Ширинмия томири

Неъмат АРСЛОН

 

Муаллиф ҳақида:

Неъмат Арслон — 1941 йили Китоб туманидаги Такия қиш­лоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

Адибнинг “Аёл сувратига чизгилар”, “Олдинда яна тун бор” ҳи­коялар тўпламлари, “Адам водийси”, “Мавҳумот” романлари ва бир қатор асарлари чоп этилган. 2022 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёзувчининг новеллалари жамланган “Ёзувчи учун атир” китоби нашр этилди. Неъмат Арслон шу кунларда “Оксиморон” романини ёзиб тугатди. Ёзувчи Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди томонидан “Юксак савиядаги бадиий асарларида миллий ва умуминсоний қадриятлар тарғиботи учун “Олтин мерос” медали билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Ширинмия томири

(Новелла)

Орадан 33 йил ўтиб, ёши саксонга етганда бир шогирдидан хат олди Оброн. Ва кўз ўнгида намоён бўлди ғариб бир ҳолат: ишдан ҳайдалган, рўзғор ночор, анчадан буён оқшоқни қайнатиб еб кун кечирарди ёзувчи ва унинг оиласи. Демакки, қил ҳам сиғмасди унинг кўнглига. Қўлидаги мактубда эса… хатга яна кўз югуртирди Оброн ва беихтиёр нидо қилди: ал- Карих… Ибн ал-Карих… Нидо ҳам эмасди аслида бу. Шуурида енгилгина айланарди шарпасиз ва товушсиз қанот қоққан қора капалак. Улуғ одам эди Шайх Ибн ал-Карих. Шеъриятнинг беқиёс тарафдори, замонасининг етакчи тилшуноси, тадқиқотчиси ва бадеҳагўй шоири. Фикр ва туйғуни ғоят нозик, бамисоли атиргул қатларидан таралиб турган майин ифордай ифодалай оларди унинг ўткир ақли. Буюк бир асарнинг дунёга келишига замин яратди шайхнинг қалами остидан қочган ана шундай мактублардан бири. Ва мактубдаги ширин сўзлар, улуғлаб айтилган мадҳлар тагида яшириб қўйилган заҳарни пайқади Абу Аъло. Пайқади! Қоронғулик қаърига тикилди кўр кўзлари билан. Оғирлик сезмади кўзларида, қалбида эди оғриқ. Лабларида эса маҳзун табассум. Ва Ўша ердан икки томчи шўр сув юборди қалбининг туб тубига чўккан Оғриқ.

Ҳа, беқиёс даҳо ва улуғ инсон эди ал-Карих. Эрамизнинг тўққиз юзинчи йилларгача бўлган ҳар бир шоир ижодини яхши биларди, ундан кейин яъни ўз даврида яшаб қалам тебратаётган шоирларнинг ҳар бири билан учрашган, суҳбат қурган эди шайх. Ўз даврининг улуғ шоири ал Қосим билан шайхнинг учрашуви жуда қизиқ бир муқоясани ҳадя этди шеърият оламига. Шайх эшикдан кириб келганда қоғоз қоралаб ўтирарди ал Қосим.

— Не юмуш билан машғулсиз шоир? – Савол айлади Шайх.

— Ошиқ билан шаъмнинг етти ўхшаш хусусиятини тўрт мисрага сиғдирмоқчиман деган жавоб бўлди.

— Уддаладингизми?

Атрофда сочилиб ётган қоғозларга маҳзун назар солди ал Қосим. Шайх пайқадики, чиқмаяпти тўртлик. Шоирнинг қўлидан қаламни олди ва бир зарб билан қуйидаги қоғозга ифшо этди қуйидаги сатрларни:

 

Мен ошиққа жуда ўхшар шаъм,

Адо бўлиб борамиз кам-кам.

Шаъм ёнади, йиғлоқи, ориқ,

Беун, бедор ва ранги сариқ.

 

Шеърни ана шу кўринишда рус тилидан таржима қилган эди Оброн. Шогирд йўллаган мактубни яна бир қайта ўқиркан,таҳсин айтди шогирдига ҳам, Шайхнинг иқтидорига ҳам. Албатта Абу Аъло ҳам бир дам сукутга толган, бир дам хаёлан икки улуғнинг, яъни Шайх билан ал Қосимнинг ҳолати ва руҳиятини ҳис этган ва ўзининг машҳур асари – “Узр салтанати ҳақида мактублар” романига киритган эди ўша тўртликни.

Юқорида шама қилганимиздек, Шайхнинг Абу Аъло ал-Маарийга йўллаган мактубига жавоб эди бу асар. Шогирднинг хатида ҳам айнан шунга ўхшаш ҳолат бор. Ширин сўзлар қатида яшириб қўйилган заҳар, шама ва таъна.

…999 йиллар: улуғ тилшунос ва файласуф шоирнинг ҳужраси. “Лузумият” (зарур бўлмаган нарсанинг зарурлиги) китобига чизгилар, араб файласуф шоири Абу Аълонинг олдида давот ва қамиш қалам ва қоғоз. “О, шоирлар авлоди, дунё сизни алдайди” деган мисраларни битаётган эди балки шогирдлардан бири мактуб олиб келганда ал-Маарий.

Оброннинг ҳаёти ҳам худди Абу Аълоникидай ғариб эди. Тарихий асар ўқиш ва ёзиш хусусида гап бўлди устоз билан шогирд ўртасида. Адабиётимиздаги тарихий асарларни ҳам, тарихнинг ўзини ҳам ўқишни ёқтирмаслигини билдирди устоз. Шу тўғрида айтилган фикрни унутмаган ва мана йиллар ўтиб дилидагини тилига чиқарган ва мактуб йўллаган эди шогирд. Унинг бир иккита китоб нашр эттирганидан хабардор Оброн. Мактубни ўқиб оғзида, лаблари ва лунжида ширинмия томирининг таъмини туйди. Жуда нохуш, кўнгилни айнитар даражада нохуш таъм. Елкасидан сирғалиб ерга тушди тўн. Ширинмия пивочилик саноатида барқарор кўпик ҳосил қилишда ишлатилади. Танаси ва баргларида шира бор, қўлга чиппа ёпишади, аммо уларда таъм йўқ. Ўзига хос, пишириқлар тайёрлайдиган корхона ҳиди келади. Йўталда, ошқозон касалликларида, балғам кўчиришда дори сифатида ишлатилади. Масаланинг бу жиҳатига тўхталмади Оброн, шунчаки бир француз йигити Мишелнинг ширинмия етиштириб Францияга сотиш юзасидан қилган таклифи шуурига урилди. Бу гиёҳнинг томирини шимиб кўрган эди Оброн. Ва то ҳанузгача унутолмасди унинг таъмини. Табиатнинг қизиқ ўйинлари бор: ширинмия томири дастлабки лаҳзада ёқимли ширинлик беради, шимиганда аммо лаҳза ўтмай ширин таъм ортидан жуда нохуш, сўз билан таърифлаш қийин бўлган бошқа бир таъм оғизни тўлдиради ва бутун вужудга тараладики, кинояни ширин сўзлар қатига яшириб ёзилган мактубга ўхшайди бу. Аввал жилмаяди, хушнудлик акс этади юзида, сўнгра афтини буриштиради одам, оғзидаги сўлакни қайта-қайта тупуради ва анча муддат нохуш кайфиятда юради. Оғзи ва лаб лунжларидан тезликда кетмайди ўша нохуш таъм. Ажаб эмаски, “Юксакликнинг отаси” деб ном олган   улуғ шоир ва файласуф Абу Аъло ал-Маарий ўша куни Шайх ал-Карихнинг мактубини ўқиб ширин сўзлар ва мақтовлар қатидаги заҳархандани пайқаган ва… нима бўлганда ҳам ҳолатлар жуда ўхшаш, ва ҳатто айтиш мумкинки, бири иккинчисининг такрори. Оғзида ширинмия томирининг таъмини яққол ҳис этди Оброн. Гарчи ёзнинг дастлабки кунлари бўлишига қарамай эти жунжикиб ердан олди, елкасига ташлади тўнини. Шогирдни ноумид қилгиси келмади, хатини жавобсиз қолдиришга ҳам кўнгли бўлмади, ва қоғозга бор-йўғи олтита сўздан иборат бир қаторгина мактуб ёзди:

“Хатингизни ўқиб, ширинмия томирини шимигандай бўлдим”.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + nine =