Қиз кузатар маросими

Ўлкашунослик — ўз туғилган ва яшайдиган жойи, ўлкаси ҳақидаги билимлар мажмуаси бўлиб, бу тушунчанинг келиб чиқиши жуда узоқ даврлар, қадим инсоният пайдо бўлган манзилларга бориб тақалади. Ибтидоий одамлар ҳам ўз яшаш жойлари табиатини жуда яхши билишган, улар ўзларининг энг содда билимларини тошларга чизишган. Бу тасвирлар очиқ осмон остидаги музейлар тариқасида бугун бизгача етиб келгани қувонарли ҳолдир. Бундай расмларнинг анчагина қисми мамлакатимизнинг Зараутсой, Сармишсой каби қадим аждодларимиз яшаган манзилларда ҳозиргача сақланиб қолган. Инсоният жамиятининг ривожланиши билан ўлка тўғрисидаги маълумотлар ҳам тўплана бошлади.
Дарҳақиқат, ёзма ёдгорликлар ва манбалар орқали биз қадим ота-боболаримиз яратган осори атиқалар, иероглифлар, ёзувларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг маъно ифодалари ва чизилган суратларда акс этган турмуш тарзи инъикосларини тасаввур қиламиз.
Айниқса, ўзбек халқининг кадимий расм-русумлари — дунёқараши, ишонч-эътиқодлари, турмуш тарзи ва фалсафий карашлари, асрлар бўйи жамланган ҳаётий тажрибалари ва турмуш кўникмаларини ўзида мужассамлаштирган. Энг жозибали маросимлардан бири бу никоҳ тўйидир. Халқимизнинг қадимий эътиқодлари, маданияти, тарихи, орзу-умидлари, ҳаётга муносабатини ўрганишда никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлар муҳим аҳамиятга молик, албатта.
Дунёдаги кўплаб бошқа халқлар сингари, ўзбек тантаналари орасида никоҳ тўйи маросимлари ўзининг турли анъаналар, урф-одатларга бойлиги, этнографик манбаларининг ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб туради.
Яқинда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги бир қишлоққа никоҳ тўйига бордик. Биласизми, у ерда мени ҳайратга солган бир урф-одат каминанинг эътиборини тортди.
Мен бу мақолага қўл уришдан олдин бир қатор устозларимга ўз фикр-мулоҳазаларимни баён қилдим. Уларга қайта-қайта битта саволни бердим: “Сиз эшитганмисиз ёки кўрганмисиз шунақа удумни, расм-русумни?” деб. Биласизми, улар нима деб жавоб беришди? “Ҳамма жойда ҳар хил, тўғри, бироқ воҳада яхши сақланган ва давом эттириб келинаётган бундай урф-одатларнинг сабабини, унинг ўрни нимадалигини ўрганинг ва ёритинг”, деб маслаҳат беришди. Шу боис мақолани ёзишга жазм этдим.
Хуллас, мен борган қишлоқ Боғбон маҳалласида жойлашган, табиати, ҳавоси тоза, сувлари шарқироқ, ўт-ўланлари кўм-кўк, чегара билмайдиган сою адирлари, бепоён маскани, ҳовли деворлари йўқ, ажиб тасаввур берадиган макон экан. Мен қишлоқдаги бир ўзбек хонадонида меҳмон бўлдим. У ерда қиз кузатар маросимида ҳамма расм-русумлар тўлиқ адо этилгач, куёв келинни ота уйидан олиб чиқиб, ўз кошонаси сари йўл олишига тараддуд кўрилаётган эди. Айни дамда келиннинг уйида чимилдиқ тутилган ва унинг атрофида амма, хола, янга, момо ва қудалар тўпланишган эди. Бир пайт куёв ва келиннинг бир-бирига ойна кўриш, оёқ босар, ҳолвайтар, ширгуруч едирар, асал ялатар, соч силар удумлари тўлиқ адо этилиб бўлингач, навбат келин ва қайнонанинг кўришар маросимига етиб келди. Шундан сўнг бир янга бирдан:
— Чопон қани? Топинглар чопонни! Чопон бўлмаса, бўлмайди! — деб қолди.
Аёллар орасидан кимдир:
— Ҳа, чопон бўлмасаям бўлаверади. Ҳеч нарса қилмайди. Шунчаси бажарилди, битта-яримтаси қолиб кетсаям юраги ўйнамайди, — дея атрофни тинчлантирган бўлди.
Ҳалиги чеча у ёқдан бу ёққа зир югуриб, бир чопон топиб келди ва:
— Мана, энди буни қайнонажониси ёпиниб олиб, келинингиз билан кўришинг! — дедилар.
Қайнона бўлмиш чопонни бошига ёпиб олиб, чимилдиқ ортидаги келини сари юзланди ва оғзида бир бўлак ширинликни келинига тилида узатиб, “кўришган” бўлди. Келиннинг қўнжига супра солиб, ҳамма рўзғор юмушларини, уй-жойини, идиш-товоқ, эчки-улоғини унга қўшиб, ўғлини ҳам топширганини айтди ва бошидаги чопонни олиб, келинининг бошига ёпди.
Мана, энди сизга айта қолай, нега келин янга чопонни қидириб, зир чопганини… Биласизми, халқимизда бир мақол бор: Қайнона қайнамаса, келинлар айнимайди, деган. Янги турмуш бошлаётган оилада турли вазиятлар, кирди-чиқдилар бўлмаслиги ва бунинг учун қайнона ҳам, келин ҳам чопондек оғир-босиқ бўлсин, деб чопон ёпишар экан. Қизиғи шундаки, воҳада эркаклар ёзда ҳам чопон кийишади. Бу рост! “Ёзда чориғингни ташлама, қишда ўзинг биласан”, деган мақолни яхши биламиз. Бу маросимимизда ҳам айнан нега эркаклар чопонига мурожаат қилинган, дейсиз? Сабаби, аёлларнинг чопони эркаклар чопонига нисбатан енгилроқ вата ва шунга ўхшаш ихчамроқ матолардан бичиб тикилади. Эркакларнинг чопони эса, асосан, пахтадан оғирроқ солиниб, бичиб тикилган. Ҳам табиий тоза, ҳаво ўтказувчан, ҳам ёзда салқин сақлайди ва оғиргина. Шунинг учун ҳам маросимда айнан оғирлиги боис, қайнона келинни оғирроқ қилиб турсин учун эркакларнинг чопонига мурожаат қилинар экан. Тарбиявий аҳамияти эзгу ниятдалиги шунда, деб билишаркан.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ўзбек халқининг никоҳ тўйлари билан боғлиқ урф-одатлари ва анъаналари, маросимлари, удумлари фақатгина хурсандчилик ва шодиёна учун бўлибгина қолмасдан, балки муайян мақсадга хизмат қилади, десак, муболаға бўлмайди. Ёшларда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ватанга ва оилага муҳаббатни шакллантиради. Келажакда жамиятга қўшилиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга тайёрлайди. Анъаналарда ҳар доим миллий характер ва халқнинг демократик элементлари бўлади. Халқ анъаналари асрлар оша ўзида нафақат буюк донишмандликни, балки аждодларнинг ҳаётий тажрибасини сақлаб келади. Анъана ва урф-одатлар қадрият сифатида тўғри яшашга, халқ ва Ватанга фидойи фарзанд бўлишга даъват этиши билан катта аҳамиятга эга. Ёшлар асрлар оша яшаб келган халқона қадриятлардан қанчалик сабоқ олса, баркамол инсон сифатида такомиллашиб бораверади. Негаки, анъанавий халқ маданиятига асосланган қадриятлар инсоннинг иймон-эътиқодли, маънавиятли ва маърифатли бўлишига қаратилган.
Фотима РЎЗИЕВА,
Ғузор туман ахборот-кутубхона маркази
абонемент ва фойдаланувчиларга
хизмат кўрсатиш хизмати раҳбари.