Қўшнилар

Инсон баъзан ижтимоий ҳаётдаги мавжуд муаммоли вазиятлар уларнинг тарихи, бугуни ва келажаги ҳақида ўйга толиб, унинг салбий жиҳатларини англагандек бўлади. Бу салбий жиҳатларга бошқаларнинг ҳам эътиборини тортишга, унинг олдини олиш чораларини кўришга чақиради. Хусусан, бугун кўпчилик одамларда шаклланган худбинлик (эгоизм) фақат ва фақат ўзим бўлсам деган “оммавий маданият” азалий қадриятларимиздан бўлган қўни-қўшничилик алоқаларини унут бўлиб кетишига замин ҳозирлаб қўяётгандек.

Ким бўлишимиздан ва қаерда яшашимиздан қатъи назар барчамизнинг қўшниларимиз бор. У хоҳ ён қўшни, хоҳ етти уй нари бўлсин, барибир қўшни ҳисобланади. Ота-боболаримиз барча даврларда қўшничилик ҳақига тўла риоя этишга ҳаракат қилиб келишган.

Дарвоқе, қўшни сўзи қўшин сўзи билан ўзакдош. Дастлабки қўшинлар ҳам бирор душман хавфи туғилганда яқин қўшнилардан тузилиб, душманга қарши оёқланган бўлса ажабмас. Яхши кунингдан ҳам, ёмон кунингдан ҳам энг аввал улар хабардор бўлади. Шу сабабдан “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал”, “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Ҳовли олма– қўшни ол”, “Гилам сотсанг қўшнингга сот – бир четида ўзинг ўтирасан”, каби пурҳикмат нақллар авлодлар довонида бежиз шакл­ланмаган.

Муборак ҳадисларда айтиладики, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “Жаб­роил менга қўшнилар хусусида кўп тавсия бераверганидан, уни мерос­хўр ҳам қилиб қўярмикан деб ўйлаб қолдим”, деганлар.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни давлатлар билан дўс­тона муносабатларнинг ҳар қачонгидан ҳам юксак чўққига кўтаришга эътибор қаратилаётганлиги ҳам бежиз эмас.

Замонавий дунёда яшар эканмиз ҳар биримиз аждодларимиздан қолган қўни-қўшничилик одоби, шартларини қай даражада бажаряпмиз, улар билан муносабатларимиз дўстона, ахлоқий қадриятлар асосига қурилганми? Ёки фақатгина қўшни бўлганлигимиз учун мажбуран ўзаро муносабатга киришамиз холосми? Кўришганда салом-алик бор-у, бошқа вақтда эсимизга келмайдими ё? Эсга олсак ҳам яхши гап билан эмас, қўшни шаънига турли бўхтон, ғийбатларни қалаштириб, унинг обрўсини туширишга ҳаракат қилмаяп­мизми экан? (Охирати обод бўлсин, эл севган қизиқчи Ҳожибой Тожибоев “Тунда бирор бало келса агар ёқтирмайдиган қўшни бўлса, огоҳлантириш ўрнига “ҳа ухлайверинглар, озгина кайфим бор шунга ухламай қўшиқ айтиб юрибман”,— дея юмор қилганидек).

Ёшлигимизда ота-онам қўшнилар билан гаплашсанг тоға, хола, бобо, момо, оға, деб мурожаат қил. Бошқалар улар ҳақида сўраганларида ҳам қўшниларни ўзингга яқин олиб гапиргин. Шунда қўшнилар ҳам хурсанд бўлади, сени ҳам ўзларига яқин олади болам дерди.

Шу аснода ён қўшниларимизни тоға, хола деб, фарзандлари билан ака-ука, опа-сингилдек катта бўлдик. Улар билан уйимиз бўлак бўлсада, ҳовлимиз битта, бир эшикдан кириб чиқамиз. Ҳовлимизда ҳеч қандай тўсиқ, девор йўқ. “Девор-дармиён қўшни” деган тушунча бу ерда озгина чекиниб туради. Менинг ерим, менинг томорқам, менинг боғим, менинг айвоним деган тушунча ўрнига “бизники” деган тушунча ҳалигача устувор. Барча нарса — ўртада. Ўнг томондаги ва чап томондаги қўшниларнинг ҳовлисига ҳовлининг исталган жойидан ўтиш мумкин. Уларникидан ундан кейинги қўшниларникига ўтилади. Ҳеч қачон қўшниларнинг гапи икки қилинмаган. Ҳамма қўшнилар бир-бирларининг боласига ўз боласидай бирор ишни буюраверади. Болалар ҳам уларнинг айтганини икки қилмайди. Натижада фарзандларда дўстлик, ўзаро ҳурмат, одамийлик, меҳр-оқибат, самимийлик каби инсонпарварлик тушунчалари шаклланади. Қўшнилар орасида турли миллат вакилларининг бўлиши эса фар­зандларнинг бошқа миллат вакилларининг урф-­одатлари билан танишиши билан биргаликда миллатлараро ҳамжиҳат (байналмилал), бағрикенг   бўлиши учун ҳам имкон берар экан. “Бир болага етти қўшни ота-она”, сингари мақоллар ижтимоий тараққиётда шу тахлит шакл­ланган бўлса, не ажаб.

Аммо бугун бир жойда яшаётган айрим ота-болаларнинг, қондош ака-укаларнинг бир қарич ер учун, ўртага девор тортиб, юз кўрмас бўлиб кетаётганликлари дилларни хуфтон қилади. Нима гап десангиз, “Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас экан”, деб ўзларини оқлашади.

Уйингдан чиқаётган тутун қўш­нингнинг кўзини ачиштирса, еган луқманг ҳалол эмас, — дейишган улуғларимиз. Ҳатто тутун билан ҳам озор етказиш мумкин бўлмаган қўшниларимизни ҳар жиҳатдан ҳурмат қилсак, эл ичра обрўсини қанча кўтарсак нафақат улар учун, балки ўзимиз учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.

Баҳром БОЙМУРОДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − nine =