Ҳашар

Тоғ бағрида жойлашган мўъжазгина қишлоқ. Бу ерда ҳаво тоза, булоқ суви ҳам шифобахш. Янада муҳими одамлари аҳил-иноқ. Шу боис бир-икки киши уддалаши қийин бўлган ишларни кўплашиб битириш анъанага айланиб қолган. Айтайлик, кимдир иморат бошлаб қўйса, уйма-уй кириб, кўмак сўрашига ҳечам зарурат йўқ. Тўй-маъракаларни ўтказишга бош-қош бўлиб юрадиган қишлоқ оқсоқоли билан маслаҳатлашиб, бир оғиз “ҳашарга” деган гапни айтса, одамлар ўзи билиб кетмон-белкурак ёки қурилишда асқотадиган бирон анжом кўтариб келаверади. Ҳашар деганда қанчадан-қанча шахсий юмушлар четга суриб қўйилади.

Иморат кўтаришдан олдин бажариладиган ишлар тақсимлаб чиқилади. Бир гуруҳ йигитлар лой қориб, уни етказиб турса, чамани тўғри ола биладиган ўрта ёшлилар деворга ғишт теради. Барча худди ўз уйида ишлаётгандай астойдил меҳнат қилади. Албатта, ҳашарда ҳеч ким четда қолмайди. Чоллар йўл-йўриқ кўрсатади, суя­­ги қотмаган ўсмирлар ишлаётганларга сув деса сув, чой деса чой олиб боради. Ҳазил-ҳузул гап-сўзлар қаҳ-қаҳага уланади. Қўшиқ хиргойи қилғувчи ширали овоз соҳибларига ҳам навбат берилади.

То иморат битмагунча бир ҳафтами-икки ҳафта ҳашар шу зайилда давом этади. Зарур юмуши бор кишилар навбат алмашган бўлиб ишини битириб, яна ҳашарчилар сафига қайтади.

Дарвоқе, уларнинг қорнини тўқлаш қандай бўлади? Иморат эгаси бир жонлиқни сўйдириб, қозон остириб қўяди. Устига-устак қавми-қариндоши, жўра-йўлдоши, қўни-қўшниси уйига фалончиникида ҳашар, деб тайинлаб қўяди. Тоғора кетидан тоғора келаверади. Шундай экан, еб-ичишдан умуман камчилик сезилмайди.

Албатта, одамлар қорин ғамида эмас, катта ҳажмдаги иморатни қуришга кўмаклашиш мақсадида ҳашарга боришади. Бу орқали меҳр-оқибатли эканини ҳам амалда исбот этишади.

Отам ҳамон такрорлайди:

— Қувондиқ, у пайтда сен ҳали туғилмаган эдинг. Мана бу уйни бир ҳафтада қуриб битказганмиз. Ўзиям қишлоқдан бизникига ҳашарга келмаган одам қолмаган, жон койитиб меҳнат қилган барака топкурлар…

Чамамда отам ишнинг тез ва сифатли битганидан ҳам кўра, одамларнинг ҳашарга кўп келганидан фахрланади. Шу боисдан ғурурланиб гапиради. Мен саккиз хонадан иборат олд томони айвонли иморатнинг ҳафтада қад ростлашини унчалик тасаввурга сиғдира олмайман. Лекин аниқ биламан, отам ёлғон сўзламайди.

Ҳашар билан боғлиқ хотира менда ҳам бор. Биз, синфдош жўралар ўқувчилик пайтидаёқ катталарга тақлид қилиб, ҳар ҳафтанинг якшанбасида, яъниким мактабга бормайдиган кунимиз ҳашар уюштирганмиз. Ўзи ўсмир бўлсак, қўлимиздан нима иш келарди? Очиғи, бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Муҳими, юрагимизда ғайрат-шижоат бор эди. Навбати билан синфдошлар уйига бориб томорқада ўт ўрганмиз, нураган девори бўлса, суваганмиз, ер чопганмиз, қандай юмуш тўғри келса, худди катталардек бажаришга киришиб кетавердик. Шунда илк маротаба биргаликда меҳнат қилишнинг завқини туйганмиз. Иш баробарида ҳазил-ҳузул, ўйин-кулги билан бўлиб, чарчаш, толиқиш нималигини билмасдик. Бола бўлганмиз, уқувимиз ҳам ҳаминқадар. Демак, бирон ишни қойиллатганимиз даргумон. Шунга қарамасдан, катталардан ҳеч ким бизни шаштимиздан қайтармаган, аксинча далда беришган: “Барака топинглар! Кап-катта йигит бўлиб қолибсизлар-ку” деб. Бу сўзларни эшитиб, ғайратимизга яна ғайрат қўшилгани аниқ. Ҳашар якунлангач, меҳмондорчилик учун алоҳида дастурхон ёзилиб, оналаримиз атайлаб биз — ҳашарчилар учун тайёрлаган тансиқ тоамни биргаликда еб, кейин уй эгаларининг раҳматини эшитиб, кўнг­лимиз тоғдек кўтарилиб қайт­ганмиз. Эҳ, бунинг завқи-шавқи ўзгача бўлган-да.

Ҳашарга келмаган синф­дошни сафимизга қўшмаслик у учун энг оғир жазо ҳисобланган. Шу боис айбдор ялиниб, бўлғуси ҳашарда икки ҳисса ишлашга ваъда бериб, сўзининг устидан ҳам чиқар эди…

Ҳозир ёшимиз элликдан ошганда мулоҳаза қилиб кўрсам, болаликдаги дўстлик ришталари ҳашар кўмагида мус­таҳ­камлангани учун бугунги кунгача орамиздан меҳр-оқибат кўтарилмади. Тўй-маъракалар­­да бир­­­­­­-биримизга елкадош бўлиб турамиз.

Дарҳақиқат, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишда ҳикмат кўп. Қанчадан-қанча катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари ҳашар йўли билан қисқа фурсатда бажарилади. Бу эса халқимизнинг меҳр-оқибат, мурувват, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу қадриятларига ҳамоҳанг ва умрбоқийдир.

Суюндик МАМИРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + 3 =