё унга қоронғу. Оғир хаёл остида ўтирган йигитнинг ёнига ҳамқиш­лоғи Мавлонқул келди, гапни чалғитиш учун деди:

— Худо менга ҳам фарзанд ато этса, кўпкари бериб…

— Сен ҳам одам тикасанми? — жаҳл билан деди Қарчиғай.

— Жўравоз итлик қилди, — унинг ҳам эзилганлиги билиниб турарди. — Биз ҳам йигитмиз-ку.

Бу “орни қўлдан бермаймиз” дегани эди. Қуролпасининг (қуролпа — тенгқур дўст) бу гапидан Арбоб қаддини кўтарди. Демак, жўралари қанотига киради.

— Ғофирбойга айт, арғумоғини менга берсин, сен Бозорбойнинг шапкўрини мин.

Кўпкари авжида, бош зотни ташлаш фурсати ҳам яқинлашганга ўхшайди. Сувсар телпак, қордек оппоқ чакмон кийиб, ўзини кўз-кўз қилиб юрган Мавлон жўрабоши ҳам кийимларини ўзгартириб тўдага кирибди. Остидаги зулукдек қора тулпор ўйноқлайди, хойнаҳой, у бош зотни ўзи ҳалоллаб, яна довруғ таратишга астойдил иштиёқмандга ўхшайди.

— Йиғил, катта айтаман, — деб ҳайқиради баковул. У чавандозларнинг ғайратини жўштириш учун ҳар хил ҳийлалар қилар, зотни бир ғалтакдан бошлаб, ҳўкизгача кўтарарди.

— Армонда қолма, от-отингни эгарла, — жар солди баковул, — энг катта зотни ташлайман. Ҳалолласанг, қўйингни боқади, ҳовлингни қўрийди, ўлгунича хизматингда бўлади.

Барчани тўплагач, бир овоз билан эълон қилди:

— Ол, мана шуни ичида одами билан янги яктаги бор!

Ҳамма ўзини тўдага урди. Қийқирув, сўкиниш, шовқин-сурондан майдон ларзага келди. Улоқ ерда ётар, уни кўтаришга ҳеч кимнинг қурби етмасди. Анча ур-сурдан кейин тўда гуриллаб қўзғалди. Таканинг бир пойчаси Берди гунгда, бири Мавлонда эди. Арбобнинг арғумоғи жадаллаб, кўтарилган улоққа еткарди. Ёнида қишлоқдошлари — мулла Камол, Баҳром, Тоштемир ҳамкорлик қилиб келаяпти. Мавлонқул минган шапкўрнинг тўдани суриш одати бор эди, у жўрабошининг ёнидан от солди. Ора узоқлашиб, пойча Мавлоннинг қўлидан шартиллаб чиқиб кетди. Бўрондай кўчган тўда бу пайтда майдонни икки айланган, фақат саноқли отларгина илашиб келарди. Арбоб такани яхшилаб беркитди, ҳам тақимга олди, ҳам эгарга солди. Ғофирбойнинг арғумоғи юлдузни кўзлаган от эди, олди очилса ўзиб чиқишига тараф йўқ. Жонивор пишқириб икки силкинди, улоқ бош­қалардан озод бўлди. Арбоб фақат жўралари қуршовида борарди, кўнгиллари тўлгач, сочавраб ёйилиб кетишди. Арғумоқ анча ўзиб кетганди, ёнида бораётган Мавлонқул унинг сағрига икки қамчи урди-да, изиллаб йиғлаб юборди. Бош зотнинг тақдири ҳал бўлганди.

Кейинчалик Яккабоғ беги бу қилиғи учун Мавлон жўрабошини қаттиқ койиган экан. “Шундан кейин бирор кўпкарида одам тикилганини эшитмадик”, — деб эслашади кексалар.

Ўзига хос мардлик, тантилик, ҳамжиҳатлик кўриги бўлган бундай ўйинлар ўз тарихида кўплаб ҳаяжонли, баъзан кулгили воқеаларга бой бўлган.

От билан дўстлашган, тиллашган кишиларда ўзгача улуғворлик, мағрурлик бўлишини кўп таъкидлашади. Аслида отда юришнинг хосияти кўп. Эгар устида чайқалиб кетар экансан, ўзингни бошинг кўкка етгандек ҳис этасан. Илкис, майин силкинишлар вужудга аллақандай ҳузур бағишлаб, чарчоқларингни ёзгандек бўлади. Сезгир, ҳушёр, фаросатли бу жонивор одам зотига жуда кўп яхшиликлар қилган. Шу туфайли айрим тулпорларга худди қаҳрамонлардек ҳайкаллар қўйилган, улар тўғрисидаги хотиралар барҳаёт яшаб келади. Ҳатто устидан йиқилган кишини ҳам от авайлар экан. Халқда “от йиқитса ёлини тўшайди” деган гап беҳудага пайдо бўлмаган. Отга тақдирини боғлаганлар ҳам бошидан кўплаб кес­кин воқеаларни кечирган. Жумладан, кўпкарида довруғ таратган Арбоб бобо ҳаётидан яна бир лавҳа.

Қишлоқ оқсоқоли Мейлиқул Тўхтамишев эслайди: “Кўпкари жуда қаттиқ, ҳам қалтис ўйин. Агар ҳадисини олмаса, биринчи қадамдаёқ шикаст топиш ҳеч гап эмас. Жонивор от издиҳомдан қутулиш учун жон-жаҳди билан талваса жарми, чуқурми, ўзини отади. Бир кўпкарида Арбоб тоғанинг оти ялтираган музга тўғри келиб қолган. Тойиб кетиб, қаттиқ депсинган ва улоқ билан келаётган Арбоб ҳам эгардан учиб кетган. Ўзиям ўн қадамлар тойрилиб борган, дейишади. Шунда музга юзи билан тушган, пешанаси ёрилиб, териси қошининг устига тўда бўлиб қолган экан.

Ҳушини йўқотган чавандозни уйига олиб борганлар. Терини юқорига тортиб, пешанани маҳкам танғишган. Қушноч олов солиб эласлаган, темирчининг дўконидан олиб келиб қўрқув суви ичиришган. Ҳушига келган тоғани яна суяб отга миндирганлар-да, кўпкарига олиб чиққанлар. Ирими шунақа бўлган: ҳушини йўқотган одамни яна қайтариб тўдага солмаса, гаранг ёки жинни бўлиб қоларкан. Арбоб тоға дастлаб ўзини билмай турган, кейин шовқиндан боши очилиб, кўпкарига кириб кетган. Шунда ҳеч нарса бўлмагандек, охирги ўлик такани айирган экан”.

… Мана, қуёш ҳам кўтарилиб қолди. Тош қотиб музлаган ернинг усти терлашди. От туёқлари изида ҳосил бўлган кўлмакчаларда сув томчилари йилтирай бошлади. Анчадан бери томошабинлар сафидан ўрин олган Арбоб бобо таёғини белига тутиб, кўпкаридаштга йўл олди. Уни кўплар танийди, кўплар танимайди. Олдинги шуҳратлар йиллар ғубори олдида хиралашган, кўпкари отлиқ кураш майдони янги-янги қаҳрамонларни кашф этган.

“Ҳамма нарса унутилади, дунё боқий тураверади”, деганларидек, кўплаб ҳаяжонлар, кулфат ва шодликлар уммонида тирикликнинг бу унсури ҳам бойиб, тўлишиб, яшаб қолаверади. Аслида кўпкари ҳам халқимиз ҳаётининг бир парчаси, айнан ўзи эмасми?! Қолаверса, ҳаётнинг ўзи катта кўпкари-ку!

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 8 =